У.Ҳақназаров: Гулнора Каримова нима учун Рамзан Қодиров билан учрашди? (1)

Г.Каримова Р.Қодировдан “Путин билан учрашиб унинг (Гулноранинг) кейинги пайтда йўл қўйган хатоларини кечиришини илтимос қилган”.

У.Ҳақназаров: Гулнора Каримова нима учун Рамзан Қодиров билан учрашди? (1)
263 views
19 January 2013 - 18:57

Мақоланинг 2-қисми, 3-қисми

Усмон Ҳақназаров
сиёсатшунос

gk-rk2012 йил декабрь ойи ўрталарида Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Озарбойжон пойтахти Бокуда Чеченистон Республикаси Президенти Рамзан Қодиров билан учрашган. Ушбу учрашувда Г.Каримова Р.Қодировдан “Путин билан учрашиб унинг (Гулноранинг) кейинги пайтда йўл қўйган хатоларини кечиришини илтимос қилган”. Шундай қилиб…

Каримовнинг “махсус вакили” Путиннинг “махсус вакили”га таъзим бажо айлайди

Р. Қодиров билан учрашувда Г.Каримова қасам ичиб “катта шов-шувларга сабаб  бўлган Россиянинг МТС ширкати масаласида ўзбек тарафи (яъни Гулноранинг ўзи) ҳукуматдаги бузғунчи кучларнинг фитналарига дучор бўлганини” айтган. Фитначи дейилганда эса МХХ раиси Рустам Иноятов назарда тутилган…

Гулнора Каримовага кўра “Фитна”нинг маъноси МТС ширкатининг Хитой маҳсулоти бўлган  HUAWEI” и “ZTE” эшитиш жиҳозлари воситасида ўзбек юқори мулозимларини тинглаши ҳақида  МХХ раиси Р. Иноятовнинг узлуксиз ихборларига ишониб,  ўзбек ҳукуматининг бу ширкатга ҳужум қилишидир.

Биз, деган Гулнора Каримова,  МХХнинг бу фитна хабарларига ишондик ва хавфсизлик нуқтаи назаридан аввал МТСни ёпишга, сўнг уни давлат мулкига айлантиришга ва бу ширкат ихтиёридаги Хитой эшитиш жиҳозларини Ўзбекстондан олиб кетишга мажбурлашга ва унинг лицензиясини янги инвесторга беришга қарор қилдик. Гулнора Каримова Р. Қодировдан МТСга тааллуқли бу изоҳни В. Путинга етказишини сўраган. Бу билан Гугуша отасининг меросхўри сифатида нафақат Ўзбекистонда, балки Россияда ҳам ўз обрўсини сақлаб қолмоқчи эканлигини айтган.

Бу сўзлари билан Гулнора Каримова рус ва хориж матбуотида ўзининг ва отасининг молиявий ва бошқа жиноятларини ошкор қилувчи матбуот хабарларининг тарқалишини истамаслигини ҳам Р. Қодировга тушунтирмоқчи бўлган.

Каримов оиласи жиноятларининг ошкор бўлишида Кремлнинг қўли борлигини англаган Гулнора айниқса ўзининг шаҳвоний саргузаштлари туширилган расмлар ва  видео тасмаларнинг рус ва яҳудий матбуотига тушишидан ташвишланмоқда.

Бокудаги учрашувда Гульнора Каримова Р.Қадировга шундай деган: “Биз икки томонлама (ўзбек ва рус) муносабатларни нормаллаштириш, уларни аввалги дўстона шаклга қайтариш учун фойдани энг кўп келтирадиган ўзбек ширкатларини Россия инвесторларига қулай шартларда беришга розимиз” .

Гулноранинг илтимосини В. Путинга етказишдан бош тортган Р.Қодиров эса шундай деган:

“Менимча сиз менга айтаётган маълумотлардан Путиннинг хабари бор. У киши билган нарсаларни мен Россия Президентига хотирлатишимга эса ҳожат йўқ”.

Бу Г. Каримованинг ўз афсус-надоматларини Кремлга етказишга бўлган иккинчи уриниши эди. Биринчи марта 2012 йилнинг ноябрь ойида унинг бундай илтимосини ўзбек олигархи Алишер Усмонов рад қилганди. Ўшанда Гугуша А. Усмоновдан Путинга нафақат МТС масаласидаги узрни, айни пайтда Кремль “Ота”нинг ворислигига ўз номзодлигини қабул қилиши илтимосини етказишни ҳам сўраганди. Фақат Кремлга яқинлиги билан танилган бу ўзбек олигархи Гугушанинг бу илтимосини Путинга етказишни қатъиян рад қилган. Бу учрашувдан ўзига сабоқ чиқарган Гулнора Каримова эса Р. Қодиров билан учрашганда, фақатгина МТС масаласини кун тартибига келтирган ва ўзининг ворислик масаласини айтишга журъат этолмаган.

Қизиқарли тарафи шуки, Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи бундай ташаббуслари билан нафақат Путин олдида тиз чўккан, балки уларда Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятовдан ҳам рус томонига шикоят қилган. Шундай қилиб…

Гулнора Каримова vs Рустам Иноятов

Бу икки шахс орасида яширин кураш Гулноранинг Тошкентлик тадбиркорлар тижоратини (бизнесини) ўзлаштириши билан бошланган. Маълумки, Рустам Иноятов Тошкент клани бошлиғи сифатида пойтахт тадбиркорларини ўз қаноти остига қўриқлаб келарди. Хусусан, ООО Алп Жамол (эгаси – Мухиддин Жамолов), “Капитал Банк” (эгаси – Ботир Раҳимов), Ғафур Раҳимов, Салим Абдувалиев ва бошқа йирик тадбиркорларнинг бизнесининг қўриқчиси МХХ раисининг ўзидир. Шунингдек, Р. Иноятов ресторон “бизнеси” билан шуғулланадиган катта ва кичик тадбиркорларнинг ҳам қўриқчисидир.

2006-2007 йиллардан бошлаб Гулнора Каримова ўзига ёққан ва Тошкент кланига оид  бўлган кафе, ресторан, меҳмонхона каби корхоналарни “ўзлаштириш” билан Р. Иноятовнинг яширин ғазабига дучор бўла бошлаганди. МХХ раиси ҳозиргача Гулноранинг бу ёвуз қилиқларига қарши на Президент Каримовга, на Гугушанинг ўзига очиқ норозилик билдира олмайди. Шу билан бирга, Иноятов “ўзбеклар энг кўп нафратланадиган” бу икки шахсга яширин зарбалар беришни ҳам канда қилмайди..

Ўша йилларда Р.Иноятов асосан ўз қўл остидаги журналистлар орқали Гугушага қарши қора ташвиқотни  ўтказишга уринганди. Фақат бу ишда муваффақият қўлга киритилмагач, бундай ташвиқотни қўшни давлатларнинг махсус хизматлари ва Европа оммавий ахборот воситаларини ишга солиб амалга оширишга киришилди.

Р. Иноятовнинг очкўз Гулнорага қарши кучли зарбаси айнан МТС масаласида амалга ошди. Россиянинг бу ширкатига аллақачон кўз тиккан Гулнора Каримова МХХнинг Хитой махсулоти бўлган эшитиш жиҳозлари ҳақидаги сохта ихборларига ишониб, русларнинг бу ширкатини “ўзлаштирмоқчи” бўлди.

МТС атрофидаги бу жанжал билан бирга айни вақтда Европа оммавий ахборот воситалари Гулнора Каримованинг жиноятларини фош қилишни ҳам бошлаб юборди ва бу бугун ҳам давом эттирилмоқда. Гугуша эса МХХга ишониб «МТС-Узбекистан»га очкўзларча ташланиш билан қопқонга тушганини энди фаҳмлаб етмоқда.

Р. Қодиров ва А. Усмонов билан учрашувларда Гулнора мана шу “ҳақиқатларни” Россия Президенти билишини истаган эди. Фақат юқорида таъкидлангани каби Р. Қодиров ва А. Усмонов Путин “ҳамма гапдан хабарбор” дея, бу ишни ўз зиммаларига олишни истамадилар.

Бу илтимос орқали Гулнора Каримова нафақат узр сўраш ва Россия Президентининг ишончига киришни, балки шу билан бирга манбаси Тошкентдаги «Мустақиллик»  метро бекати ёнидаги бино (МХХ биноси) бўлган ва хорижий оммавий ахборот воситаларида ўзига қарши юритилаётган қора ташвиқотни тўхтатишни ҳам истаганди.  Бугун Гугуша ўзини расво қилган «МТС», «Telia Sonera», «Takillant» ширкатларига алоқали жанжалларнинг орқасида ким турганини англай бошлади. Шунингдек, у МХХ Раиси Р.Иноятовнинг Россия ФСБсида Путинга яқин одами борлигига ҳам фаҳми етган бўлса керак…

Шунга қарамасдан, бу шов-шувли жанжаллар орқасида МХХ раиси Иноятов турганлиги ва “Раис”нинг (ўзбек чекистлари Иноятовга шундай лақаб қўйишган) Россия ФСБсининг одами эканлиги ҳақида Гулноранинг қўлида далиллар йўқ. Шунинг учун Гулнора Каримова ҳозирги кунда ўзбекларнинг бош чекистига қарши сабр қилиб, бирор амалий тадбир қилганича йўқ. У бу масалада қулай пайтни, яъни 2015-2016 йилларни кутаётган бўлиши мумкин. Каримов оиласининг режасига кўра бу йиллар Гулноранинг Ўзбекистон Президенти сифатидаги илк йиллари бўлади ва МХХ раислиги лавозимини Гулнора Каримова “бизнес-империя”сининг қўриқчиси Шухрат Ғуломов эгаллайди…

Фақат Р. Иноятов бошчилигидаги Тошкент клани Каримовлар оиласи режаларига қарши нималарни режалаётганидан Гулнора Каримованинг  хабари йўқ… Шундай қилиб…

(Давоми)