Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Фақат шоир ҳақли бахтсиз бўлмоққа…

Фақат шоир ҳақли бахтсиз бўлмоққа…
24 Temmuz 2012 - 11:17 'да юкланди ва 566 марта ўқилди.

Шоир Рауф Парфи билан суҳбат

23 июль ўзбек халқининг буюк шоири, марҳум Рауф Парфи таваллуд топган кун. Ушбу суҳбат мухлислар учун шоирдан хотира сифатида сақланиб қолди.
Раҳимжон Раҳмат. –Кўпинча жамият тирик шоирларни хуш кўрмайди. Ҳатто Платон ҳам утопик идеал давлатига шоирларни яқин йўлатгиси келмаган. Балки шоирларнинг ўзи Платоннинг гўзал хаёлий давлатида яшашни исташмаган бўлармиди.
Коммунистик режим ҳам адолатли жамият қурмоқчи эди. Лекин бу ҳам ўз истагини амалга оширишни шоирларни отишдан, осишдан бошлади. Ахир дунёда энг адолатга ташна, эзгулик байроғини баланд кўтарган қавм шоирлар-ку! Шоирлар хам анойи эмас. Николай Гумилёв деган эди: «Келажакда жаҳон халқларини адолатли бошқариш шоирлар қўлига ўтади».
“Ҳақиқий санъат асари ўқувчиларни кескин ва қатъий икки гуруҳга ажратиб ташлайди: асарни тушунадиганлар ва тушунмайдиганлар. Ўқувчилар орасидан чин санъат асари танлаб олган истеъдодли, туғма аристократ зотлар пайти келиб давлатни бошқариш ишини ўз қўлларига оладилар. Ўшанда чинакам адолат қарор топади”, дейди Ортега Гассет.
Юқоридаги саволга қайтаман: нега жамият энг қобилиятли шоирларга кун бермайди? Шоирлар инсон қалби қаъридаги ҳақиқатни ошкор эта оладилар. Демак, ҳар бир одам ҳаётга жуда қулай мослашиб яшаётган бўлса ҳам аслида ич-ичида жамиятни ёмон кўрар экан-да. Фрейд дейдики, ”одамлар ноқис жамиятга аччиқма-аччиқ ақлдан озадилар. Ақлдан озишлик – нобоп жамиятга қарши энг умидсиз исён”.
Рауф Парфи.- Фалончи шоирни орага қўшма , пишиб турган ошни бузади, миянг оғриб тузган фитнаю режаларингни дарров чиппакка чиқаради, дейдилар. Тўғри гап. Шоир дилидагини тилига чиқариб ўтиришларни, йиғинларни бузиб юборади. Умуман, сиз айтган ноқис жамиятда шоир – ортиқча одам. Шоир ҳақиқатни гапирмай туролмайди. Энди шоирнинг ҳақгўйлигини улкан-улкан ёлғонлар орасида ўйлаб кўринг. Замоннинг зайлига боқ, кимнинг аравасига чиқсанг ўшанинг қўшиғини айт, дейдилар. Шоир ёлғондан, юзаки,сохта қўшиқ айтишдан қўрқади. Аниқроғи, шоирнинг ичидаги истеъдод қўрқади ёлғондан. Чунки ёлғон истеъдоднинг кушандаси. Қайси бир файласуф деган экан: «Кимки кўнгли ҳақ деб билган маънавий қадриятларга зид иш қилса, руҳий куввати кучсизланиб, истеъдоди сўнади.».
Майли, ёлғонга озгина ён берай, жиндай… жиндай… дейдилар-у, аммо жиндайнинг охири вой – руҳларини ўлдириб кўядилар. Ёлғон ёзган шоирнинг руҳи ўлади. Санъат, маҳорат бой берилмайди. Санъат – ўрганиладиган, машқ билан ҳосил килинадиган нарса. Лекин руҳ ўлган бўлади. Шоир синади. Буни синган шоирнинг ўзи хам билмаслиги, тўхтовсиз қулоч-қулоч шеърлар ёзавериши мумкин. Кейин билади. Ўшанда кеч бўлади. Балки кейинчалик ҳушёр ўкувчилар шоир шеърларининг руҳи ўлик эканлигини пайқайдилар. Ташқаридан боқсангиз синган шоирнинг ҳамма нарсаси бор: хотин-халаж,уй-жой ва ҳоказолар.
Р.Р.- Лекин шеър йўқ, шундайми?
Р.П. – Шеъри ҳам бор. Тахминан ўртамиёна шеърлари бор. Аммо шеърида руҳ йўқ, руҳ ўлган.
Р.Р.- «Шоир ва ўлим» деган туркум шеърлар ёзаётган экансиз…
Р.П.- Мен ХХ асрда ўлдирилган ўзбек шоирларини ажратиб олдим. У ёғи жуда ҳам даҳшат. Ҳамма замонларда шоирларни отганлар, осганлар. Шеър ёзган одам ўлдирилаверган. Давлат томонидан ўлдирилган. Аммо ҳамма замонларда чин шоирлар ўз замонларига мухолиф бўлиб яшаганлар. Энг муросасиз одам – шоир. Лекин шоир оддий одамлар ва ва уларнинг оддий бўлмаган дардлари билан муроса қилади, у подшолар билан чиқишмайди. Ҳозиқни олайлик. Ўта камбағал, бениҳоя ночор кун кечирган. Шуниям сувга чўктириб ўлдирганлар. Сувнинг ичидан чиқма, шу ерда кўппос тегиб ёт, деб бошидан босишган. Демак, у бир нарсани тинмай гапираверган, гапираверган. Шу боис уни ўлдирганлар. Шеърият пайдо бўлиб, кишилар сўзни қофия билан айта бошлаган кундан буён шоирларнинг бошида калтак синади. Ҳар бир одамнинг Оллоҳга мурожаат қиладиган пок бир макони, жойнамози бўлиши лозим. Оқ қоғоз –шоирнинг жойнамози. Оқ қоғози бўлмаган шоир имонидан айрилади, Оллоҳни унутади. Санъатнинг барча турлари : мусиқами , рассомликми, шоирликми- барчаси Оллоҳга муножот шаклидир. Шеър ёзиш покланиш дегани. Покланишга доим тайёрман. «Барно Бону» деган туркумми, китобми қирқ кунда ёзилди. Қирқ кун чилла ўтирдим, дейдими. Қирқ кун Барно Бонунинг хаёли билан яшадим. Уни ўзимча поклаб, тозаланиб боряпман. Мен булғончман. Тозаланишим керак. Англаб бўлмайдиган ҳислар…
Р.Р.- Икки йил бурун сиздан эшитганман манави фикрни: « Ижодкорнинг бошқа одамлардан фарқи шуки, у доим ўлим ҳақида ўйлайди». Суқротнинг қисмати ёдимга тушди. Уни ўлимга ҳукм этганларидан кейин – файласуф ўшанда етмиш ёшда эди- у тўсатдан шеър ёзишга қизиқиб қолади. «Худолар тушимга кириб, энди шеър ёзгин деб айтди»,- дейди у. Айтадиларки, тез орада юз беражак ўлим ваҳимаси Суқротни шеър ёзишга мажбурлаган экан. Фрейд дейди: ”одам тупроқдан бино бўлган ва тупроққа айланишни истайди. Одам нафақат яхши яшаш, ҳузур қилиш, балки ўлишни ҳам ўзи истайди. Штеклнинг фикри: «Ҳар бир туш- ўлим қани, деган жумбоқли саволи бор манзарадир” ( Почти каждое сновидение – загадочная картинка с вопросам: где смерт»). Шеър кундузи кўриладиган туш. Сизнинг кўплаб шеърларингиздан ўлимга қарши исён, норозилик оҳанглари сезилиб туради. Шунингдек, кўплаб шеърларингиз яқин кимсангизнинг жисмоний ўлими таъсирида ёзилган. Ўзбек шеъриятида ўлим даҳшатини товонга санчилган тикан каби фавқулодда ҳис этиб, у билан астойдил баҳслашган шоирни топиш қийин – сиздан бошқа. Гўё ўлим сизнинг ён қўшнингиз – ёмон қўшнингиз.
Р.П.- Санъат- ўлимни тезроқ ва таъсирлироқ англатиш воситаси. Мен ўйлайманки, санъат билан шуғулланадиган одам- ўлимга энг яқин одам. Безовта бўлсанг, жаҳлинг чиқса мозорга бор, дейдилар. Мозорни бир марта айланиб чиққан кимсанинг ичидаги нафс итлари бир муддат ювош тортади. Санъат билан тиллашган кимса худди мозорни айланиб чиққан каби кўнгли маънисиз шовқиндан , кир-чирдан фориғ бўлади. Санъат билан мозорнинг орасида бир ажиб яқинлик кўраман. Ҳар иккаласида ҳам аждодлар руҳи билан мулоқотга киришилади. Мозор сукунат, жимлик билан руҳни тарбиялайди, санъат эса мунг ёрдамида кўнгилдаги касал туйғуларни даволайди. Санъат ҳам, мозор ҳам мияда босиқ ва илоҳий нурга чулғанган мулоҳазалар пайдо этади. Кўчада бақириб-чақириб, ғийбату ҳасадга булғаниб юрганларнинг бари мозор ва санъатдан анча йироқ каслардир. Мозор. Энг яқин кимсаларинг ўша ерда ҳамма нарсани жим тинглаб ётгандек…
Р.Р.- Яқинда ТошДУ талабалари билан учрашувингизда бир талаба қиз шундай савол берди: «Маъюслик сизнинг ҳамроҳингиздек»… Сиз шундай деб жавоб бердингиз: ”Менга маъюслик ёқади. Ҳамма нарсанинг маъюс томонини тез илғайман ва таъсирланаман. Маъюсликдан кўнглим озиқ олади.
Мен бутун умр коронғулик ичида яшаётгандекман. Элас-элас сезаман: чексиз зулумот ичида адашиб юрибман…Аллақандай нурлар кўринади узоқда …» Мен дарров ушбу мисраларингизни дилимда такрорладим:
Ўксиб-ўксиб ахтараман нур,
Қоронғуда бўлганман адо.
Р.П.- Бир дарахт. Сокин. Жим турибди. Ҳеч нарса демайди. Қайғули. Кўнгил шу дарахт томон интилади. Шу дарахт сизни кўпроқ тушунадигандек. Вағиллаб юрган, хиринглаётган одамлар бояги дарахтнинг ёнида пасайиб кетади. Дарахт жуда ақлли кўринади. У кўп нарсани биладигандек. Зарур бир гапни айтмоқчи бўлаётгандекми…
Ўлим хабари кўнглимни ёмон бузади. Бир аёл бўларди. Кавказ томонлардан келиб қолган. Бирга тушлик қилардик, иккаламиз шампан ҳам ичганмиз. Ўша аёл оламдан ўтибди. Бир танишим шундай хабар келтирди. Ҳеч кутмаганман. Дарров кўнглим бузилди. Кун бўйи бу ўлим хабари кўнглимни безовта қилди. Кейин шеър ёздим.
Р.Р.-Кўплаб катта шоирларнинг оилавий ҳаёти нотекис кечган. Аёллар табиатан моддий ҳаётга қаттиқ ёпишган бўладилар. Одам Атонинг руҳоний ҳаётдан жудо бўлишига ҳам аёл сабаб бўлган эди. Розановнинг қизиқ гапи бор: «Қизлар, адабиётчига турмушга чиқманглар, у сизлар орзу этган шаҳзода эмас, унинг фикру зикрини адабиёт ўғирлайди. Адабиётчи сизлар ўйлаган дунёвий ҳаётга яроқсиз бўлади. «Пул дея ёқангдан олади хотининг»,- деган сатрингизни эсладим. Сизни шеър ёзишдан қайтаришга, бошқача ҳаёт тарзига буриб юборишга уринган аёл бўлганми?
Р.П.- Мен қизларга мана бундай маслаҳат берган бўлардим: ”Қизлар, санъат аҳли орасидан ҳофизларга турмушга чиқинг, ўшаларни севинг. Ҳофиз бир жойга бориб ўнта одамнинг кўнглини хурсанд қилади-да, санъати учун олган ҳақини қўлингизга топширади.” Менинг ёруғ дунёдаги барча оғир фожеаларимга оила сабаб бўлган. Нафратланган бўлсам оила сабаб, ёнган бўлсам оила сабаб. Оила мен учун биринчи ўринда. Шоир деганлари оила кўрмаслиги керак, деган бир ўй ҳам бор. Оилали одам шеърдан узоқроқ бўлгани маъқул.
Мен шоир эдим, мен таслим бўлдим: оила қурдим. Аёлларим билан жисмоний яшадим. Ҳеч қайсиси билан руҳоний яшамаганман. Руҳим, фикрим шеърда эди. Балки шеър сабабчи бўлгандир оилавий фожеамга. Севган аёлларим бор эди. Бари ёдимда. Эслайман. Лекин уларнинг исмини айтиш ноқулай: уларнинг бари ҳозир тирик. Аёллар шеърларимнинг ичида. Текширган одам, албатта топади.
Мен аслида идеалимдаги аёлни севганман, шунга топинганман. Ҳаётда учратган аёлларим ичимдаги идеал аёлнинг тимсоллари эди. Мен аёлларимнинг барини кечириб юборганман. Мен уларни жуда ёмон кўриб қолганим учун бутунлай кечириб юборганман. Шеър ёзишимга халақит бермоқчи бўлгани ҳам бор эди. Ёдимда бор.Мен ишлаяпман дердим. Китоб ўқиш, таржима, шеър ёзиш ҳаммаси ишлашимга кирарди. «Ишлайман дейсиз, китоб варақлайсиз, ишлайман дейсиз, оқ қоғоздан бош кўтармайсиз. Сиз ҳам мундай одамларга ўхшаб пул тўланадиган иш қилсангиз бўлмайдими?»- дерди. Бечора азбаройи қийналганидан шундай дерди . Мен кун бўйи тинимсиз ичаман, дўстларим ҳам ичади. Шўрлик бечора хотиним ароқ ичишимдан безор бўлган. Роса тўйдирган бўлсам керак. Бир куни аёлим магазин растасига териб қуйилган ароқ, вино каби ичимликларга кўзи тушиб ҳушидан кетиб колган. Унда ароққа нисбатан кучли аллергия пайдо бўлган экан. Шу даражада қийнаб юборибман. Бечора бардош беролмаган. ”Шу билан яшайманми, абадий яшайманми».- деб уйлагандир.
Р.Р.- Бирор марта шеър ёзишдан нафратланиб, қоғозни ғижимлаб, қаламни шарт синдириб ташламоқчи бўлганмисиз? Шеър ёзишим одамлардай ҳаёт кечиришимга халақит беряпти, деб ўйлаганмисиз?
Р.П.- Шеър ёзишдан нафратланган пайтларим бўлган. Рости, бўлган.Шеър ёзолмай қолган дамларда шундай ҳис кечгандир. Аммо кўнгилда уйғонган илҳом нафратни ювиб кетарди. Дунёда шоирлар кўп, катта-катта кутубхоналар бор, шуларни ўқиб бемалол яшаса бўлади-ку. Нега мен шеър ёзишим керак? Мияда шубҳали саволлар кўп. Аммо Твардовскийнинг гапи бор: «Толстой бўлсанг ўзингга, мен ҳам шоирман».

Р.Р.- Китс шеър ёзишни ёмон, хунук одат деб атаган.
Р.П. Одамлар кучли, бақувват бўладилар. Дарахтларни кесадилар, тошларни ўрнидан силжитиб, ҳар томонга отадилар. Кучли кимсалар одамларни бир-бири билан уруштириб, жанжал чиқариб, давлатни бошқарадилар. Кучли одамга най чалаётган шоир керак эмас. Най чалаётган одам ниҳоятда кулгили туюлади унга. Китснинг назарида кучли одам шеър ёзмаслиги керак. Бошқа ишнинг бошини тутсин. Чала-чулпа туғилган, касалванд, кўнгли бўш, сал гапга кўзига ёш оладиган, ҳаммани кечирадиган шоирлар, шоиртабиатлар кучли одамнинг ғашини келтиради. Ҳар қандай одам қилаётган ишидан завқ олмаса, кўнгли хижил бўлади.Завқ олиш ижодий жараённи бошдан кечириш дегани. Завқланиш жараёни қизиқ. Завқнинг охири қизиқ эмас. Завқнинг охири уйқу бўлиши мумкин. Мен ҳеч қачон ёзганларимдан қаноат ҳосил қилмаганман, кўнглим тўлмаган.Ижоднинг энг даҳшати ва фожеаси ҳам шу. Эслайман: Усмон Азим: «Рауф ака, битта шеър ўқиб берай. Зўр шеър ёздим»,-деди. У роҳатимни олдиндан бузиб қўйди. Олдиндан ўз шеърини зўр деди. Ўша зўр шеърдан олишим мумкин бўлган завқдан мени маҳрум этди.
Р.Р.- Шундай сатрингиз бор: “Фақат шоир ҳақли бахтсиз бўлмоққа”…
Р.П.- Ички бир туйғу билан сезганман: жуа кўп нарсани ҳис этиб, англаб турган зотнинг ҳаёти қийин кечади. Ҳаётни жуда қисқа қилиб бўлиб олиб, буёғи меники, нариги ёғи билан ярим тийинлик ишим йўқ, дейдиган одам бахтлидир. У ўзини улкан фожеадан ажратиб олди.Уйга кириб эшикни ёпди, ўша ондаёқ дунёни унутди. У-оддий одам. У – ҳайвон каби бахтли. У ўз қалбини ўлимга хукм этди. Санъаткорнинг ҳислари , ҳатто уни қамаб қўйсангиз ҳам ташқарида юради. Санъаткорнинг миясида олам фожеаси айланади.
Фикрлайдиган, кўнгли нозик маъно, ишораларни англайдиган инсонлар ҳар доим ва ҳар жойда хор этилган. Инсонларнинг юрагини оғритадиган нарсалар бор экан, билингки, шоирга тинчлик йўқ, омонлик йўқ.
Ёлғизлик – тинимсиз ўлим ҳақида ўйлашдир. Шоир чин ибодат- ўлимни эсдан чиқарган золимлар учун ҳам оғир ўйлар суради, яъни ўлимни ўйлайди. Мен жуда ёшлигимдан ўлимни кўп ўйлардим. Бувим: нега мана бу ишни қилмадинг, деб койиса ҳам ўзимни ўлдириб қўя қолсаммикин, деган фикр келарди миямга. Кимдир ҳақорат қилди, унга муносиб жавоб қайтаролмайсиз, кучингиз етмайди, шунда ўлимни ўйлайсиз. Ё даҳшат…
Р.Р.- Дадангиз вафот этганида ўн икки ёшда экансиз. Дадангиз келажакда шоир бўлишингизни сезганми?
Р.П.- Дадам жуда қўрқоқ одам эди. Умрининг охиригача саводсизман, деган. Лекин у араб, форс тилларини яхши биларди. Саводим бор деб айтишдан чўчиган, қўрққан. Дадам шеър йўлига киришимни биларди. Чунки мен ҳар доим Абдураҳмон Водилийнинг ёнида юрардим. Абдураҳмон Водилий- катта шоир, суфий. У менга дадамнинг тарихини, келиб чиқишимизни, насл-насабимизни кўп гапириб берарди. Ўттизинчи йилларда қариндошларимнинг бари отилган, ўлдирилган. Уйимиздан бир хумча олтин топиб олишган. Яна бормикин деб боғу роғларимизни ҳам ағдар-тўнтар қилиб юборишган. Уй эгаларининг бари отилган, узоқларга бадарға этилган. Дадам бир амаллаб Янгийўлга кўчиб келган.

Дадам мени жуда қаттиқ эркалатган. Ёлғиз ўғил эдим. Истаган нарсамни олиб берарди. Агар истаганимни олиб бермаса, қўлимга қайчини олиб, кокилимни кесиб ташлайман, дердим. Бошимда иккита кокилим бўларди: Бири Ўшпиримга, иккинчиси Шоҳимардонпиримга аталган.Дадам мени ҳеч қачон урмаган, чертмаган, ҳатто сенсирамаган ҳам. Мен онамни яқингача сенсирар эдим, бувим мени сизлар эди.
Дадам ўзича мени одам қиламан деб ўйлаган, қаёққа борса, ўзи билан бирга олиб юрарди. Машинада бир узоқ ёққа кўчат олиб келгани борганимизни эслайман. Бир гал яна қаёққадир борганмиз. Машинада узоқ юрдик. Мен кичкинагина боламан. Йўлдаги ҳар турли нарсаларга қарайвериб кўзим юмилмайдиган бўлиб қолган.Уч кун кўзим юмилмаган. Қандай тузатганлари ёдимда йўқ.
Р.Р.- Ватанга муҳаббатингиз бошқа шоирларникидан анча-мунча фарқланиб туради.Ватанга бағишланган шеърларингизда фожеа оҳанги кучли. Ватан сўзи кўнглингизда чексиз алам, изтироб, ҳасрат каби кечинмалар пайдо қилади. Ҳатто ватан тилга олинган шеърларингизнинг ич- ичкарисидан бир нарсанинг куяётганлиги, куюк ҳиди сезилади… Улкан ҳалокатни илғагандексиз…
Р.П.- Олтмишинчи йиллар. Қатагон этилган шоирларнинг ижоди билан таниша бошладик. Чўлпоннинг асарларини яширинча ўқиганларимизни эслайман. Шундан кейин миямизда «Турон, Туркистон» каби сўзлар уйғонди. Ватанни, чин ватанни таниш жараёнини сўз билан гапириб бериш қийин. Фикрлар аста-аста келган, ҳислар секин-секин кечган… Кўнгилда гиря кучайиб борган.
Р.Р.- Гўё ватанингизни машина уриб кетган ёки у Сибирда ҳалок бўлиб, уйингизга темир тобут келган… Катта бир йўқотишнинг аламли ҳайқириғи… «Туркистон ёди» номли шеърингиздан кейин Ўзбекистон деган ном, катта бир мамлакат номи сиз учун деярли маъно англатмай қўйди. Сиз ҳозир ”Турк, Турон, Туркистон» деяпсиз. Сиздан бошқа шоирлар бу сўзларга унчалик эътибор бераётганлари йўқ.Балки улар бу сўзларнинг орқасидан келадиган дарду ҳасратдан қўрқаётгандирлар.
Р.П.- Ҳозирда бўлак-бўлак бўлиб кетган туркийлар ўзларини турк эканликларини ҳис этмасалар, туркий дунё нураб, кучсизланиб бораверади. Катта бир куч беркиниб ётибди. Ҳалоскор куч. Уни уйғотиш учун турк эканлигимизни англаш кифоя. .. Агар бирлашмасак урф-одатимизни ҳам, санъатимизни ҳам бошқаларга ўтказа олмаймиз.
Рус босқинидан сўнг турк сўзи қувғинга учради. Ҳозир ҳам чет элда яшаётган қавмдошларимиз ўзларини турк деб ҳисоблайдилар. Босқинчилар бизларни жисмонан енгди, аммо руҳимиз мағлуб бўлмади.Наполеон айтган: ”Туркни балки ўлдириш мумкиндир, лекин уни енгиб бўлмайди». Турк дунёга бойлигини, энг кучли одамларини берди. Ислом арабларга берилди, аммо уни амалга айлантириш туркларга топширилди. Турк эканлигимизни англашга интилиш зарур. Тараққиётнинг калити шу.

Р.Р.- Келажакда турк эканимизни англаш психик ҳодиса, бир тирик жараён сифатида пайдо бўладими?
Р.П.- Ҳа, албатта. От айланиб қозиғини топади.
Р.Р.- Сиз улғайган оилавий муҳит ижтимоий-сиёсий дунёқарашингизнинг шаклланишида муайян рол ўйнаганми?
Р.П. – Дадамнинг дўстлари кўп эди. Бари эски жадидлар. Ўлмай қолган. Бир жойга тўпланиб шароб ичишарди. Ҳаммаси билимдон , саводли одамлар. Дунё миқёсида фикрлайди. Адабиёт билан шуғулланади. Аммо барчасининг бошига кулфат тушган: замон уларнинг қўлини кесиб ташлаган. Уларнинг барида шаклланган туркчилик туйғуси бор эди. Водилий ҳақида гапирдим. Унинг учун турк эканлигини англаш бахт эди. Абдал ака дегани бўларди.1944 йил Қримдан кўчирилган. У тўрт ёшимда менга ўрис ҳарфини ўргатган. Буларнинг бари онгимга кучли таъсир қилган. Энди билсам, кўнглимда ватан туйғусини шакллантирган нарса шуларнинг қисматлари ва ҳикоялари экан. Шиорлар, газеталар, мактаб дарсликлари орқали миямизга сингдирилган ватан қиёфаси онгимга узоқ ҳокимлик қилолмаган.
Р.Р.- Ҳозирги ёшлар шеърияти эътиборингизни торта оляптими?
Р.П.- Йўқ.
Р.Р.- Шеър кўп, аммо шоир оз, шундайми?
Р.П.- Шундай. Гўё тўртта шоир шеър ёзяпти-ю, юзта одамнинг номидан эълон қилиняпти. Бир хиллик кучли.
Р.Р.- Ҳозирги шеърият жамиятга катта бир ҳақиқатни олиб киришга уринмаяпти.
Р.П.- Мен шуни айтмоқчи эдим. Янги бир авлод пайдо бўлиши керак. Туркчиликни англаган, ҳис этган авлод. Янги шеърият янги ижтимоий рух билан келади. Келаётган янги ижтимоий руҳ, бу – туркчилик. Шеъриятимизни туркчиликни англаш руҳи янгилайди. Шу руҳни ҳодисага айлантирган шоир- катта шоирга айланади. Туркчилик руҳи Навоийда, у катта бир шоирни туғади.

PS: Бу суҳбат 1997 йил жиддий қисқартиришлар билан ЎзАС газетасида эълон қилинган.

Манбаъ: http://kh-davron.uz/rahimjon-rahmat-shoir-rauf-parfi-bilan-suhbat.htm

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар