Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (3)

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (3)
361 views
14 February 2014 - 11:29

evril turon bu tog`lar(давоми)

– Овқат тайёрми?—сўради полвон сўрига чиқиб, тоза беқасам кўрпачага ўтиргач.
– Тайёр.
– Сузавер. Ҳозир Қудратбек ҳам чиқади.
– Хўп,—Хумор йиғичи ошхонадан йўл-йўл қизгиш терчи(23) билан кичик-кичик учта оқ-яшил сочиқ олиб чиқди; терчини хонтахтага ёзди, сочиқларни унинг уч жойига қўйди.
Сўнг у ҳовли сўнгидаги ўчоқ қошига борди: қозонда шўрва мил- дираб қайнамоқда. Кичик ўчоқда чойдиш осилган. Уларнинг қаторидан яна иккита ўчоқ билан иккита тандир жой олган. Булар тўй-маъракаларга мўлжалланган. Қозон осилган ўчоқ қаршисида таппи, тарашалар тартиб билан уйиб қўйилган.

Хуморхоним ўчоқнинг ўнг супачасида, сопол лаган ичида турган, олдиндан ўзи ҳозирлаб қўйган нон билан учта ёғоч қошиқни олдида, хонтахтага қўйиб қайтди. У сопол лаганга гўшт солди, уч чинни косага шўрва қуйди; уларни бирин-кетин терчига элтди. Сўнг чинор шохига илинган: тагидан кўкиш сув чак-чак томаётган сузмахалта қаршисидаги хурмачани ечди. Икки косага қатиқ қуйди. Ҳурмачани жойига илди. Косаларни терчига келтирди. Тегирмончи ҳам куттирмай етиб келди. Учовлон гап-сўзсиз овқатланишди. Хуморхоним терчидаги нарсаларни йиғиштирдида, наъматак гулли хум чойнакда кўк чой олиб келди.

Тегирмончи мовий пиёлада мириқиб-мириқиб чой ҳўпларкан, чап қўли билан жигарранг кўйлагининг ёқа тугмасини ечди.
– Кўклам иссиқ келди,— деди у,— ёмғир ёғмаётир. Энди чўлдаги дон-дунга умид боғлаш қийин.
– Ҳали ёмғир ёғар,— Хуморхоним гапини тугатиши билан майсалар босган том бутоғига бир тўп қалдирғоч келиб қўнди.
– Қайдам,— у Оққоя учидаги қатранғига қараб бир лаҳза ўйга толди,— эндиги хотинлар ота-боболаримиздан қолган расм-русмларни қилмай қўйишди. Сенинг «йиғичи» деган номинг бор. «Сув хотин» маросимини ўтказсаларинг ўласиларми?

«Кўп ўқиш хотин зотини бузади», деган фикр полвонга оғир ботган эди. Энди бу гaп ошиб тушди-ю, у тегирмончига ўқрайиб қаради: «Дўстим бўлсанг ҳам хотинимга тил теккизма», демоқчи эди; Хуморхоним бор учун индамади. Полвон бировларга хотинини хўрлатиб қўядиган, уни бегоналар олдида изза қиладиган эркакларни ёмон кўрарди. Хуморхоним унинг авзойи бузилганини сезиб, ўзи билмаган ҳолда терчи учини ғижимлай бошлади. У эрининг райига қараб иш тутадиган, шу билан бирга баъзан унга ўз таъсирини ҳам ўтказа оладиган хотин эди… Лекин ҳозир сукут сақлади. Полвон тегирмончига:
– «Сув хотин»ни ўзингнинг аялинг ўтказсин,—деб тўнғиллади.
– Бирга-бирга ўтказишади,— деди тегирмончи унинг зардасини англамай.

Полвон индамади. Тегирмончи терчига фотиҳа ўқиб, тегирмонига кетди. Хуморхоним қозон-товоқларни ювишга киришди. Раҳмат полвон нима қиларини билмаётган одамдай ҳовлининг у ёқ, бу ёғида сандирақлаб юрди. Хуморхоним эрининг нимадандир руҳи тушганлигини сезса ҳам, унга бирор сўз айтишга ботинмади. Эркакни бўлар-бўлмасга тергайверадиган, унинг ҳар бир ишига аралашаверадиган майда, мижғов хотинлардан эмасди у. Полвоннинг ўзи эса гарчи Хуморхонимни суйиб олган бўлса ҳам, унга кўча-куйда бўлган гапларни, кўрган-кечирганларини, юрагидаги дард, алам, мақсадларини деярли айтмас, фақат у билан рўзғор хусусида уч-тўрт оғиз сўзлашар эди. Бироқ, Раҳмат полвон Хуморхонимга садоқатли эди. Ўзининг илк йигитлигини унга берган ва баъзи қулай пайтлар…га дуч келса ҳам хотинига хиёнат қилмаган эди.

У бировнинг қизига, синглисига ё хотинига кўз олалик қиладиган эркаклардан жирканар эди. Ҳалоллик, эркинлик унинг қонига гўдаклигидан сингиб кетган эди.

Хуморхоним баъзан, руҳи қаттиқ тушган пайтларда эрининг кам сўзлигидан зорланарди.

Бундай онларда полвон: «Ўчир» деб. ўшқириб берарди. Бундан Хуморхонимнинг хўрлиги келар, кўзи ёшланар, аммо тўлиб турган ўпкасини аччиқ йиги ё аччиқ сўз билан бўшатишга ҳайиқар ва анча-анчагача жимгина мунғайиб ўтирар эди. Шунда полвоннинг унга раҳми келар, меҳри ияр, лекин «Хотинга сир бериш, эркакка ярашмайди», деб ўйлаб, қовоғини баттар уяр, ўрнидан турар ва ишга шўнгиб кетар эди.

Раҳмат полвон ҳовлида яна бир-икки айландида, жар томон юрди. Ҳар кунги одатига кўра у асалариларидан хабар олиши, сўнг ўтлоқдаги бияларини суғориши лозим эди.
Жарга етай деганда, у бехосдан тоғ ёнбағрйдаги ёлғизоёқ йўлда набиралари — Орзугул билан Қодирбекни кўрди. Опа-ини мактабдан қайтишмоқда. Оқилбек бу икки фарзандини ота-онасига берган; ўзи оиласи билан Каттабоғ марказида — мачит билан мактаб қаршисидаги болахонали уйда яшайди. У уйи ёнидан устахона очган.

Полвон набираларини кутмади. Фақат, қачонлардир, бир кезлари, ўзи ҳам набиралари каби мактабда, кейин Самарқанддаги мадрасада ўқиганини эслади, эслади-ю, «Умр ўтавераркан-да», деб хўрсиниб қўйди.

У жар ёқалаб юриб, асалари қутилари қўйилган жойга борди. Асаларилар ковул, қўзиқулоқ, эшакмия сингари ўт-ўланларга қўнишар, учишар, қўнишар эди.
Раҳмат полвон ҳар йили икки марта  ёз, кузда асал олади. Қишда ҳамқишлоқлари отларда, от қўшилган араваларда, туяларда Жиззах, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларга майиз, қисман ёнғоқ олиб бориб сотишса, полвон асалини арзонга бўлса ҳам уйининг ўзида олиб-сотарларга пуллайди. У бозорма- бозор санқиб юришдан уялар, қолаверса бунга номи… ҳам йўл бермас эди… .

Фақат, у бултурги ва бу йил оладиган асалини ҳеч кимга сотмайди. Полвон Уйғоқбекка шундай ваъда берган.

Унинг бошидан бир гала кўк қарға учиб ўтиб, жарга шўнғиди. Полвон сергак тортди: «Бўлди, бас,— дея қўлини силтади у,— Бўронбекнинг ҳам насибаси топилар».
Полвон қутиларни қиялаб ўтиб, ўтлоқдан чиқди. Бу ерда ёввойи йўнғичқа, улоқўт, қўнғироқгул, сариқпуфанак, газакўт, ёввойи лўвия, бўзтикон каби ўсимликлар хилма-хил рангда гуллаб ётибди. Малла бия билан оқ бия ўтлоқда бир-бирини тишлаб, ўйнашмоқда.

У тушованган бияларни ҳайдаб, жарга олиб тушди. Ўрдатош, Туятош даралари сувлари бирлашиб, жар тубида оқмоқда. Биялар мириқиб сув ичишди. Полвон бу иккала байтални ҳам бир вақтда ўзининг кўкиш ранг, туёқлари оқ-оқ дўнани билан тўқ-қизил ранг пешонаси қашқа жийронига қочиртирган. Тойчалар ҳали бир ойга ҳам тўлмаган; ёзги қўрада. Иккала учқур айғир эса тоғ ичкарисига — йилқиларга қўшиб юборилган.

Полвон бияларни ўтлоққа ҳайдаб юбориб, изига қайтди. Ҳамон унинг қош-қовоғи уйилган, юзи тунд. «Агар совчи юборишса, йўқ дейишмайди… Йўқ дейишса-чи?.. Йўқ дейишмайди… Баркамол йигит… Йўқ, ахир, у Буронбекка кўнгил қўйган-ку. У ҳолда ҳам Қудратбек уни Мирзабекка сўраштирса, биз тилимизни тишлашимиз лозим. Бўлмаса, дўстлигимиз бузилиб кетади. Қиз уларга «йўқ» десачи? Унда бошқа гaп. Йўқ бундоқда ҳам бўлмайди. Қудратбек «Бизга кўнмаган қизни атайлаб ўғлингга олиб бердинг»,— деб айтади; айтмаса ҳам ўйлайди. Уйламаса ҳам дўстлигимиз шаънига тўғри келмайди».

Унинг миясида шу гаплар тинмай айланмоқда эди. Негаки, ўтган кузда Хуморхоним: «Ўғлингизга қозининг қизи — Райҳоннинг қўнгли бор экан,— деб айтган эди,— тараддуд кўраверинг, Ўғилой»,— у эрини қизини номи билан аташга одатланганди.

Шу гап-сўздан кейин Раҳмат полвон кенжа ўғлига уй қуриш режасини тузди! «Тепага тўрт хонали уй қураман. Қаршисига қўниш(24) билан ҳаммом соламан. Ҳар бир ҳужра дарчасидан Оққоя учидағи қатранғи кўриниб туради…»

У чакалакзордан оғоч, васса, устунлар учун тераклар кесди. Эндиликда арра, ойболта, теша, ранда каби асбоб-ускуналар билан уларга сайқал бермоқда. Бугун тушгача у васса йўнди.

Мана, энди, ўртадан лоп этиб Мирзабек чиқиб турибди.

Полвон ерга қараган бўйи қаттиқ хаёл суриб келаётган бўлса ҳам, уйига етай деб қолганини англади. Бошини кўтарди. Жар яқинида Қодирбек ўтмас теша билан мўлти, ерёнғоқ ковламоқда. Полвон унинг олдига борди.
– Катта ота!— Қодирбек қувониб қаддини ростлади.
Раҳмат полвон унинг икки қўлтиғи тагидан олиб, осмонга капалакдек енгил кўтарди ва дўнг пешонасидан ўпди.
– Қани, айт: тойчоғим, бугун қайси сабоқлардан яхши билдинг?— Полвон Қодирбекнинг Бўронбекникига ўхшаш чақнаб тургувчи мардона кўзига меҳр аралаш синчковлик билан тикилди ва: «Қодирбекдан ўткир одам чиқади» , деб ўйлади. Балки бу ўй унга набирасининг зехни баландлиги, сезгирлиги, ҳар нарсага қизиқуви ва уқуви борлигидан келгандир.
– Ҳисобдан яхши билдим, катта ота,— дадил жавоб берди Қодирбек,— ҳусниҳатда муаллимимиз ҳам мақтади, ҳам койиди,— Кагтабоғликлар шевасида ҳурмат юзасидан қўшиб айтиладиган «лар» қўшимчаси ишлатилмайди.
– Нечун уришди?
– Райҳоний(25)да «Ро». «Мим», «Вов» ҳарфлари андек чўзилиб, битилади, лекин сўнггида қайрилма бўлмайди. Мен эса қайрилма бўлади, деб ўйлабман.
– Зиёни йўқ, бўтам, ҳар нечук ўрганиб олибсан, — полвон болани ерга қўйди. Кўзи довчадек-довчадек келадиган, сабзи баргли, хуш ҳидли ерёнғоқ билан узумдек-узумдек келадиган, барги ялпизникига ўхшаб кетадиган мўлтиларга тушди. У ҳар иккала тансиқ мевадан биттадан олди, қинидан пичоғини суғурдида, уларнинг ним қора пўстлоқларини арчди. У меваларни қарсиллатиб чайнаркан, Қодирбекдан сўради:
– Шу кунларда “Қуръон”нинг қайси бўлимини ёдлаётирсилар?
– Иккинчи бўлимини, катта ота.
– Унда нима ўргатилади?
– Бидон.
– Буни сен қандай тушунасан?
– Бидон — эътиқодни англаш дегани, катта ота.
– Ҳимм… яхши… мен кетдим.

Қодирбек мўъжаз халтага теша, мўлти, ерёнғоқларни солди, уни чап қўлига олди ва бобосига эргашди. Бироз юришгач, асаларизордан (полвон шундай атайди) чиқишди.

Ҳар қутида нечтадан асалари бор, катта ота?— У халтани ўнг қўлига оларкан, қизиқсиниб сўради.

Асалари ҳақида гап кетганда, Раҳмат полвон қувонади. Ҳозир ҳам унинг уйилган қовоғи ёзилиб, тунд юзи ёришди. У набирасининг елкасига оҳиста қоқаркан:
– Бир қутида бир оила асалари яшайди, бўтам,— деди, — бир оилада эса ўн минггача асалари бўлади.

Полвон танаси тик, шохлари хар ёққа тарвақайлаб кетган дўлана тагидан бир туп жумагул узиб олди. Унинг барги қалами, туксиз, гули қуйига осилган, ёйиқ, чиройли; ранги ним қизил эди. Бироқ, бу ерда неча туп жумагул бўлса, ҳаммаси ҳар хил қизил, яшил, садаф, нуқра рангларда. Қодирбек ҳам бир неча тўп жумагул узиб олди. Полвон қўлидаги гулни унга берди.
– Ҳаммасини гултувакка солиб қўй.
– Хўп, катта ота.

Чол билан набиранинг гапи уйга етгач, узилди. Қодирбек гулларни чинни гултувакка солди. Раҳмат полвон ариқда қўлини совунлаб ювди, сўри суянчиғида турган тоза сочиққа артди, калишини ечиб, маҳсичан сўрига чиқди. Хумор йиғичи билан Орзугул ўчоқ бошида куймаланишарди.
— Орзугул, қизим, менга бир коса айрон олиб кел, деди полвон.
– Хўп, катта ота…
Полвон сопол косадаги муздек айронни симириб ичгач:
– Раҳмат, қизим,— деди.
Орзугул майин жилмайиб, косани ариқда чайди. Унинг икки ўрим сочи сувга тўкилди.
– Нима қилаётирсилар, қизим?.
– Қурут.
– Ҳа.
Орзугул чинор шохидан оқ сузма халтани ечиб келиб, уни қайноқ сувли қозонга ағдарди. Ўчоқда ўтин чарс-чурслаб ёнмоқда. У сузма халтани яхшилаб ювди. Сув аралашган сузма милдираб қайнади. Орзугул қайтадан уни сузма халтага солдида, ҳалиги шохга илди. Хуморхоним уни кузатиб турди, холос.

Азалдан оналар қизларига рўзғор юмушларини жуда эрта ўргатадилар. Ўзбекда нон ёпиш, сигир соғиш, тикиш-бичиш, хилма-хил таомлар… тайёрлашни билмаслик айб саналади. Бундай қизни кўпинча эр олмайди, сулув бўлса ҳам эр олмайди. Йигит: «Хуснига нон ботириб ейманми?» деб тўнғиллайди.
– Суви сириқсин, болам,— деди Хуморхоним,— кейин қурут қилиб, томга ёйиб қўямиз.
– Хўп, катта эна.
Раҳмат полвон парёстиққа ёнбошлаганича мудрай бошлади. Ҳар куни бу вақтда чакалакзорда ишлаётган бўларди. Бугун унииг қўли ишга бормаяпти…
– Энди, қизим, Қодирбек билан сойга эниб, ялпиз териб келинглар.— Хумор йиғичи пичирлаб гапирди.— Пичак(26) қиламиз. Ҳавасак-да, болам.
– Хўп, катта эна.
Опа-ини биттадан челак олиб, сойга тушиб кетишди. Полвон пақирларнинг шақиллашидан кўзини очди. Хуморхоним унинг ёнига борди.
– Ўғилойнинг отаси,— деди тортиниб қуйидаги кўрпачага ўтиргач,— совчилар Райҳонларга тинчлик бермаётганмиш.
– Буни сенга ким айтди?
– Орзугул айтди.
– Орзугул?
– У Райҳоннинг синглиси — Қундуз билан бирга ўқийди.
– Ҳимм… Совчилар кимлар экан?
– Суриштирмадим. Бир совчини Ўроқбек оғанинг ўғлидан деб эшитдим.
– Қайси ўғлидан?
– Полвонидан, Ўнғаридан.
– Ҳимм…
– Бироқ кўнишмапти, Ўғилойнинг отаси. Райҳоннинг кўнглигаям қарашадида. Энди, кечикмасдан ўзимиз совчи юборайлик.
– Мирзабек келгунча сабр қилайлик,— деди.
– Нега?
Хуморхоним энди эрига бошқа гап таъсир этмаслигини сезиб, индамади. Полвон ўрнидан турди, арра билан ойболтани олиб, чакалакзорга кетди.

Қудратбек тегирмон олдида тиши ейилиб қолган тегирмон тошни тишламокда. У ўнг қўлидаги болға билан чап қўлидаги чўкичга тиқ-тиқ урар, тобланган пўлат чўкич тош устида бир меъёрда сакрар, тошдан ғадир-будир, майда-майда тиш чиқар эди.

Полвон унга бир қараб қўйдида, сой устига кўндаланг қўйилган йўғон-йўғон, узун-узун иккита харидан секин ўтиб, чакалакзорга кирди. Теракларнинг шапалоқдек-шапалоқдек келадиган оқимтир-кўкимтир япроқлари шитирлар, совунак, савсаргул, сирач сингари ўт-ўланларни оралаб чопаётган ирмоқчалар дилхуш шилдирар, у чечак, бу чечакка қўниб учаётган оқ, сариқ, қора, кўк, тарғил… капалагу ниначилар кўзни қувонтирарди. У шох-шабба остига қўйган теша билан рандани олиб, кун ботгунча васса йўнди. Сўнг уйига чиқди: Орзугул енгча кийган ўнг қўли билан тандирдан ялпиз сомса узмоқда. Қодирбек ҳовлига сув сепаётир. Хуморхоним сўрида ўтириб, сабзи, пиёз, шолғомларни тозалаяпти.
Ботар(27)да, Узунқўл деб аталгувчи довон учида бир юлдуз милтираб кўринди. Тоғдан аввал улоқ, қўзи, бузоқлар қайтишди. Полвон, Орзугул, Қодирбек уларни кичик қўтонга қамашди. Бузоқларни эса қозиқларга боғлашди.

23. Терчи – дастурхон.
24. Қўниш – меҳмонхона.
25. Райҳоний – чиройли ёзув усули
26. Пичак – сомса.

(давоми бор)