Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Назарбоев Авросиё иқтисодий иттифоқини сиёсийлаштиришга қарши чиқди

Назарбоев Авросиё иқтисодий иттифоқини сиёсийлаштиришга қарши чиқди
24 Aralık 2013 - 22:14 'да юкланди ва 560 марта ўқилди.
130530125350_cisleaders_304x171_rianovosti
Москва Украинанинг ҳам иттифоққа қўшилишига умид қилмоқда. Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Россия ва Беларус билан биргаликда ташкил этилаётган Авросиё иқтисодий иттифоқини сиёсийлаштиришга қарши чиққан.

Жаноб Назарбоев бу ҳақда сешанба куни Москвада, уч давлат ўртасидаги Божхона иттифоқининг юқори органи бўлган Олий Авросиё иқтисодий кенгашида гапирган. Қозоғистон раҳбарига кўра, ҳозирги босқичда гап фақат иқтисодий бирлик тузиш ҳақида бормоқда ва шунинг учун ҳам унга “иқтисодий интеграция доирасидан ташқаридаги ҳолатларни киритиш” керакмас.

“Келинглар, аввал иқтисодий иттифоқни тузайлик, ҳамма нарсанинг ўз вақти бор”, – деб айтган у.

Жаноб Назарбоев шунингдек, Олий кенгашга аъзо давлатлар учун мажбурий бўлган миллатларусти ваколатлар беришга қарши эканини билдирган.

Унга кўра, иқтисодий иттифоқ тўғрисидаги битим аъзо давлатларнинг бошқа давлат ва ташкилотлар билан алоқаларига халақит бермаслиги керак.

“Россия, Беларус ва Қозоғистоннинг сиёсий суверенитети бузилмас бўлиши керак”, деб айтган Қозоғистон раҳбари Кремлнинг расмий веб саҳифасида эълон қилинган нутқида.

Аввалроқ қозоқ парламенти иттифоқ доирасида умумий парламент тузиш ғоясига қарши чиққан эди.

Авросиё иқтисодий иттифоқини Россия, Белорус ва Қозоғистоннинг мавжуд интеграцион бирлиги асосида тузиш кўзда тутилган.

Бу уч давлат Божхона иттифоқи ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасида ҳамкорлик қилиб келадилар.

Тегишли битимнинг имзоланиши 2014 йилга мўлжалланган.

Устивор вазифа

2011 йилда Кремлга қайтган Президент Путин Авросиё иттифоқини янги президентлик муддатининг устивор вазифаси, деб эълон қилган.

Кузатувчилар жаноб Путиннинг ташаббусини собиқ совет ҳудудида Россиянинг аввалги таъсирини қайта тиклаш уринишлари билан изоҳлашади.

Ўзбекистон биринчилардан бўлиб бу ғояни рад этган.

Президент Каримов собиқ Совет Иттифоқининг қулашини “табиий ва қонуний жараён” деб атаган.

У интеграция ғоялари тобора сиёсий тус олаётганини урғулаб, уларга эҳтиёткорлик билан ёндошишга чақирган.

Авросиё иттифоқини қўллаб-қувватлаган ва ушбу ғоя муаллифи Президент Назарбоев эканини айтган Қозоғистон ҳам кейинроқ сиёсий бирлик ғоясига қарши чиққан.

Шу йил бошида Остонада хорижий дипломатлар қаршисида гапирган жаноб Назарбоев Авросиё минтақасидаги интеграция жараёнлари собиқ иттифоқни қайта тирилтиришни назарда тутмаслигини урғулаган.

“Шахсан менинг ташаббусим билан амалга оширилаётган Авросиё интеграцияси ҳеч қачон қандайдир сиёсий иттифоқлар, айниқса, аллақачон ҳамманинг эсидан чиқиб кетган собиқ Советлар Иттифоқини қайта тиклашга қаратилмайди”, – деб айтган Президент Назарбоев.

Янги аъзолар

Москва ўзи етакчилигидаги иттифоққа Украинанинг ҳам қўшилишига умид қилаётгани айтилади.

Президент Януковичнинг Божхона иттифоқига қўшилиш ҳаракатлари Киевда унинг ҳукуматига қарши ҳануз давом этаётган оммавий норозиликларга сабаб бўлган.

Сешанба куни уч давлат раҳбарлари яна бир собиқ совет давлати-Арманистоннинг аъзолигига йўл очувчи “йўл харитаси” борасида келишганлар.

Жаноб Путин шунингдек, Қирғизистоннинг ҳам иттифоққа аъзолик юзасидан дастлабки музокараларни бошлаганини маълум қилган.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2013/12/131224_cy_nazarbayev_union.shtml

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар