Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

ЎЛИМНИНГ ВАСФИ

ЎЛИМНИНГ ВАСФИ
22 Kasım 2013 - 10:21 'да юкланди ва 654 марта ўқилди.

hay

Шохлар ўз тахтидан тушганин кўрдик,

Харобага дўнмиш боғлар ҳам сўлим.

Охири барчамиз хулоса қилдик:

«Энг катта мавъиза аслида ўлим!».

У устун бўларкан, енгилмас экан,

Истаган пайтида буюрар ташриф.

Фақат ўлиб кетган инсонларгина

Унга айтолурлар холис бир таъриф.

Бу таъриф шундайки, унда йўқ алдов,

У бировга келмас икки букилиб.

Ўлим дунёдаги энг ноқулай ёв,

У уруш очмагай вақт эълон қилиб.
Қуръонда таърифи келганидек, у

Фақат олдимиздан қарши чиқаркан.

Дунёнинг юз карра чемпионин ҳам

Оддий бир зарб билан ерга йиқаркан.

Ўлимни ўлдириб бўлмас ёронлар,

У бизга тегишли бўлмаган олам.

Индамай бош эгмиш соҳибқиронлар,

Биз билмас тезликда ўлим келган дам.

Ўлим келганида қолмай биттамиз,

Ҳаммаси йўқ бўлди ғаниматларнинг.

Ўлим шарбатини тотмоғлигимиз

Ҳақиқатроғидир ҳақиқатларнинг.

Ўлим бир куларкан, бир йиғлар экан,

Мўмин ҳузурида кўзида кулгу.

Бақиртириб жонни суғурганида

Кофир юзларидан сапчийди қайғу…

Одам Ато тушган даврдан буён

Ўлим савдосига изн берилган.

Қандай мавқеларда яшамасинлар,

Барчаси қабрга бир-бир терилган.

Аллоҳ элчилари ўлдилар, шунинг

Ўзи етарли бир ҳикматдир бизга.

Кунига қабрга кираётганлар

Энг катта маъруза, ибратдир бизга.

Агар биз ўлимдан ибрат ололсак,

Бошқа бир даъватнинг бўлмас кераги.

Ўлимдан насиҳат олмаганидан

Тўхтаса яхшидир инсон юраги…

Хайрулло Ҳамидов

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар