Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

ЎЗБЕКИСТОНДА МАФКУРА ВАСВАСАСИ

ЎЗБЕКИСТОНДА МАФКУРА ВАСВАСАСИ
10 Haziran 2012 - 8:53 'да юкланди ва 439 марта ўқилди.

Мамлакатимиз ўз тарихи давомида ҳеч қачон бугунгидай йўлсизлик, мақсадсизлик, қоронғулик ва калтабинлик холатига тушиб қолмаган бўлса керак, халқимиз ҳеч қачон бугунгидай ўзининг идеал ва орзуларини, анъана ва урф-одатларини, ўзаро инсонийлик ва меҳр-муҳаббатни йўқотмаган бўлса керак. Мана, неча йиллардир-ки, халқни бу аҳволга солган Ўзбекистоннинг бугунги ҳукумати халқнинг маҳв этилган орзулари ўрнига, худди болага хўрозқанд излагандай, бир мафкура топиб беришга уруниб ётибди. На бирон бир идеали, на мамлакатни бошқариш борасида бирон бир режа ёки лойиҳаси бўлган ҳукуматнинг қандай мафкураси бўлиши мумкин?

Ҳукуматнинг ўзи кечагина ўз идеалларини йўқотиб, энди нима қилишни билмай, боши қотган собиқ коммунистлардан иборат бир тўдадир. Улар демократик қадриятларни, маънавий-диний қадриятларни, урф-одат ва анъаналаримизни инкор этар эканлар, уларнинг ўрнига нима қўйишни билмай; “бизга бир мафкура топиб беринг”, дея аюҳаннос солиб, олим-у, фозилларимизнинг шундоқ ҳам зўрланиб, адо бўлган тафаккурларига яна ҳам қаттикроқ босим ўтказмоқдалар ва бу билан жамиятда ҳукм сураётган риё, ёлғон, сохтакорлик кайфиятини янада чуқурлаштирмоқдалар.

Ўзбекистонда авж олган мафкурабозлик ўйинларининг яловбардорларидан бири бўлган “Мулоқот” журнали президент И.Каримовнинг “Мафкурасиз одам, жамият, давлат ўз йўлини йўқотади” деган “башорат”ини келтиради. Ҳолбуки, мафкура излаб топиш ҳақидаги бутун аюҳаннослар ўша йўлнинг аллақачон йўқотиб қўйилганидан, мамлакатнинг боши берк кўчага кириб қолганидан келиб чиқмоқда. Каримов ҳукумати йўлини йўқотиб қўйган мамлакат аҳолиси ичида тартибсизликлар бошланмаслиги учун халқни доим етаклаб юрадиган бир мафкура излаб топишни орзу қилмоқда. Бу қандай мафкура бўлиши лозим?

“Мулоқот” журнали бу ҳақда шундай ёзади:”…мафкуравий жараён ўз таъсири билан аҳолининг барча қатламларини қамраб олиши лозим. Бунинг учун эса, ушбу жараён ташкилотчилари аҳолининг турли ижтимоий қатламларини: миллий, профессионал, руҳий, ёшлик хусусиятларини аниқ билишлари, қолаверса, мафкуравий таъсир аҳолининг ҳар бир табақасининг моддий ва маънавий эҳтиёжига мос тушмоғи лозим”.
Юзсизликни қаранг-ки, “мафкура ташкилотчилари” мафкуранинг халқ бўйнига мосланётган, ўлчанаётган бир бўйинтириқ эканлигини яшириб ҳам ўтирмай, бўйинтириқ ясалаётганда нималарни кўзда тутиш кераклигини(миллий, профессионал, ёш хусусиятлари ва ҳакозо) бир-бир санаб чиқадилар. Халқнинг бўйига қараб, мафкура ясашга бел боғлаган бу шоввозларда мафкура моҳияти нимадан иборатлиги ҳақда ҳам бирон бир тасаввур йўқлиги кундай равшан кўриниб туради. Ўзбекистондаги режим идеологлари мафкура халққа мослаб бичилган бўйинтириқ эмас, балки, халқнинг савиясидан юксакроқда туриб, халқни шу юксакликка чақирувчи бир мақсад, маёқ, машъал бўлиши лозимлигини хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Албатта, мустабид режим олдида доимо бўйни эгик бу бечора режим агитаторларининг юксакроққа боқишга на шуурлари ва на журъатлари етади.

Энг кулгилиси, режим идеологлари “ясаш”га урунаётган мафкура аҳолининг “моддий эҳтиёжи”га ҳам мос тушиши лозим экан. Яъний, бу шундай мафкура бўлиши лозим-ки, аҳоли бу мафкурани нон ўрнида ейиши ва кийим ўрнида кийиши ҳам мумкин бўлсин. Хуллас, Ўзбекистон ҳукумати ўзининг “ўзига хос ва мос йўлсизлиги”га муносиб бир ном топишга умид қилмоқда.

Каримов ҳукуматининг бир мафкура яратишга зўр бериб ётганининг яна бир сабаби ҳақда президент И.Каримовнинг ўзи шундай дейди:”фикрга қарши фикр, ғояга қарши фақат ғояни қарши қўйиб, курашиш лозим… мафкура полигонлари ядро полигонларидан кучлидир… сиёсатда ҳам, ижтимоий ҳаётда ҳам, фанда ҳам вакуум-бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик керак… агар ўз ғоянг бўлмаса, сенинг юртингда чет ғоя келиб ҳукмронлик қилади” ва ҳакозо.

Фақат фикр айтгани учун, фақат бир ғояни кўтариб чиққани учун минглаб одамларни қамоқларда чиритган, қийнаб ўлдирган, майдонларда оттирган бир мустабиднинг “фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя билан курашмоқчи” бўлаётгани унча ишонарли эшитилмаётган бўлса ҳам, ҳар ҳолда, бу ният эътиборга лойиқдир. Лекин ҳамма бало шундаки, нормал бир давлат раҳбари фақат фикрга қарши фикр қўйиш билан эмас, балки, фикрга қарши ўзининг амалга оширган реал ишини ҳам қарши қўйиши лозим. Халққа файласуфлик қилаётган “экономист” эмас, балки, ўз масъулиятини тўла англаган ва ишнинг кўзини биладиган раҳбар керак. Халққа сиёсатдаги, ижтимоий ҳаётдаги ва фандаги вакуум-бўшлиқларни тўлдириш билан машғул бўлиб ўтирган “политработник” эмас, балки, халқнинг қорнидаги, чўнтагидаги ва уйидаги бўшлиқ -“вакуум”ларни тўлдиришга қодир бўлган раҳбарлар керак. Агар шу бўшлиқлар тўлдирилса, Каримов юқорида санаб ўтган бўшлиқларни тўлдириб ўтиришга эҳтиёж ҳам қолмайди. Аммо бу ҳақиқатни тушуниш Каримов ва унинг идеологларига насиб этмаслиги кўриниб турибди.

Мақсуд Бекжон

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар