Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Туркияга нима бўлди? (Туркия воқеаларига шахсий бир назар)

Туркияга нима бўлди? (Туркия воқеаларига шахсий бир назар)
06 Haziran 2013 - 10:59 'да юкланди ва 1051 марта ўқилди.

turkiaТуркиядаги ғалаёнлар бошланганидан буён бунинг сабабларини билишга қизиқиб, дунёдаги кўпчилик танишларим ва дўстларимга саволлар йўлладим. Барибир тушунганим кўп бўлмади. 

Ўзим тез-тез бориб турадиган азим ва мафтункор Истанбулнинг Тақсим майдонидан бошланган воқеалар мана деярли бир ҳафтадан буён дунё оммасининг нигоҳида турибди.

У ердан келаётган кети узилмас хабарлар ҳам бир бирига ўхшамайди ва ҳаттоки баъзан бир-бирини инкор этади.

Кеча мен яшаётган Канаданинг Ванкувер шаҳридаги турклар ҳам шаҳарнинг бош майдонига чиқишиб, икки соатга яқин “Эрдўғон, истеъфога кет!” деб қичқиришди. Майдонга йиғилган мингга яқин турклар Отатуркнинг портретини кўкка кўтаришди. Мен журналист бўлганим учун, ҳамда митинг иштирокчиларининг фикрларини ўрганиш мақсадида ўша митингни бошидан охирига қадар Ўзбекистон Халқ Ҳаракати вакили сифатида эмас, бир журналист сифатида кузатдим. У ерда олган расм ва видеоларимни бир икитасини Фейсбук сахифасига қўйдим. Ҳеч қандай изоҳ ёзмадим.

Мен қўйган расмларга изоҳ кутилмаган томондан келди. Мавзудан четламаслик учун, бу ҳақда алоҳида мақолада ҳикоя қиламан. Ҳозирча, Туркиядаги воқеаларга қайтсак…

“Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон Твиттерни дуоибад қилди” деб ёзди Россия матбуоти. Суриштирдим. Маълум бўлишича, душанбадан сешанбага ўтар кечаси Туркияда Твиттер ижтимоий тармоғи ишламай қолган. Фейсбукда ҳам қисқа узилишлар бўлганини айтишди.

“Турк ТВлари кўнгилочар дастурларни узатиш билан банд” дейди бир турк танишимиз. Дастлабки кунларда Halk TV ва хусусий D телеканалигина ғалаёнлар ҳақида хабарлар узатиб турган холос.

“Ғалаёнчилар хориждан молиялаштириляпти. Тақсим майдонидагилар террорчилардир!” деди Эрдўғон.

Диктатор Ислом Каримов ҳам, Владимир Путин ҳам, Нурсултон Назарбоев ҳам ўз мамлакатларидаги ғалаёнлар ҳақида шундай дейишади.

Уларнинг ТВлари ҳам зиддиятли кунларда кўнгилочар дастурларга зўр беришади. Улар ҳам интернетдаги ижтимоий тармоқларда ўта хавфли душманни кўришади.

Эҳтимол менинг бундай паралеллар тортишим хатодир, лекин, Эрдўғон ғалаёнчилар олдига чиқиб, муаммони бартараф этиш ўрнига, узоқдан туриб уларга таҳдид қилишини тушуна олмайман.

Ахир, Эрдўғон ўзининг самарали иқтисодий дастури билан нафақат Туркиянинг кам таъминланган қатламини, балки, бой бадавлат ва кибор қатламини хам ўзи томонга оғдира олган сиёсатчи эмасмиди? Ғарб ва Шарқ, анъаналар ва тарақиёт ҳамда дунёвийлик ва дин ўртасидаги кўз илғамас баланс нуқтани топа олган Эрдўғон қани?

Бир турк талабаси билан телефонда суҳбатлашар эканман, у шундай деди: “Майли, ҳаммамиз мусулмонмиз, Эрдўғоннинг исломий қадриятларга асосланган сиёсатига мен шахсан қарши эмасман. Мен унинг бизга, ўз халқига бўлган муносабатидан шокдаман. Кеча у “Мен ғалаёнчиларни, ўша ўзлари ҳимоя қилаётган дарахтларга осишга розиман” деди. Сен бунга нима дейсан?”

Мен нима ҳам дердим? Бир нарса дея олмайман, чунки Эрдўғонни бу гапни айтганини мен шахсан эшитганим йўқ. Матбуотда ҳам менимча ҳали буни ёзишмади.

Сезишимча, Туркия нафақат ғалаёнлар ичида, балки ахборот хуружлари остида қолди…

АҚШ хавфсизлик кучлари томонидан Чикаго халқаро аэропортида, Истанбулга қараб отланган пайтида қўлга олинган ва халқаро террорчиларга молиявий кўмак беришда айбланиб, ҳозирча қамоқхонада ўз тақдири ҳал бўлишини кутиб ўтирган Жамшид Мухторовнинг укаси Хуршид “Эрдўғон бу ҳақиқий мужик!” дейди. Акаси яшаётган Америкага бориш насиб этмаган Хуршид хозирда Истанбулда истиқомат қилади.

“Эрдўғон каби сиёсатчи камдан кам бўлади. У турклар учун ҳамма нарсага тайёр. Хозир кўчага чиққан исёнчилар эса, хаммаси “неблогадарний” кофирлардир” дейди у.

“Араб баҳори” келди Туркияга! Инқилоб бошланди у ерда!” дейди ярим қувонч ва ярим хайрат билан Россияда ошпаз бўлиб ишлаётган Ўзбекистонлик фан номзоди.

Унинг овозидаги кўтаринкилик негадир менга ўтмайди. Гези паркидаги дарахтлар ҳимояси бу бир баҳоналиги, ва бу дарахтлар кимлар учундир милтиқнинг тепкиси вазифасини ўтаганини бу фан номзодига узоқ тушунтириш керак бўлади. У оммавий ғалаёнларнинг сабаби, Босфорнинг туби каби чуқурда ётганини эшитгиси хам келмайди.

Сабаб… Сабаб… Қаерда унинг илдизлари? Суриядами? Эхтимол. Туркиянинг ён қўшниси бўлган бу мамлакатда тўс-тўполон бошланганидан буён АҚШ давлат департаментининг ҳамда НАТОнинг каттаю-кичик амалдорлари Анқарага серқатнов бўлиб қолишди. Уларнинг мақсадлари, Сурия масаласини Турк армияси қўли билан ҳал қилиш эди.

“Майкл, Эдвард ўлмасин. Аҳмад, Баришлар ўлаверсин” деб ўйлашган бўлишса керак…

Бироқ, воқеалар бундай кечмади. Туркия ҳукумати океан ортидан келган эмиссарларнинг изидан юрмади. Оқибатда, Сурия масаласи ҳозиргача Европа ва АҚШ орзу қилган форматда якунланмади.

Баъзи сиёсий таҳлилчиларнинг тахминларича, АҚШ ва Европа, Сурия масаласи бўйича ўзининг фикрига эга бўлган Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг устига аллақачон қизил чизиқни тортиб бўлишган. Вашингтон ва Брюсселдаги сиёсатчиларнинг эндиги бош оғриғи, ўзининг “Ёппасига Исломлаштириш” (“Creeping Islamization” атамаси Ғарб сиёсатчиларига тегишли – У.Ҳ) сиёсати билан тушларини бузаётган турк Бош Вазирининг эсини киритиб қўйиш.

Турли Оммавий ахборот воситалари бераётган хабарларга кўра, бугун турк шаҳарларидаги ғалаёнларнинг тафти бир оз пасайган. Истанбулнинг ўзида ҳам кечаги кун бир оз тинч ўтганини айтишяпти. Ўша ерда яшаётган дўстларимизнинг айтишларича, кеча Босфорга яқин жойдаги Бош Вазир қароргохи яқинида оз сонли намойишчилар ва полиция кучлари билан кисқа тўқнашув бўлган холос. Эрдўғоннинг ўзи ҳозирча расмий ташриф билан араб мамлакатларининг бирига кетган. Таҳлилчилар, у мамлакатга қайтгач, ғалаёнларнинг яна жонланишини башорат қилишаяпти.

Шу кунгача Ражаб Тоййиб Эрдўғон хайрон қолдирарли даражада сиёсий совуққонлик ва иродасини намойиш қилаяпти. Кўринишидан, у намойишчиларнинг босимларига парво ҳам қилмайдиганга ўхшайди. Афсуски, ғалаёнчилар ҳам ортга қайтадиган кайфиятда эмаслар.

Хўш, унда нима бўлади? Сафардан қайтган Бош вазир, норозиларни ўққа тутишга буйруқ берадими? Йўқ. Чунки Туркия бу – Ўзбекистон эмас, демакки, турклар ўзини ўққа тутган ҳукуматни икки дунё тинч қўймайди.

Ҳозир, дунё жамоатчилиги Эрдўғоннинг мамлакатга қайтишини хавотир билан кутаяпти. Туркиядаги тадқиқотчиларнинг ёзишларича, мамлакатдаги сиёсий фаоллик тобора ўсаяпти. Иш ташлашлар кўлами ортаяпти. Туркиядан келаётган хабарларга қараганда, иш ташлаганларнинг сони бир миллиондан ошиб кетган. Ёзишларича, “Турк ҳаво йўллари” компанияси ҳам иш ташлаш ҳақидаги чақириқларга кўшилмоқчи.

Жума куни Бош вазир Эрдўғон Туркияга келади. Матбуотдаги хабарларга кўра, у ўша куннинг ўзидаёқ, Истанбулдаги “Свисс” меҳмонхонасида бўлиб ўтадиган “ЕИ ва Туркия” халқаро анжуманида чиқиш қилиши керак. Бу мехмонхона эса, тақдирнинг киноясини қарангки, бугунги ғалаёнларнинг бешиги бўлган Тақсим майдонига яқин жойда жойлашган.

Намойишчилар мана шундай “нодир фурсат”ни қўлдан бой берадиларми? Албатда, йўқ! Улар, менимча, нафақат Эрдўғонни, балки, халқаро анжуман меҳмонларини ҳам меҳмонхонага яқин келтиришмайди. Бу анжуманнинг номини қаранг-у, ўтказиладиган жойига эътибор беринг! Мен буни тасодифдан йироқ деб биламан…

Европалик силлиқ сиёсатчиларнинг гап халталарида, ҳаммамизга маълумки, Инсон ҳуқуқлари ҳақида аччиқ-чучук саволлар ҳар доим топилади. Туркиянинг бошига тушган бу ташвишли кунларда эса еврокомиссарлар Эрдўғонни аяб ўтиришмайди.

Европа Иттифоқи чопарларининг саволларига бир амаллаб жавоб берган Турк Бош вазирини, афсуски, муқаддас масжидларни оёқ ости қилиб, у ерда ароқхўрлик қилган “исёнчилар”, кўчаларда эмин-эркин ўпишиб, ярим-яланғоч юришни истаган ёшлар, кўлларига тош тутган бир жинсли никоҳ тарафдорлари ҳам саволга тутишади. Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг жавоблари қанақа бўлади? У қандай йўл тутади?

Ўтаётган ҳафтада ҳаммаси ҳал бўлади…

Туркия, Туркия… Бошингда учиб юрган қушлар бургутларми ёки калхатларми?

Қайсидир бир фильм қаҳрамони айтганидек, “Савол бериш осон, жавоб бериш қийин”…

Улуғбек Ҳайдаров
мустақил журналист
Ванкувер (Канада)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 6 Yorum )

  • Илхом Мамедов ;

    Ассалому Алайкум Алибой ака! Туркиядаги такиячилик хакида маълумот берсангиз. Сиз зикр килган референдум натижаларига такиячилик нечоглик тасир килган булиши мумкин?
    Бу саволни беришим сабаби: кандай килиб уз Ватанига узи душман булиши мумкинлигини, ривожига каршилигини аклимга сигдира олмаяпман. Шу билан бирга бизга Туркия сиёсий ва ижтимоий хаёти хакида кенгрок маълумот берсангиз.

    07/06/2013 16:01
  • Улуғбек ;

    Алибой ака, изох учун ташаккур. Шу масала бўйича, мен узимдаги мавжуд видеоларга таяниб кичикрок бир фильм килиш ниятидаман. Интервью оламан Сиздан шу масала бўйича.

    07/06/2013 05:00
  • kamola ;

    Ilk marotaba Turkiyaga safar qildim. Taqsim maydoni yaqiniga joylashdim va juma kundan buyon boshlangan notinchliklarni 3 kungacha kuzatdim, odamlar orasida boldim.

    Qaniydi, bizning o’zbeklar ham turk qardoshlarga oxshab bir yoqadan bosh chiqazishsa, adolat yo’lida bir-birni qo’llab-quvvatlasa degan hayolga bordim. Muallif yozganlaridek, turklar o’z halqini otgan (Andijondagidek haqiqiy qurollar bilan emas, suv va gaz bo’lsa ham) hukumatni hech qachon kechirmaydi. Shunchun ham turklarni “polisi” buni tushunib chekinishdi. Ko’chalarda bayram bo’ldi. Halq bir bo’lsa har bir hokimyat uni oldida ojizligini ko’rdim.

    Afsuski, yildan yilga botqoqqa botib borayotgan O’zbekistonda bir kun kelib adolat tiklanishiga ishonib qolaman. Chunki bizning o’zbeklarning ham yuragida jasorati bor. FAQAT QO’RQMANG!

    06/06/2013 15:16
  • Алибой Йўляхши ;

    Ассалому алайкум Улуғбек. Туркиядаги воқеаларга фикр билдириш ва шарҳ ёзишда бироз шошибсиз. Бу воқеаларни шарҳлашни Туркияда яшашаётганлар бажарса ёки сиз ҳам бу ерга келиб воқеаларни ўз кўзингиз билан кўргандан сўнгра бажарсангиз бир мунча адолатли ва холисона бўларди. Сиз телефонда сўзлашган ва хатлар олаётган кишилар адолатли, холис ва Туркиянинг ватанпарварларига ўхшамайди.

    Мен сизга ва сайт ўқувчиларига бир фактни эслатишни истардим. 2011 йилда Туркияда бир рефендум ўтказилди. Рефередумга қўйилган масалалар мавжуд ҳукумат тарафидан ўртага қўйилди. Менимча, у ерда 26-савол бор эди. Уларнинг ичида бирорта Исломга оид, Туркиянинг Исломга муносабатига тегишли савол ва масала йўқ эди. Уларнинг ҳаммаси Туркиянинг мамлакат сифатида ривожланиши, келажак йилларда Туркиянинг дунё илғор мамлакатлари орасига кириши ва улар орасида ўрин сақлаши учун амалга оширилиши зарур бўлган савол ва масалалар эди. Рефендум саволларнинг мазмунига кўра, уларга “ҳа” жавобининг %-и анча юксак бўлиши керак эди. Аммо натижа: 58% «ҳа», 42% «йўқ» чиқди. Рефендум тарафдорлари (яъни ҳукумат) уни қозонди. Мақсад амалга ошди. Рефендум натижаларига кўра бир қатор қонунлар ҳам қабул қилинди. Аммо бу овоз беришдан мамлакат нуфусининг 42% Туркиянинг ривожланишига қарши деган хулоса ҳам чиқди. Бу жуда мудҳиш бир хулоса, яъни мамлакат аҳолисининг 100-дан 42-таси унинг ривожланишига қарши! Туркияда нега бундай бўлди ва бўлаяпти? Бу ҳам демократия, халқ оммасининг иродасими? Йўқ, бунақа демократия, халқ оммасининг иродаси бунақа бўлмайди. Демократия, халқ ўз иродасини эркин ифодалаши бунақа бўлмайди. Бу, оппоқ пахтани, кўзни юмиб йўқ бу қоп-қора дейиш бўлади. Бошқача айтсак, бу аниқ душманликдир. Бундай «эркин овоз беришда, бундай халқ иродасини билидиришда» душманлик борлиги аниқ. Демак,Туркияда жуда кўп Туркиянинг душманлари яшайди ва яшамоқда. Ана шу воқеийликни билишганларгина Туркиядаги бугунги воқеаларни шарҳлашлари лозим кўринади. Акс ҳолда жуда катта хатоларга йўл қўйилиши мумкин. Менимча, хатоларга йўл қўйилиши аниқ. Мен, ўзбекларнинг Туркия масаласида бундай ҳатоларга йўл қўймасликларини истардим.

    Сизга эҳтиромларим ва сайт ўқувчиларига саломларим билан

    06/06/2013 14:46
  • khalq ;

    Куртлар Вадиси Пусу сериалидаги ёритилаётган вокеалар Туркиянинг нафакат Туркия бутун дунёда булаётган сиёсий вокеаларни акс эттиргандай туюлади. Эътибор берсангиз охирги булимларида Tapanakcilar кушилишди. Балки бу булаётган вокеаларда масон, сионист ва шу каби бузгунчиларнинг кули бордир. Факат бир нарса аник буларнинг хаммаси Ислом динига карши уруш дегани. Голиб ким булиши кундек равшан.

    06/06/2013 12:42
  • Андижонлик ;

    Умумий олганда фикрингизга кушиламан. Айрим холатларда уз карашларим бор. Айтмайман чунки , турк кардошларимизни хурмат киламан. Адашиб кимгадир маъломат килиб куйишдан куркаман. Туркияда тинчлик, осойишталик тикланишини тилаб коламан.

    06/06/2013 12:16
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар