Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ф.Тиллаев. Сенатор ва депутат жанобларига Очиқ Хат

Ф.Тиллаев. Сенатор ва депутат жанобларига Очиқ Хат
05 Kasım 2012 - 11:51 'да юкланди ва 566 марта ўқилди.

Фахриддин Тиллаев
Ўзбекистон “ЭРК” Демократик партияси Марказий Кенгаш аъзоси.
fahriddin71@mail.ru , fahriddin2009@gmail.com
fahriddintillo@yandex.ru, www.facebook.com/Fahriddin.Tilloev

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СЕНАТИГА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИГА

ОЧИҚ ХАТ

Ҳурматли Сенаторлар!
Азиз Депутатлар!

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонун 1993 йил қабул қилинган. Шу қонуннинг тегишли банд ва моддаларига кўра, “Судьяларнинг мажбуриятлари” ва “Судьянинг қасамёди” тўғрисида қўйидаги мазмунда келтирилган сўзларни ўқишингиз мумкин: “Судьялар фуқаролик, хўжалик ва жиноят ишларини, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш чоғида, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларига сўзсиз риоя қилишлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашлари, беғараз ва адолатли бўлишлари шарт…”

Илк бор судьялик лавозимига сайланган ёки тайинланган судья эса, қўйидаги мазмунда қасамёд келтирилади: “зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсинган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга тантанали қасамиёд қиламан”. (www.lex.uz. сайтидан иқтибос).

Энди шу ўринда савол туғилади. Бизнинг Ўзбекистондаги, судьялар ҳақиқатан ҳам, қонунга таянган холда “иш” кўрадиларми?! Бизнинг судьялар ҳақиқатдан ҳам, мустақил судьяларми?! Улар қонунни ижро этадиларми, ёки… ўзларича қонун ишлаб чиқадиларми?! Ўзбекистондаги қонунлар кимлар учун ҳизмат қилади?!

Мен Сиз жаноби олийлари, Сенатор ва қонунчилик палатасининг депутатларига қўйидаги факт хамда далилий ҳужжатларга таянган ҳолда, ОЧИФ ХАТни интернет орқали эълон қилишни ўзимга лозим деб топдим…

Мен Ўзбекистон Республикаси МЖТКсининг 183- ва 194-моддаларига кўра, 2009 йил 3 декабр куни 3 (сутка), 2011 йил 6 декабрь 5 (сутка) хамда 2012 йилнинг 3 октябрь ойида эса, 15 (сутка) қамоқ жазосига тортилдим. Бу суд “иш”ларида раислик ва судьялик вазифасини бажариб келаётган ҳурматли укамиз, Шаҳбозжон Умаров Суннатуллаевич – 1974 йилнинг 13 октябрида Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида туғилган… Бу киши Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманига судьялик лавозимига тайинланганидан кейин, фақат прокурор, хоким ва МҲҲнинг топшириқларини бажарувчи, “мустақил” судьядир…

Ўтган йили яъни, 2011 йилнинг 6 декабр куни Бойсун туман прокуратурасининг биноси олдида, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасига асосланиб, пикетга чиққандим. Мен пикетда Бойсун туманинг хокими Панжи Тангриев Қобуловичга нисбатан жиноий иш очиш ва унинг истеъфосини талаб қилганман. Судья укамизнинг менга нисбатан “раҳм-шафқат”лари келиб-кетди шекилли, у киши менга 5 (сутка) оғирроқ қамоқ жазосини тайинлади. Судья укамиз Шахбозжон Умаров, туман прокурори Шуҳрат Мавлонов ва туман хокими Панжи Тангриевларнинг “заказ”ини бажарди.

Шундан сўнг, мен 2011 йилнинг 13 декабр куни 1391-сонли шикоят ариза билан Сурхондарё вилоят прокурори Абдураҳмон Барноевга мурожаат қилдим. Ўша шикоят аризамда келтирилган важлар қўйидагича эди:
“Бойсун туман прокурори Ш.Мавлонов, туман прокуратурасининг терговчиси А.Музаффаров, туман ИИБининг масъул ходимлари Н.Шойимов, Ч.Шотўраевларга нисбатан чора кўришларини ва менга нисбатан тўпланган ҳужжатларни сохталаштириб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 155-моддасини кўзлаган ҳолда, яъни “терроризм”га айблаш мақсадида уриниш бўлаётганлиги…” тўғрисида эди.

“Адолат”нинг тантана қилганини қарангки, вилоят прокурори А.Барноев номига ёзган ўша шикоят аризамга ҳам, бир йил бўлган бўлса-да, ҳануз Сурхондарё вилояти прокуратурасидан жавоб хати олган эмасман. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг Мурожаатлари Тўғрисида”ги қонунининг 26-моддаси шаҳсан прокуратура органлари томонидан қўпол равишда бузилган.

Булар яна Ўзбекистонда “қонунни ҳимоя” қилувчи орган ҳисобланармиш? Юқорида кўрсатган важларим қолиб кетиб, мени атайин «черный список»ка киритиш мақсадида, Сурхондарё ОАВ орқали “БОЙСУНЛИК АВАНТЮРИСТ”, “ЎЗБЕКИСТОННИ ДЎЗАХГА ЎҲШАТГАН КИМ ЎЗИ У?” номли мақолалар уюштиришиб, ҳокимият, маҳалла, қишлоқ ва овулларда, бозор пештахталарида газетанинг маҳсус сонларини кўпайтиришиб, чойхона ва масжидларда фуқароларга тарқатишганлар. Бойсун туман хокимиятида йиғилиш ташкил қилиниб, “Бундай шаҳсни Бойсундан бадарға қилиш керак. Бизнинг орамизда бундай авантюристга ўхшаган фуқароларга жой йўқ…” дейишганлар. Хокимият органлари ва МХХ эса, менга нисбатан “провокация” уюштиришиб, бутун бойсунликларни оёққа турғизишмоқда…

Яқинда 2012 йил 3 октябрь куни мени яна ўша “мустақил” судья Шаҳбозжон Умаров, яна ўша прокурор Шуҳратжон Мавлонов, яна ўша Бойсун туман хокими Панжи Тангриев яна ўша…. бойсунлик аёллар, яна ўша туман МХХ, яна ўша ИИБи ва яна ўша моддага кўра, Ўзбекистон Республикаси МЖТКсининг 183- ва 194-моддасининг 2-қисми билан 15(сутка) қамоқ жазосига торттиришди…

Қисқаси, Ўзбекистон ҳукумати мени “Терроризм”да айблаш чора-тадбирларини ўйлаб топмоқда десам, хато бўлмайди. Чунки, шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси МХХ ва Тошкент шаҳар М. Улуғбек туманига қарашли, “терроризмга қарши кураш бўлими”нинг икки ходими мен яшаб турган хонадонга келиб, мен билан суҳбатлашгани ҳамда мендан турли ҳил савол ва жавоблар орқали, тушунтириш хати ёзиб олгани бунга мисол бўла олади…

Ахир, мен Сизларга ушбу очиқ хатларим орқали нима демоқчи эканлигимни тушунаётгандирсизлар?!

Мен айтмоқчи бўлган сўз шундан иборат-ки, Ўзбекистонда Сизлар томондан ишлаб-чиқилаётган қонунлар амалда мутлақо қўлланилмайди. Чунки, Сиз жанобларни сайлаган сайловчилар билан юзма-юз учрашиш ва уларни қийнаётган муаммолар тўғрисида ўз сайловчиларингиз олдида ҳисобот беришларингизга тўғри келади. Афсуски, бунга тепада ўтирган, “ВЕРХ” йўл бермайди.

Сизлар фақат номига сенатор ва депутатсизлар. Сизлар “Ўзбекистон келажаги буюк давлат” деб аталувчи мамлакатнинг бир парчасисизлар холос…

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар