Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Малоҳат ва Саодат: ОЧЛИК АКЦИЯСИНИНГ ЎН ТЎРТИНЧИ КУН ТАФСИЛОТЛАРИ

Малоҳат ва Саодат: ОЧЛИК АКЦИЯСИНИНГ ЎН ТЎРТИНЧИ КУН ТАФСИЛОТЛАРИ
10 Temmuz 2011 - 15:22 'да юкланди ва 581 марта ўқилди.

10 июль, 2011 йил

( Очлик аксиясининг 14-кун тафсилотлари М. Эшонқулованинг қизи Зарнигор томонидан ёзилди)

Очлик акциясининг 14 куни якшанбага тўғри келди. Бугун дам олиш куни бўлганлиги сабабли аяжоним М. Эшонқулова билан С. Амонованинг ҳолидан хабар олиш учун ҳеч ким келмаса керак деб ўйлагандик. Бундай бўлмади. Эрталабки салқин билан ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов рафиқалари Гулнора опа билан кўргани келишди.

Эрталабдан аяжоним билан Саодат опанинг соғлиғи безовта қилганлари учун тез ёрда чақиртирган эдик. Тез ёрдам шифокори Суръат Икромов ва рафиқалари иштирокида 14 кундирки очлик тутаётган аяжоним ва Саодат опанинг соғлиқларини кўздан кечирдилар.

Саодат опа Амонованинг қон босимлари кўтарилган экан, шифокорлар уларга қон босимини туширувчи укол қилиб қўйишди. Аяжонимга эса иккинчи даражали ички заҳарли бўқоқ деб ташҳис қўйишди ва эндикринологга учрашишни тавсия қилишди.

Тез ёрдам шифокорлари чиқиши билан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ходими Абдураҳмон Ташанов ҳол сўрагани келиб қолдилар. Абдураҳмон ака аяжоним билан Саодат опанинг кўнгилларини кўтарувчи илиқ сўзлар айтиб, уларнинг руҳиятларини кўтариб кетди…

Лекин барибир 14 кунлик очлик ўз кучини кўрсатди. Ҳали айтганимдек, аяжоним А. Эшонқулова ҳам, Саодат Амонова ҳам бутунлай кучдан қолган. Ҳолдан тойганлари учун менинг кўмагимга муҳтож бўлиб қолгандилар. Ҳатто гапиришга ҳам мажоллари етмасди.

Абдураҳмон ака хайирлашиб кетгач, ҳуқуқ ҳимоячиси Владимир Хусаинов Абдулла Тожибой ўғли билан ташриф буюришди. Улар дармонсиз ётган оч кишиларни толиқтириб қўймаслик учун кўп ўтиришмади. Бир-иккита суратга олишди, видео съёмкалар қилиб, тезда хайрлашишди…

Бугун ҳуқуқ ҳимоячиси Ҳазратқул Худойбердиев қўнғироқ қилиб аяжоним билан Саодат опани очлик аксиясини тўхтатишга чақирди. Қолаверса, улар эл.почта орқали 14 тўрт кундирки очлик азобига дош бераётган жабрдийдаларга кўпдан-кўп илиқ сўзлар ёзиб юборибдилар… Кечга яқин ўзларини инсон ҳуқуқлари бўйича маниторинг ўтказиш маркази раҳбари деб таништирган Юсуф Имомов қўнғироқ қилиб қолдилар. Уй манзилимизни аниқлаб олгач, кўп куттирмай кириб келдилар.

Бироқ бу вақтга келиб аяжоним М. Эшонқулова ҳам, С. Амонова ҳам ҳолсиз ётишарди. Гапиришга ҳоллари йўқ эди. Шу сабабли аяжоним ҳам, С. Амонова ҳам ёстиқдан бош кўтараолишмади.

14 кундирки очлик тутаётган аяжоним билан Саодат Амоновани шифокор кўригидан ўтказиш ва уларнинг ҳақиқатдан ҳам очлигига, аҳволларининг бадлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида врач билан бирга келишни ваъда қилган Юсуф ака Имомов негадир ёлғиз келган эдилар. Улар бугун кечқурун ноилож дадажоним билан суҳбатлашиб, ортларига қайтишга мажбур бўлдилар.

8 июль куни бизникига келиб, очликни давом эттираётган аяжоним ва Саодат опанинг ҳол-аҳвол сўраб қайтган Инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилоят бўлими раиси Гулшан Қораеванинг Қашқадарёга қайтаётганида номаълум шахслар томонидан калтакланганини бугунгина эшитдик. Бу нохуш хабар аяжоним билан ҳамкасбларининг дилини жуда хира қилди.

Бугун холам ва аммажонларим қўнғироқ қилишиб, аяжоним ва Саодат опанинг очлик аксиясини зудлик билан тўхтатишларини талаб қилишди.
Шу тариқа очлик акциясининг 14-куни ҳам тугади….

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар