Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

ТИЛАК

ТИЛАК
20 Ocak 2014 - 11:21 'да юкланди ва 634 марта ўқилди.

images (1)

Англадим оддий бир ҳақиқатни мен
Шу оддий ҳақиқат остида ўсдим.
Не десангиз денг садоқатни чин,
Иймонни илиндим сизга, эй дўстим!

Оила муқаддас даргоҳ ҳар маҳал,
Ҳар қандай ҳолатда сизга бор дахлим!
Дунё таомини тутишдан аввал
Иймонни илиндим сизга, эй аҳлим!

Қалбим аламзада фитна дунёдан
Одамлар бир-бирин қутлаган замон.
Лаззатлироқ бўлмиш ширин ҳалводан
Иймонни илиндим сизга отажон!

Сарҳил либослардан тоғликлар ясаб
Акалик меҳрини кўз-кўзэтмиш жон.
Тақво-ю ҳаёдан дастурхон тузаб,
Иймонни илиндим сизга сингилжон!

Укалик меҳрини намойиш этган
Жонлар бошларини тутмиш ҳар қачон.
Мен эса ҳамманинг ёдидан кетган
Иймонни илиндим сизга акажон!

«Тоға-пир!» деганди қайси бир оқил,
Пирлик мақомингиз ўтайман қачон?
Мурид совғасини айлангиз қабул-
Иймонни илиндим сизга тоғажон!

Онамнинг синглиси – қалбим сурати,
Турфа либосларнинг ўрнига бу он
Муҳтарам волидам иси ҳурмати
Иймонни илиндим сизга холажон.

Искандар мисоли кимдир дунёни
Пойига тўлдирмиш жаннатим дебон,
Мен оддий фарзандман, эслаб Худони
Иймонни илиндим сизга онажон.

Онажон, отажон, синглим, тушунинг
Сизга бу дунёда келар тилингим,
Абадий дунёнинг саодати деб
Бошқа ҳеч нарсани йўқдир илингим…

… Балки бу сиз учун катта совғамас,
Балки кулгингизга сабабдир туҳфам?!
Аммо шуни билинг, иймонсиз олам
Ҳеч қачон очилмас, абадий қафас.

Унда на ҳаво бор ва на бир тешик
Гўзалликдан баҳра олмоқчиларга,
Тарози шу қадар ишларки аниқ
Гуноҳин ўзгага солмоқчиларга.

Қийноқлар тинмасдан, қалблар безовта
Таналар бир эриб, қайта тиклангай.
Дунёнинг жамики чиройи соҳта,
Алар жаҳаннамда босиб юклангай…

Иймонсиз дунёнинг лаззати недир,
Исломсиз ҳаётнинг маъни не асли?
Ушбу саволимга жавоб биттадир
Бу дунё аслида ёлғонлар фасли!

Кейинги ҳаётда имкон берилмас,
Кейинги умрнинг синови йўқдир.
Иймон билан ўлган пушаймон бўлмас,
Унинг бу дунёда армони йўқдир…

Шу боис иймондан илинжим ўзга,
Бошқа бир туҳфам ҳам йўқдир, жонларим!
Сиз мени қанчалар севсангиз, шунча
Иймонни улашдим, қадрдонларим!.

Ҳайрулло Ҳамидов

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 2 Yorum )

  • Илхак ;

    нима учун бу юртда тугри сузинг учун хакикат учун камашади.ахир Хайруллаям халкни халолликка ундагани учун жабр чекмокдаку.

    21/01/2014 22:35
  • Erkin ;

    Alloh sabr bersin, zanjirlar tez kunlarda uzilishini tilab qolaman.

    20/01/2014 21:01