У.Ҳақназаров: Гулнора Каримова нима учун Рамзан Қодиров билан учрашди? (3)

Хўш, Ўзбекистонда ҳокимиятни Каримовдан Гулнора Каримовага “оғриқсиз” ўтказилишига қарши режа тайёрлаётган Р.Иноятов гуруҳида кимлар бор?

У.Ҳақназаров: Гулнора Каримова нима учун Рамзан Қодиров билан учрашди? (3)
242 views
21 January 2013 - 9:00

Мақоланинг 1-қисми, 2-қисми

Усмон Ҳақназаров
сиёсатшунос

Кенг қамровли тозалашларнинг тайёргарлик босқичи

mafiyauzБугунги кунда Р.Иноятов гуруҳи аллақачон бу махфий режани амалга оширишга киришган. Хусусан, бош “чекист”топшириғи билан Ўзбекистон махсус хизматлари Тошкент клани ниятларига халал бериш эҳтимоли бўлган шахсларга қарши кенг қамровли қоралаш кампаниясини бошлаган. МХХ  топшириғи билан баъзи интернет-нашрларда ўзбек парламентининг қуйи палатаси бўлмиш Олий Мажлис раҳбарларини қораловчи материаллар пайдо бўлди. Бу материалларда МХХ раиси биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов гуруҳига кирувчи бир қатор депутатлар ҳамда парламент спикери Д. Тошмуҳамедованинг хусусий бизнеси ҳақида сўз боради. Маълумки, Д. Тошмуҳамедованинг эри МХХ раиси ўринбосари ва Ш.Ғуломовнинг ишончли вакилларидан биридир.

Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, Р.Иноятов мамлакатда таъсирга эга бўлган барча тизимларни “исталмаган элементлар”дан тозалаш ишларини бошлаган. Масалан, ИИВдан чиққан  Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Алишер Шарафуддинов яқинда пора билан ушланди ва ишдан бўшатилди. Энди Ўзбекистон бош прокуратурасини МХХдан чиққан Рашид Қодиров бошқаради, демак уни том маънода “гб” контораси дейиш мумкин.

Бундан ташқари, ўзбек махсус хизматлар ташаббуси билан баъзи мухолиф ва хорижий нашрларда Ўзбекистон Молия Вазири Рустам Азимов ҳақида бир қатор материаллар чоп этилди. Р.Иноятов нафратланадиган Рустам Азимов бу материалларда И.Каримовнинг энг муҳтамал вориси дея тақдим этилади. Ва муаллифлар бу фикрга исбот ўлароқ Ғарб банк ва молия тизимларининг Р.Азимовга Ўзбекистон ҳукуматидаги энг ғарбпараст ва либерал мулозим сифатида хайрихоҳлиги, “оиланинг бош ҳамёни ва бухгалтери”нинг россиялик олигархлар ва Кремль мулозимлари билан ўзаро қариндошлик алоқаларини келтирганлар.

Рустам Азимов кўнглида ўзбек давлатини бошқариш нияти бор-йўқлиги номаълум. Аммо, мабодо бундай ниятлар бор бўлганида ҳам, табиатан қўрқоқ Азимов ҳеч қачон “оила” режаларига қарши боришга куч тополмайди ўзида. Буни Р.Иноятов ҳам яхши билади. Лекин, Азимов Тошкент клани режаларига потенциал таҳлика бўлгани учунгина ҳаддан ташқари эҳтиёткор “раис” уни кураш майдонидан бартараф этишга қарор қилган. Шунинг учун у ўз “чекист”ларига берган топшириғида “оиланинг бош бухгалтери”га қарши компроматларни ёйишга буюрган. Яқинда Р.Азимов ҳақидаги бундай мақолаларнинг бир дастасини шахсан “раис”нинг ўзи  президент Ислом Каримовга олиб кирган, бу билан Р.Иноятов давлат раҳбари ҳокимиятни Г.Каримовага ўтказишда аслида кимдан хавфсираши кераклигига нозик шаъма қилган. Яъни Азимовни йўқотишни МХХ раиси президент Каримов қўли билан амалга оширмоқчи бўлмоқда.

Нега Р. Иноятов Р. Азимовдан хавфсирайди, ахир ҳозирги Молия Вазири ҳам ўша Тошкент клани вакили-ку?!

Бунинг сабаби, биринчидан, Р.Азимов “оила”га ишлайди, Каримовларнинг лойиҳаларида асосий фигура саналади. Шунинг учун МХХ раисининг тахминига кўра, Г.Каримованинг тахтга келиши билан, Р.Азимовнинг янги ҳокимиятдаги мавқеи кучаяди, зеро “бош бухгалтер” “оила”нинг барча ҳисобдан ташқари киримлари ҳақида ҳужжатли, ашёвий далилларга эга бўлган ягона шахсдир. Бундан ташқари, Р.Азимовнинг қўлида Иноятов хунтасининг молиявий кирдикорларини фош этувчи ҳужжатлар ҳам  мавжуд. Шундай экан, Г.Каримова тахтга ўтиргач, “бош бухгалтер” бугунги МХХ раҳбариятининг иқтисодий жиноятларини фош этувчи компроматларнинг асосий манбаига айланиши мумкин, зеро МХХ аллақачон миллий хавфсизлик хизматидан, маълум шахсларнинг тадбиркорлик хавфсизлиги хизматига айланиб бўлган. Р.Иноятов шунинг учун ҳам Р.Азимовга қарши компроматларни кўпайтириш бўйича ишларни кучайтира бошлаган. Шундай қилиб…

Рустам Азимовга қарши Иноятов далиллари

Рустам Азимовга қарши Иноятовдаги далиллар ниҳоятда кўп экани табиий. Ўзбекистон МХХ раиси бир неча маротаба “бош бухгалтер”га қарши далилларни президентга олиб кирган, аммо ҳар гал унинг уринишлари Оқсаройдан ташқарига чиқмаган. Ўтган мақолаларимизда, масалан, Рустам Азимов Миллий Банк бошқарув раиси пайтида, чет эл сармоядорларидан улкан миқдорда пора олаётиб, ушлангани ҳақида айтиб ўтган эдик. МХХнинг ушбу махсус амалиётини Р.Иноятов шахсан бошқарган. Бироқ, бундан Азимов тўхтагани ҳам, қўрққани ҳам йўқ, балки “олинган пора “Ота”га аталган эди” дея кўрсатма берди. Ярим соат ўтиб, президент Каримов талабига кўра Р.Азимов озод қилинди.

Бу воқеадан буён, Р.Иноятов Молия Вазирига қарши компроматларни президентга олиб кирмайдиган, фақат тўплайдиган бўлди. Энди у мухолиф ва хорижий нашрларда Р.Азимовни Ўзбекистон президентлигига энг лойиқ номзод дея мадҳ этувчи мақолаларни Каримовга етказиб туради. Шунда ҳам МХХ раиси Ўзбекистон Молия вазирини бир зум ҳам кўздан қочирмайди, ҳатто Р.Азимовнинг шанба кунлари борадиган пойтахт сауналарига ҳам “прослушка” ўрнатишгача бориб етган.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Иноятовнинг қўлида Каримовлар оиласи ва Р.Азимов ўртасидаги алоқалар ҳамда умумий афёралар ҳақида кенг маълумотлар ҳам бор. Хусусан, ўтган йил бошларида Гулнора Каримованинг “оила”га тегишли Навоий ва Оҳангарондаги цемент заводи акцияларини сотувга қўйиш ҳақидаги Р.Азимовга берган топшириғи ҳақидаги маълумотлар бор. Бундан ташқари, “Шўртангазкимё”, Муборак газни қайта ишлаш заводи ва б. корхоналарнинг “оила”га тегишли ҳиссаларини ҳам чет эл сармоядорларига сотишга қарор қилинган. Г.Каримова яна “оила”га тегишли бир қатор кўчмас мулк ва меҳмонхоналарни чет эллликларга сотиш топшириғини берган Р.Азимовга.

Бундан ташқари, Р.Иноятов қўлида Рустам Азимовнинг шанба “парилка”ларидан бирида оғайниларига “оила”нинг қанча бойлиги борлигини аниқ билишини “гуллаб” қўйгани олинган яширин видеоёзув ҳам бор. “Мана сизлар Ўзбекистонда энг бой одам – бу “ОПА” (Гулнора Каримова назарда тутилмоқда – У.Ҳ.) дейсизлар. Бу сафсатани бошқа жойга гапиринглар, фақат менга эмас. Мен ахир кимда қанча бойлик борлигини биламан-ку. Энг бой одам – бу Ислом ака. У дунёнинг турли банкларида 12 миллиард 646 миллион “кўкидан” сақлаб қўйган. Гулька эса – бор-йўғи 1 миллиард 233 миллион доллар. Ана, ким бизда Папа Карло, таққослаб олаверинглар”, – деган ўшанда Р.Азимов.

Яна Р.Азимовнинг бошқа ўзбек корхоналари акцияларини, хусусан, Тошкентдаги «Grand Mir» меҳмонхонасини (собиқ «Россия» меҳмонхонаси) Россиядаги тожик олигархи Илҳом Шокировга сотишда воситачилик қилгани ҳақида маълумотлар ҳам бор.  Р.Иноятов қўлида заҳирада яна Р.Азимов “Москоммерцбанк”нинг норасмий таъсисчиларидан бири бўлгани ҳақида маълумотлар бор. “Москоммерцбанк”нинг пайдо бўлиши “Казкоммерцбанк” ҳамда Ўзбекистон молия вазирлигидан 600 миллион доллар сармоянинг бирикишидан юзага келган. Бунга далиллардан бири шуки, Ўзбекистон Молия вазирининг жияни Миразиз Мусахонов мазкур Россия банкида асосий бошқарув лавозимларидан бирини эгаллайди.

Бу ва бошқа фактлар эртами-кечми Р.Азимовга қарши ўқ бўлиб отилиши керак. Бу ишдаги “снайпер” ролини “Мустақиллик” метро станцияси яқинидаги “хира бино раиси” бажариши кутилмоқда, айни пайтда “раис”  “исталмаган элементлар”ни бартараф этиш билан бирга ўз гуруҳини кучайтириш билан ҳам банд. Шундай қилиб…

Рустам Иноятов гуруҳи

Хўш, Ўзбекистонда ҳокимиятни Ислом Каримовдан тўнғич қизи Гулнора Каримовага “оғриқсиз” ўтказилишига қарши режа тайёрлаётган Р.Иноятов гуруҳида кимлар бор?

Биринчи навбатда бош вазир Шавкат Мирзиёевни айтиш лозим. Унинг ҳам Р.Иноятов билан, ҳам умуман МХХ билан яқин алоқалари сақланган. Айни гуруҳда Мираброр Усмонов ҳам бор, у Ўзбекистонда савдо соҳасини назорат қилади. Президент маъмурияти раҳбари Зелимхан Хайдаров ҳам шу гуруҳда, унинг вазифаси И.Каримовга кераксиз маълумот ҳамда исталмаган мулозимларнинг киришини олдини олишдан иборат.

Ўз иқтисодий ва молиявий жиноятларининг кўлами бўйича Р.Иноятов гуруҳи ўша Молия Вазири Р.Азимовдан мутлақо фарқи йўқ. Фақат иноятовчиларга қарши нафақат жиноий иш қўзғатилмайди, балки компромат ҳам тўпланмайди.

Масалан, Ўзбекистон бош прокурори Рашид Қодировни олайлик. У мазкур гуруҳ таркибида бўлиб, МХХ заминида уйдирилган жиноий ишларни прокурор органларида ўтказишни таъминлайди. Бош прокурор Р.Қодиров мамлакатнинг прокурор органларини МХХнинг ўзига хос юридик бўлимига айлантириб бўлинган. Бу бўлимнинг асосий функцияси суд жараёнларида махсус хизматлар манфаатини ҳимоя этишдир.

Андижон области партия қўмитаси собиқ секретарининг ўғли, МХХ тергов бошқармаси собиқ раҳбари Рашид Қодиров нафақат МХХ раиси Рустам Иноятов билан, балки “йирик тадбиркор”лар Ғафур Раҳимов ҳамда Салим Абдувалиев билан ҳам яқин алоқададир. Тадбиркорлар билан яқинлашув Самарқанд чой қадоқлаш фабрикасини текширишдан сўнг дом-дараксиз йўқолган Бош прокуратура терговчиси Ҳабибулла Саломов иши мобайнида рўй берган.

Бу ишни тергов этгач, у нафақат Ғ.Раҳимов ва С. Абдувалиев билан яқинлашган, балки уларнинг иқтисодий ва бошқа манфаатларини ҳам ҳимоя қила бошлаган, Тошкентдаги Муртазоев кўчаси (Ғ.Раҳимов яшаган кўча) ва Жарқўрғон кўчасидан (С.Абдувалиев яшайдиган кўча) чиққан “номзодлар”га Ўзбекистондаги раҳбар лавозимларни сотишда воситачилик фаолиятини ҳам бошлаб юборган.

Айнан Р.Қодиров “УзАвтодор”нинг  Хоразм бўлими раҳбари, ҳозир қамоқда бўлган Валерий Полвоновнинг иқтисодий жиноятларини яшириб келган. Агар хоразмлик “бой” эҳтиётсизлик қилиб, андижонлик тадбиркорларга йўл таъмири учун мўлжалланган қурилиш материалларини сотмаганида, Полвоновга қарши жиноий иш очилмаган бўларди. Андижонлик тадбиркорлар кейинроқ “Акромийлар” диний-экстремистик ташкилотини тузиш ва 2005 йилги исённи уюштиришда айбланганлар.

Шуниси ҳам қизиққи, С.Абдувалиевнинг “одами” бўлган В.Полвонов кўп марта тергов ва ҳатто суд пайтида ҳам, ўғирланган пулларнинг 90%ни шахсан Р.Қодиров ҳамда С.Абдувалиевга берганини очиқ айтиб келган. Аммо на МХХ терговчилари, на МХХга тобеъ судлар В.Полвоновнинг бу жиддий кўрсатмаларини “инобатга олмай” келишди ва келишмоқда. Ўз оғалари Р.Қодиров ва С.Абдувалиевлар тарафидан “чув” туширилганини пайқаган Хоразм “бой”и эса энди “Жаслиқ” турмасида ўтириб, маҳаллий прокурорларга шикоят ёзишда. Ўз шикоятларида у қачон, қаерда ва қандай вазиятда Р.Қодиров ва С. Абдувалиевга пора берганини такрорлайди.

Шуни айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Бош прокурори лавозимида Р.Қодиров криминал бизнесни, асосан, “тошкентлик йирик тадбиркорларнинг” наркотик тижорати манфаатларини ҳимоя қилиб келади. Яқин пайтларгача (Ғ.Раҳимов ва С.Абдувалиевга қарши босқинларга қадар) ўзбек бош прокурори Тошкентнинг Муртазоев  ва Жарқўрғон кўчаларидаги хомийлари берган маошларга “кўн кечириб” келарди: ҳар ой унга наркотик моддалар тижоратидан 80-150 минг АҚШ доллари миқдорида “доля” келиб турарди.

Жиноятдан келган пулларнинг аксар қисмини Р.Қодиров Европа банкларига ташийди. Ўзбекистон Бош прокурорининг наркодолларлари унинг Швейцариянинг «COUTTS BANK» (Цюрих) банкидаги ҳисобига ўтказилади.  Р.Қодиров буни одатда «BURLINGTON INVEST LTD» номли сохта ширкат орқали ўтказади (ширкат эгаси – Югай Александр Борисович – Ғафур Раҳимов теварагидаги Тошкентлик тадбиркор).

Ғафур Раҳимов ва Салим Абдувалиев Бош прокурор ҳатти-ҳаракатларидан ўз миннатдорлигини нафақат наркобизнесдан бериладиган ойлик “отстёжка”лар, балки бошқа тарзда ҳам билдириб туришган. собиқ давлат маслаҳатчиси Усмон Худойқулов компроматларидан Р.Қодировни қутқариб қолган ҳам айнан Ғафур Раҳимов бўлади. Ўшанда У.Худойқулов мамлакат президенти кабинетига Бош прокурорнинг жиноий фаолияти ҳақида бир неча бор ариза билан мурожаат этмоқчи бўлганди. Аммо ҳар гал бу ишга Ғафур Раҳимов одамлари аралашиб, президент референти Георгий Крайновга улкан миқдорга поралар бериб, Усмон Чинозовични президент Каримов ҳузурига киритмасликка кўндиришган.

Шундай экан, Р.Иноятов гуруҳида энг виждонли, ватанпарвар, Ўзбекистон ва ўзбек халқининг келажаги ҳақида қайғурган мутхассислар тўпланган деб ўйламаслик керак. Ҳокимиятни Гулнора Каримовага топширишда улар ўз тижорати ва жиноий киримлари учун фақат таҳлика кўрадилар. Шундай қилиб…

Хулоса

Биз бу маълумотларни баён этишимиздан мақсад, ўзбек махсус хизматларининг навбатдаги фитналаридан ўзбекистонликларни огоҳлантиришдир. Мабодо, эртами-кечми ўзбек ОАВ “исломий террорчиларнинг ҳужуми оқибатида президент Каримов, унинг қизи Гулнора Каримова ва бошқа оила аъзолари ҳалок бўлди” каби хабарлар тарқата бошласа, ҳеч қачон бундай хабарларга ишонмангиз!

Чунки, мабодо бундай воқеа содир бўлган тақдирда ҳам, бунинг буюртмачилари ва “оила”нинг  ҳақиқий қотиллари Рустам Иноятов конторасидаги “террорчилар” бўлади. Худди ўзбек-қирғиз чегарасидаги бугунги низонинг асл бошловчилари Сўхнинг тинч аҳолиси эмас, балки МХХ раиси биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов қўл остидаги “жангарилар” бўлгани каби. Ш.Ғуломов, аввал маълум қилганимиздай, президент Каримовдан ўзбек-қирғиз чегараси бўйлаб бетон девор қурилиши учун бюджетдан катта миқдорда маблағ ундириш ниятида. Каримовга эса бундай низолар фақат қўшни давлатлар билан ўзаро муносабатни доимий тарангликда сақлаш ҳамда минтақада маҳаллий жандарм ролини бажариш учун зарур холос.