Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Уммат

Уммат
06 Mart 2014 - 11:36 'да юкланди ва 499 марта ўқилди.

xayrullo-hamidov

Бир тун ухлаёлмай чекдим надомат,
Ўзимга ҳам қилдим тинмай маломат.
Тарихида ҳар не кўрсам кўрдим, лек
Умардан сўнг бирлашмади бу уммат.

Умар кетди бу умматга ишонмайин,
Чунки иймон заифлашмиш кун сайин.
Абу Зарлар ҳайқирганда тинмайин,
«Не дард бор?» деб сирлашмади бу уммат.

Кенгликлардан оқиб келди гумроҳлар,
Аста секин одат бўлди гуноҳлар.
Ҳатто Қуръон нузулига гувоҳлар
Жангга чиқиб, ярашмади бу уммат.

Қалблар сўнди, юзлар бўлмиш бедийда,
Кўнгил ўлди ибодатлар пайтида,
Али, Усмон бўғизланди байтида
Аҳли байтга қарашмади бу уммат.

Бухорийнинг қонга тўлмиш яноғи,
Ўтди сарсон топилмайин ҳамроҳи,
Сон жиҳатдан ошса ошди саноғи,
Лек оз бўлсин, курашмади бу уммат.

Тилаб қолди иймон қалбнинг сабрини,
Вужуд эса тарк этди қалб жабрини,
Умар ибн Абдулазиз даврини
Кўтаролмай, эргашмади бу уммат.

Олимлари камайди-ю, танбаллар
Ўзларига ўрнатмишлар минбарлар.
Судралганда Аҳмад ибн Ҳанбаллар,
Отдан тушиб, энгашмади бу уммат.

«Ла илаҳа илла Аллоҳ» деб тиллари,
Даҳриёна туғён урар диллари,
Бир кун бўлсин, бесаодат йиллари
Бир манзилда туташмади бу уммат.

Нурсийларин кўксида доғ кўрганда,
Имомларин дорга олиб борганда,
Қутбларин кўзига ниш урганда,
Нишонидан адашмади бу уммат.

Бири араб, бири турку, бири форс,
Миллат деган туйғу энди бўлди «фарз»,
Бир ёнда дард, касалликдан қолган дарз,
Ўз лойига қоришмади бу уммат.

Хорлар бўлди малъун ғарбнинг пойида,
Чидайверди энг аламли жойида,
Ҳаётига жорий бўлмиш қоида
Ила ҳеч ҳисоблашмади бу уммат.

Қуръон энди мозорларда ўқилмиш,
Турли фасод ривоятлар тўқилмиш,
Энди тўғри йўлларда ҳам қоқилмиш,
Ҳақ йўлига унашмади бу уммат.

… Шул сўзларни ўйлаб-ўйлаб ухладим,
Фақатгина Аллоҳимдан тиладим.
Алам билан кўзимда ёш, йиғладим:
Умардан сўнг бирлашмади бу уммат!

Хайрулло Ҳамидов

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар