Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Пайғамбарлар тарихи (14). Ёқуб алайҳиссалом

Пайғамбарлар тарихи (14).  Ёқуб алайҳиссалом
03 Nisan 2014 - 11:00 'да юкланди ва 469 марта ўқилди.

pt1ЁҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ ВА ИСМЛАРИ

Ёқуб бин Исҳоқ, бин Иброҳим алайҳиссалом (1).
Ёқуб алайҳиссаломнинг онаси Рафоқадир (2).
Ёқуб алайҳиссалом укаси Ойс билан эгиз туғилди. Туғилиш жараёнида Ойснинг орқасидан, унинг ўкчасидан тутиб туғилгани учун, унга Ёқуб исми берилди (3).
Сўнгра акаси Ойс тарафидан ўлдирилишдан қўрқиб, тоғаси ёнига қочганда, кундуз яшириниб, кечалари йўл юргани учун унга “Исроил” исми берилганини ривоят қиладилар (4).

ЁҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ШАКЛ-ШАМОЙИЛИ

Ёқуб алайҳиссалом туйсиз баданли (5), ориқ, вазмин, узун бўйли (6), гўзал юзли эди. Акаси Ойсдан чиройлироқ сўзлар эди. (Ҳаким, “Мустадрак”, 2- жилд, 557- бет)

ИСҲОҚ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЁҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМГА ТАБШИР ТАВСИЯСИ

Исҳоқ алайҳиссалом ўғли Ёқуб алайҳиссаломга: “Аллоҳ сени пайғамбар тайинлаяжак, ўғилларинг уруғидан пайғамбарлар чиқажак, сенда хайр ва баракатни вужудга келтиражак”, деди (7). Ва Канъонлилардан ҳеч бир хотинга уйланмасликни, Фаддонда истиқомат қиладиган тоғаси Лебоннинг ёнига боришини (8) ва унинг қизига уйланишини тавсия этди. (Ибн Қутайба. “Маориф”, 18- бет)
Онаси ҳам Ёқубга тоғасининг ёнига кетишни тавсия қилганди. (Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 164-165- бетлар; Ибн Xолдун, “Тарих”, 2- жилд, 35- бет)
Бу тавсияларга биноан Ёқуб алайҳиссалом Фаддонга қараб кетди.
Кечалари бир тошни ёстиқ қилиб тунарди. Уйқусида туш кўрди, бош учида осмонга йўналган бир зинапоя қурилди ва ундан малаклар (фаришталар) инганини кўрди. У зинапоядан кўкка чиқди.
Аллоҳу Таоло унга:
“Муҳаққақдир-ки, Аллоҳ менман, мендан бошқа илоҳ йўқ. Мен сенинг Илоҳингман ва оталарингнинг Илоҳиман. Шубҳасизки, сени ва зуррётингни, сендан кейингиларни бу арзи-муқаддасга ворис этдим. Бу ерни сенга ва уларга муборак этдим. Китобни, ҳикматни ва пайғамбарликни сизларга насиб қилдим. Мен сенинг ёнингдаман ва сени у манзилга етгунингча қўрийман. У ерда сенинг ва зурётингнинг менга ибодат этажаги бир байт (уй) тикла, у Байт-ул муқаддасдир”, дея ваҳий этди. (Ибн Қутайба “Маориф”, 18- бет)
Ёқуб алайҳиссалом аввал тоғаси Либоннинг катта қизи Лайёга, кейин кенжа қизи Роҳилга уйланди.
Лайёдан:
1. Рубил
2. Яҳуза
3. Шамун
4. Лави исмли ўғиллари туғилди.
Роҳилдан:
1. Юсуф
2. Бунямин исмидаги (9) ўғиллари туғилди.
Лайё билан Роҳил Ёқуб алайҳиссаломга эрга текканларида отаси Лебон уларга сеп-ҳадя ўлароқ биттадан жория берганди. Улар бу жорияларни Ёқуб алайҳиссаломга “ўғил туғсинлар”, деб ҳадя қилгандилар.
Бу жорияларнинг ҳар бири Ёқуб алайҳиссаломдан учтадан ўғил туғишди (10).
Ёқуб алайҳиссаломнинг бу 12 та ўғли (11) “Исроил ўғиллари”, “Асбот” деб ном олдилар (12).

ЁҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ САЁҲАТЛАРИ, ПАЙҒАМБАР БЎЛИШИ ВА ФАЗИЛАТЛАРИ

Ёқуб алайҳиссалом Ҳарронда 20 йил яшагандан сўнгра, унга Канъон элига кетиш амр этилди ва Орошалим (Байт-ул мақдис)га келди.
У ерда ер сотиб олди ва чодир қурди.
Саҳро мавқеида, юксак ва мустаҳкам бир Байт (маъбад) иншо этди, унга “Эл” деб исм берди.
Сўнгра отаси Исҳоқ алайҳиссаломнинг Канъон элидаги Ҳобрун шаҳрига бориб, у ерда яшади.
Исҳоқ алайҳиссалом вафот этгандан сўнг, уни бобоси Иброҳим алайҳиссаломнинг ёнига дафн этди.
Ёқуб алайҳиссалом отаси вафот этгач, унинг ўрнига ўтди (13).
Ёқуб алайҳиссаломнинг пайғамбарлиги ва фазилатлари ҳақида Шундай дейилади:
“Унга (Иброҳимга) Исҳоқни, яна Ёқубни эҳсон этдик ва ҳар бирини солиҳлар (дан) айладик. Уларни амримиз (ваҳиймиз) билан тўғри йўл кўрсатилган раҳбарлар қилдик. Хайрли амалар ишлаб, намозини тўла-тўкис қилиб, закот беришларини уларга ваҳий этдик. Улар бизга ибодат этувчилар эди”. (Анбиё сураси, 72-73- оятлар)
“Биз унга Исҳоқ билан Ёқубни эҳсон этдик. Пайғамбарликни ва китобларни унинг зурриётига таҳсис этдик. Дунёда унга мукофотини бердик. Ҳақиқатан ҳам, у охиратда ҳам – ҳар ҳолда солиҳ инсонлардандир.” (14)
“Чунки улар (Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб) бизнинг қатимизда чиндан ҳам хайрли зотлар эди”. (Сод сураси, 47)

ТОБУТ-УС СОКИНАНИНГ ЁҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМГА БЕРИЛИШИ

Ривоятга кўра, Тобут тароқ ясаладиган шамшод (жимшир) дарахтидан қилинган бир сандиқ бўлиб, лавҳалар билан қопланганди.
Тобутни Одам алайҳиссалом вафотига қадар сақлади, у ўлгандан сўнгра унинг ўғиллари ворис бўлдилар. Иброҳим алайҳиссалом вафот этгандан сўнг, Тобут Исмоил алайҳиссаломга қолди. У вафот этгандан сўнг ўғли Қайдорга мерос қолди.
Исҳоқ алайҳиссаломнинг ўғиллари Қайдорга “пайғамбарлик сиздан бошқа тарафга йўналди. Сизнинг Тобут ичидаги Нурдан (Муҳаммад алайҳиссаломнинг нури) бошқа насибингиз йўқ, тобутни бизга бер”, – дейишди.
Қайдор:
“Бу менга отамдан мерос, васиятдир, уни ҳеч кимга бермайман”, – деб, Тобутни бермади.
У бир куни Тобутни очишга уринди ва очолмади. Шунда самодан сас келиб:
“Э Қайдор, воз кеч, Тобутни очишга сен учун йўл йўқдир. У пайғамбарга васият этилган, уни пайғамбардан бошқаси оча олмайди. Сен уни амакингнинг ўғли Аллоҳнинг Исроили Ёқубга бер”, – дейилди.
Қайдор Тобутни елкасига олиб, Ёқуб алайҳиссалом истиқомат қилаётган Канъон елига қараб йўлга тушди.
Қайдор яқинлашганда Тобут саллана бошлади.
– Аллоҳга ямин этаманки, Қайдор Тобут билан сизга келаяпти, уни қаршиланглар! – деди Ёқуб алайҳиссалом ўз ўғилларига.
Ёқуб алайҳиссалом билан ўғиллари оёққа туриб, Қайдорни қаршиладилар.
Ёқуб алайҳиссалом Қайдорни кўриб йиғлаб юборди ва деди:
– Эй Қайдор, сенинг юзингни сўлғин, ўзингни заифланган кўраяпман, не бўлди, душман зулмига учрадингми, ёки отанг Исмоилдан сўнгра бошингга бало келдими?
– Мен на душман зулмига учрадим, на-да бошимга бало келди, фақат елкамда ташиганим Нур – Муҳаммаднинг нури менга оғир келди. Шу боис рангим сарғайди, оёқларим заифлади, – деди Қайдор.
– Исҳоқнинг қизларидан никоҳингда бўлганлар борми? – деб сўради Ёқуб алайҳиссалом.
– Йўқ. Мен журхумий арабларнинг амирларидан биттасининг қизига уйланганман, – деди Қайдор.
– На гўзал, на гўзал! Муҳаммад алайҳиссаломнинг шарафи учун Аллоҳ уни иффатли араб хотинларидан бошқасидан чиқармайажак. Эй Қайдор, сени бир мужда билан муждаламоқчиман, – деди Ёқуб алайҳиссалом.
– Надир у мужда?, – деди Қайдор.
– Амирлардан бўлган завжанг кеча бир ўғлон туғди, – деди Ёқуб алайҳиссалом.
– Эй амакимнинг ўғли, сен Шом тупроғидасан, у эсa Ҳарамда, сенга буни ким билдирди, – деб сўради Қайдор.
– Мен кўк дарвозасининг очилганини ва кўк ва ер орасида ой каби юмалоқ бир нур кўрдим. Малакларнинг самодан баракат ва раҳмат ила инганини кўрдим. Англадимки, бу Муҳаммад алайҳиссалом учундир, – деди Ёқуб алайҳиссалом.
Қайдор Тобутни амакисининг ўғли Ёқуб алайҳиссаломга бериб, оиласининг ёнига қайтганда бир ўғил фарзанд кўрганини билди ва унга Хомал исмини берди (15).
Ёқуб алайҳиссаломнинг эллик йили халқни Аллоҳга ибодатга даъват қилиш билан ўтди. (Мир Хованд. “Равзот-ус-сафо” таржимаси, 225- бет)
У Сом бин Нуҳ алайҳиссаломдан кейин масжиди Оқсони янгидан иншо этганлардан бири ҳисобланади (16).

ЁҚУБ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ ТУФАЙЛИ ЧЕККАН ИЗТИРОБЛАРИ

Ёқуб алайҳиссалом заифлаган (Салабий. “Ароис”, 130- бет) ва қариган эди. Қошлари (Табарий. “Тафсир”, 3- жилд, 46- бет) ўсиб, кўзлари устига тушган, ёноқлари салқиб тушганди.
Бир куни унга қўшниси:
– Эй Ёқуб, шу бошингга тушган ҳол надир (Табарий. “Тафсир”, 13- жилд, 46- бет)? Қаримай туриб чол бўлдинг, адои-тамом бўлдинг (Табарий. “Тафсир”, 13- жилд, 46- бет; Замахшарий, “Кашшоф”, 2- жилд, 340- бет). Сен бу кетишда отангнинг (Табарий. “Тафсир”, 13- жилд, 46- бет), укасининг (Салабий. 135- бет) ёшига ҳам етолмайсан, – деди.
– Бунга сабаб замоннинг узунлиги ва изтиробларнинг кўплиги, – деди Ёқуб алайҳиссалом.(Табарий. “Тафсир”, 13- жилд, 46- бет).
Шунда Аллоҳу Таоло:
– Эй Ёқуб, сен менинг яратганимга шикоят этаяпсанми?, – дея ваҳий этди.
– Ё Робб, мен бир хато қилдим, мени афу эт, – деди Ёқуб алайҳиссалом.
– Афу этдим, – деди Аллоҳу Таоло.
Шундан кейин Ёқуб алайҳиссалом дардини сўраганларга:
– Мен тўлиб-тошган кадар ва дардимни фақат Аллоҳга шикоят ва арз этаман, – дейдиган бўлди. (Табарий. “Тафсир”, 13- жилд, 46- бет)

ИЗОҲЛАР:

1) Ибн Сод. “Табақот”, 1- жилд, 54- бет; Ибн Қутайба. “Маориф”, 18- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 162-163- бетлар; Ҳаким. “Мустадрок”, 2- жилд, 569- бет.
2) Ибн Қутайба. “Маориф”, 17- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 162- бет; Масъудий. “Муруж уз-заҳаб”, 1- жилд, 46- бет; Салабий. “Ароис”, 101- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 126- бет.
3) Ибн Қутайба. “Маориф”, 17- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 164- бет; Салабий. “Ароис”, 101- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 126- бет.
4) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 165- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 127- бет.
5) Ибн Қутайба. “Маориф”, 18- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 164- бет; Салабий. “Ароис”, 101- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 126- бет.
6) Ибн Қутайба. “Маориф”, 18- бет.
7) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 29- бет.
8) Ибн Қутайба. “Маориф”, 19- бет; Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 29- бет.
9) Ибн Қутайба. “Маориф”, 19- бет; Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 30- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 163- бет; Салабий. “Ароис”, 102- бет; Ибн Ҳолдун, “Тарих”, 2- жилд, 1-қисм, 39- бет.
10) Ибн Қутайба. “Маориф”, 19- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 163- бет; Салабий. “Ароис”, 102- бет;
11) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 31- бет; Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 163- бет; Масъудий. “Муруж уз-заҳаб”, 1- жилд, 47- бет; Салабий. “Ароис”, 102- бет; Абулфарад Ибн Жавзий. “Табсиро”, 1- жилд, 178- бет; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 126- бет; Абулфидо. “Ал бидоя ван-ниҳоя”, 1- жилд, 197- бет.
12) Ёқубий. “Тарих”, 1- жилд, 31- бет; Масъудий. “Муруж уз-заҳаб”, 1- жилд, 47- бет; Ҳаким. “Мустадрок”, 2- жилд, 570- бет; Салабий. “Ароис”, 102- бет; Абулфарад Ибн Жавзий. “Табсиро”, 1- жилд, 178- бет.
13) Ибн Ҳолдун, “Тарих”, 2- жилд, 1-қисм, 40- бет.
14) Анкабут сураси, 27- оят.
15) Салабий. “Ароис”, 266-267- бетлар.
16) Ибн Ҳожар. “Фатҳ-ул Борий”, 6- жилд, 291- бет.

Муҳаммад Солиҳ тайёрлаб,
2009 йилда Истанбулда нашр этган
«Пайғамбарлар Тарихи» китобидан.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар