Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Набижон Боқий: “Мағзавакаш” (яна Ғаффор Хотамов ҳақида)

Набижон Боқий: “Мағзавакаш” (яна Ғаффор Хотамов ҳақида)
24 Mart 2013 - 16:47 'да юкланди ва 797 марта ўқилди.

Ғаффор Ҳотамов Интернетда хотираларини (“Тақдир ажойиботлари”) эълон қилгани тўғрисида Тошкентда мишмиш тарқалганига анча бўлди.

“Сиз нима дейсиз?” деб Би-Би-Си ходими Паҳлавон Содиқ савол берганда: “Мен ўқиганим йўқ. Ғ. Ҳотамов ёзган мағзаваларни ҳатто “Ёшлик” журналида бирга ишлаб юрган кезларимиз /1985-1989 йиллар/ ўқимасдим. Менга қизиғи йўқ”, деганман. Кейин акахонимиз Хуршид Даврон ҳам Ғ. Ҳ. мағзавасини ўқиб кўришни маслаҳат берди: “Билиб қўйиш керак”, деди. Яна ўз гапимдан қайтмадим. Бекзод, Аслиддин деган бўлажак файласуф укаларим: “Э-э, Набижон ака, Ғ. Ҳ. хотираномасида Сиз тўғрингизда ҳам айтиб кетган, илгари Абдулла Қаҳҳорни ҳимоя қиларди, кейин Абдулла Қодирий тўғрисида “Қатлнома” деган китоб ёзди, деган. Ўқидингизми?” дейишди. Йўқ, дедим, ўқимадим.

Боз устига, мен Интернетни титкилаб ўтиришни ҳамон ўрганмадим. Озар кизкардашим Гулорага албатта билги саярдан фойдаланишни ўрганаман деб жиддий  ваъда берганимни эсласам, ҳамон хижолат бўламан. Тез орада билги саярдан фойдаланишни албатта ўрганаман. Яхши ният қилиб электр-почта ҳам очиб қўйдим.

Бир кун қарасам, Ғаффор Ҳотам хотирасидан айнан менга тегишли парчани кимдир /албатта, таниш-билишларим/ “почта қутиси”га ташлаб қўйибди. Ниҳоят, Ғ. Ҳ. “эжоди”ни ўқишга мажбур бўлдим.

Ғаффор Ҳотам узоқ йиллар давомида Ўзбекистон Президенти девонида хизмат қилган. Ўша жойда ишлаб юрган пайтларида Шодиқул Ҳамро деган шогирди билан биргаликда ҳар хил буюртма ҳужжатли фильмларнинг сценарийсини ёзиб, суратга олиш жараёнида ҳам фаол қатнашади.

Вақтли матбуотда Ғарбдаги атеистик гуруҳлар ўйлаб топган ҳар хил “диний оқимлар” тўғрисида мақолалар ёзиб ўзининг асл башарасини кўрсатган. Ҳатто қамоқда ётган бегуноҳ йигит номидан бўҳтон мақола ёзиб “Туркистон” газетасида эълон қилган. Ғаффор Ҳотам Девонда ишлаб юрган чоғларида ўзига берилган ва берилмаган ваколатдан фойдаланиб қандай қилмишларга қўл урган бўлса, келажакда ҳамма ишлари учун албатта жавоб беражак. Миллатга қарши қилинган жиноят ҳеч қачон унутилмайди.

Энди Ғаффор Ҳотам “ижоди”дан иқтибос келтираман:

“Ҳатто бир куни Набижон Боқий  деган болапақир ўша қиссада қўли қон экани очилиб қолган “земляг”ини ҳимоя қилиб, қийшайиб олдимга кирган, сен Қодирийни осмонга кўтариб, Қаҳҳорни ерга ураяпсан! Мен сенга Қодирийнинг ҳам қўли қон эканини исботлаб бераман, деб ўдағайлаган.

Мен иш столи устида уюлиб ётган ашёвий далилларга ишора қилдим.

– Мен учун уям, буям бир, – дедим унга. – Лекин ҳақ гап айтилиши керак! Одамлар кимнинг қўли қон эканини билсин!

Ўшанда у бир йилдан ошиқ махфий хизмат архивида босим билан ўтирган,

кўрмаган ҳужжати қолмаган, албатта, лекин қайтиб Қодирий, Фитрат ва Чўлпон ҳақида бепаллаки гап айтишга журъат қила олмаган! ”

Абдулла Қаҳҳорнинг 80 йиллик санаси 1987 йилда Ўзбекистонда тантанали равишда нишонланган. Адиб 1968 йилда вафот этган; дафн маросимида устоз васиятларини эл-юртга ошкор этиб қўйган Шуҳрат домла то Шароф Рашидов ўлгунча рўшнолик кўрмаганини адабий жамоатчилик жуда яхши билади. Ўз-ўзидан равшанки, 1968 йилдан кейин Қаҳҳорнинг туғилган кунлари фақат “оилавий даврада”, аниқроғи, Лопатин кўчасидаги ҳовлисида нишонланарди. Ниҳоят, 1987 йилда жамоатчилик ёзувчи юбилейини ошкора нишонлайди. “Ёшлик” журналида Қаҳҳор юбилейи муносабати билан материаллар уюштирилади: Тоғай Мурод, Нурали Қобул, Мурод Муҳаммад Дўст каби ёзувчилар Абдулла Қаҳҳор тўғрисида кичик-кичик мақола ёзиб беради. Буюртма мақолалар журналнинг санъат ва Танқид бўлими /мудири Нуруллоҳ Отахонов/ орқали босмага тайёрланади. Ўша пайтларда журнал Проза бўлимининг мудири бўлган Ғ. Ҳотам гўё четга сурилиб қолади; албатта, бундан ўкинади ва бош муҳаррир Омон Матжонга арз-дод қилади, кабинетига кириб бир неча марта “йиғлаб” чиқади, сўнг уюшма раиси Одил Ёқубов ҳузурига бориб ҳам “йиғлаб” келади. Аслида, “Совет Ўзбекистони” газетасида қаламқош Эътибор Охунованинг коммунист-дастёри бўлиб юрган Ғаффор Ҳотам “Ёшлик” журнали Проза бўлими мудири вазифасига Одил Ёқубовнинг тавсияси асосида тайинланади. Ғафор Ҳотам ўша пайтлардаги ёзувчи-шоирлар орасида коммунистик партия сафига ўлиб-тирилиб аъзо бўлиб олган иккита қаламкашдан биттаси эди /иккинчиси ҳозир “Адабиёт” ҳафтаномасини бошқаряпти.

Хуллас, Қаҳҳорнинг юбилейи ҳам ўтади. Ғаффор Ҳотам юрагида муштдек тош қолади. Ўша тошни кундалик дафтарига қайд этиб қўяди, сўнг унга “земляк-юртдош” деб ном беради. Агар Ғаффор Ҳотам мезони бўйича ҳукм чиқарилса, чоки чокига тўғри келмайдиган ҳақиқат рўй беради: камина кейинчалик “юртдошларим” бўлмиш Иброҳимбек лақай ва Анвар пошонинг Шарқий Бухородаги /ҳозирги Тожикистонда/ фаолиятини ўрганиш учун Душанбе шаҳрида, лақайларнинг қишлоқларида уч йил /1990-1991-1992/ яшаганман. Мен Фарғонада туғилган бўлсам, Иброҳимбек Шарқий Бухоронинг Кўктош қишлоғида туғилган, Анвар пошо эса Истанбулда туғилган…

“Ёшлик” журнали Тошкентнинг Қатортол кўчасида жойлашган эди. Редакцияга Хондамир Қодирий тез-тез келиб турарди. Мен унга “Огонёк” журналининг қатағонга учраган рус ёзувчилари тўғрисида ҳаққоний мақолалар эълон қилинган сонларини бериб: “Адангизга айтинг, у киши Абдулла Қодирий ҳақидаги аччиқ ҳақиқатларни ёзиб қўйсинлар, бугун бўлмаса, келажакда ҳамма ҳақиқат барибир айтилади”, дердим. Хондамир Қодирий ҳозир мен ёзган гапларни тасдиқлаши ёки рад этиши мумкин. Ғаффор Ҳотам кундалигига ёзиб қўйган қайдномага илова тарзида менинг “тилим”дан: “Қодирийнинг қўли қон эканини исботлаб бераман”, деган гапни ёзган бўлса, унинг мантиққа зид эканини билмаслик учун одамнинг эсипаст бўлиши керак.

Ғ. Ҳотам “Ёшлик” журналига ишга келмасидан олдин /1985 й./ адабий жамоатчилик орасида доимо йиғламсираб юрадиган тақлидчи қаламкаш сифатида ном чиқаради. Гоҳ Тоғай Муродга, гоҳ шоир қўшнисига ошкора тақлид қиларди. Ўз ишини битириш учун Одил Ёқубовдек ҳар дақиқаси ҳисобда бўлган катта адибимизни ҳуда-беҳуда безовта қилаверарди. Кўнгилчан О. Ёқубов бир оқшом нашриёт Проза бўлими ходимининг /Н. Қ./ хонадонига сим қоқиб: “Нега Ғаффор Ҳотамовди китобини чиқармаяпсиз? Нега ёш талант йўлига ғов бўляпсиз?” деб қўполроқ ҳазил қилади. Сабаби тушунтирилгач, соддадил Одил оқсоқол: “Ўзи ғализ ёзадиган бўлса, анасини…. шу Ғаппардиям, тузатиб ёзсин-да! Айтинг ўзига! Лола Тожиевага (бўлим мудираси) ўзим тушунтириб қўяман”, деб трубкани жойига қўяди. Одил Ёқубов доим ҳақиқатнинг ёнини оларди: агар “йиғлоқи” шогирди ноҳақ бўлса, зинҳор-базинҳор унинг ёнини олмасди. Аксинча, кўпчиликнинг олдида ҳам “ҳе-е анангди….сениям!” деб болохонадор этиб сўкиб қоларди. Ғаффор Ҳотам устоз Одил Ёқубов неча марта онасини бўғоз қилиб қўйганини ҳам “кундалиги”га қайд этиб қўйган бўлса, ҳойнаҳой, маҳрам гапларни меросхўрлари вақти-соати келган пайтда кенг жамоатчиликка маълум қилса керак.

Дарвоқе, Ҳабибулла Қодирий умрининг охиригача /1988 йил 31декабр/ тўлдирган, қайта ишлаган “Қодирийнинг сўнгги кунлари” хотира қиссаси “Ёшлик” журналининг 1989 йил №4 сонидан берила бошлаган. Бу ҳужжатли қисса Публицистика бўлимидан эмас, Ғ. Ҳотам мудир бўлган Проза бўлимидан босмахонага туширилади. Чунки у пайтларда учта бўлим мудири, хусусан, Санъат ва Танқид бўлими мудири Нуруллоҳ Отахонов, Шеърият бўлими мудири Равшан Файз /худо раҳмат қилсин/, Публицистика бўлим мудири Н. Боқий бош муҳаррир Омон Матжон номига: “Биз иккиюзламачи, мунофиқ, тутуруқсиз раҳбарнинг қўл остида ишлашни ўзимиз учун ор деб биламиз”, деб ариза ёзиб топширган эдик. Ҳақоратомуз ариза ёзишимизга сабаб – Ғаффор Ҳотамнинг фисқ-фасодлари, чақимчилиги туфайли Омон Матжон билан бизнинг муносабатимиз бузилади; Омон ака Ғаффорқулнинг ноғорасига ўйнай бошлайди. Натижада учта бўлим мудири бирваракай ишдан бўшашга қарор қилдик. Жанжал бир неча ой давом этади. Комсомол  Марказқўмида бўлиб ўтган “давра сухбати” чоғида Нуруллоҳ Отахонов билан Равшан Файзга икки-уч хонали квартира бериладиган вақт яқин қолганини эслатишиб, “аризани қайтиб олинглар, Омон Матжон ҳам энди яхши раҳбар бўлади”, деб бизни ишонтиришади /ЎзЛКСМ раҳбари Азиз Носиров, мафкуравий ишлар бўйича котиби Абдурашид Қодиров эди/. “Қўғирчоқ-одам ўзгармайди, Омон Матжон фитначи-хушомадгўй Ғаффорқул қўлида қўғирчоқ бўлиб қолган”, деб узр айтганмиз. Учта бўлим мудирининг бирдан ишдан кетиши фавқулодда ҳодиса бўлиб, Москвада ҳам акс садо бериши мумкин экан. Шу боис аризани алоҳида-алоҳида ёзиб беришимизни шахсан А. Қодиров қайта-қайта илтимос қила бошлади: “Бўпти, оғайнилар, сизлар принцип учун шу аризага Омон акага қўл қўйдириб, айбини бўйнига қўйиб ишдан бўшаб кетишни истаяпсизми, бўпти, мен Омон Матжонга имзо чектириб бераман, фақат битта-битта ёзасизлар…” Музокара узоқ давом этади: Омон Матжон билан салом-аликни йиғиштириб қўйган эдик; баъзан лифтга чиқаверишда рўпара келиб қолсак, бечора раҳбар биринчи бўлиб салом бериб юборарди, лекин биз алик олмасдик / “жоҳилият” замонлари эди-да!/. Ғаффор Ҳотам кабинетига чиябўриларни тўплаб ўтирарди. Бир гал Ҳамроқул Асқарни ширакайф ҳолатида менинг хонамга киритиб юборади; Ҳамроқул жанжал қилади: “Нима учун эссемни журналга чиқармаяпсиз?!” деб ўдағайлаб қолади. Мен унга биттама-битта чиқишни, Ғаффорқулни эса “секундантлик” қилишга таклиф этганман. Ҳамроқулни шериклари судраб Ғаффорнинг хонасига опкириб кетишади. Ўша куни Ғаффор қорасини кўрсатмайди. Умуман, Ғаффор мендан ўлгудек қўрқарди; юзма-юз гаплашиб қолсак товушига дарҳол йиғламсираган оҳанг бериб, кўзларида ёш ҳалқалана бошларди. Энди ўйлаб кўрсам, уни шу қадар ёмон кўрар эканманки, агар ортиқча гап қилса… Мен ундан жирканардим, ҳазар қилардим ундан. Унинг кабинетига қадам қўйиш нари турсин, ҳатто ялтоқи башарасига қарашни ҳам ўзимга эп кўрмасдим. У билан на Қаҳҳор ҳақида, на Қодирий тўғрисида гаплашишни илгари ҳам, ҳозир ҳам тасаввур этолмайман. Муқаддас мавзуда фақат тоза одамлар билан суҳбатлашиш мумкин, ичи қора одамлар билан муқаддас мавзуда гаплашилса, нафақат мавзу, ҳатто одамнинг ўзи ҳам кирланиб қолади.

Охири Омон Матжон барибир ўша аризамизга имзо чекиб берган…

Шу ҳолига Ғ. Ҳотам шуҳратпараст эди. Ялтоқилик қилиб юриб ўз номзодини бир неча марта ЎзЛКСМ /комсомол/ мукофотига тавсия эттиради. Унинг номзоди қўйилган йили ўтган йилдан қолиб кетган номзод комсомол мукофотини олиб кетади. Бор гап шу. “Қолдиқ” номзод лозим топилса, келаси йили мукофот билан сийланарди. Анъана шунақа эди. Бундай ҳодисани “уюшган жиноятчилар гуруҳи” томонидан амалга оширилган тадбир этиб кўрсатиш ёки кўриш учун одам восвос касалига йўлиққан бўлиши керак. Чунки “уюшган жиноятчи”  бўлиш учун одамга отнинг калласидек юрак керак. Агар Ғаффор Ҳотам ўша одамларда отнинг калласидек юрак борлигини билганда борми, зинҳор-базинҳор “кундалик” саҳифаларида уларни бадном этмаган бўларди.

Чамаси, “валинеъматлари” Ғ. Ҳотамга комсомол мукофотини нақд этиб қўяди. Аммо ҳеч кутилмаганда “пистирмада ётган” эски номзод мукофотни илиб кетади. Ғ. Ҳотам комсомол мукофоти олиш учун жон куйдириб юрган кезларда комсомол аллақачон ўзини бадном қилиб, эл-юрт орасида обрў-эътибори путурдан кетган эди. Хусусан, 1988 йилнинг охирида Ғ. Ҳотам “лауреат” бўлади; дарҳол “Ёшлик” журналида (№12 сонида) кулиб турган сурати билан “табрикнома” эълон қилинади. Журналнинг иккита олдинги №10 сонида эса “Комсомолнома” рукни остида ЎзЛКСМ Марказқўмининг котиби Абдурашид Қодировнинг “Машаққатли йўл” номли суҳбати эълон қилинади. Суҳбатни Н. Боқий уюштиради. Марказқўм котиби мана бундай саволларга жавоб беришга мажбур бўлади:

“М. Сизнинг назарингизда, ЎзЛКСМ 70 йил мобайнида эришган энг катта Ғалаба /таъбир жоиз бўлса, албатта/ нимадан иборат?

М. Энг катта мағлубият-чи?

А. Қ. Афсуски, жамиятимизнинг виждони бўлмиш журналистлар ҳам турғунликни улуғлашга ўзларининг “камтарона ҳиссалри”ни қўшдилар. Ҳеч кимни хафа қилмоқчи эмасман, лекин беихтиёр кўз олдимда бугунги кунда шармандаси чиққан кимсалар ҳақида ёзилган очерклар, романлар, студияларда яратилган кинофильмлар намоён бўлади. Бироқ, ҳақиқатга тик қараш керак; турғунлик йилларида ёшлар ўртасида комсомол ташкилотининг роли пасайгани рост – бу жуда ҳам жидий мағлубиятдир.

М. Кўпинча комсомол ташкилотлари бўлғувси порахўрларни, мансабпарастларни “тарбиялайдиган мактаб” бўлиб қолган экан /Атайлаб мисол келтирмадик. Чунки район миқёсидаги порахўрни мисол қилиб кўрсатсак, область миқёсидаги порахўр хафа бўлиши мумкин. Область миқёсидаги порахўрни кўрсатсак, республика, Иттифоқ миқёсидаги порахўрлар ўпкалаши аниқ!/. Нега?… Ҳозир комсомол ташкилотларида XXI  асрнинг рашидовлари, каримовлари /Бухоро вилоятининг порахўрлик айби билан қамалган собиқ обком котиби Абдувоҳид Каримов назарда тутиляпти: изоҳ меники – Н. Б. / “малака ошириб” юришмаяптими? /Сиздан илтимос, ушбу саволга виждонан жавоб берсангиз; негаки, ушбу жавобингиз “Ёшлик”да эълон қилинади, яъни, журнал тахламини XXI аср архившунослари обдан мутолаа қилиб, тегишли хулосалар чиқаришади, демакки, сизга ҳам объектив баҳо бериши турган гап./

А. Қ. “Комсомол ташкилотлари бўлғувси порахўрларнинг мактаби” деган гапни биринчи марта эшитаётганим йўқ. Ҳақиқатан, турғунлик даврида, айрим жойларда ҳозир ҳам, амалдор шахслар комсомолдан ўтган… Мен XXI аср ёшлари билан юзма-юз келишдан сира қўрқмай, улар қаршисида виждонан жавоб бераман: қайта қуриш даврида курашда тобланган комсомол кадрларга келажакда халқ ҳам, партия ҳам ишонч билан суяниши мумкин!

М. Биз Ўзбекистон комсомолининг “шонли йўл” билан қисман танишдик. Комсомолнинг “шонли йўл” десак инсофсизлик бўлар-у, аммо бичиб-тўқилган, сохта, дабдабали “илмий-тарихий асарлар” билан танишганимиз рост. Хуллас, комсомол тарихи қайта ёзиладими? Архив устига миниб, ҳақиқатни монополия қилиб олган, “зукко, синалган донишмандлар” томонидан ёзиладими? Ўшалар томонидан ёзилса, уни ҳақиқий тарих деб бўладими?

А. Қ. Менимча, комсомолнинг “шонли йўли” сўзларини қўштирноқ ичига олиб ёзиш, юмшоқ қилиб айтганда, инсофдан эмас. Шахсан мен шонли йўл деган сўз бирикмасини қўштирноққа олмасдан, балки фахрланиб айтаман…

М. Мана, қуйи комсомол ташкилотларида бир оз жонланиш пайдо бўлди. Аммо бу жонланиш гўдакнинг ўзини ўзи юпатишига ўхшаб қолмаяптими? /Илгари унинг оғзига сўрғич солиб қўйишарди, энди у ўзи солиб оладиган бўлди. Ҳаракатда ўзгариш бор, лекин натижа ўша-ўша: ҳамон оғзида сўрғич./

А. Қ. Мамлакат комсомоли ўзининг 70 йиллигига тайёргарлик кўрмоқда. Босиб ўтилган йўл силлиқ бўлган эмас, машаққатли довонлардан тирмашиб ўтишга ҳам, дараларда йиқилишга ҳам тўғри келган…” /3-4 бетлар/

Марказқўм котибининг суҳбати журналнинг №10 сонида эълон қилингач, орадан икки ой ўтар-ўтмас Ғ. Ҳотамов комсомол мукофоти билан тақдирланади ва тишининг оқини кўрсатиб турган сурати ва ўз қўли билан ёзган “табрикнома” №12 сонда босиб чиқарилади:

“………”

Мукофотпараст, шуҳратпараст, қўрқоқ, доим йиғламсираб юрадиган ва йиғламсираб гапирадиган гўрсўхтанинг “кундаликлари”га ишонса бўладими? Унда қайд этилган воқеа-ҳодисалар “аслига тўғри” бўлса ҳам, лекин ўша воқеа-ҳодисалар талқини соғлом ақл-идрокка мос келадими? Ақли расо одам, наҳотки, ақли ноқис эканлиги яққол кўриниб турган Ғ. Ҳотамовнинг  ҳукм-хулосаларига ишонади?..

Кимдир /балки Нортўхта Қиличдир/ Ғ. Ҳотамни биринчи бўлиб “Мағзавакаш” деб атади. Тоғорада мағзава кўтариб юрадиган, уни гоҳ ўз бошидан, гоҳ бошқалар бошидан тўкадиган эсипаст кимса қиёфасини ёзувчи оғамиз кўз ўнгимизда жонли гавдалантириб берди. Мен ҳам ўша образ-тимсолни бажонидил қабул қилдим; оғамиз топган ифода-образ киши хотирасига бир умр муҳрланиб қолади.

Мен Ғ. Ҳотам “кундаликлари”да ўзимга алоқадор парчага жавоб тариқасида ёзганим мақолага “Мағзавакаш – 2” деб ном қўйдим. Эшитишимча, кимдир Ғ. Ҳотамнинг хотираномасини “Баландпарвоз пастлик” деб баҳолабди. Тўғри баҳо берибди. “Мағзавакаш” атамаси ҳам Ғ. Ҳотам кўкрагига комсомол мукофотининг нишони каби тўғноғичдек ёпишиб қолгусидир! Омин.

Алҳазар!

Набижон Боқий
2012 йил 21 август

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар