Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳаётдан эмас, нафсингиздан хафа бўлинг

Ҳаётдан эмас, нафсингиздан хафа бўлинг
24 Mart 2013 - 10:22 'да юкланди ва 440 марта ўқилди.

(Юсуф Расулга жавоб ўрнида)

Совет империяси тарқалиб кетгандан кейин ўртага чиққан олигархлардан бири ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар тарқалди. У ўлимидан олдин “мен ҳаётни маъносиз”, деб биламан деган экан…

“Дунё ўзбеклари” сайтида журналист Юсуф Расулнинг мендан узр сўраб ёзган мактубини ўқир эканман, баъзи инсонлар нега бошқа инсонларга ёмонлик қилишни ўзларига касб қилиб оладилар, деган хаёлда эдим. Ўз жонига қасд қилган олигархнинг ёлғон фалсафаси бу саволнинг жавобига ўхшарди: Ҳаётнинг маъноси йўқ…

Ҳаёт маъносиз, демак ёмонликдан иборат, шунинг учун ҳам тап тортмасдан истаган кишига ёмонлик қилишим мумкин, дея ўйлашлари мумкин баъзилар…

Нақадар мудҳиш хато! Ҳолбуки инсон хато ва камчиликни ҳаётдан эмас, ўзидан, ёмонликка мойил нафсидан (нафси амморасидан) излаши керак. Чунки ҳаётни йўқдан бор қилган Аллоҳ уни яхшиликлар билан безагандир: қуёш ва ой, кеча ва кундуз, ҳалол таомлар ва амаллар, севги ва адолат…Ҳаёт мана шундай ва бунданда кўпроқ яхшиликлар маконидир яхшилик истаган ва яхшилик тарафида бўлган инсонлар учун. Аммо шайтонга эргашганлар учун, ўзлари ёмонлик рамзига айланганлар учун бутун дунё ёмонликлардан иборат бўлиб кўриниши ҳам мумкин…

“Сизга келадиган яхшилик Аллоҳдан, бошингизга келадиган ёмонлик эса нафсингиздандир”, дея марҳамат қилинади Қуръони Каримнинг “Нисо” сурасида…

Мен диктатор Каримов ва унинг режимининг ашаддий танқидчиси сифатида бу золим раҳбарнинг фалсафасини энди тушунгандай бўлаяпман: У ҳам ҳаётни ёмонликлардан иборат, деб билгани учун чорак асрдир ўттиз миллионлик халқга зулм қилмоқда, уни зор қақшатмоқда. Шунинг учун ҳам ўз жонига қасд қилган олигарх билан Ўзбекистоннинг ноқонуний Президентининг инфаркт бўлгани ҳақида хабарлар айни пайтда дунёга тарқалдимикин? Ахир, дунёда тасодифлар бўлмайди, ҳаёт ҳақида айни фикрда бўлганларни, ҳаётни айни тарзда ёмонлик ва зулм қилиш билан ўтказаётганларни, ҳаётни фақатгина ёмонликдан иборат, деб билганларни бу кўҳна ҳаёт бир вақтнинг ўзида жазолантирган бўлса, не ажаб?

Ҳаётга туҳмат қилганлардан ҳаёт мана шундай қасос олади…Чунки ҳаётнинг ҳақиқати яхшиликнинг ёмонликдан, адолатнинг зулмдан, севгининг нафратдан устун бўлиши учун яратилганлигидир. Ҳаётнинг мана шу олий хусусиятини тушунмай, уни ёмонлик майдони, деб биладиган инсонлар эса юзи қора инсонлардир.

Юсуф Расулнинг мактуби мени шундай изтиробли фикрларга бошлади. Аллоҳнинг бир гуноҳкор бандаси сифатида бу мактубдан севиндим. Мана бизнинг ҳақ эканлигимиз тан олинди, мана биз ғолиб келдик, деб эмас, яна бир гуноҳкор банданинг ҳаёт ҳақидаги тушунчалари ўзгаргани учун, яна бир инсон хато ҳаётда эмас, гуноҳ мендан ўтди, дея покланиш томон қадам отгани учун…

Бугун эрталаб Муҳаммад Солиҳ ака билан телефонда Юсуф Расулнинг мактуби, замонни ёмонликдан иборат, деб билиб, ўзбек деган миллатнинг эркинлиги учун курашаётган ҳаракатимизга ҳужум  қилаётган тубан кимсалар, баъзи бефаросат эски сафдошларимизнинг ўз нафсоний истакларига эриша олмай қолгани аламидан шу замонсозларни қўллаб қувватлаётгани ҳақида гаплашдик…

Албатта, гап келиб Усмон Ҳақназаровнинг “имзолилар” рўйхатига тақалди. Муҳаммад Солиҳ ака у ерга баъзи исмларнинг қўшилганига ҳамфикр эмаслигини, аммо бу рўйхатни тузганлар бу ҳақда далилларга эгамиз ва масъулият бизга оид, дегани учун ҳам бу рўйхат бизга қандай келган бўлса, шу ҳолда чоп этилганини айтди. Мен душманимга ҳам туҳмат қилишдан қўрқаман, буни ўзингиз яхши биласиз, деб илова қилди у киши. Юсуф Расулнинг мактубидаги Муҳаммад Солиҳ ака менга телефон қилиб, мендан ўтган бўлса сиздан узр сўрайман, Жаҳонгир Муҳаммадга ҳам адолатсизлик қилманг, деган гаплар Муҳаммад Солиҳнинг ушбу самимий сўзларини тасдиқлаш моҳиятида эди.

Хуллас, яхшилик, гўзаллик ва адолат учун кураш майдони бўлган ҳаёт давом этмоқда. Ҳар янги кун янги хушхабарлар келтирмоқда. Шахсан мен бу кунларда ҳаётимнинг энг буюк хушхабарини, яъни жонажон ватанимизда, Ўзбекистонимизда ҳаётни ёмонлик ва зулмдан иборат, деб биладиган машъум диктатуранинг тугагани ҳақидаги хабарни кутиб яшамоқдаман. Бу куннинг яқинлигини қалбимнинг энг чуқур нуқталарида ҳис қилиб турибман. Ўша кун золимнинг сандиғи очилишига, шунда кимнинг имзоли ва кимнинг имзосиз эканлиги ниҳоий шаклда маълум бўлишига, хуллас адолатнинг тантаъна қилишига ишончим комилдир.

Юсуф Расулга айтадиган охирги гапим у Ислом дини ҳақидаги фикрларини мутлақо ўзгартириши керак, деб ҳисоблайман. Назаримда у жуда кўпчилик йўл қўядиган хато нуқтада турибди: бу ҳам бўлса ўзини мусулмонмиз, дейдиганларнинг яхши ёмон амалларига қараб Ислом динига баҳо беришидир. Ҳолбуки бу масаладаги ҳақиқат ва адолат Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони Каримга ва Муҳаммад (сав)нинг Суннатларига қараб ўзини мусулмонмиз, дейдиганларга баҳо беришдадир.

Қолаверса, ҳақиқий тавба ва истиғфор Аллоҳ таологагина қилинади. Аллоҳ таоло гуноҳларини кечирган бандадан ҳам бахтиёр кимса борми икки дунёда…

Намоз Нормўмин
25 март 2013 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар