Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (9)

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (9)
179 views
28 February 2014 - 11:29

(давоми)evril turon bu tog`lar

5
Кун ботарга қиялади.
Уйғонишмади.
Кун учи мовий ғубор ичида элас – элас кўринаётган энг юксак чўққига кўнди.

Юсуфбек кўзини очди. Керишди. Одам ўлдиравергани учун унинг йирик – йирик тарғил кўзи қизил ва қўрқинчили. У катта оқ қовоқни эслатувчи бошини чапга буриб, Чаманга қаради. Ва кетмондек кенг, чайир, дағал қўллари билан унинг хипча белидан қучоқлади. Ўзига тортди. Оппоқ бўйнига қалин лабларини босди.
Чаман унга чирмовуқдай чирмашди.
Ўзларини унутишди…
Ювунишди.
Анча – анчагача жимиб қолишди. Анча – анчагача… Сўнг Юсуфбек тилга кирди:
– Сенга тўймаяпман, – у Чаманнинг сочилган сочларини ғижимлаб, дудоқларию маммаларидан ўпди. Узоқ ўпди. Қиз унга сингиб борди. Ўзи сезмаган ҳолда Юсуфбекнинг иягидан тишлади.
– Қаттиқ тишла. Қаттиқ.
Қаттиқроқ тишлади.
Юсуфбек ўзини тутолмай қолди…
Чаман ҳам…
6
Қуёш қон тусли юксак чўққидан юмалади.
Уфқ қизил денгизга айланди.
Покланишди.
Патир, тухум, каклик эти ейишди. Қимиз ичишди. Тотли чарчоқ ўз гомига тортди. Ётишди. Чаман қўрқув аралаш тортиниб деди:
– Менга тўймаслигингизни истайман, жуда истайман. Йўқса, сиз мени… – У “ташлаб кетасиз” демоқчи бўлди. Тили бормади.
Юсуфбек буни илғади.
– Бу дунёда мен тўймайдиган хотиннинг ўзи йўқ.
– Сиз кўп аёллар билан… – Чаман гапини охирига етказмади.
– Ҳа.
– Ҳеч бирини севиб қолмадингизми?
– Бир ой – икки ойга… Мен ўзимни тушунмайман. Менга янгидан – янгилари…
– Мен ҳам шуларнинг бири ман – да, – У Юсуфбекни бўлди.
– …
– Жавоб бермайсизми?
– Мен ўзимнинг кимлигимни айтдим.
Чаман ўз туйғусини яширишга ожизлик қилди.
– Мен Сиз билан қолишни истайман. Умримнинг охиригача, – У чўғга айланди.
Юсуфбек Чаманни тушунди. Қанча қахри қаттиқ бўлса ҳам, унга ачинди. Шунга қарамай, чинни айтишдан ўзини тиймади:
– Мен элликдаман. Сен ўн саккизда. Мен энди кучдан қолиб бораман. Сен эса…
– Ундай деманг, – Чаман Юсуфбекни гапиришга қўймади, – Менга кучингизмас, ўзингиз…
– Ҳавойи гаплар… Сен ҳозирча шундай ўйлайсан. Кейин… Табиат қонуни бор. У ҳар қандай кишига ўз таъсирини ўтказади… Фикрлар ўзгаради…
– Йўқ.
– Иккинчидан: мен отангни ўлдирганман. Вақти келиб…
– Айб отамнинг ўзида. Қанча замон ўтса ҳам мен шу сўзимда тураман.
– Учинчидан: хотиним бор.
– Юзта хотинингиз бўлса ҳам…
– Қизиқ устида айтаяпсан.
– Чин.
– Тўртинчидан: менинг умрим хавф остида. Мен ёт юртларга кетаман.
– Мен ҳам сиз билан…
– Сен уйингга қайтасан.
– Қайси юз билан. Ундан кўра мени ўлдиринг. – Чаман унсиз йиғлади.
Юсуфбек индамади. Қўзини юмди. Лекин ухлолмади. Ихтиёрсиз бир тарзда Чаманнинг тақдири ҳақида ўйлади:
“Ортиқча юк… Бу ҳам майли, ҳар қадамда ўлим хавфи… Ёввойи тоғ – тошларда ёш умри хазон бўлади. Мен янглишдим. Отасидан ўч олганим етмагандек, қизини ҳам булғадим. Унда нима гуноҳ?”

Юсуфбек ўйлади. Узоқ ўйлади. Кутилмаганда Бердибек эсига тушди:
“Ботир йигит, – деб кўнглидан ўтказди, – эсли йигит. Сайрамлик. У Чаманни телбаларча севиб қолган. Унга никоҳлаб бераман”.
Чаман унинг хаёлини бўлди:
– Сизга хотинингиз ёқадими?
Содда қизнинг содда саволидан Юсуфбек ажабланмади. Унга ўз тўғри сўзини айтди:
– Бошида… Кейин ёқмай колган. Ўртада болалар…
Ўзи, дунёда, Сиз нимани яхши кўрасиз?
Юсуфбек: “Юртимни, Элимни” дейишга оғиз жуфтлади. Бироқ, негадир, сўнг жонидан ортиқ кўрган бу муқаддас номларни айтишдан ўзини тийди. Ва: “У буни тушинмайди” деди ичида. Аммо қизнинг кўнглини ўқситгиси келмади. Шунга ҳиссиз, паст товушда унга жавоб қайтарди:
– Ҳаётни.
Юсуфбек уни сўнгги бор юз – кўзларидан ўпди.

Буни Чаман ички бир туйғу билан сезди. У Юсуфбекка ёлворувчан бир нигох билан маъюс боқди. Лекин бир сўз демади. Фойдасизлигини уқди. Энди унинг учун ҳамма нарса ўз маъносини йўқотаётгандай, қалби тош сингари ҳеч нарсани ҳис этмаётгандай эди.
7
Юсуфбек бир режа тузса, уни тез, кўнгилдагидай бажарарди. У чодирни қўриқлаётган соқчи – Тоғбек орқали Бердибекни ўз ҳузурига чақиртирди. Чаман борлиғидан куч – ғайрат ёғилаётган бу девсиёқ йигитга сездирмай разм солди.

Унга Бердибекнинг буғдой ранг юзлари содда ҳам ёқимлидай туюлди.
Юсуфбек Бердибекка бир чойдиш олтин берди. Сўнг:
– Бу қизни Сайрамга соғ – саломат етказ, – деди, – уни бахтли қил.
– Хўп, – Бердибекнинг қорамтир кўзлари қувончдан порлади.
– Ҳозироқ отлар ичидан тўртта қорабайрни танлаб ол. Икки отга егулик, ичгулик, гилам, кўрпа орт. Чаманни йигитча кийинтир. Уқдингми?
– Уқдим.
– Бир соат ичида йўлга тушинглар.
– Хўп.
– Яхши кунларда кўришгунча.
Чаман ҳўнграб йиғлаб юборди. Бироқ бир сўз дейишга мажоли етмади.
Юсуфбек ғамгин ва тунд қиёфада чодирдан чиқди.
8
Ўнг қўлини манглайига қўйиб, осмонга қаради. Қўёш ботарга қиялаган. Шундай бўлса ҳам ҳаво ҳарорати пасаймаган. У вазмин қадамлар билан теграга кўз югуртириб, сой томон юрди. Беш йигит совуқ сойга оёқларини салинтириб, гаплашиб ўтиришибди. Улардан хийла нарида, уч туп қайрағоч кўланкасида талай кас бир кўҳлик болани “беш қарсак”ка ўйнатишмоқда. Баланд қоя тагидаги тош ўчоққа катта қозон осилган. Унда ҳозиргина сўйилган қўчқор қайнаяпти. Бир қулоқ сув сизиб чиқаётган булоқ бошида гулхан ёнмоқда. Унда узун тут навдасига санчилган бутун – бутун какликлар кабоб қилинаяпти. Тоғ ён бағрига, ёввойи мурутзор этагидаги бўлиқ кўкатлар ичига тушовлаб қуйилган оқ, қора, кўк, кўнғир отлар ўтлаб юришибди. Юксак чўққилар тепаларидаги қатранги оғочлари ораларида кўкиш қалпоқли бошлар элас – элас кўзга ташланади. Улар соқчилар. Юсуфбек “ҳаммаси жойида” деб мамнун жилмайди. Мана шу жойдагиларнинг барига у бош. Бу ёвқурлар ҳам пул – сул тўплаш, хорижга кетиш, у ерда мадат кучи олиш ниятидалар.

Юсуфбек шиддат билан ўкириб оқаётган сойга етгач, қояли қирғоқ бўйлаб икки юз қадам жанубга юрди ва баланд тошдан тушаётган шаршарага дуч келди. У одатдагидай шу хилватгоҳда, шаршара ҳосил қилган ҳовузда чўмилди. Сўнг қоялар орқасига ўтди ва қизил, мовий, напармон гуллар оралаб юқорига ўрлади. Ниҳоят бир туп дўлана олдига келиб тўхтади. Атрофгабирлаҳзасинчиклаб тикилди. Мурутзордан наридаги чўққи учида турган, шохлари буралиб – буралиб кетган олқорни, қорли чўққиларга учиб бораётган бургутни, итолғи(4), болтаютар(5), қизилқанот(6) каби қушларнинг чуғур – чуғурларини ҳисобга олмаганда ҳеч нима кўринмади ва эшитилмади. Юсуфбек ўн бир қадам пастга – ўтовдай келадиган оқ тош ёнига тушди ва унинг остида ётган қозондай харсангни четга сурди, чуқурча кўринди. Ғунча қизларни қучганда ҳаяжонланмаган Юсуфбек, чуқурчага қўлини суқиб, кўзани олаётганда ҳаяжонланди.

Сабзи ранг кўза олтинга тўла. Ундан кўзини узолмай, хийла туриб колди. Кейин кўзани жойига кўйди, ҳалиги тошни ўрнига сурди ва кўнгли яйраб изига қайтди.

Тиғиз арчазордан анча юқоридаги қорли чўққига қўёш санчилди. Тонгдан бери азалий қоялар узра айланиб учаётган қарчиғайлар тарқала бошлади. Одамнинг кўнглига бегоналик, айрилиқ ва қўрқув ҳисларини солувчи бу овлоқ масканни оғир сукунат қуршаб олди. Юсуфбек оёқлаётган ёзнинг мана шу тиниқ кечқурунида, ўзининг ўн тўққиз нафар йигити билан кундузгига нисбатан кучли ҳамда қўрқинчли гулдираётган сой соҳилида, майин майсалар устига тўшалган беқасам кўрпачалар узра ўтириб, кўчкор, каклик этларини иштаҳа билан еди. Тўрт қиз оқ чодир ичида овқатланишмоқда. Уларга ташқарида танаси эгри – бугри ёввойи нокга суянган ҳолда дароз, бўйини узун, аммо йўғон, кўзи хиёл қисиқ бўлса ҳам чўзинчоқ юзига ярашиб турган Турди исмли бақувват йигит қоровуллик қилаяпти. Унинг қулоғига етган мўйлови учи буралиб – буралиб кетган. Бугун Турдининг кайфи чоғ, тун бўйи (Сўхдан келтирилган) Гулрўй билан айш қилади.

4.  Итолғи – лочинга ўхшаш қуш. Йиртқич қуш. Қушларни овлайди. Ҳатто кийикни ҳам овлайди.
5.  Қарчиғайга ўхшаш куш. Тумшуғи остида соқоли бор. Қаноти катта, кенг.
6.  Қизилқанот – жарқанот ҳам дейишади. Тик қояларда эркин учади.

(давоми бор)