“Doing Business” – 2014: Ўзбекистондаги истиқболсиз хусусий тадбиркорлик таҳлили

“Doing Business” – 2014: Ўзбекистондаги истиқболсиз хусусий тадбиркорлик таҳлили
277 views
25 February 2014 - 20:14

rasm1XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб халқаро алоқалар, давлатлараро ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ташқи савдо билан боғлиқ муносабатларни мувофиқлаштиришда турли соҳаларга ихтисослашган халқаро ташкилотларнинг ўрни тобора ортиб борди. Халқаро ташкилотлар томонидан алоҳида бир давлатнинг моддий имкониятлари, табиий ва жўғрофий шароитларидан келиб чиқиб мазкур мамлакат аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, миллий иқтисодиётнинг турли тармоқларини ривожлантириш борасида ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалар алоҳида муҳим аҳамият касб этади. Чунки, ҳар бир ихтисослашган халқаро ташкилот ўз аъзолари бўлган давлатлардаги ички ривожланиш тенденцияларини кузатиб бориш билан бирга ҳар бир давлатни тегишли минтақа доирасидаги бошқа давлатлардаги ҳолат билан солиштириш имконига эга. Хусусан, бу борада бир нечта халқаро молия институтларини ўз ичига олган Жаҳон Банки гуруҳи томонидан амалга ошириладиган ва дунёнинг 189 та мамлакатидаги бизнес юритиш, яъни тадбиркорлик соҳасидаги имкониятларни таҳлил қиладиган “Doing Business” (Бизнес юритиш) таҳлилий докладлари алоҳида муҳим аҳамият касб этади. Жаҳон Банки ва Халқаро Молия Корпорациясининг бу турдаги докладлари 2003 йилнинг кузидан бошлаб чоп қилинади. 2005 йилдан бошлаб эса докладларда бизнес юритиш шароитлари ва тадбиркорлик учун яратилган қулайликлар асосида давлатлар рейтинги ҳам эълон қилина бошланди. “Doing Business” таҳлили нафақат давлатлардаги тадбиркорлик учун тўсиқ бўлувчи муаммоларни кўрсатиб беради, балки бундай тўсиқларнинг асосий сабабларини ҳам аниқлайди, уларни бартараф қилиш ва тегишли ислоҳотларни амалга ошириш борасида давлатлар учун тавсиялар ҳам ишлаб чиқади.

Шу сабабли ҳам Ўзбекистондаги бизнес юритишнинг жорий ҳолати ва муаммоларга бағишланган ушбу қиёсий таҳилимизда Жаҳон Банки ва Халқаро Молия Корпорациясининг оҳирги саккиз йил ичида чоп қилинган “Doing Business” докладлари ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги асосий манбалар сифатида фойдаланилади.

1. Бизнес юритиш қулайликлари бўйича Ўзбекистоннинг халқаро рейтинги

Йиллар мобайнида Жаҳон Банки гуруҳи томонидан чоп қилинадиган докладларда ўрин олган давлатларнинг рейтинги ва унда Ўзбекистоннинг энг оҳирги ўринларда жой эгаллаб келиши жорий ҳукуматни унчалик жиддий ташвишга солмаган. Бироқ, оҳирги йилларда мамлакатдаги ички кучлар ўртасидаги рақобатлар натижасида кўпгина йирик ҳорижий компанияларнинг Ўзбекистондаги бизнесидан маҳрум бўлиши ва бу борадаги инвестиция билан боғлиқ низолар ҳорижий инвесторларнинг Ўзбекистон борасида бироз сергак тортишларига олиб келди. Шу сабабли ҳам кейинги йилларда иқтисодиётнинг турли соҳаларига ётқизилаётган инвестициялар хусусий тадбиркорлар томонидан эмас, балки асосан кредитлар шаклида халқаро молия институтлари томонидан давлат кафолати асосида амалга оширилмоқда. Бу эса, бозор иқтисодиёти шароитида мамлакатнинг иқтисодий тараққиётига ҳамда давлатнинг халқаро майдондаги обрўйига жиддий таъсир кўрсатиши табиий. Шунга қарамасдан, Жаҳон Банки ва Халқаро Молия Корпорациясининг “Doing Business” таҳлилий докладларида берилган 189 та давлат рейтингида Ўзбекистоннинг баъзи даврлар оралиқларида бир неча поғона юқорилаганини ҳам кузатиш мумкин. (1-таблица) (“Doing Business” 2007 – 2014 // URL: http://www.doingbusiness.org/reports/global-reports/doing-business-2014 (23.02.2014)

1

Бироқ, айрим даврлардаги бироз ўсиш кўрсаткичлари эркин бизнес учун Ўзбекистондаги шароитнинг яхшилангани англатмайди. Зеро фоиз ҳисобида олиб қараганда Ўзбекистонда бирор бир маҳаллий хусусий тадбиркор ёки чет эллик инвесторнинг эркин тадбиркорлик билан шуғулланиши учун яратилган шароит рўйхатда берилган 189 та давлат етакчисига нисбатан олиб қараганда атиги 27,7 % ни ташкил қилади. Бу эса хусусий тадбиркорлик ва эркин бизнес юритиш муҳитининг абгор бир аҳволда эканлигидан далолат беради. Буни яна бир далил сифатида мазкур рўйхатда келтирилган Ўзбекистонга қўшни бўлган Марказий Осиё давлатларнинг кўрсаткичлари мисолида кўриш мумкин. Бу жиҳатдан Ўзбекистон ўз кўрсаткичлари билан Марказий Осиё давлатлари орасида охирги ўринни эгаллайди. (2-таблица) (“Doing Business 2014 / Understanding Regulations for Small and Medium-Size Enterprises. Comparing Business Regulations for Domestic Firms in 189 Economies. A co publication of the World Bank and the International Finance Corporation, 2013. p. 3)

2

Жаҳон Банки ва Халқаро Молия Корпорациясининг “Doing Business” таҳлилий докладларини тайёрлаш жараёни иккита босқичдан иборат: олдинги йилги доклад таёрланган вақтдан кейинги ўзгартиш ва қўшимчаларни инобатга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили ҳамда тадбиркорлардан олинадиган сўровнома натижалари. Доклад муаллифлари учун биринчи навбатда қонун ижодкорлиги эмас, қонуннинг амалда қўлланилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки, Ўзбекистон каби якка ҳокимликка асосланган тоталитар тузумлардаги давлатлар амалиётида тадбиркорлик учун қонунда белгиланганидан кўпроқ талаблар ўрнатилиши табиий ҳол. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва ҳукумати томонидан тадбиркорликни қўллаб қувватлашга қаратилиши айтиладиган кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши давлатнинг халқаро рейтингига деярли таъсир қилмайди. Буни 2013 йил давомида бизнес юритиш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ ислоҳотлар сонида ҳам кўриш мумкин. (3-таблица) (Doing Business 2014. Ўша жойда)

3

Ўзбекистоннинг халқаро рейтинги туфайли давлатнинг халқаро майдондаги эътибори пасайиб боришининг олдини олиш учун бошқарув элитаси жиддий ислоҳотлар ўтказиш ва қонунчилик нормаларининг амалда қўлланилишини таъминлашга эмас, балки вазиятни бироз ўзгартириш мақсадида қандайдир манипуляцияларни ўйлаб топишга ҳаракат қилишади. Чунки, ҳақиқий ислоҳотларни амалга ошириш мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқлари ва ташқи иқтисодий фаолиятни буткул назоратга олган маълум бир кичик гуруҳ манфаатларига мос келмайди. Бу эса, шахсий манфаатларнинг бутун тадбиркорлик субъектлари ва қолаверса Ўзбекистон халқи манфаатларидан устун қўйилиши сифатида баҳоланади.

2. Қонунчиликдаги ислоҳотлар номи остида бошқарув элитаси томонидан амалга ошириладиган манипуляция

Ўзбекистон қонунчилиги тизимининг каттагина қисмини айнан тадбиркорлик соҳасини тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ташкил қилади. Ушбу жуда катта ҳажмдаги қонунчилик ва қонун ости ҳужжатларини иккита гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳ, шубҳасиз норматив-ҳужжатларнинг асосий салмоғини ташкил қиладиган қисми ҳисобланиб тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишга ва бундай фаолият устидан давлат назоратини ўрнатувчи норматив-ҳужжатлардан иборат. Иккинчи гуруҳ эса номига кўра тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштиришга қаратилган ва чет эллик инвесторларининг ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат. Шуни эътироф этиш керакки, Ўзбекистоннинг тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштириш билан боғлиқ қонунчилик базасидаги норматив-ҳужжатларнинг барчаси ҳам том маънода тадбиркорлар манфаати учун хизмат қилмайди. Ҳаттоки баъзи ҳолатларда мазкур соҳадаги қонунчилик ислоҳотлари бутунлай салбий натижалар берганини ҳам кузатиш мумкин. Масалан, 2005-2006 йиллар давомида Ўзбекистонда солиқ соҳасидаги ҳамда тадбиркорлик фаолиятини тугатиш процедуралари билан боғлиқ ислоҳотлар ва ҳукумат томонидан қабул қилинган қонун ости ҳужжатлари тадбиркорлар ва бизнес эгалари учун салбий натижаларга олиб келди. (4-таблица) (“Doing Business” 2007 / How to reform. A co publication of the World Bank and the International Finance Corporation, 2006. p. 5)

44

Бошқарув элитаси томонидан ўйлаб топилган манипуляциянинг моҳияти мавжуд нормаларни мазмунан тубдан ўзгартирмасдан ва амалиётдаги тартибни бузмаган ҳолда ташқаридан қараганда бизнес юритишнинг қайсидир жиҳатларига эркинлик беришдек кўринадиган норматив-ҳужжатлар қабул қилиш ёки бирор қонун ҳужжатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдан иборат. Ушбу манипуляция натижасида мавжуд вазиятга умуман таъсир қилмайдиган қонунчилик ислоҳотлари миқдорини ошириш орқали давлатнинг рейтингини кўтариш назарда тутилади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида ҳорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи (товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш айланмаси), мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўлланилиши мумкинлиги белгиланди. (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ўплами, 2012 йил, 15-сон, 167-модда; 2013 йил, 12-сон, 150-модда)

Ўз вақтида мазкур фармон чет эллик инвесторларга Ўзбекистонда жуда катта имкониятлар ва имтиёзлар яратиб бергани ҳақида кучли тарғибот ўтказилди ва натижада ушбу норма ҳам бизнес юритишни эркинлаштириш борасида олиб борилган бир ислоҳот сифатида баҳоланиб Жаҳон Банки ва Халқаро Молия Корпорациясининг “Doing Business” таҳлилий докладидаги давлатлар рейтингида Ўзбекистоннинг 166-ўриндан 156-ўринга кўтарилишида ҳиссага эга бўлди.

Орадан икки йилга яқин вақт ўтиб эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2013 йил 4 декабрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2013 йил 13 декабрда маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни 2014 йилнинг 20 январида Президент томонидан имзоланди. Мазкур қонун Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги ва 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги 611-I-сонли Қонунларига тегишли ўзгартишларни киритишни назарда тутади ва шу орқали мамлакатдаги инвестицион муҳитни яхшилашга қаратилган жиддий ҳаракатлар амалга оширилганлиги манзараси яратишга ҳаракат қилинади. Аслида ушбу ўзгаришлар ҳам олдин таъкидлаганимиздек навбатдаги манипуляция ҳаракатларидан бири ҳисобланади. Масалан, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонунга киритилган асосий ўзгартиш ва қўшимчалар нималардан иборатлигига эътибор қаратилса ҳаммаси ойдинлашади. Чунки, юқорида мисол келтирилган 2012 йил 10 апрелдаги Президент Фармонида чет эллик инвесторга берилган солиқ имтиёзи “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасига янги ўзгартиш сифатида қайтадан киритилмоқда. (Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонуни // Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сон, 91-модда; 1999 й., 9-сон, 229-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 14-15-сон, 86-модда; 2008 й., 52-сон, 513-модда; 2012 й., 52-сон, 584-модда; 2014 й., 4-сон, 45-модда)

Ҳудди шу тарзда аслида янгилик бўлмаган ва амалда ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган нормалар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатдан иккинчисига навбати билан ўтиб юраверади ва халқаро жамоатчилик назарида чуқур ислоҳотлар амалга оширилаётгандек манзара ҳосил қилинади. Аслида эса бу турдаги домий алмашиб турадиган навбатчи нормаларнинг бир ҳужжатдан иккинчисига кўчишини мазкур соҳадаги ислоҳот сифатида баҳолаш мутлақо нотўғридир. Бундай манипуляция ҳаракатлари қонунчиликдаги ислоҳот сифатида баҳоланган тақдирда ҳам, мавзу бошида таъкидлаганимиздек Жаҳон Банки ва Халқаро Молия Корпорациясининг “Doing Business” таҳлилий докладларини тайёрлаш жараёнида биринчи навбатда қонун ижодкорлиги эмас, балки қонуннинг амалда қўлланилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шундай экан, қонунчиликдаги ислоҳотлар номи остида амалга оширилаётган расмиятчиликлар миқдори қанчалик кўп бўлишидан қатъий назар, Ўзбекистоннинг 189 та давлат ичида энг қуйилардан бўлган рейтингида ҳеч қандай юксалиш бўлмайди.

3. Ўзбекистонда бизнес юритиш шароитлари юксалаётганини ифодаловчи пиар акциялар

Бу турдаги алдамчи ҳаракатлар давлат бошқарув органлари томонидан мамлакатдаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг турли жабҳаларида узлуксиз равишда олиб борилади. Асосий мақсад эса мавжуд тузумда ўрнатилган темир қоидалар мазмунига таъсир қилмаган ҳолда оддий халқ ва халқаро жамоатчилик кўз ўнгида изчил ислоҳотлар манзарасини яратишга қаратилади.

Ўзбекистонда бизнес юритиш шароитлари ва имкониятлари борасида ҳам кўпгина давлат бошқарув структураларида турли хил семинарлар ва давра суҳбатлари олиб бориш ҳамда бу каби тадбирларни оммавий ахборот воситалари (ОАВ) орқали кенг ёритиб бориш йўлга қўйилган. Шу билан бирга, навбатчи нормаларни бир ҳужжатдан иккинчисига ўтказувчи ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги бирорта қонуннинг қабул қилинишини кенг тарғиб қилишда ОАВ билан бир қаторда интернет нашрлари ҳам муҳим роль ўйнайди.

Юқорида таъкидланган қонунчиликдаги манипуляция ҳаракатларини ишлаб чиқишда давлатнинг бошқарув органлари ҳодимлари билан бир қаторда тегишли соҳалардаги олимлар ва илм-фан вакиллари ҳам жалб қилинади. Бундай йиғилишлар асосан давра суҳбатлари тарзида ўтказилади ва эътиборли жиҳати, бундай йиғилишлардан кўзланган мақсад Ўзбекистондаги тадбиркорлик соҳаси ва бизнес юритишдаги мавжуд муаммоларга ечим топишга эмас, балки ўтказилган тадбир ҳақидаги ахборотни кейинчалик ОАВ ҳамда интернет нашрлари орқали имкон қадар кенгроқ тарғиб қилишга қаратилади. Масалан, мавзуимиз асосини ташкил қилувчи Жаҳон Банки ва Халқаро Молия Корпорациясининг 2014 йилги “Doing Business” таҳлилий доклади эълон қилинганидан кейин 2014 йилнинг 18 февралида Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Савдони ривожлантиришга кўмаклашиш” ҳамда “Ўзбекистон бизнес форуми” лойиҳалари ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди. Кейинчалик мазкур тадбир ҳақидаги маълумот “Ўзбекистоннинг халқаро рейтинги юксалмоқда” номи остида Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, “Biznes-Daily media”, “Соғлом авлод учун жамғармаси” ва “Халқ сўзи” газетасининг сайтларида кенг ёритиб берилди. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур ахборот санаб ўтилган барча сайтларда 189 та давлат ичида ўзининг 146 ўрини билан энг охирги ўринларда бўлган Ўзбекистоннинг халқаро рейтинги юксалаётгани иддао қилинади. “Халқ сўзи” газетаси сайти Ўзбекистонни бизнесни рўйхатга олиш шартлари бўйича жаҳонда 66 позиция юқорига кўтарилиб, рейтинг ўтказилган 189 мамлакат орасида 21-ўринни эгаллаганини таъкидлайди ва буни мазкур халқаро рейтингда Ўзбекистоннинг нуфузи ошиб бораётгани сифатида баҳолайди. Бироқ, бизнесни рўйхатга олиш шартлари Жаҳон Банки ва Халқаро Молия Корпорациясининг “Doing Business” таҳлилий докладини тайёрлашда ҳисобга олинадиган 10 та мезондан фақат биттаси ҳисобланади. Мазкур мезонлардан Ўзбекистонда бизнес юритувчилар учун энг муҳим аҳамиятга эга бўлган электр таъминоти тизимига уланиш, инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва солиқ соҳаси билан боғлиқ мезонлардаги кўрсаткичларнинг қуйига қараб кетганлиги, бу соҳалардаги аҳволнинг олдинги йиллардагидан ҳам ёмонлашганлиги ҳақида биронта нашрда маълумот учрамайди. “Doing Business” таҳлилий докладинининг барча мезонлари бўйича бир йил ичидаги юксалиш даражаси умумий рейтиндаги Ўзбекистоннинг аҳволига унчалик таъсир ҳам қилмайди. (5-таблица) (Легкость ведения бизнеса вУзбекистан // URL: http://russian.doingbusiness.org/data/exploreeconomies/uzbekistan (23.02.2014)

5

Ҳозирда ўзбек расмийлари катта ютуқ сифатида фахрланаётган бизнесни рўйхатга олиш мезонидаги юксалиш аслида Ўзбекистондаги бизнес юритиш шароитлари яхшиланишида ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Чунки, асосий масала корхонани рўйхатдан ўтказиш эмас, балки муваффақиятли тарзда бизнесни йўлга қўйишдан иборат. Бу эса юқоридаги таблицада санаб ўтилган барча мезонлар бўйича кўрсаткичларнинг юксалишини талаб қилади. Шу ўринда мезонлар ичида жуда муҳим аҳамият касб этувчи – халқаро савдо билан боғлиқ мезонга кўра Ўзбекистон барча давлатлар ичида энг охирги, яъни 189-ўринни эгаллаган. Ўзбекистонда бизнес юритишга бел боғлаган ҳар қандай тадбиркорлик субъекти ёки чет эллик инвестор учун мазкур кўрсаткич ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин. Халқаро савдо билан боғлиқ мезондаги ушбу ҳолатнинг асл сабаби – юқорида таъкидлаганимиздек Ўзбекистонда ташқи иқтисодий фаолиятнинг маълум бир кичик гуруҳ, биринчи навбатда президент оиласи ва ушбу оилага яқин шахслар томонидан буткул назоратга олинганлиги билан изоҳланади.

Ўзбекистонда бизнес юритиш борасидаги ҳақиқий ҳолатни яширишга қаратилган пиар акцияларнинг яна бир тури ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки бошқа давлат бошқарув органлари томонидан тадбиркорлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини гўёки кафолатлаш мақсадида ишонч телефон рақамларининг оммавий тарзда эълон қилинишида намоён бўлади. Масалан, 2014 йилнинг 25 январь куни Риа Новости гуруҳининг Прайм саҳифасида “Премьер Узбекистана будет непосредственно решать проблемы предпринимателей” сарлавҳаси остидаги хабар эълон қилинди. (“Премьер Узбекистана будет непосредственно решать проблемы предпринимателей” // URL: http://1prime.ru/world/20140125/776241294.html (23.02.2014)  Унда таъкидланишича, Ўзбекистонда бепул телефон рақами ишга туширилган бўлиб, ўз муаммоларига ечим топа олмаган тадбиркорлар ушбу рақамга қўнғироқ қилишлари ва ўз шикоятларини қолдиришлари мумкин. Эътиборли жиҳати, келтирилган хабарга кўра, ёзиб қолдирилган барча шикоятлар шахсан Бош вазир Шавкат Мирзиёев томонидан кўриб чиқилиши ҳақида сўз боради. Ўзбекистонда 2011-2012 йилларнинг ўзида маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари томонидан 300 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтказилганлигини (Қаюмов Б. Тадбиркорлик субъектлари: уларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ ютуқ ва муаммолар // URL: http://huquqburch.uz/uz/view/2194 (23.02.2014) ҳамда бугунги кунда биргина Ўзбекистон савдо ва саноат палатасида аъзоликдан ўтган тадбиркорлик субъектларининг сони 23 мингдан (Ўзбекистон савдо ва саноат палатаси расмий сайти бош саҳифаси // URL: www.chamber.uz/uz (23.02.2014) ортиқни ташкил қилган бир шароитда юқоридаги хабарда таъкидланганидек ишонч телефони орқали шахсан Бош вазир томонидан ечим топмаган муаммоларнинг ҳал қилиниши қанчалик мантиққа тўғри келиши ҳақида яна бир ўйлаб кўриш лозим бўлади.

Юқорида келтирилганлардан хулоса қиладиган бўлсак, бугунги кунда Ўзбекистонда бизнес юритиш имкониятлари ниҳоятда чекланган. Жаҳон Банки ва Халқаро Молия Корпорациясининг бизнес юритиш қулайликлари бўйича рейтингида охирги ўринларда жой олган Ўзбекистонда вазиятнинг ўнгланиши учун биринчи навбатда давлат томонидан ўрнатилган ва эркин тадбиркорлик фаолияти учун тўсиқ бўладиган тотал назоратнинг бекор қилиниши, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида илдиз отган коррупцияга чек қўйишлиши, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бутун қонунчилик базаси қайта кўриб чиқилиши ва ниҳоят қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётдаги ижроси тўлиқ таъминланиши талаб қилинади.

Замир Малик