“Зулмга қарши 7 кун”: 4-чи ҳафта варақаси

“Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасида фаол иштирок қилиб, ўтган ҳафтада эълон қилган варақачамизни мамлакатимизда тарқатган юртдошларимизга миннатдорлигимизни изҳор этамиз.

“Зулмга қарши 7 кун”: 4-чи ҳафта варақаси
71 views
28 January 2013 - 17:27

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг 
МУРОЖАТИ

Ҳурматли ватандошлар!

“Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасида фаол иштирок қилиб, ўтган ҳафтада эълон қилган варақачамизни мамлакатимизда тарқатган юртдошларимизга миннатдорлигимизни изҳор этамиз. 7 кун мобайнида ЎХҲ логотипи ва “Ўзбекистонда газ заҳиралари ва электр станциялари кўп бўлатуриб, нега қишлоқларда газ ва свет йўқ? Мақсад нима? Ўзбекни эзиб, қирғин қилишми?” деган сўзлар акс этган варақаларимиз мамлакатимиз кўчаларида тарқатилгани ҳақида хабар келмаган бўлса-да, тарафдорларимиз ва бошқа юртдошларимиз ушбу варақамизни ҳам юртимизда фаол тарқатганига аминмиз.

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, ўтган ҳафтада ЎХҲ сайтига уюштирилган хакер ҳужуми ортида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати бўлиб, уларни жунбушга келтирган ва жазавага туширган сабаблардан бири сайтимизда “Зулмга қарши 7 кун” лойиҳаси доирасида эълон қилинаётган ҳафталик варақалар экан. Аниқроғи, “Зулмга қарши 7 кун“ лойиҳасида ватандошларимизнинг фаол иштирок қилиб, варақаларимизни мамлакатимиз кўчаларида кенг тарқатаётгани Каримов махсус хизматларини бу тарзда қимирлашга ва ЎХҲ сайтига ҳужум уюштиришга мажбур қилган. Ўзбекистондаги минглаб бекат ва симёғочларни назоратга олиш имкони йўқлигидан Ўзбекистон Хавфсизлик Кенгашидаги идеологлар ва МХХ раҳбарияти охирги ҳамда осон чора сифатида ЎХҲ сайтини ишдан чиқаришга қарор қилганлар.

Бундан кўриниб турибдики, Каримов диктатурасини ағдариш йўлидаги ҳар қандай амалий ҳаракат, озодлик ва адолатга эришиш йўлидаги кичик бир амалий қадам мустабид тузум малайларини шошириб қўймоқда. Бундай вазиятда зулмга қарши амалий ишларимизни янада жадалроқ суръатларда ва кенгроқ миқёсларда олиб боришимиз кераклиги ҳам аён бўляпти. Золимлар бизга қарши бир қадам ташлашса, биз уларга қарши уч қадам ташлайлик!

“Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасининг тўртинчи ҳафтасида фаолларимиз, тарафдорларимиз, эркинлик ва адолат руҳидаги бошқа юртдошларимизга навбатдаги варақачамизни тақдим этамиз. Тўртинчи ҳафта варақасида ЎХҲ логотипи остида “ЎЗБЕКИСТОНДА БЕГУНОҲ МУСУЛМОНЛАРНИ ҚАМОҚДА ЧИРИТАЁТГАН РАҲБАР КИМ? ЎЗБЕК ТАДБИРКОРЛАРИНИ ТАЛАЁТГАН СУЮҚОЁҚ АЁЛ КИМ?” деган саволни беришни маъқул топдик.

Бу сафарги варақачамизда айнан шу муаммони кўтариб чиқишимизга сабаб Каримов режими томонидан турли баҳона ва туҳматлар билан минглаб бегуноҳ мусулмонларнинг муттасил камалаётгани ҳамда кўзга кўринган ўзбек тадбиркорларининг Гулнора Каримова томонидан талон-тарож қилинаётганидир. Ушбу икки савол ватандошларимизни сиёсий фирклашга ундаб, савол шаклида кўтарилган муаммоларнинг асл сабаби Каримов диктатураси эканлигини англаша етаклайди, деган умиддамиз. Агар юртдошларимиз ушбу варақачани кенг тарқатишса, кўплаб ватандошларимизнинг қалбига етиб бориб, улардаги сиёсий фаолликнинг ошишига сабабчи бўладилар.

Келинг, шу вазиятда, биз, оддий ўзбекистонликлар, халқимизни қийнаётган ана шу муаммоларни кўтариб, “ЎЗБЕКИСТОНДА БЕГУНОҲ МУСУЛМОНЛАРНИ ҚАМОҚДА ЧИРИТАЁТГАН РАҲБАР КИМ? ЎЗБЕК ТАДБИРКОРЛАРИНИ ТАЛАЁТГАН СУЮҚОЁҚ АЁЛ КИМ?” деган саволларни юртдошларимизга етказайлик! Ҳар биримиз шу варақачадан ҳеч бўлмаса 7 тасини одам кўп тўпланадиган жойларга ёпиштириб чиқсак, биз ўз озодлигимиз учун жонбозлик кўрсатган бўламиз.

Тўртинчи ҳафта варақасининг электрон шаклини қуйидаги линклардан юклаб олишингиз мумкин:

uzxalqharakati.com/…/28-01-2013-1.pdf (PDF форматида)

uzxalqharakati.com/…/28-01-2013.jpg (JPG Форматида)

Азиз юртдошлар!

Қуйида ҳавфсизлигингизга оид бир қатор маслаҳатларимизни яна эслатмоқчимиз. Варақачамизни принтердан чиқараётганда ҳамда бекатлар, деворлар ва симёғочларга ёпиштираётганда ўта хушёр бўлишни, иложи бўлса, атрофда ҳеч ким йўқ пайтларда ёпиштиришни тавсия этамиз.

Бир марта варақа ёпиштирган жойингизга иккинчи марта варақа ёпиштирмаганингиз маъқул. Варақаларни бегона одамларнинг принтерларидан, айниқса, компьютер клублари ва интернет-кафелардаги принтерлардан чиқармасликни тавсия этамиз.

Бундан ташқари, варақачамизнинг электрон версиясини компьютерларингизда узоқ сақламасликни, варақачаларни ёпиштириб бўлгандан кейин компьютерларингиздан иложи борича тез ўчириб ташлашни тавсия қиламиз. Қирқиб олинган варақачаларни ёнингизда узоқ муддат сақлаб юрмасликни, айниқса, Тошкент метрополитенига олиб тушмасликни, уларни иложи борича тезда ёпиштириб чиқишни маслаҳат берамиз.

Аслида, юқорида кўтариб чиқилган саволларда ҳам, ЎХҲ логотипида ҳам Ўзбекистондаги қонунларга зид ҳеч нарса йўқ! Аммо шундай бўлса ҳам, эҳтиёткор бўлиш зарар қилмайди. Чунки Каримов режими ҳатто “Қорнимиз оч” деган ёзувдан ҳам қўрқишини, шундай оддий ҳақиқатни ёзганларни ҳам қамашга шай турганини эсдан чиқармаслигимиз керак.

Зеро, бугунги кунда Ўзбекистон озодлиги учун курашда эҳтиётсизлик туфайли қамалиб, курашдан ташқарида ётгандан кўра, эҳтиёткор бўлиб, озодликда ва аҳоли орасида юриб, кураш майдонида ҳаракат қилиш фойдалидир. Ўзимиз учун ҳам, халқимиз учун ҳам!

Келажак ҳафта мобайнида юртдошларимиз “Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасида фаол иштирок этиб, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати логотипи туширилган ва “ЎЗБЕКИСТОНДА БЕГУНОҲ МУСУЛМОНЛАРНИ ҚАМОҚДА ЧИРИТАЁТГАН РАҲБАР КИМ? ЎЗБЕК ТАДБИРКОРЛАРИНИ ТАЛАЁТГАН СУЮҚОЁҚ АЁЛ КИМ?” деган саволлар битилган навбатдаги варақачамизни мамлакат кўчаларида ёпиштириб, ватандошларимизни курашга чорлашда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига кўмакдош бўладилар, деган умиддамиз.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг ташвиқот бўлими
2013 йил 28 январ