Мурод Муҳаммад Дўст. Тошкентдан мактублар (1)

Би-би-си Ўзбек хизмати “Тошкентдан мактублар” рукни остида янги лойиҳага қўл урмоқда. Биринчи мактубда адиб машҳур актёр, Халқ артисти Шукур Бурҳон ҳақидаги эсдаликлари билан ўртоқлашади.

Мурод Муҳаммад Дўст

Садаф кўчасидан Қорасувга тушишда, йўлнинг чап тарафида ўтган асрнинг иккинчи ярмида Мирзачўлда ёппасига қурилган баракларни эслатадиган пастак ғиштин иморат бор. Охирги йилларда қад кўтарган кўркам ва баланд кўшклар ёнида ўта ғариб кўринадиган бу уйда бир замонлар Шукур Бурҳон яшарди.
“Бу – манинг маҳаллам”, – деб мақтанарди раҳматли Шукур муаллим ўзининг маълум ва машҳур овозини баралла қўйиб.
Шўролар замонида маҳалла муҳри бўлган–бўлмаганини билмайман, лекин шаҳар харитасида Шукур Бурҳон яшайдиган маҳалланинг недир расмий номи бўлгани тайин. Лекин бу маҳалла Тошканди азимда расмий номи билан эмас, балки унда Шукур Бурҳон яшаши билан машҳур эди. Шу қадар машҳурки, маҳалла аҳли уйига меҳмон айтганида бу масканга элтувчи жамики каттакўча, торкўча, жинкўча ва, табиийки, пировардда Садаф кўчасини тилга оларди, шундаям тушунтира олмаса, энг охирги чорани қўллаб, бўлажак меҳмон кўзидан жуғрофий кўрлик пардасини сидириб ташларди: “Э, қанақасиз ўзи, Шукур Бурҳоннинг маҳалласини биларсиз, ока?..”
Хуллас, Шукур муаллимнинг бутун бир маҳаллани “ўзлаштириб” олганига биров ажабланмасди. Устод кўнглида “эгалик” ҳисси вақти–вақти билан шу қадар иштиғолланиб кетардики, баъзан бирга кўча айланиб юрганимизда атрофи панжара билан ўралган кенг майдонда тўп тепиб юрган ёш–ялангга завқ билан қараб, “Кўрвоссанми, мана бу – манинг стадионим”, дея хитоб қиларди.
Бу замзамалар, ўлай агар, унга ярашарди.
Шукур муаллим бир кеч телевизорга чиқиб, “Манинг буюк актёр бўлиб етишганимда Маннон Уйғур билан Ятим Бобожоннинг катта ҳиссаси бор”, дея эътироф қилганини ҳалигача завқланиб эслаймиз. Шу завқ асносида Шукур Бурҳоннинг батамом ҳақ эканини яна бир бор тан оламиз. Устоднинг андак нокамтарлиги масаласига келсак, ҳа, нима бўпти… айтса айтибди–да… Умуман, Шукур Бурҳондай одам камтар бўлиши шунчалик шартми? Қолаверса, у мақтанмади, қарзини узди, холос. Устозларини улуғлаш бурчи эди, гапни кўпайтирмай, ўз шахсини мисол қилиб келтирди. Яъники, унинг устозлари шу қадар улуғ эдики, катта бошларини кичик қилиб, уни, Шукурни, кўчада чанг кўтариб юрган тўпори ўспиринни тарбия қилди ва энг юксак саҳналарга олиб чиқди.
Ва яна бир гап. Умуман, мақтанчоқлик қилаётганини ўзи билмайдиган, билиш ҳам гапми, мутлақо сезмайдиган соддадил одамга нисбатан қаттиққўл бўлиш шартми?
Шукур Бурҳон ёшлигида ёлчитиб ўқимаганини бугун жуда кам одам билади. Ролини ёдлаш учун аввал эскича зеру забарда йирик–йирик қилиб қалин дафтарга кўчириб чиқарди. Унинг имлосида саҳифа жонивор нари борса ўнта сўз билан тўларди–қоларди. У ҳижжалаб ёдлаган ва ижро этган юзлаб роллар имлосига учун неча юз минг саҳифа сарф бўлганини тасаввур қилишга юрак бетламайди.
Шукур акани танишимга режиссёр Ботир Аҳмадхўжаев сабаб бўлган. Энди Масковдан қайтиб, киностудияга ишга кирган эдим. Афғонга пул топгани кетган ўрис эр–хотиннинг бир хонали жойини ижарага олганман. Даъвою иддао – бир дунё, лекин чўнтакда ҳемири йўқ, сахту сумбат оч ичакка монанд – бўй жонивор бир юз саксон беш, вазн олтмиш килога етар–етмас, ўзимга ўхшаш киндиги умуртқасига ёпишган тўрт–беш шоиру ёзувчи ошналар билан ҳар кеч арзон мусалласга тўйиб, кечалари кўйма–кўй юриб, Тошканди азимни забт этишга киришган пайтларимиз эди.
Қисқаси, у замон мени биров билмасди, лекин Ботир Аҳмадхўжаев хаёлпараст бир ўспирин ҳақида “Азиз” деган кино олиб, эл орасида анча машҳур бўлиб улгурган эди. Бир куни телефон қилиб: “Старик, собирайся, Шукур нас ждет”, деб қолди.
Бордик. Шукур Бурҳон ростдан ҳам Ботир акани таниркан. Дарчани ўзи очиб қаршилади, сўнг дастурхон олдига ёғоч панжара тутилган айвонга бошлади…
Шукур аканинг ҳовлисида айни кучга кирган икки–уч туп гилос дарахти бўларди. Турган гапки, бу дуч келган жойда ўсаверадиган хашаки гилос эмас. Шукур Бурҳоннинг гилоси. Шукур Бурҳоннинг қайсидир академик ошнаси “ўзи пайвандлаб, ўзи опкелиб, ўзи қазиб, ўзи ўтқазиб берган” (изоҳ ҳам, табиийки, Шукур Бурҳонга тегишли). Шукур муаллимнинг гилослари ростдан ҳам ўта серҳосил эди, меваси йирик–йирик ва жуда ширин эди. Фақат бир нарса – дунёдаги энг тотли гилос Шукур Бурҳоннинг ҳовлисида ўсаётганидан барча тошкандлик сурбет майналар, чумчуғу чуғурчиқлар ҳам қайдандир хабар топгани, вақти–вақти билан булутдай ёпирилиб келиб, дарахт шохларида базм қургани ёмон эди.
– Биззи уйда ҳаммаси “ш”дан бошланади, – деб ҳазил қиларди раҳматли, – Шукур, Шакар, Шарик…
Шукур кимлиги аниқ. Шакар – Шукурнинг хотини. Шарик – Шукурнинг ити, яхши ит, лекин зоти пастлигини хаспўшлаш учун бемеёр ғайрат билан ҳургани ёмон.
Шукур – айвонда мухлислар билан овора. Шакар ичкарида – недир ўзининг юмуши билан банд, ташқарига чиқмайди ҳисоб. Чой–пойни кимдир бегона аёл ташийди. Рости, Шакар опа турли шогирдлару мухлисларни унчалик хушламайди. Бир ҳисобда, у – ҳақ. Яъники, кимсан халқ артисти Шукур Бурҳоннинг бебаҳо вақтини ўғирлаш инсофдан эмас.
Шукур – Шакарнинг акси. Вақт билан иши йўқ. Худди достончи айтганидай: “дам бу дамдир, ўзга дамни дам дема”… Каттаю кичик, ёшу қари – ўзини йўқлаб келган ҳамма одамга баробар эътибор кўрсатади. Унинг феълини билмаган одам аввалига ҳуркиб туради. Аммо муддат ўтиб, шоҳона виқор ортидан болафеъл, содда бир одам чиқиб келадики, ҳадик ўрнини завқ эгаллай бошлайди.
Қолгани – маълум. Шукур Бурҳон ўзига тенг қўйиб сўйлашган чоғда энг пачақ одамнинг ҳам қадди тикланади. Шу сабаб, устод зиёратига келганлар узоқ ушланиб қолади, кетолмайди.
Менинг оч–юпун юришимни сезарди чоғи, баъзида шаҳар четидаги обод чойхоналарга олиб борарди. Шукур ака остона ҳатласа бўлди, каттаю кичик жунбушга кириб дастурхон тузарди. Шукур ака шунчаки номига татинарди. Сўнг ҳали–ҳануз икки қўлини кўксига қўйиб, одоби жигарни эзарли даражада тавозе кўрсатиб турган чойхона эгасини ошириброқ мақтарди. Сўнг менга амр қиларди:
–Манга бўлмайди, шакарим бор, ўзинг ҳаммасини ейсан, емасанг булар хафа бўлади.
Емак вақтида чойхона аҳли– биров ошкора, биров сал тортиниб, лекин бирдай иззат билан, – Шукур Бурҳонни томоша қиларди. Турли калиншоҳу эдипшоҳларни ўйнайвериб машқи ошган эмасми, бундай лаҳзаларда Шукур ака юзу кўзларига шоҳона бир салобат бериб, мен фақирга беписандроқ оҳангда гап қотарди:
–Кўрвоссанми, Шукур Бурҳонни ҳамма танийди.
–Э, Шукур ака, сизни танимай мени танисинми!
–Бу гапинг ҳам тўғри, лекин санам чаккимассан, ана, мани яхши ёзибсан–ку…
Шу жойда ўзимни фош этишга мажбурман. Устозни йўқлаб боришимизнинг асл сабаби ҳам шу – Ботир аканинг қутқуси билан Шукур Бурҳон ҳақида кинога атаб кичик бир матн ёзганим эди. Матнки, Шукур ака билан танишганимдан кейин анча бойиди, хусусан, гилос дарахти тагида ётадиган Шарик ҳам алоҳида персонаж сифатида кирди.
…Шарик ҳовли буржидаги катакка занжирбанд эди. Тепасида – сербарг, серсоя гилос дарахти. Гилос дарахтининг тепароқ айрисидан пастга тушган пўлат сим учига эски пақир осилган. Пақир ичида – беш–олти қайроқтош. Симнинг айридан нари қисми ҳовли саҳни узра ҳаволаниб бориб, айвон устунига боғланган. Устун ёнида – бақувват курси. Курсида – келбатидан шер ҳам ҳуркадиган Шукур Бурҳон. Овозини баралла қўйиб, кўрган–кечирганидан сўзлайди. Шу аснода ўғри майналар бир дунё шовқин солиб, гилосларга ҳужум қилади. Шукур Бурҳон гапдан тўхтамайди, ўнг қўлини кўтариб, устунга боғланган симни пастга тортиб, икки–уч силкийди, сўнг тағин қўйиб юборади. Сим тортилганда гилос айрисига осилган пақир тепароққа кўтарилади. Бехос силкинган чоғи ичидаги тошлар тарақлаб кетади. Майналар ҳуркиб учади. Ит норози бўлиб вовиллайди. Ўзи кичкина бўлгани билан, овози баланд. Шу сабаб, Шукур Бурҳон уни инсофга чақиришга мажбур бўлади:
–Тихо,Шарик!
Шу жойида мен ўзимни кулгидан тутолмайман, секин гап қистираман:
–Итингиз ўзбекча билмайдими, Шукур ака?
–Қизиқмисан, Шарик бўлгандан кейин… у билан яна қайси тилда гаплашасан? Ана, ўзинг дублж қиббер бўмаса!..
Шукур Бурҳон шу жойда жим қолади. Жамики салобати қайгадир йўқолади, қийиқ кўзлари сузилиб, қув болага айланади–қўяди. Сўнг қийиқ кўзлар каттароқ очилади, менга тепароқдан қирғийқараш қилади. Йўқ, хайриятки, портлай деб турган қаҳқаҳа бўғизда қолади, қирғий, итолғу, сорлочину бургут росмана ҳамла қилишга улгурмайди, сурбет майналар гилос шохларига қайтиб келади ­– яна сим тортилади, яна пақир силкинади, тош тарақлайди, майналар ҳуркиб учади, кўппак вовилайди…
Охир–адоғи йўқ кўримли манзара эдики, ҳалигача эслаб ҳузур қиламан.
Ёзган матним яхши эди, деб айтолмайман. Шукур муаллимга ёққани бекор, унинг феъли маълум, ўзи ҳақида бўлса бас, ҳамма нарса баробар ёқарди. Катта бир альбўм тутиб, замона шоирлари битиб нисор этган сон–саноқсиз қасидаларни йиғиб юрарди. Бир–икки шеърий мадҳияни менга қироат билан ўқиб берган, ёқмаганини сезиб астойдил хафа ҳам бўлган. Ноилож қолиб юпатганманки, энди, сиз, Шукур ака, янада яхшироқ шеърларга муносибсиз, ана, Хуршид Даврон деган ёш шоир бор, сиз ҳақингизда зўр шеърни ўша ёзган.
–Ошнанг бўлса керак–да, шунга мақтавоссан, – деган Шукур Бурҳон шубҳа билан.
–Ошналикка ошнам, лекин шеъри жудаям зўр, Шукур ака.
–Шеъри зўр бўлса, нага манга опкемайди? – деган Шукур Бурҳон баттар норози бўлиб.
Минг машаққат билан ёзилган фильм матнига қайтадиган бўлсак, у матн эканича қолиб кетди. Режиссёр Ботир Аҳмадхўжаев ишлайдиган телефильмлар студия остонасига бир неча бош уриб кўрдик, лекин директорни кўндириш қийин бўлди. Тўғри, у очиқ рад қилмади, аксинча – матнни мақтади, лекин… тепанинг розилигисиз… Директор бармоқ нуқиган юксак маъвода министрнинг биринчи муовини, телевизионнинг каттаси, бадиий сўз устаси Убай Бурҳон ўтирарди. Табиийки, у бизни қабул қилмади.
Ночор қолиб, Ботир ака иккимиз яна Шукур муаллимнинг ҳузурига бордик. Лекин Шукур ака воситачилик қилишга кўнмади.
–Убайинг ким бўпти? – деди норози бўлиб. – Убайинг ким бўптики, ман унга ялиниб борсам?!.
Биз чекинмадик. Бугунги тилда айтганда, устозни шундай “ўрадик”ки, розилик берганини ўзи билмай қолди.
Шукур Бурҳон дўриллаб кириб бориши билан Убай Бурҳоннинг аҳли арзга тўла қабулхонаси бўшади–қолди. Котиба аёл шошқалоқ ҳудайчи каби ўзини ичкарига – раҳбарнинг кабинетига урди. Зум этмай министрнинг биринчи муовини Убай Бурҳоннинг ўзи пешвоз чиқиб, бизни ичкарига таклиф қилди. Ботир ака, ўзида йўқ хурсанд, зимдан менга кўз қисади: бўлди, ишимиз битди ҳисоб.
Тўртта пиёла билан чойнакда чой келди. Убай Бурҳон катта бошини кичик қилиб ўзи чой қуйиб узатди. Туғишгани эмасми, Шукур акасининг, Шакар кеннойисининг… ҳатто у ёғи Шарикнинг кайфиятига қадар батафил суриштирди. Шукур Бурҳон негадир меҳрибон уканинг саволларини эътиборсиз қолдирди. Курсида виқор билан ястаниб ўтирганча телевизионнинг бугунги аҳволидан норози эканини билдирди:
–Ман тушунмайман, Убай, санлар маза–бемаза ҳамма нарсани чиқарвоссанлар… Санларни тергаб турадиган одам борми ўзи?
Шу жойда қуруқ баён услубига ўтамиз… Хуллас, ука бўлмиш аканинг гапини ҳазилга йўйиб, аҳволни юмшатишга уринди, яъники, иш бор жойда хато ҳам бўлади. Лекин ака бари бир пастга тушмади, телевизионда ишни эмас, нуқул хатони кўраётганини таъкидлади. Ука хатолар учун узр сўради, тезда тугатишга ваъда берди. Ака ўз навбатида…
Бу ғаройиб саҳна қанча давом этганини бугун аниқ эслай олмайман. Бугунга қадар унга ном топишга уринаман, лекин топган таърифимнинг энг ўзбекчаси абсурд бўлиб қолаверади.
Биров ишониши қийин, лекин мен ёзган матн, Ботир ака суратга олмоқчи бўлган кино ҳақида бир сўз ҳам айтилмади.
Убай Бурҳон акасини пастгача кузатди. Кўчага ҳам бирга чиққан бўларди, лекин Шукур Бурҳон эшик олдида беписанд қўл узатиб қўяқолди: “Бўпти, сан ишингдан қолма…”
Убай Бурҳон синиқ илжайиб ортига қайтди. Шукур Бурҳон, ўзидан мамнун, Ботир ака иккимизга мағрур назар ташлади:
–Бу амалдоринг билан қалай гаплашдим?..
Биз индамадик. Сувга тушган мушукдай шумшайиб турганимизни кўриб, ишни бузиб қўйганини англагандай бўлди.
–Нима, кино битта Убайнинг қўлидами? – деди ўзини оқлагандай бўлиб. – Ана, катта кинонинг эгаси Абдулаҳад бор, Малик бор…
Табиийки, ўша замондаги кино министри Абдулаҳад Абдуллаевга ҳам, киночилар уюшмасининг раиси Малик Қаюмовга ҳам ялиниб бормади. Биз ҳам ортиқ қисталанг қилиб ўтирмадик.
Орқаваротдан, Шукур Бурҳон палон шогирдига ижроқўмдан уй гаплашиб берибди, писмадон шогирдига матлуботдан мошина гаплашиб берибди, деган узунқулоқ овозалар қулоққа чалиниб қоларди. Лекин у холисона ёрдам берган одамлар бор–йўғи палон ва писмадон эди. Шукур Бурҳон эса – Шукур Бурҳон. Чаласавод, тўпори, нозиктаъб, боладай содда, даллолдай қув, буюклигидан масрур ва… ўта мағрур Шукур Бурҳон.
Эсда қолган яна бир нарсаки, шоирлардан марҳум Шайхзодани кўп эсларди. Яшин домла, Назир Сафаров, Малик Қаюмов… буларни кўпроқ тенгқур кўриб гапирарди. Иззат кўрган чоғи, Шароф Рашидовни беҳад ҳурмат қиларди. Ўзига тенгдош актёрларни тилга олмасди ҳисоб. Ошкора ёмон кўргани Наби Раҳимов эди. Айтишларича, қайсидир устоз режиссёр театрдан кетган куни Наби Раҳимов унинг суратини девордан юлиб, оёқлари остига ташлаб роса тепган экан.
–Ман – Улуғбек султон, ҳаммадан хиёнат топиб салтанатим Самарқанддан чиқиб кетвопман, – дея ҳикоя қиларди Шукур ака. – Билсанг, кинонинг шунақа жойи бор. Бобо Кайфий дегани отимнинг узангисига ёпишволиб, ман билан видо қилади… Видо қиладиган ким, биласанми? Наби! Улуғбек султон – ман, Бобо Кайфий – Наби. Пастга қарасам, тиржайганча жиловга ёпишиб турибди. Йў–ўғ, чидолмадим, манинг Ватандан бадарға бўлганим – бунинг байрами–ку, дедим, бунингни йўқот, деб айтдим, умуман кўзимга кўринмасин!!.
Толстойнинг “Тирик мурда” асарида бош ролни ўйнаган яна бир актёрни ҳам жини суймасди.
–Турган–битгани қалбаки! Протасов эмиш! – дерди Шукур ака фиғони чиқиб. – Унинг нимаси Протасов? Ошга тўйиб чойхонадан чиққан мечкайнинг ўзи–ку? Дард қани, исён қани?! Толстой аҳмақ бўлмагандир, Протасовнинг турган–битгани протест эмасми?
Шу жойда Шукур Бурҳон бизга синовчан бир қараб оларди, сўнг бошмолдоғини лабига суртиб, оппоқ дастурхонга бураброқ босарди:
–Билсанг, буларинг Ялангтўшнинг битта имзосига ҳам арзимайди!
Бугунги ёш авлод Юсуф Ялангтўш кимлигини билмайди. Бугун – шўролар даврида суратга олинган фильмларнинг кўпи ясоқ. На фақат чалаболшавой Ялангтўш, балки Шукур Бурҳон ўйнаган Мирзо Улуғбек ҳам қайта кўрсатилмайди. Кўрсатилса зиён қилмасди. Жуда бўлмаганда, кино намойиши олдидан янги замон мафкураси вакили чиқиб, эй илғор ватандошлар, бу кинолар эски замонда суратга олинган, табиийки, эски мафкурага хизмат қилган, лекин биз – янги замон одамлари, андак кенглик қилиб, эски киноларда олға сурилмиш зарарли ғояларга чалғимасдан, бугун байроқ этиб кўтарилмиш буюк келажакка ва одил ҳукуматимиз мисли кўрилмаган жасорат билан қўллаб кўраётган рангбаранг ва беҳисоб ислоҳларга содиқ қолган ҳолда, ўтмишда яшаган буюк актёрларимизнинг ўйин маҳоратини томоша қилайлик, деб айтса олам гулистон эди.
Мумтоз киномиз дурдонаси ҳисобланмиш “Тоҳир ва Зуҳра” киноси аҳён–аҳёнда экранда кўриниб қолади. Очиғи, бу кино менга ёқмайди. Зуҳранинг чиройига чидаса бўлади, лекин Тоҳир дегани ҳам шу қадар силлиқ, шу қадар хотинчалишки, улар кўринган саҳналарда телевизорни ўчириб қўйгинг келади. Бу кинода учта тирик одам бор, бири – Асад Исмат ўйнаган золим пошшо, ккинчиси – Обид Жалил ўйнаган вазир, яна бири – Қоработир. Шукур Бурҳон ўйнаган баттол Қоработир.
Бугун Шукур Бурҳоннинг Эдипшоҳи ҳам ясоқ. Албатта, Софоклнинг манфур шўролар тузумига алоқаси йўқ, лекин, бари бир, мурғак авлод вакиллари унинг машҳур қаҳрамони – манглайига туққан онаси хотин этиб ёзилмиш пошшонинг мустақил миллатимиз табиатига мутлақо ёт тақдиридан хабар топмагани маъқул кўринади.
Тўғри, бугун нафақат Эдипшоҳ, Отелло ҳам кўрсатилмайди. Лекин бунга рашкчи Отелло билан бегуноҳ Дездемона эмас, балки уларни ўйнаган Аброр Ҳидоятов билан Сора Эшонтўраева айбдор. Аниқроғи – уларнинг саркашроқ неваралари туфайли икки буюк актёрни меҳримиздан мосуво қилганмиз.
Албатта, бу замзамалар ошиқча эканини ўзим ҳам сезаман. Буюк Николай Гогол билиб айтганидек, “Биринчидан, Ватан учун мутлақо фойдаси йўқ, иккинчидан… иккинчидан ҳам ҳеч қандай фойдаси йўқ”.
Дарвоқе, Шукур Бурҳон Отеллони ёддан биларди. Умр бўйи Отеллони ўйнашни орзу қилган, лекин ўйнамаган. Устози Аброр Ҳидоятовнинг юзидан ўтолмаган. Садоқатли шогирди Эркин Комилнинг гувоҳлик беришича, Шукур ака кейинроқ, Аброр Ҳидоятовнинг қазосидан анча кейин, Отеллони жиддий машқ қилиб кўрган, аммо, бари бир, журъати етмаган. “Аброр акадан ўтказиб ўйнаш қийин”, дея тан олган экан раҳматли.

bbc.co.uk

Тавсия этинг:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Мой Мир
  • Facebook
  • Twitter
  • LiveJournal
  • В закладки Google
  • Blogger
  • email
  • Live
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
Бу матн изоҳларига RSS обуна бўлинг

8 изоҳ

  1. Aynan shu shaxs ya’ni kattaqo’rg’onlik bu tojik Muhammad Solihni olabo’ji qilib ko’rsatish kompaniyasiga nafaqat aralashmagan, balki uning ijodkorlaridan biri bo’ladi. President apparatida ishlab o’trigan vaqtda sanoqsiz yig’ilishlar qilgan va o’z shogirdlari, jumladan sobiq radio boshlig’i Faxriddin Nizomiddinov, bilan birga Muhammad Solihning nomini Muhammad Solih sifatida O’zbekiston tarixidan o’chirib uni xalqqa Salay Madaminov va terrorchi sifatida taqdim qilish g’oyasining muallifi va ushbu ishi uchun Karimov nazariga tushgan edi. Shaxsan Karimov bu nusxani yoniga olib, unga amal berdi va bu shaxs oninda Muhammad Solihni sotdi. Karimov buning amalparast va pul, boylik va amal uchun onasini ham sotadigan shaxs ekanligini yaxshi bilgani uchun Muhammad Solih bilan muzokara boshlash, to’g’rirog’i uni Karimovga taslim bo’lishga chorlagan delegatsiyaga shaxsan Karimov topshirig’i bilan boshliq bo’lib America Qo’shma Shtatlariga keldi. Bu vazifani uddalay olmaganidan so’ng, Karimov uni ichki ishlarda ishlatiladigan rezinka kabi chetga uloqtirib Yubordi. Siz do’stim Xalqchi, bilib bilmay moderatorlik qilmasangiz yaxshi bo’lardi. Aks holda shu muqaddas Ramazon oyida dillarni xira qilgan bo’lamiz.

    Sizning bu shaxs Muhammad Solihga hech qachon do’stligini yashirmagan degan gapingizga shunday javob berardim, Agar bunday do’sting bo’lsa, senga hech dushmanning keragi yo’q.

    Muhammad Solih ham bu nusxaning BBCmi yoki Ozodlikka bergan bir intervyusida men Muhammad Solihni do’stim emas, demaganman degan so’zini inobatga olib darrov uni kechirsa, unda bilmadim.

    Ammo biz turk-mo’gullarda bir go’zal ota so’zi bor «Xiyonat kechirilishi mumkin, ammo unutilmaydi».

    • Мана шу изохнинг урни алмашиб кетибди, бу, аслида, Temuchin
      14/07/2013 — 16:41 га ёзилган эди.

      халкчи
      16/07/2013 — 09:23

      Менинг бунака тафсилотлардан хабарим йук, балки, шундайдир. Аммо Мурод Мухаммад Дост тожик эмас, туркман, унинг хакикий исми Гулмурод, бу туркманча исм. Кейин: «биз турк- мугул» эмас,» турк» десангиз, тугрирок буларди.

      • Mayli siz o’zingiz aytganingizdek «turk» bo’laqoling ammo biz o’zimizni «turk-mo’g’ul» deymiz. Zotan, o’zini sof turk o’g’li deb hisoblagan Amir Temurbek hazratlari ham har gapning birida «biz turk-mo’g’ulda» degan kalimani juda ko’p ishlatgan. Masala bunda emas asli, Murod Muhammad do’st degan tumtaraqay nomni o’ziga yopishtirib olgan bu odam o’zining eng yaqin «do’sti»ga xiyonat qilgan. Endi bu ikki iddaoning qay biri to’g’ri ekanligiga javobni Muhammad Solihdan eshitish kerak bo’ladi. Agar Muhammad Solih haqiqatni aytaman ro’yi rost desa, unda men aminmanki, tarozu kamina tarafiga tosh bosadi.

        Karimovning kuchli taktik ekanligi uning kutilmagan o’yinlar olib borish qobiliyatidadir. Bu aslo Karimovga yaltoqlanish sifatida qabul qilinmasligi lozim. Karimov avval Muhammad Solih atrofida bo’lganlarni, Muhammad Do’st, Ahmad A’zam va shu kabilarni amal berib sotib oldi. Keyin esa hammasini birma-bir bo’yniga «uch harf» ekanligini qo’ydi va har birini o’z Haramidan uloqtirar ekan «Senlar kecha eng yaqin do’sting bo’lgan bir mard insonni men bergan amal va davlatga sotting, ertaga kafolat yoqki meni ham sotmasalaring» dedi. Bu so’z sohibi shaxsan ushbu suhbatlarda bevosita ishtirok etgan odamga tegishlidir.

        Endigi O’zbekistondagi siyosiy hayot masalasiga kelsak, hamma ish 2008 yilda bir baqiroq qochoqning aytgan gaplari bo’yicha ketmoqda. O’sha yili adashmasam bu baqiroq qochoq Ozodlik radiosidan turib «2002 yildan beri O’zbekistonda Gulnora Karimovani president qilish ishlari boshlangan. Karimovning yagona me’rosxo’ri bu uning qizi» degan edi. Afsuski hamma bu gaplarning ustidan kulgan va e’tibor berilmagan edi. Fransiyada o’tirib olib o’zining juda muhim siyosatchi ekanligini ko’z-ko’z qiladigan janob Rabbimov esa «Gulnora Karimova xalqaro miqyosda kar’era qilmoqda, u president bo’lmaydi, president bo’ladigan odam mamlakat ichida siyosat bilan shug’ullanadi» deya bashorat bergandi. Ammo bugun vaqt shuni ko’rsatdiki, Gulnora Karimova barcha diplomatik lavozimlarini ahamiyatsiz deya, O’zbekistonga qaytdi va presidentlik kursisini olish yo’lida hali 2002 yildayoq ishlab chiqilgan reja asosida harakat qilmoqda.

        Muhammad Solihga nisbatan Karimov rejimining siyosati mutlaqo o’zgarmadi, aksincha, yanada qattollashdi. Karimov eski taktikasini ishga solish maqsadida yana avvalgi gumashtalari Muhammad Do’st shu kabilarni Ozodlik, BBC va boshqa OAVlarga chiqib Muhammad Solih haqida gapirishiga izn berdi. Bu hali Muhammad Solihga qarshi boshlangan kompaniyaning debochasidir.

        Toki Muhammad Solih tirik ekan Karimov o’laolmaydi, chunki qizining hokimiyati Muhammad Solihga qarshi kurashda juda mo’rt ekanligini yaxshi biladi. Karimov tinch o’lishi mumkin qachonki Muhammad Solihni o’zidan avval qabrga tiqa olsa.

        Tinch yo’l bilan hokimiyat almashinuvi O’zbekistonda bo’lmaydi. Karimov yaratgan elita bunga yo’l qo’ymaydi. Bu elita O’zbekistonda ahvolning qanday bo’lsa shunday qolishidan juda manfaatdor. Aks holda ular ochil-dasturxondan mahrum bo’ladi.

        Karimov yaratgan rejim asosi imkoni boricha davlatni tala, eng oxirgi nuqtagacha boyliklarni o’mar va shu oxirgi nuqtaga yetib kelinganda qoch g’oyasiga asoslangan.

        Kuch ishlatar tizimlarda yoppasiga poraxo’rlik va amalni sui’istemol qilish avj olgan bo’lsada, bu tizimlarda Karimovga sadoqat bor. Bu sadoqatning o’zagi esa moddiy manfaatdorlikdir.

        Siz Xalqchi menga millati o’zbek bo’lgan bittagina bo’lsa ham rahbarni O’zbekistonda ko’rsata olasizmi? Yo’q, hokimiyat asosan tojiklar va yahudiylarning qo’lida, o’zbeklar esa paxta dalasida, quvg’inda yoki Rossiyada mardikorchilikda.

        Murod Muhammad Do’st masalasiga kelsak, u tojikdir, uning xotini ham samarqandlik tojikdir. Bir qizi ismi Zaynab Muhammad Do’st Londonda yashaydi. Otasi Karimov maddohi va o’zi ham shu otasining orqasidan Londonga kelib o’qish baxtiga muyassar bo’lgan bo’lsada, o’zini demokrat ko’rsatib, bizda dictatura, shuning uchun men mamlakatni tashlab chiqdim, deya ayuhannos qilib yuradi. Murod Muhammad Do’st oilasining tili tojik tilidir. Siz uni shunchalik yaxshi tanisangiz ana telefonni ko’taringda uning uyiga telefon qiling, shunda bemalol tojikcha hasratlashishingiz mumkin.

        Aslida bu yerda niyat va maqsad birisining oilasiga til tekkizishda emas, balki Muhammad Solihga kimning-kim ekanligiga bir oz e’tibor berishini so’rashda xolos.

        Har bir millatga uning o’z o’g’illari sohib chiqmagunicha bu millat millat bo’lmaydi.

        Biz shunday bir pallada turibmizki, har qanday gina-kudrat unitilib, bir lider atrofida birlashish va ona vatanimiz O’zbekistonda hokimiyatni noqonuniy tarzda bosib olgan tojik-yahud ittifoqiga barham berishimiz shart. Lider bor, ammo birlik yo’q. Chunki hamma hammadan shubha etadi. Shubha etilgan insonning ko’ziga qarab turib, nima bo’ldi, nega bunday bo’ldi, deya o’zidan so’ralmaydi.

  2. Сунгги й илларда шу сахифада укилган маколалар ичида энг сараси булибди. Мен Шукур Бурхоновни «Киёмат карз» ни примерасини курганман. Минг афсуслар булсинки, бизнинг (Узбекларнинг) актиёрлари хам кичкиналашиб кетди. Мен президентга «Сенинг Узбек халкида нима учун шунчалик касдинг бор эди» — деб сураган булар эдим.

    • Русларда «дидни мухокама килишмайди», деган гап бор. Сиз хам бу сахифада дидингизга мос нимадир топганингиз яхши булибди.

    • Mening bunaqa tafsilotlardan xabarim yoq, balki, sjundaydir. Ammo Murod Muhammad Dost tojik emas, turkman, uning haqiqiy ismi Gulmurod, bu tpm turkmancha ism. Keyin «biz mugul»emas,» turk» desangiz, tugriroq bulafi.

  3. Ba’zan Muhammad Solihga hayron qolaman. Ahir shu maraz uni ilk sotganlardan ediku, SNB bilan hamkorlik qilib Karimovni nog’orasiga o’ynagan. O’zbekistonda yillarcha Solihni olabo’ji qilgan ideologik kompaniyaga boshchilik qilgan edi. Bugun esa Solih uni yana saytining to’riga chiqarib qo’yibdi.

    • Мурод Мухаммад Дуст хеч качон Мухаммад Солих билан дуст эканлигини бекитмаган, Каримовга хизмат килгани тугри, аммо у ердан туриб, Мухаммад Солихни олабужи килиб курсатиш кампаниясига бошчилик килди, деган гапингиз тугри эмас. У бундай кампанияга аралашмаган.

Изоҳ қолдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

*
*