Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Саркаш тўлқинлар

Саркаш тўлқинлар
03 Haziran 2012 - 23:00 'да юкланди ва 533 марта ўқилди.


(Президент сайлови олдидан)

Бундан қарийб йигирма йилча муқаддам, рассом укам устaхонасида унинг катта қилиб чизилган суратини кўрганман. Сўнг ўзи билан учрашиб, негадир кўнглим тўлмаган, қўпол, ўта такаббур, ҳатто худбинроққа ўхшаб туюлганди менга. Буни Темурдан яширмадим ҳам. Ўшанда у “Ака, Муҳаммад Солиҳ яхши шоир, кўнгли тоза, фидойи йигит. Табиатан шунақароқ, холос, кейин билиб оласиз”, деганди.

Ростданам, ҳар ким англаб етавермайдиган ҳулқ-атворли бу шоир билан кейинча яқиндан таниш бўлиб қолдим. Менинг назаримда у олисдаги баланд тоғлар бағридан сизиб чиқан, атрофдаги яшиллик оламига оби-ҳаёт бахш этаётган чашмага ўхшайди. Бу чашманинг исёнкор, саркаш тўлқинлари бор. Гап унинг бизлар учун ҳозирча анъанавий бўлмаган услубдаги шеърлари ва уларда яширилган маъно ҳақида кетмоқда. Бу маънолар ғалвирак бодом мағзидай кафтингизга дарров тушақолмайди, уни андак ақл тарозусига солиб “чақмоқ” керак.
Шоирнинг кейинги йиллардаги энг долзарб, оғриқли муаммоларини ўз ичига олган маърузалари, марказий ҳамда маҳаллий матбуот саҳифаларида тез-тез босилиб турадиган публицистикаси ҳеч қачон, ҳеч кимни бефарқ қолдирган эмас, қизғин тортишувларга сабаб бўлган. Солиҳнинг бу ижтимоий, сиёсий мавзудаги мақолалари ўз вақтида Мустақиллик, Истиқлол, миллий қадр-қиммат ғояларини ҳаммадан олдинроқ халққа етказган, кўпчиликнинг “кўзини очган” сабоқнома вазифасини ўтади.
Ёзувчилар уюшмамизга сайлангач, Муҳаммад Солиҳ Бўстонлиқ ҳимоясига шайланган ижодкорларнинг олдинги сафида турди. Жумҳуриятимизда халқ демократик ҳаракатининг илк куртаги – “Бирлик” ташкилотини тузишда катта фаоллик кўрсатди. Унинг номзоди халқ депутатлигига кўрсатилиши баъзи амалдoрларни чўчитиб юборди. Ёшлар шоир номзодини ёқлаб, қонуний митингга йиғилганларида, майдон атрофида зир югуриб, милиция ходимларига “уриб ҳайданглар, тарқатинглар буларни!”, дея ғиж-ғижловчи буйруқ бериб юрганларнинг кўпини кўрганмиз. Қарангки, ўшанда район милиция состави талабалар устига бостириб бормади, ҳатто улар эртаси кун ўз бўлинмаларининг мажлислар залида Муҳаммад Солиҳни ёқлаб, йиғилиш ўтказишди.
Россияда асфальт бетончи бўлиб ишлаб, бизда Тошкентдай шаҳри азимнинг “оқпошшо”лигини эгаллаган Сатин жаноблари қай даражада жазавага тушгани, кимларга партиявий жазо бериб, кимларни мажлисларда “дўппослагани” алоҳида мавзу… “Мен уни кўриш тугул, “Магамет” деган номини эшитишни ҳам истамайман!”, деб бақирган у йиғилишлардан бирида.
Қаранг, подшоҳимнинг кўнгилхушлиги деганларидай, орадан кўп ўтмай, бу истакни амалга оширадиганлар топилақолди: “расмий ёлғончи”лиги билан кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлган ЎзТАГ мухбирлари (Ю.Кружилин) худди ўттиз еттинчи йилларнинг жирканч усулини эслатувчи катта мақолани бир йўла бир неча газеталарда эълон қилиб, шоирни “фош” этишди. Уни порлоқ келажакни кўрабилмайдиган ғаламисга чиқариб қўяёздилар.
Юқорининг кўрсатмасига биноан уюштирилган бу иғвогарликка қарши минглаб ёш-яланг ЎзТАГ биноси, Инқилоб хиёбони атрофидаги кўчаларни тўлдириб норозилик намойиши уюштирдилар…
Ўша “”Правда Востока”да босилган “Муҳаммаднинг асл қиёфаси” Ўзбекистонга овоза бўлган кунлар биз Мирзо Кенжабек билан шу воқеанинг гувоҳи бўлдик: азон пайтида Муҳаммад Солиҳ яшайдиган бинонинг эшиги остонасида бир ҳовуч бўлиб ўтирган кекса онахонга кўзимиз тушди. У тепа қаватга кўтарилишга юраги бетламайми, юм-юм йиғларди. Момо узоқ Хоразмдан келибди. Бизни кўрибоқ, сўрагани шу бўлди: “Болаларим, ўғлим шу ердами? Ҳеч қаёққа олиб кетишмаганми?”…
Кўп ўтмай ўшаларга қарата Мирзо “Шоирнинг онаси” шеърини ёзди. Унда қуйидаги мисралар бор,

Шоирнинг айбими ҳақни уққани?
Онанинг айбими шоир туққани?
Ҳақ қани? Ҳақиқат тиккан туғ қани?
Шоирнинг онаси нима кўради?

Мадомики, биз ҳам кўплар қатори ўзимизни демократ деб атаётган эканмиз, жумҳуриятимиз президентлигига муқобил номзод кўрсатилганлиги расман тан олинган экан, ҳар икки томоннинг ҳақ-ҳуқуқи баробар бўлсин.
“Пошшо ўлди. Яшасин пошшоваччалар!” деган заҳарханда нақл бор. Бизда ҳамон “сотинваччалар” яйраб-яшнаб юришганга ўхшайди. Куни-кеча шаҳарнинг Собир Рахимов районида бўлиб ўтган йиғилишда сўз олганлардан бири Муҳаммад (“Магамет” эмас!) Солиҳ номини айтиб юборди-ю, юқорида ўтирган бошлиқ чаён чаққандай сапчиб тушди ва бақирди: “Қўйинг, ўша номни тилга олманг!”
Биз, мана бир неча йилдан бери ошкоралик, ҳурфикрлилик, дея наъра тортиб келаётибмиз. Аммо уларга қачон амал қиладиган бўламиз? Баъзи раҳбарларимиз онгини ўз қавми жонкуярларига нисбатан аламзадалик эмас, бирдамлик, миллатпарварлик тушунчалари қачон эгалларкин! Худо уларга ҳам инсоф берармикан?!
Яна бир мисол: яқинда Бўстонлик маорифчиларининг бошлиғи кўпчиликни йиғиб, президент сайлови ҳақида маъруза қилди. “Муҳаммад Солиҳ дегани чиқибди. Президент бўлмоқчи эмиш, шоир экан, шеърини ёзавермайдими,” деган мазмундаги гапларни айтди.
М. Солиҳнинг бир неча йил аввал эълон қилинган мақолаларидан бирида шундай жумлалар бор: “Биз юксак онгли инсон тарбияси ҳақида кўп гапирамиз. Бугун қарасак, ҳалол одамлар биз ўйлаганчалик кўп эмас экан. Улар бизнинг боқчаларимизда тарбия топди, мактабларимизда ўқиди. Олий ўқув юртларини битириб диплом олди-ю, илм-иймон олмади. Улар на Худо, на шайтонга ишонади, фақат ўз қорнини ўйлаб яшайди. Зотан, маданияти чуқур бўлмаган инсон ҳалол бўлолмайди.”
Ҳақ гап! Ҳозир одамлар баландпарвоз мақтовлардан, қуруқ ваъдалардан тўйиб турган бир пайтда, уларнинг юзига қараб, қизишмай оқилона, ҳалол гап айтиш жуда-жуда зарур! Буни, бир жуфт калиш олиш учун жиққамушт бўлиб ётган оломон, зир югуриб дурустроқ егулик, оддий кийим-кечак тополмай, кўнгли ярим ҳолда, болалари ҳузурига қайтаётган фуқаронинг дарди четда қолиб, минбарни оқ калтак-қора калтак қилиб, “шоирларнинг адабини бериш жойи”га айлантирган оғзи ботир халқ ноиблари тушунмоқлари лозим. Яна уларга шу маълум бўлсин-ки, давлатни бошқариш йўриқларига оид қадимги Ҳинд “Таъбирнома”ларида “жоҳиллари устивор бўлган юртда шоирларга тош отилур”, деган жумлалар бекорга ёзилмаган.
Биз мислсиз истибдод даври, деб қоралаб келган ўтмиш замонларда ҳам ҳеч ким Ҳазрат Навоий, Мирзо Бобур, Умархон, Хоразмий, Нодирабегимга фақат шеър ёзинглар, давлатни бошқариш палончи акамизга ярашади, демаган.
Бу нодонликдан шоирнинг куюниб ёзганича бор:

Кулинг, сўкинг. Бу кун урф булар,
Деманг: шеърни ардоқлаган Шарқ.
Ёқавайрон шоирдан кулар
Дунёда ҳар хонавайрон халқ.

Ўйланг! Қўйманг! Нур ҳам ёв бўлар!
Жаҳолатнинг дунёси ажиб!
Кейин қандоқ яшарсиз, булар
Кўзингизни қўйсалар очиб?!

Дарвоқе, Муҳаммад Солиҳнинг ўзи ким?
Уни билиб-билмасликка, таниб-танимасликка олиб юрган ўртоқларга шуни маълум қилиб қўймоқчиман: жумҳуриятнинг тўла мустақиллиги ғоясини биринчилардан бўлиб кўтириб чиққанида, бундай ғайритузум “баёнот”га норозилик сифатида Олий Кенгашдаги “ватанпарварлар” ер тепиб, уни минбардан тушириб юборишганди… Хайрият! Бу “хатолик” кўп ўтмай тузатилди! Яна, Иттифоқ шартномасига имзо чекиш миллат олдидаги катта жиноятдир, деб қаттиқ туриб олган ва ўз фикрини ўтказа олган ҳам мана шу зот бўлади!
У “қандайдир шоир” ёки тасодифан ўйин майдонига тушиб қолган ҳаваскор эмас!
Муҳаммад Солиҳ – бу Шахс!

Дадахон Нурий
(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетининг 1991 йил 20 декабр сонидан)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар