Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Гугуша Депардьени қанчага сотиб олган?

Kўпчиликни ўйлантираётган савол мана бу: Xалқ орасида “Очофат малика” номини олган Г.Каримова Депардьега қанча ва кимнинг ҳисобидан гонорар беради?

Гугуша Депардьени қанчага сотиб олган?
09 Aralık 2012 - 19:59 'да юкланди ва 628 марта ўқилди.

Ўзбекистон диктаторининг қизи Гулнора янги қўшиқ айтибди.  Бу сафар дуэт кўринишида. Дуэтдоши қарироғ-у, лекин жуда машҳурлардан.  Ўзига Гугуша деб лақаб қўйиб олган диктатор қизи аввал хам дунёга донғи кетган Монсерат Кабалье ва Хулио Иглесиас билан  дуэт куйлаганди.

Бир вақтлар СССР худудида миллионлаб мухлис орттирган 63 ёшли француз актёри Жерар Депардье Гулноранинг таклифи билан Тошкентга келди.

Кийим бичиш ва тикиш, қўшиқ куйлаш жонига теккан Гугуша энди кино соҳасига қўл уриб кўрмоқда. Ўзига тегишли бўлган ўзбек ОАВда у  “Оқ пилланинг ўғирланиши” деб номланган тарихий фильм сценарийсини ёзиб тугатганини ва бу фильмдаги ролларнинг бири машҳур  Депардьега тегишли эканини айтган эди.

Ноябрь ойининг сўнгги ҳафтасида Тошкентга етиб келган француз актёри, фильмдаги ўзининг иштироки бор саҳналарни ўйнаб бўлгач, Гугушанинг “Осмон сукутда” деб номланган қўшиғини ёзишда хам иштирок этди.

“Кечир мени, мени кечир барча айтган гапларим учун”  дейди Жерар Депардье бу қўшиқда Ўзбекистон диктаторининг қизи Гулнора – Гугушага қараб.

Ўзбекистондаги барча “нодавлат” ва давлат телерадиоканалларида айналаётган ушбу қўшиқда, француз актёри, юқорида келтирилган жумлани, қўшиқ орасида шеър сифатида ўқиб туради.

Аллақачон ўзбек халқи орасида “Очофат малика” номини олган Гулнора Каримова, интернет ижтимоий тармоқларида, бу қўшиқнинг матнини хам, куйини ҳам ўзи ёзганини айтиб, қўшиқни ёзиб олиш жараёнида олинган фотосуратларни Твиттердаги саҳифасида чоп ҳам этибди.

Қўшиқ, интернет оламида ҳам анчайин танилгани айтилмоқда, бироқ бунга сабаб Гугушанинг “ёқимли” овози эмас. Ижтимоий тармоқларда ёзилган фикрларга кўра, айнан Жерар Депардьенинг ижрочи сифатидаги номи “Осмон сукутда” қўшиғи жойланган саҳифадаги “Play” тугмасини мажбур қилаяпти.

Францияда актёргина эмас, ресторанлар соҳиби ва йирик винофуруш савдогар сифатида ҳам ном қозонган Жерар Депардьени собиқ Совет Иттифоқи республикаларининг ҳукмдорлари тез тез чорлаб туришади. Хусусан, Депардье Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва унинг қизлари уюштираётган дабдабали зиёфат-у, базмларнинг доимий иштирокчиси. У Қозоғистондаги йирик банклардан бирининг акцияларига ҳам шериклик қилади. Умуман, Жерар Депардье, МДҲ давлатлари ўзи учун битмас туганмас фойданинг кони эканини аллақачон англаб етган.  “Лўлининг эшагини суғор-у, пули ол” мақоли французчада қанақа жаранглайди, билмадим, лекин Депардьенинг айнан мана шу ўзбек мақолига риоя қилиб яшаётганига қойил қолдим.

Хозирда кўпчиликни ўйлантираётган савол эса мана бу: Гулнора Каримова Жерар Депардьега қанча ва кимнинг ҳисобидан гонорар беради?

Миллионлаб мактаб ўқувчиларини қулдек ишлатиш, бир неча ўнлаб бизнесменларнинг ҳаётини барбод қилиш ҳисобига орттирилган бойлигидан берадими ёки ўзбек халқи тинмай тўлаб келаётган миллий солиқлар ҳисобиданми?

Бир мамлакат президентининг фарзанди сифатида, ўзининг барча сарф харажатларини очиқлаши лозим бўлгани ҳолда, Гулнора Каримова бу сафар ҳам, Жерар Депардьега сарфланган харажат ҳақида маълумот бермайди.  “Француз актёрининг гонорарини ким бераяпти?” деган саволнинг жавобини бугун Гулнора ўзидан бошқа ҳеч кимга айтмайди. Ҳар доимгидек, бу гонорар ҳам давлат миқёсидаги махфий сирга айлантирилади.

Бу сафар ҳам ҳеч нарса била олмадик, чунки ҳамма сукут сақлаяпти. Қариган чоғида дунё диктаторларидан бири оиласининг қонли пулларига шерик бўлган  Жерар Депардье ҳам, тариқ қаби сочилиб кетган ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистлари ҳам ва ҳаттоки “Осмон ҳам сукутда”…

Улуғбек Ҳайдаров

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар