Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Имомнинг аҳволи мўътадил

Имомнинг аҳволи мўътадил
06 Temmuz 2012 - 13:06 'de eklendi ve 436 kez görüntülendi.

Бугун Стромсундда (Strömsund)  яшовчи ўзбекистонлик имом ва режим танқидчиси бўлган Обидхон қори Назаровга суиқасдда кўмаклашганликда айбланиб, ҳибс этилган жуфтликка расмий айблов эълон қилинди.

Давлат қораловчисига кўра, бу суиқасд сиёсий бўлиши мумкин.

“Биз бундан бошқа сабаб кўрмадик. Масалан пул, ёки рашк асосида суиқасд амалга оширилмаган”, – дейди Халқаро прокурорлар палатаси бош прокурори Кристер Петерссон (Krister Petersson).

22 февраль куни ўз уйи подъездида О.Назаровнинг бошига  ўқ узилганди.  Бу жиноятни содир этишда гумонланувчи шахс ўзбек паспорти ва Россиянинг ҳайдовчилик гувоҳномасига эга.   У суиқасддан икки кун ўтиб, Швецияни тарк этган. Айни дамда бу асосий гумонланувчи шахс халқаро қидирувда бўлиб, сиртдан қамоққа ҳукм этилган.

Петерссонга кўра, Ўзбекистондан келган бу жуфтлик Стромсундда бўлмаган, аммо улар суиқасдни амалга оширган жиноятчига бевосита ёрдам кўрсатишган. Бу жуфтлик бир неча марта уни Мальмодаги уйларига олиб боришган.

“Бизда шунақа маълумотлар ҳам борки, улар интернет тармоғи орқали жабрланувчининг исмини ва унинг турар жойини излаганлар. Шунингдек, улар солиқ бошқармасига ҳам телефон орқали мурожаат қилиб, жабрланувчининг туғилган санаси рақамларини ҳам олишган”, – дейди Петерссон.

Айблов хулосасида келтирилаётганига кўра, бу жуфтлик қотил учун ижарага автомобиль олишда, ҳамда Стромсундда турар жой топишда кўмалашган. У икки маротаба Стромсундга борган ва жабрдийдаги кўриб, унинг суратини тасвирга олган. Қисқа муддатга Ригага бориб, сўнгра 20 февраль куни яна Швецияга қайтиб келган. Петерссоннинг таъкидлашича, орадан икки кун ўтгач, у жабрланувчига ҳужум қилган.

“Суиқасд ижрочиси судланувчилар билан телефон орқали ўзаро алоқада бўлиб турган. Бу алоқа юзлаб телефон қўнғироқларини ўз ичига олади, аммо бу алоқалар қотилнинг мамлакатни тарк этиши билан тўхтайди”, – дейди Петерссон.

Жуфтлик эса жиноят изларини йўқотиш мақсадида ўз компьютерлари ва телефонларини тозалаб ташлаган.

Петерссонга кўра, Марказий Осиёдаги ўз ватанини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган О.Назаров мусулмонларни ва диссидентларни террорчилар дея тақдим этишга одатланган ўзбек режими томонидан хушланмаслиги тушунарлидир.  О.Назаров Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган эди. Петерссоннинг яна таъкидлашига кўра,  яна бир ўзбек режимига қарши бўлган имом 2011 йилнинг кузида Москвада (Ивановода – таҳририят) ўлдирилганди.   Шунингдек, ўзбек оммавий ахборот воситаларида Назаровга қарши кампаниялар ҳам ўтказилганди.

О.Назаров овозни пасайтирувчи мослама билан жиҳозланган тўппончадан отилиб, ҳаётига хавф солувчи оғир жароҳат олганди. Унинг аҳволи ҳозирда мўътадил, аммо ҳушига кела олгани йўқ. Петерссон О.Назаровнинг ҳаёти аввалги ўзанига қайтишига ишонмаётганлигини ҳам маълум қилди.

Гумонланаётган бу жуфтлик ўзларига қўйилаётган айбларни инкор қилишмоқда. Остерсунд туман судидаги жараён келгуси ҳафтанинг пайшанба куни бошланади.

Торд Андерссон

 

“Остерсунд постен” газетасидан

 Тўлқин Қораев таржимаси

Etiketler :
HABER HAKKINDA GÖRÜŞ BELİRT

SON DAKİKA HABERLERİ
İLGİLİ HABERLER