Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Табиийлик ва сунъийлик хусусида (audio)

Табиийлик ва сунъийлик хусусида (audio)
03 Şubat 2013 - 10:05 'да юкланди ва 1398 марта ўқилди.

[soundcloud id=’77648062′ color=’#B8240D’]

CIMG0886

“Ирқчилик табиий, демократия эса сунъийдир” деб ёзилган улкан шиорни кўриб қолдим Норвегия пойтахти Ослонинг машҳур музейларидан бири бўлган Вигеланд музейи деворида. Бу шиор Осло марказидаги бу музей деворида атрофдаги аҳолининг нақадар “табиийлик” шайдоси эканлигига далил сифатида бир ҳафтача осилиб турди ва кейин ғойиб бўлди.

Аҳолини “табиий” бўлишга, самимиятга, ичидагини яширмасликка чақирувчи бу шиордаги сокин ифода услуби ҳайратланарли эди. Бу шиор орқали бақириб-чақиришга ҳеч эҳтиёж йўқ эди, гўё жамоат шу ерда, яқингинада, ушбу шиор атрофида жамулжам эди. Ҳатто, айтиш мумкин-ки, бу сўзлар шивирлаб айтилаётгандай эди гўё – бегона қулоқлардан бири бу сўзларни эшитиб қолишидан қўрқилгани учун эмас, балки, ўқувчи ва шиор ўртасида ҳеч қандай масофанинг йўқлигини намойиш этиш учун, бу сўзларнинг интимлигини, ичкинлигини, бир миллатнинг мутлақо “шахсий” бўлган ҳаётига доирлигини бошқаларга писанда қилиш мақсадида ҳам шивирлаб айтилаётгандай эди гўё.

Албатта, табиийлик буюк бир неъматдир. Масалан, “сунъий” бўлган демократия чегараларини тан олмайдиган ва бир қопоғон кўппак сингари “табиий” бўлиш орзусида ёнган норвегиялик ирқчи террорист Брейвик юзга яқин бегуноҳ ўспиринларни қатл этаётган пайтида вужудида ана шундай ваҳший “табиийлик” сурурини ҳис қилган бўлиши керак.

Ёки ўспиринлар учун ўйлаб топилган “Рус-брус” номли автобусга чиқиб олган ўнлаб норвег ўспиринларнинг то тонгга қадар гумбирлаган музика саслари остида шаҳар аҳолисининг оромини бузиб, ўрмон жонзотларидай қийқирганча кўчаларни кезиб юришлари ва ёки кўчада қизил комбинезонларни кийган ҳолда шаҳарнинг энг гавжум жойларида маймунлар галаси каби қатор бўлиб эмаклаб юришларидаги “табиийлик” ўша тоифадаги “табиийлик”лардан бўлса, ажабмас…

racism-naturalҚизиғи шундаки, ирқчилар ўзларининг демократияга нафрати борасида “демократия куфр низоми” деётган баъзи мусулмон жамоалар билан маслакдошдирлар. Фақат демократияга нисбатан кўрсатилаётган бундай бир хил муносабат бир-бирига том қарама-қарши бўлган икки хил мантиққа қурилгандир. Хусусан, ирқчилар демократияни ўз “табиийлик”ларини, яъний, ҳайвоний инстинктлар – сурув, пода психологиясини, ирқчиликларини намоён қилишга ҳалақит бергани учун қораласалар, юқорида номи зикр этилган мусулмон жамоалар, аксинча, демократияни айнан ҳаддан ташқари “табиий”лиги, табиий, ҳайвоний инстинктларни намоён қилишга изн бериб қўйгани учун қоралайдилар. Бу икки хил қараш худди сархумдаги сув миқдорини ифода этишда қўлланиладиган “ярми бўш сархум” ва “ярми тўла сархум” қабилидаги бир хил ҳолатни ифодалаётган, аммо бир-бирига том қарама-қарши бўлган икки хил нуқтаи-назар ва  мақсаддан келиб чиқиб айтилаётган калималарни эслатади.

Юқоридаги кўринишлар демократиянинг собит бир қурилма эмаслигига, бу сиёсий тушунчанинг талқини ва унинг ҳаётга тадбиғи ҳам унинг моҳияти сингари ранг-баранг бўлишига далилдир. Масалан, ташкил этилганидан бери лойиқчилик идеологияси билан бошқариб келинган Туркияда яқин-яқингача аҳолининг маънавий-маиший ҳаётини назорат этувчи “маънавият полицай”лари мавжуд эди. Мамлакат қонунлари эса, зино устида қўлга тушган одамларни қамоқ жазосига ҳукм этар ва айни пайтда давлат демократик сиёсий тузум билан бошқарилаётгани бутун дунё тарафидан тан олинар эди. Қизиғи шундаки, исломий ақидаларга яқин бундай қонунлар ҳокимият тепасига “исломчи” деб аталган партия вакиллари келганидан сўнг бекор қилинди.

Хуллас, демократияни “чегара” деб билаётганлар ҳам ва аксинча, уни “чегарасизлик” деб ҳисоблаётганларнинг мулоҳазалари ҳам нисбийдир. Ҳар бир жамият демократияни ўз табиати даражасида “табиий”лаштириш имконига эгадир. Демократия сўзининг маъноси халқ ҳокимияти, кўпчилик ҳокимияти бўладиган бўлса, нега энди аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган бир жамиятда ва ёки аҳолининг кўпчилик қисми насроний бўлган бир мамлакатда бу маъно ўз мазмунини йўқотиши керак? Мусулмонларнинг демократия ҳақидаги тасаввури фақат аҳолисининг асосий қисми насронийлардан иборат бўлган мамлакатлар кўрсатаётган ўрнак орқали шакллангани туфайлигина баъзи мусулмон жамоалари ичида демократияга нисбатан кескин салбий муносабат кўрсатилмоқда. Холбуки, Туркия жумҳурияти мисолида биз бир насроний мамлакатдаги демократия билан аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлган бошқа бир мамлакатдаги демократиянинг кескин фарқ этиши мумкинлигини кўрмоқдамиз. Туркиядаги демократия насроний мамлакатлар демократиясида кузатилаётгани сингари жомелар минораларига ва азон сасларига қарши кураш олиб бормайди. Чунки, жоме ва масжидлар ва уларнинг муҳташам миноралари, азон овозлари бу жамиятдаги маънавий муҳитнинг “табиий”лигини таъминловчи қадриятлардандир.

Содда қилиб айтганда, Овруподаги азон саси у ердаги аҳолининг “оромини бузгани” туфайли демократияга хилоф бўлса, мусулмон мамлакатдаги азон саси, аксинча, аҳолига ором бергани учун, халқнинг истак ва талабларига мос бўлгани учун демократияга уйғундир.

Мақсуд Бекжон
02.02.2013

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort