Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

И.Каримов ва И.Раҳмон ҳукмронлиги битмас экан, Тошкент ва Душанбе баҳси ҳал бўлмайди

И.Каримов ва И.Раҳмон ҳукмронлиги битмас экан, Тошкент ва Душанбе баҳси ҳал бўлмайди
14 Mayıs 2013 - 15:37 'да юкланди ва 1000 марта ўқилди.

 Бундай баёнот БМТнинг превентив дипломатия бўйича Марказий Осиёдаги марказнинг собиқ ходими, германиялик таҳлилчи Вокар Жейкоб тилидан янгради.

У бу фикрни Жорж Вашингтон унверситетида халқаро ташкилотлар вакиллари, зиёлилару, студентлар ва Марказий Осиё мамлакатлари элчихоналари вакиллари тўпланган бир йиғинда айтди.IR

БМТнинг собиқ расмийси шунингдек, Тожикистоннинг Ўзбекистондан шикоятлари ва бунга жавобан Ўзбекистон ўзаро муаммоларни ҳал қилиш учун ҳар қандай ҳамкорликка рад жавобини бераётганига ҳам тўхталиб, Ғарб стратегияси ва ёрдамлари айнан ана шу баҳсли масалаларга қаратилиши зарурлигини уқтирди.

“Аммо, деди у, муаммолар ечими минтақа ташқарисидан эмас, балки ичкарисидан бошланиши керак ва халқаро ҳамжамият бу жараёнга бирикиши лозим”.

Жейкоб жаноблари ўз чиқишида БМТнинг Ўзбекистон билан Тожикистон муносабатларини боши берк кўчага солиб қўйган масалалар ечимидаги ролини заиф, дея баҳолар экан “Мавжуд вазъиятни қувватлаётган жаҳон учун эртанги хавфсизлик жуда қимматга тушади”, дея башорат қилади.

Германиялик таҳлилчига кўра, икки қўшни давлат ўртасидаги кескинликнинг асосий манбалари Роғун сув омборининг лойиҳаси, Фарход сув омбори, чегаралар атрофидаги баҳслар, темир йўллар қамали, “ТАЛКО” алюминий заводининг экологияга салбий таъсири, икки президент ўзаро муносабатлари, Бухоро ва Самарқанд тарихи билан боғлиқ муаммолар, қудратлар ўртасидаги геополитик ўйинлар ва Афғонистон билан қўшничилик кабилардир.

“Муносабатларни яхшилаш учун бу масалаларнинг ҳар бирини алоҳида ўрганиш хатодир”, дея ўз фикри билан ўртоқлашади БМТ нинг Марказий Осиё бўйича собиқ масъули Жейкоб.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Ўзбекистон ҳукумати йиллардан бери Роғун ГЭСи қурилишига кескин қаршилик кўрсатиб келмоқда ва бу лойиҳа Амударë қуйи оқимида жойлашган ҳудудлар учун ҳам экологик¸ ҳам иқтисодий фалокат келтириб чиқаришини таъкидламоқда.

Ҳам Тошкент, ҳам Душанбе ҳукумати ўзаро музокараларида ҳал этилмай келаётган бу можаро бўйича якуний хулоса чиқаришни сўраб Жаҳон банки, Европа Иттифоқи, қолаверса Ғарб ҳукуматларига мурожаат қилган.

Ҳозирга қадар бу масалада ўнлаб расмий баёнот ва ҳисоботлар эълон қилинганига қарамай, Роғун бўйича муросавий тўхтамга келингани йўқ.

Жейкоб Роғун ГЭСи лойиҳасининг Жаҳон банки экспертлари томонидан экспертиза қилиниши жуда тўғри қадам эканини, аммо бу иш хулосасини Ўзбекистон қабул қилмаслигига ишонишини айтган.

“Ўзбекистон Роғун ГЭСи сув омборининг тўлдирилиши ортидан сув оқимининг камайишидан чўчимоқда, айни пайтда Вахш дарёси Ўзбекистон  ҳудуди бўйлаб оқадиган Амударё сувининг деярли 35 фоизини ташкил қилади. Агар Ўзбекистон ўз  ирригация тизими ва сув омборларини модернизация қилса, бу унга мавжуд оқимнинг 60 фоизини сақлаб қолишга кўмаклашади. Бу масала Тожикистонга ҳам тегишли”, дейди Жейкоб.

Унингча, у ёки бу муаммолар ечимини фақат музокара йўли билан ҳал қилиш зарур.  Бироқ,  Жейкоб жаноблари Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон ҳокимият тепасида қолар экан  музокаралар бошланишига шубҳа қилишини таъкидлаган.

Вокар Жейкоб оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон билан Тожикистон муносабатларини “эълон қилинмаган совуқ  уруш” га таққослаганини эсга сола туриб, “Албатта мен бу хил қиёслашни қувватламайман, бироқ мавжуд вазъият шуни кўрсатмоқда”, дейди.

Жейкоб мулоҳазасича, Ўзбекистон билан Тожикистон муносабатларининг  кескинлигича қолиши “Буюк Ипак Йўли”, деган  америкача ғояни савол остида қолдириши тайин.

Дилфуза Зиё

14.05.2013

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар