Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (2)

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (2)
12 Şubat 2014 - 13:57 'да юкланди ва 704 марта ўқилди.

evril turon bu tog`lar(давоми)

Полвон тегирмон рўпарасидаги чағир тош орасидан ўсиб чиққан, икки қулоч етмас танаси дам пастга, дам юқорига, дам ўнгга, дам чапга буралиб-буралиб кетган тут тагига етгач, беихтиёр тўхтади. Тегирмондан чол чиқди. Унинг қалин қош- қовоғи, сийрак киприклари, чўзиқ юзи ва соқол-мўйловига ун гардлари ўтириб қолган. У Раҳмат полвонга сирли қаради.
Полвон унга:
– Қимизингдан олиб чиқ, ҳўкиз,— деди.
– Айрон ичсанг тешиб чиқадими, махлуқ?
– Тешиб чиқади.
Кулишишди.
У тош зинапоядан тегирмон тагига тушиб, зиҳларига қадар сувга ботириб қўйилган иккита қовоқдан бирини олиб чиқди ва уни полвонга узатди:
– Ма, заҳарингга ич.
Раҳмат полвон болта билан аррани тегирмон томига қўйди. Сўнг айлана четли, қорни безакли, нимқизил қовоқни олди ва: Миннат қилмай ўл,— дея қорамтир тошга ўтирди,— кел, бирга ичамиз.
– Эҳтиёт бўл, тешиб юборади.
– Ўтириб кўрганга ўхшайсан, ҳўкиз.
– Ҳо-ҳо-ҳо. – Ҳо-ҳо-ҳо!
Гўдакликдан тепишиб ўсган бу икки киши кайфиятлари яхши кезлардагииа шу тарзда гаплашар ва шундай онларда бир-бирларига нечоғлик яширин меҳр қўйганликлари бўртиб кўринар эди. Аслида улар тунд, камгап, қаҳрлари қаттиқ, аммо ҳалол кишилар эди.
– Коса олиб кел.
– Шундоқ ичаверамиз.
– Молмизми?
– Баттармиз.
– Олиб кел.
Тегирмончи тегирмондан қора зирк суратлари солинган иккита чинни коса олиб чиқди-да, уларни сой сувига чайиб келди. Полвон қовоқни чайқатиб-чайқатиб, косаларга қимиз қуйди. Тегирмончи кайфи чоғ онларда қимиз ичишдан олдин айтадиган қадим турк қўшиғини бошлаб юборди:

Шамол шамолни тебратар,
                                                        Шамол ҳавони тебратар,
                                                        Ҳаво булутни тебратар,
                                                        Булут ёмғирни тебратар,
                                                        Ёмғир тупроқни тебратар,
                                                        Тупроқ майсани тебратар,
                                                        Майса бияни тебратар,
                                                        Бия қимизни тебратар,
                                                        Йигит сулувни тебратар,
                                                        Сулув бешикни тебратар,
                                                        Бешик болани тебратар,
                                                        Бола дунёни тебратар…

– Сен ҳўкиз қариганингдаям қуйилмадинг, қуйилмадинг-да.
– Кўнгил хушликка айтдим-да, маҳлуқ.
Ютоқиб қимиз ичишди.
– Ўзингам ўлиб турган экансан, ҳўкиз.
– Сен махлуқни кута-кута чўллаб қолдим,— тан олди тегирмончи.
– Эй, анави отлиқ ким? — Сой ёқалаган сўқмоққа ишора қилди.
Полвон қайрилиб қаради. Кейин ўша заҳоти тегирмончига ўгирилди.
– Кўзми, пўстакнинг тешигими, ҳўкиз?— деди, у… — Йўқ, ўзинг топ: Каттабоғда қўли орқаси билан олдига етмайдиган қорни катта ким?
-Қози.
– Топдинг.
– Ўббо, баччаталоқ. номаврид келаётир. Беш-олти қоп буғдойи бор, ун қилиб бер дейди, навбат етмаётир. He қилай?
– Шохи йўқ, эл қатори тортиб бер.
– Ўғлини уйлантирармиш.
– Барибир. .
Қора тўриқ от сой кечиб ўта бошлади. У сой ўртасига ет- ганда икки орқа оёғини йириб, билинар-билинмас пасай- ди… Сўнг сув ича бошлади. У ўрта бел, кенг кўкрак, серёл бўлиб, кўринишдан бақувват эди. Шунга қарамай, у юкнинг оғирлигидан майишиб турибди.

Қози салом берди. Унинг товушини сой шовқини ютиб юборди. Лекин тегирмончи билан полвон буни унинг савсарранг саллали боши қимирлагани, катта оғзи очилиб-юмилга- ни, кенг жағли юмалоқ юзи ҳамда қўй кўзлари жонланганидан сезишди: бош ирғаб, алик олишди.

У отининг сув ичиб бўлган ё бўлмаганлигини билолмай ҳижолатда эди. Энгашиб қарашга бўғча қорни билан куви бўйни имкон бермасди. Охири у:
– Қудрат оға, отим сув ичиб бўлдими?— деб қичқирди.
– Йўқ!— бақирди тегирмончи.
– Ростини айтсанг ўласанми, ҳўкиз,— деди полвон.
– Жим ўтир, махлуқ. Бу ҳайвонни гартак(21) томоша қилай.
– Отга ачин.
– Жин урмайди, сув ёқаётир, тек турибди. Уларнинг шивир-шивиридан қози хавотирланди, жиловни тортди: «Чу!..» От кенг ёйилиб оқаётган сувни секин кечиб ўтди. Қози пишиллаб, ҳарсиллаб, қийналиб арғумоқдан туш- ди ва уни қирғоқдаги оқ теракка боғлади. Сўнг сойда қўлини ювди, занг рангли камзулининг ўнг чўнтагидан рўмолча олиб артди. Кейин йирик гавдасига зид майда қадамлар ташлаб те- гирмончи билан полвоннинг олдига борди. Икки дўст ўзбек расмига кўра ўринларидан туриб, у билан кўришишди.
Тегирмончи тегирмонидан яна бир коса олиб чиқди ва уча- ла косага тўлдириб-тўлдириб қимиз қуйди. Ичдилар. – Хўш, қози, айтадиганингни айт,—деди тегирмончи. Мансаб-мартабаларидан қатъи назар каттабоғликлар ўзларидан бир ёш кичик бўлса ҳам сенлаб гаплашишарди. Қози эса тегирмончидан ўн бир ёш кичик.
– Ўғлимни уйлантираётирман. Ун зарул бўлиб қолди.
– Кеча гапимни топуғчи(22)нгга айтувдим.
– Қудамиз билан ваъдалашиб қўйивидик-да, оға.
– Қуданг билан сени деб элни оч қўймайман. Навбат билан оласан.
Қозининг чўтир юзи оқариб кетди. Аммо, индамади. Қози: «Шу баттол билан тенг бўлиб ўтираманми?!» – деб ўйлади. Шунингдек, у ўзининг ноҳақлигини ҳам ҳис этди. У ўз ҳурматини биладиган, тўғриликка тан берадиган, ўз зиёнига бўлса ҳам тан берадиган киши эди.
– Майли,— деди у тегирмончига,— эл қатори олармиз. Хайр.
– Хайр.
– Қози кетди.
Тут тагида бир сассиқпопишак: «кук-кук…», «кук-кук…», деб қичқира бошлади. Бу — икки эшга «тут пиш…», «тут пиш…» деяётгандек туюлди. Тут ҳали куртакламаган ҳам эди.
Полвон ўрнидан турди. Томдан болта билан аррани олди ва уйига жўнади. Тегирмончи уни тўхтатди.
– Раҳмат, бир куни кампирим шу баччаталоқнинг сулув қизи бор девиди. Ростми шу? — Билса ҳам атайлаб сўради у.
– Рост,—полвон қимиз уйқусини келтираётган бўлса ҳам сергак тортди. У қозининг гўзал қизини ўз кўзи билан кўрган эди. Каттабоғлик хотин-қизлар азалдан юзларини очиб юрадилар-да.
– Қози бадбашара-ку, қизи қаёқдан сулув бўлсин?
– Ахлатда ҳам чиройли гул ўсади,—изоҳ берди полвон,— қолаверса, қози сен айтгандек хунук эмас. Унинг ҳуснини се- мизлиги бузиб турибди.

Полвон чангакдек қаттиқ ўнг қўли билан чуқурчаси бор бақувват иягини сиқди. У шу алфозда бироз ўйланиб тургач, гапида давом этди:
– Ўзинг ҳам хунукликда ундан қолишмайсан.
– Мени кимга тенглаштираётирсан, Раҳмат?!— У дўстидан ранжиган онларда «Махлуқ» демай, унинг асл отини айтар- ди,— шуни бил: эркак деганнинг башараси меникидек бўлади. – Тўғри, лекин мен турқинг бўжур тошга ўхшаса ҳам, ўғлинг Мирзабек кўркам йигит демоқчиман.
– У онасига тортган,— негадир тегирмончи қизарди.
— Қозининг қизи-чи? Унинг онаси ҳам сулув. Бунинг устига тоза хотин.
– Эшитганман. Қизининг феъли қандоқ экан?
– Одобли эмиш. Хотиним айтувди. Рўзғор ишларини ҳам гулдай тоза қиларкан. Ўзи менинг хотинимдек кўп байтларни ёд биларкан, кўп ўқиркан… Э, тўхта, калламни ачитиб, нега мунча суриштираётирсан?
– Ке, қўй, сендан яшириб нима қилдим? Унга кампиримнинг меҳри тушган.
– Ўғлингни-чи? — негадир унинг гапини бўлиб сўради полвон.
– Билмадим. Ҳар қалай у онасига бир нима деганми дей- ман. Лекин мен амалдор билан қуда бўлишдан қўрқаман. Қолаверса, кўп ўқийдиган аёлни жиним суймайди. Кўп ўқиш хотин зотини бузади.
– Ҳимм…—Раҳмат полвон ўйланиб қолди. У Бухоро шаҳридаги «Хўжа Порсо» мадрасасида ўқиётган Мирзабекни ўз ўғли каби яхши кўрар эди. Қолавереа, Бўронбек билан Мирзабек худони ўртага қўйиб дўст тутинишганди.
– Ўғлингни кўнгли бўлса нима қилардинг?— дедни полвон бўшашиб.
– Отасининг гапини олар, ахир. Ҳалиги перс қизиниям менинг гапим учун олмаган.
– Хайр, мейли!— полвон ойболтани тут танасига урди — Тушликни бирга қиламиз. Дўлга кўпроқ буғдой сол-да, уйга чиқ.
– Бўпти, боравер.

Полвон эгри-бугри сўқмоқдан уйига ўрлай кетди. Озгина юрмай, унинг ўткир кўзи хотинига тушди. У Яшнарбулоқдан уч сопол кўза сув олиб қайтмоқда. Бошидаги кўза билан то- вонига тушган майсаранг кўйлаги, ёшлигидан одатлангани учун, унинг эркин юришига халақит бермасди. Полвон ёрдам- га ошиқмади. Каттабоғда сув ташиш, супириш, овқат тайёрлаш каби юмушларни эр қилиши уят саналарди. У хотинига нисба- тан қаттиққўл бўлса ҳам, хуши келганда унга ҳарқандай ишда кўмаклашарди. Ҳозир Раҳмат полвоннинг таъби хира тортиб, уни интиҳосиз ўй исканжага олган эди. Шу сабабли у хотинига кўмак беришни унутди.

Полвон ҳовлига хотинидан олдин чиқди. Бошидаги яшил саллани, калта оқ яктаги устидан боғланган қора каштали белбоғни ечди, уларни чинор шохига қўйди ва ариқда юви- на бошлади. Шу аснода хотини ҳам чинор остига келди: секин пасайиб, аввал қўлларидаги, сўнг бошидаги кўзаларни ерга қўйди.

Раҳмат полвон ювиниб бўлди. Хотини уй ичидан оппоқ сочиқ олиб чиқди.

Полвон озодаликни меъёридан ошиқ севадиган одам эди. Бир-икки артинган сочиғига, у қайта ювилмагунча, артинмас эди. Агар уйнинг бирор жойида гард кўрса ҳам, хотинини ури- шар, гард йўқотилмагунча овқат ҳам еёлмас, иш ҳам қилолмас эди. Унинг феълини билган хотини уйни ҳам, кийим-кеча- кларни ҳам, рўзғор буюмларини ҳам, хуллас, тирикчиликла- рида нима бўлса – ҳаммасини озода тутарди. Ўзи ҳам саран- жом-саришталикни яхши кўрадиган аёл эди. Эл уни: «Хумор йиғичи», деб атарди. У нафақат аза, балки жуда кўп маросим қўшиқларини ҳам ёд биларди.

21 Гартак – пича, жиндак.
22 Топуғчи – хизматчи.

(давоми бор) 

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Abu Salohiddin ;

    Шу китоб билан параллел махкумлар кушиги китобини хам куйиб бориш имкони йукми ? еки махкумлар кушиги деган китобни электрон манзилимга жунатиш имкони йукми ?

    13/02/2014 19:01