Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистоннинг “Мустақиллик Куни“ муносабати билан Ўзбекистон Халк Ҳаракатининг (ЎХҲ) матбуот билдириши (Audio)

ТОКИ БУ РЕЖИМ БОР ЭКАН, ОЗОДЛИК ЙЎҚДИР. Бу халқимизнинг 21 йил давомида ўрганган илк ҳикмати бўлди. Ҳикматнинг иккинчи қисми эса асрлардан бери маълум: ОЗОДЛИК БЕРИЛМАЙДИ, У ОЛИНАДИ.

Ўзбекистоннинг “Мустақиллик Куни“ муносабати билан Ўзбекистон  Халк Ҳаракатининг (ЎХҲ) матбуот билдириши (Audio)
28 Ağustos 2012 - 11:48 'да юкланди ва 754 марта ўқилди.

Мустақиллик эълон қилинганидан 21 йил ўтиб, юртимиз аҳволи худди абсурд саҳна асарининг энг чиркин буёқ ва шаклларини эслатади: Конституцияси масхара мавзусига айланган, қонунсизлик ҳукми ўрнатилган бир давлат. Порахўрликдан илма-тешик бўлган иқтисод, қашшоқликдан қобирғаларини санаш мумкин бўлган оддий халқ, оиласига бир парча нон топиш илинжида чет элларга қуллик учун чиқиб кетаётган миллионлаб инсонлар, аксарияти учун ҳақсизлик, ҳақорат ва хўрлик оддий турмуш тарзига айланган бир жамият!

Бу манзара фонида – бир сония ҳам тўхтовсиз ишлаётган давлатнинг даҳшатли террор машинаси.

[soundcloud id=’57967477′]

Давлат террори – Абсурд Режимининг ҳаёт манбаидир. Давлат террори – мамлакат ресурсларини ямламай ютаётган, миллат мадорини кемириб тугатаётган бир юҳодир. Давлат террори – қабоҳат салтанатининг суянган тоғидир.

Бу террор мингларча иймонли кишиларни махфий хизмат ертўласида чиритмоқда, мингларча тинч аҳолини қийноқлар остида ўлдирмокда. Бу террор оқибатида сиёсий мухолифатнинг бир қисми юрт ташқарисига қочиб, бир қисми яширин фаолиятга ўтди.

Террор машинаси бир сония ҳам тўхтагани йўқ, балки бутун куч-қуввати билан ҳур фикрли инсонлар ва оддий диндорларни йўқ қилишда давом этмоқда.

Ва бу Абсурд Режимининг эртага нишонлаши кутилаётган “Мустақиллик байрами” худди аҳолиси вабога чалинган шаҳардаги айшу-ишратни эслатади.

Биз биламиз-ки, эртангги “байрам”га тилла тишларини ялтиратган хазина ўғрилари, давлат русумли “Jeep” минган фоҳишалар, “Chanel” атирлари уфурган зўравонлар, диктаторнинг лаганбардор шоирлари, генерал либосидаги қотиллар, қўшни ўлка тупроғига “дахлиз” истаган элчилар ва ҳоказолар ҳозир бўлажак, аммо жафокаш ўзбек халқидан бирорта ҳам вакилни кўрмайсиз у ерда.

Ўзбек халқи 21 йил кузатгани каби, бу зиёфатни бир чеккада жим кузатажак. Байрам ниқобидаги бу дафн маросимини, Ҳуррият орзуларининг бу режим давридаги дафн маросимини кузатажак.

ТОКИ БУ РЕЖИМ БОР ЭКАН, ОЗОДЛИК ЙЎҚДИР.

Бу халқимизнинг 21 йил давомида ўрганган илк ҳикмати бўлди.

Ҳикматнинг иккинчи қисми эса асрлардан бери маълум:

ОЗОДЛИК БЕРИЛМАЙДИ, У ОЛИНАДИ.

Яшасин Озодлик!

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати
2012 йил 28 август

 

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )