Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

The Independent: “Диктаторнинг қизидан атиргул ифори тараладими?”

The Independent: “Диктаторнинг қизидан атиргул ифори тараладими?”
16 Ekim 2012 - 7:43 'да юкланди ва 721 марта ўқилди.

Британия нашр этиладиган The Independent (“Индепендент“) газетаси Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова шахси ҳақида Ғарб матбуотини тобора ишғол этаётган салбий мақолалар сафига ўз ҳиссасини қўшди.

Мақола “Диктаторнинг қизидан атиргул ифори тараладими?” – деган савол сарлавҳа билан бошланади.

Қўшиқчи, шоира, раҳнамо, сиёсатчи, модел каби даъво этиладиган томонлари билан очиқчасига мадҳ этиладиган Гулнора Каримова энди атирсозликда ҳам эҳтимол ўзини синаб кўраётгани эсланар экан, мақолага кўра, унинг атиридан, табиийки, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги “қийноққа солинаётган ва ё тириклайин қайноқ сувга ташланган” ҳиди келмайди…

“Эҳтимол келар,” – деб қўшимча қилинади мақолада.

“Сирли”

Mysterieuse, яъни “сирли” деб номланган атир Марокаш атиргули, ёсуман ва Осиёда ўсувчи “иланг-иланг” тропик дарахти гули қоришмасидан тайёрланган.

“Аммо бу ном сўз ўйини ёки қийноққа солинаётган ва ё тириклайин қайноқ сувга ташланган маҳбусларга ишора эмас,” – деб ёзади “Индепендент” газетаси.

Унга кўра, таниқли француз парфюмери томонидан яратилган ушбу атир Ўзбекистоннинг “шафқатсиз президенти” Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг илк атрига айланиши лозим.

“Жаноб Каримов ҳукмронлиги остида Ўзбекистон дунёнинг энг репрессив мамлакатларидан бирига айланди,” – деб ёзади “Индепендент”.

Газетага кўра, бу мамлакатда қийноқлар мунтазам қўлланади ва қўрқув фазоси кенг тарқалган.

Мақолада Ўзбекистон ҳукумати мактаб ўқувчиларидан ҳар йили пахта терими мавсумида арзон меҳнат кучи сифатида фойдаланиши, мамлакат аҳолиси эса қашшоқликда ҳаёт кечириши алоҳида таъкидланган.

Аммо, газетада таъкидланишича, президент қизининг бундай ҳаётга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

У “Тошкент, Москваю Женевада ўтказилувчи кеча базмларида… шоҳона ҳаёт кечиради,” – деб ёзади “Индепендент”.

Отасининг ишончли сирдоши бўлган Каримова хоним охирги йилларда ўзини аввалига фасон ва заргарлик буюмлари дизайнери сифатида кейинроқ эса отаси қўйган “Гугуша” тахаллуси остида поп қўшиқчи сифатида танита бошлади,” – дейилади мақолада.

Гулнора Каримованинг “Guli” бренди остидаги эркаклар учун мўлжалланган Victorious ва аёллар учун мўлжалланган Mysterieuse номли биринчи атири ўтган сешанба куни Тошкентдаги тунги клублардан бирида ўтган ҳашаматли кечада тақдим этилганди.

“Экзотик ўзбек гўзали”

Атирлар муаллифи Франциянинг етакчи парфюмерларидан бири Бертранд Дючафодир.

Жаноб Дючафо Christian Dior ва Givenchy каби дунёга донг таратган парфюмерия ишлаб чиқарувчи ширкатларга кўплаб атир навларини ўйлаб топган.

Парфюмер ‘Mysterieuse’ атири воситасида Гулнора Каримова имижини яратишга ҳаракат қилганини айтади.

“Мен атир орқали Ўзбекистон ва Францияни боғлашга уринган тарихдаги илк инсон бўлсам шояд,” – деб айтган жаноб Дючефо.

Аммо “Индепендент” парфюмернинг суҳбат ўтказиш ҳақидаги ёзма таклифга жавоб қайтармаганини маълум қилади.

Газетага кўра, француз парфюмери Гулнора Каримова атирини машҳур қилиш учун ундан қанча пул олгани ҳақидаги саволга ҳам изоҳ бермаган.

Лекин, “Индепендент” ёзишича, жаноб Дючефо Гулнора Каримованинг муҳташам лойиҳаларидан мўмай даромад кўрган илк шахс эмас.

Қўшиқчи Sting 2010 йилда Гулнора Каримова таклифи билан Тошкентда концерт ўтказгани учун танқидларга учраганди.

Wikileaks томонидан нашр этилган Америкалик дипломатларнинг хуфия ёзишмаларида “қарорқчи малика” ва “мамлакатда энг кўп нафратланадиган шахс” сифатида таърифланган Каримова хоним ноқонуний бизнесга алоқаси борлиги ҳақидаги даъволарни ҳар доим рад этиб келган, деб ёзади “Индепендент”.

Газетага кўра, Гулнора Каримова Қўшма Штатларда ҳам ўз шуҳратини ёйишга қаратилган кампанияни бошлаган.

“Америкада чиқаётган рекламаларда Гулнора Каримова “экзотик ўзбек гўзали” дея таърифланса-да, унинг отаси ҳақида лом-мим дейилмайди,” дея қайд этади Индепендент. – “Аммо унинг янги мусиқий албоми “How Dare?”, яъни “Ҳадди қандай сиғади?” – деб номланган. Кўплаб ўзбеклар унга айни савол беришлари мумкин,” – деб хулоса қилади “Индепендент”.

 

bbc.co.uk/uzbek

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Hamidjon ;

    ahmokning bir qilig’i ortiq….

    16/10/2012 20:07
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар