Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

БИЗ ҲАҚ ЙЎЛДАМИЗ

Биз ниҳоий ғалабамиздан аминмиз, чунки бизнинг йўлимиз чиндан ҳам эзгу мақсадларга йўғрилган Ҳақ йўлдир, мақсадимиз чиндан ҳам олижанобдир – халқимизни зулмдан озод этишдир.

БИЗ ҲАҚ ЙЎЛДАМИЗ
29 Haziran 2012 - 23:07 'да юкланди ва 1467 марта ўқилди.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати бир йил аввал таъсис этилганда дунё сиёсатининг кун  тартибида биринчи ўринда “Араб баҳори” турган эди. Интернет тармоқларида ёш бадавий  партизанларининг маршлари янграётган бир замон эди. Узоқ йиллар ҳукм сурган диктаторларининг юракларига илк бор қаттиқ бир қўрқув тушган бир замон эди.

Биз ҳам сиз билан некбин, оптимистик бир кайфиятда эдик, баъзиларимиз ҳатто “олти ойда Каримов режимини ағдаримиз! “, дея радиоларга баёнот беришдан ҳам чекинмадик. Лекин кўпни кўрган тажрибали мухолифатчилар бундай қисқа муддатда режимни ағдариш имконсиз эканлигини билишарди ва шу боис ўз сафдошларининг бу каби масъулиятсиз чиқишлардан қатттиқ норози бўлишганди.

Лекин “режимни 6 ойда йиқамиз ” дея баёнот берганлар роппа-роса олти ойдан кейин Ҳаракатдан – (бу сафар ҳеч кимга билдирмасдан!) – чиқиб кетганларида, биз буни юмшоқ қилиб, “дўстларимиз ўз ваъдалари устидан чиқаолмаганларидан уялиб, истеъфо беришди”, деб тушундик.

Ва уларнинг кутилмаганда берган зарбасига фавқулодда бир тоқат ва сокинлик билан жавоб бердик.

Ҳаракатнинг душманлари – биринчи навбатда Каримов режими – ЎХҲни бу кичик силкинишидан жуда  севинишди. Турли сабаблар билан хорижга чиқиб, мухолифат ниқобига бурканган муттаҳамларнинг хурсандчилиги ҳам чексиз эди. Улар бирга жўр бўлишиб, ЎХҲ нинг тез кунда тўла парчаланишини башорат қилиб, ўз инернет саҳифаларида  ЎХҲ нинг  сўнги кунлари ҳақида “куйлай” бошладилар.

Аммо бизнинг сафлармиздаги кутилмаган жипслашув якдилликни кўриб, улар бир муддат саросима ичида қолдилар ва ниҳоят ўзларига келиб, Ҳаракатга қарши икки жабҳадан ҳужум бошладилар: МХХ ўзининг пресс-уз.инфо ва “узметороном” сайти билан мамлакат ичкарисидан ва мухолиф ниқобли муттаҳамларнинг сайтлари эса хориждан ҳужум бошладилар.

Шу тарзда ЎХҲ қисқа муддат ичида Каримов режими ва унинг хориждаги ялоқхўрларининг “бош душмани” мақомига юксалди. Ҳаракатга қарши аксил  ташвиқот 2012  йилда янада кучайди.

Шу йилнинг март-апрел-май ойлари режимнинг режали юритилган фитна-компло кампанияси энг юксак нуқтага чикди. Режим лаганбардори “Узметорном” ва МХХ нинг ташкил қилган “Пресс-уз.инфо”интернет  саҳифаси, Ўзбекистон Телевидениеси ва баъзи ҳукумат газеталари мухолифатга қарши жазавани энг “ёрқин” ифодалаган нашрлар бўлди.

“Пресс-уз.инфо” сайти мухолифатга қарши муттасил, аммо савияси жуда паст бир ташвиқотни намоён қилди, хатто баъзилар “бундай антипропаганда аслида ЎХҲ учун пропагандадир”, (рекламадир) деган фикрлар ҳам билдиришди. Мустақил саналган “узнеюснет” сайти эса ўзининг шаллақи услуби билан режим сайтларини ҳам орқада қолдирди.

 

Бир ярим ой (март-апрел)ичида бу интернет саҳифаларида ЎХҲ  лидерларига қарши 40 дан ортиқ материал чоп этилди.

 

Душманлар шийпонидаги бу ваҳималар ЎХҲ нинг бир йил каби қиска муддат ичида Марказий Осиё минтақасида таъсирли бир сиёсий куч сифатида майдонга чиқиб улгурганидан далолат бермоқда. Бу эса Ҳаракатимизнинг муросасиз ва шиддатли мафкуравий жанг кетаётган катта бир аренага чиқаётганидан далолат бермокда.

Гарчанд, ўзбек ҳукумати мухолифатга қарши фақат ташвиқот жанги билангина чекланиб қолмаслиги аниқ. Масалан, ўтган йили ўзбек махфий хизматлари режаси бўйича ЎХҲ нинг Русия бўйича тамсилчиси Фуад Рустамхўжаев отиб ўлдирилди.   Яна ўтган йилнинг декабр ойида МХХ ўзининг бир аёл агентини ЎХҲ сафларига киритиб, сўнгра унинг воситасида ЎХҲ  лидерини йўқотишга уртиниб кўрди, Худога шукр, бу жиноятнинг олдини олишга муваффақ бўлдик.

2012 йилнинг феврал Каримов режими ёллаган қотиллар Швецияга ҳижрат қилган дин олими Обидхон Назаров  ҳаётига суиқасд уюштирди, бу биродаримиз ҳали ҳам комада ётибди.

Швед полицияси бу жиноятни ишлаган қотилга ёрдам берди деган  гумон асосида иккита ўзбекни ҳибсга олди.

Буларнинг ҳаммаси ўзбек ҳукуматининг ЎХҲ фаолиятининг юрт ичида активлашиб, аҳоли ўртасида юксалаётгани ва  обрўси ошаётганидан жиддий ташвишга тушганидан дарак бермоқда.

ҲАРАКАТНИНГ ЯНГИ АЪЗОЛАРИ

Бу умум манзара фонида “Чўлпон” ёшлар ҳаракати тузилди. Бу ташкилот пойтахт Тошкентда анчагагина шов-шувга сабаб бўлган бир-нечта акция уюштирди. ЎХҲ расмий нашри  “Эркин юрт”  газетаси нусхаларини кўчаларда намойишкорона тарқатиб, сукут ичидаги қалбларга жасорат уруғини сепишди.

Шу йилнинг май ойида таниқли инсон ҳақлари ҳимоячиси Абдулла Тожибой ўғлининг “Эркин сайловлар учун” деб номланган ташкилоти ва Ҳайитбой Ёқубовнинг “Нажот ” ташкилоти ЎХҲ сафларига киришди.

Ўлкамизнинг асосий катта шаҳарларида 8-10 кишилик мобил гуруҳлар туздик,  бу гуруҳлар горизонтал тизимлар шаклида фаолият кўрсатадилар, яъни,  бир-бирлари билан боғлиқ ҳаракат қилмайдилар. Бу тактик шакл Ҳаракат аъзоларининг хавфсизлигини максимум даражада таъминлаш учун танланди.

Алҳамдулиллох, улар бугунга қадар ҳеч  йўқотишсиз хизматда давом этмоқдалар.

 

ҲАРАКАТНИНГ МАТБУОТ ВОСИТАЛАРИ ФАОЛИЯТИ

 

2011 йилнинг сўнгида Оврупо ўлкаларидан биттасида Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Марказий Қароргоҳини очдик. Айни ерда бутун зарур жиҳозлар билан таъминланган “Туркистон.ТВ” студияси қурилди. Шунингдек, “Туркистон” Интернет Радиосини ташкил этдик.

Қозоғистон ва Қирғизстоннинг ўзбеклар яшайдиган бўлгаларида ва Ўзбекистон ичида тарқатилаётган (А-4 формат, 18 саҳифа) “Эркин Юрт”  ҳафталигининг умум тиражи тахминан 250 мингга етаяпти. Бундан ташқари “Эркин Юрт” ҳафтада 77 мингта эмаил адресга етиб бормокда, яъни газетамизни 77 минг киши фақат интернет орқали ўқимоқда.

Уч тилда ёйинланаётган “Ўзбекистон халқ ҳаракати” вебсаҳифамизни кунда 500 атрофида  ўқувчи зиёрат қилмокда. Албатта, бу катта кўрсаткич эмас, аммо режим Ҳаракат нашрларига қарши юритаётган тотал изоляция сиёсатини ҳисобга олсак, шунга ҳам шукр деймиз.

“Туркистон.ТВ” сахифаси ҳар куни Ўзбекистондаги ижтимой ва сиёсий ҳаётни акс эттирувчи кенг долзарб видео-материаллар билан янгиланиб турибди.

Интернет Радиомизда ҳам халқимиз дардлари тилга олинган эшиттиришлар кунба-кун ортиб бормокда.

Фэйсбук,”одноклассники” каби интернет тармоқларида Ҳаракатимиз тарафдорларининг сони соат сайин кўпаймокда. Масалан, “одноклассник”даги хайрироҳлар сони бугун 12мингдан ошди.

 

АКЦИЯЛАР

 

ЎХҲ  ўтган бир йил давомида инсон ҳақларини ҳимоя қилиб, Каримов режимихга норозилик билидириб, кўплаб пикет ва манифестациялар ташкил этди. Ва бу акциялар ўз вақтида Озодлик ва ББС радиоларида кенг ёритилди.

 

 ТУРКИЯДАГИ ФАОЛИЯТ

 

Апрел ойида Истанбулда “Озод Ўзбекистон. Диктатурадан қандай қутулиш мумкин” номи остида халқаро конференция ўтказилди.

ЎХҲ ташаббуси билан Туркияда “Озод Ўзбекистон дўстлари” платформаси ташкил қилинди. Бу платформада бир талай инсон ҳақлари ташкилотлари, медиа-гуруҳлари ва таниқли жамоат арбоблари биз билан ҳамкорлик учун йиғилдилар.

Бу ташкилонинг асос мақсади Ўзбекистондаги аҳволни Туркия халқига етказиш, ЎХҲ ғояларига таржимонлик қилишдир.

Май ойи ичида ЎХҲнинг озодлик ғояларини  дастаклаган бир-нечта оммавий акциялар ўтказилди. Диктатор Каримовни ўзбек халқига қилган жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортиш учун халқаро маҳкамага беришга чақирган ЎХҲ фаоллари Намоз Нормўмин ва Алибой Йўляхшининг чиқишлари Туркиянинг “Ҳилол.ТВ” ва “Ўлка.ТВ”ларида  намойиш қилинди.

Ҳурматли  дўстларим

Бугун Ўзбекистондаги сиёсий-ижтимоий вазиятнинг нақадар оғирлигини яна такрорлаб, сизнинг қийматли вақтингизни олиб ўтиришни истамайман. Сўзимнинг сўнгида Ўзбекистон Халқ Ҳаракатидан  биринчи навбатда ечимини кутаётган масалаларга тегинмоқчиман.

Фикримизча, булар шулардан иборатдир:

1. ЎХҲ ни халққа танитиш жарёни тугагани йўқ. Халқ ичида “ЎХҲ нима ўзи” деганлар ҳали ҳам кўп. Демак, ЎХҲ нинг максадини халқ орасида ёйиш ишларини янада активлаштиришимиз шарт, тарафдорларимиз сонини ошириш учун турли услублардан кенг фойдаланишимиз лозим. Халқимизни ташвишлантираётган энг оғрикли масалалар;

Ҳукуматнинг ўзбек аёларини бичиб, бепуштликка маҳкум этаётган ғайримиллий сиёсатига қарши, пахта далаларида ёш болаларни қулларча ишлатиш сиёсатига ва куч ишлатар  тизимларидаги адолатсизлик ва зулмга қарши курашга ундаш лозим.

Бу муаммоларни кўтариб, халқни актив бўйсунмасликка чақириш жараёни халқ орасидаги мавқеъларимизни мустаҳкамлашнинг энг эффектив йўли бўлиши мумкин.

2. Ўша куч ишлатар   тизимлари (Армия, ИИВ ва МХХ)нинг ичида ҳали ҳам виждонини йўқотмаган инсонлар борлиги маълум, ташвикотимиз ана ўша зобитлар онгини мусбат тарафга ўзгартириш учун  йўналитирилиши керак. Уларни Ҳаракат билан ҳамкорликка чақириш, моддий ва маънавий рағбалантириш лозимки улар халқ қўзғалганда халқ тарафига ўтишсин.

3. Ҳаракат ғояларининг ташвиқи ёшларга максимум етказилиши керак. Талаба ёшларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулларини ўргатиш, уларда адолат учун кураш туйғусини тарбия қилиш ниҳоятда муҳимдир.

4. Бугунги кунда бунинг ҳеч кандай имкони бўлишига қарамасдан, хориждаги мухолифат лидерларининг оқланиб, ватанга қайтишлари учун ҳуқуқий  замин яратиш йўлида жиддий ва режали бир иш бошлаш зарур. Бунинг учун Хорижлик кузатувчилар воситасида режим  амалдорлари билан музокара олиб бориш ва  бу ишга халқаро ҳуқуқ Ташкилотларини жалб қилиш ва керак бўлса , адвокатларни даъват этиш лозим бўлади.

5. Бу эса ўз навбатида  ЎХҲ нинг Ўзбекистонда қонунан тан олинишига, легализациясига олиб келиши муқаррардир.

6. Ўзбекистондаги сиёсий ва ижтимоий аҳволнинг реал манзарасини муҳокама қилиш  учун мутараққий давлатлар билан маслаҳат савиясида алоқалар ўрнатиш керак. Озодлик учун мужодаламизда уларнинг конкрет амалий ёрдамларини олишимиз лозим.

Ўзбекистондаги аҳволдан дунё давлатларини мунтазам хабардор қилиб туришни энг устун савияда ташкил қилишимиз керак.

7. ЎХҲ  Ўзбекистондаги мавжуд режимнинг кутилмаганда дафъатан йиқилишига ва ҳатто бунинг оқибатида келиб чиқадиган катта хаос эҳтимолига ҳам тайёр туриши шарт. Бу эҳтимол устида ишлайдиган ва уни таҳлил киладиган бир тадқиқот  ва таҳлил бўлимини очиш лозим

Муҳтарам биродарларим

Бизнинг ишимиз 100 метрга чопиш мусобақаси эмас. Биз сиз билан узун йўлга чикдик. Бу йўлда сабрлилар, матонатлилар ва Яратганнинг такдирига инонганларгина ғолиб бўлажак иншааллоҳ.

Биз ниҳоий ғалабамиздан аминмиз, чунки бизнинг йўлимиз чиндан ҳам  эзгу мақсадларга йўғрилган Ҳақ йўлдир, мақсадимиз чиндан ҳам олижанобдир – халқимизни зулмдан озод этишдир.

Чунки халқимиз мазлумдир. Биз сиз билан мазлумлармиз. Аллоҳ мазлумлар биландир.Токи биз олийжаноб мақсадимизга содиқ эканмиз, токи ниятларимиз тоза экан, ҳеч шубҳа йўқ-ки Аллоҳ биз билан бўлажак! Аллоҳ биз билан экан, демак, биз ғолиб бўлажакмиз иншоАллоҳ.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort