Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Пайғамбарлар тарихи (16). Юсуф алайҳиссалом

Пайғамбарлар тарихи (16). Юсуф алайҳиссалом
25 Nisan 2014 - 16:04 'да юкланди ва 549 марта ўқилди.

pt1ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ УЙ СОҲИБИ
БИЛАН БОШИ БАЛОГА КИРГАНИ

Юсуф алайҳиссаломнинг гўзаллиги уй хонимининг кўнглига севги солди (98). Бир кун у ўзи билан алоқа қилишини истаб, Юсуф алайҳиссаломнинг гўзалликларини санай бошлади:
– Эй Юсуф, сочларинг нақадар гўзал, – деди.
– Жасадимдан илк тўкилажак нарсалар бу, – деди Юсуф алайҳиссалом.
– Эй Юсуф, кўзларинг нақадар гўзал, – деди хотин.
– Жасадимдан тупроққа оқадиган илк нарса кўзларимдир, – деди Юсуф алайҳиссалом.
– Эй Юсуф, юзинг нақадар гўзал, – деди хотин.
– У тупроқ учундир, тупроқ уни олажакдир, – деди Юсуф алайҳиссалом (99).

ҚУРЪОНИ КАРИМДА ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ ҲАҚИДА

Аллоҳу Таоло Юсуф алайҳиссалом ҳақида шундай дейди: “Бир пайт Юсуф отасига, отажоним, ҳақиқатан, мен тушимда ўн бир юлдуз, қуёш ва ойни кўрдим. Кўрдимки, улар менга сажда этувчилар эди”, деганди.

(Отаси Ёқуб) деди: “Ўғилжоним, тушингни акаларингга айтма, улар сенга тузоқ қурадилар. Чунки Шайтон инсоннинг очиқ душманидир. Роббинг сени шундай маъқул кўриб, танлаяжак. Сенга туш таъбирингга оид билги беражак. Сенга нисбатан ҳам, Ёқуб хонадонига нисбатан ҳам неъматларини, аввал, бобонг Иброҳим ва Исҳоққа тамомлагани каби, тамомлаяжакдир.
Шубҳасизки, Роббинг ҳар нарсани билгандир, том ҳукм ва ҳикмат соҳибидир.”

Онт бўлсинким, Юсуф ва акалари (тўғрисидаги хабарлар)ни сўраганлар учун кўп ибратлар бордир.
Эсингдами, улар (акалари) нима деганди: “Юсуф билан Бунёминни отамиз биздан кўпроқ яхши кўради. Ҳолбуки, биз бир жамоатмиз. Отамиз ҳар ҳолда бир янглишлик ичидадир. Юсуфни ўлдириш керак! Ёки уни кимсасиз бир ерга элтиб ташлангки, отамизнинг таважжуҳи фақат бизга бўлсин, биз ундан сўнгра солиҳ бир гуруҳ бўламиз!”

Ичидан биттаси чиқиб:
– Юсуфни ўлдирманглар, уни бир қуддуққа ташланглар, карвонлардан бири уни (адашган деб,) олсин. (Агар буни илло қилмоқчи бўлсанглар, шундай қилинглар,) деди.
Кейин улар:
– Эй ота, нега сен Юсуфни бизга ишониб топширмайсан? Ҳолбуки, биз унга энг хайрихоҳларданмиз. Эртага уни биз билан қирга юбор, емак есин, ўйнасин. Албатта, биз унинг қўриқчиларимиз, дедилар.
(Отаси) деди: “Уни олиб кетманг, мени бу қайғуга туширади. Сизлар ғафлатда қолиб, уни бўри еб кетишидан қўрқаман”..
Улар дедилар: “Онт бўлсинки, биз жамоат бўлишимизга қарамай, уни бўри еса, у ҳолда биз ҳам ҳусронга учраганлардан бўламиз!”
Ниҳоят, уни (Юсуф алайҳиссаломни) олиб кетишди.

Уни қудуққа ташлашга қарор беришди.
Биз эсa унга (Юсуфга), онт бўлсинким, сен уларга кутилмаган бир кунда бу ишларни хотирлатасан, деб ваҳий этдик.
(Юсуфнинг акалари) Oқшом йиғлан ҳолда отасининг ёнига келишди. “Эй ота, ҳақиқатан, югуришда мусобақа қилиб, Юсуфни қолдириб кетгандик, уни бўри еб кетибди. Энди рост гапирсак ҳам, сен бизга асло ишонмайсан”, дедилар. Ва унинг (Юсуфнинг) сохта қонга булғанган кўйлагини кўрсатдилар.
(Ёқуб): “Йўқ, сизларга Ҳaвoйи-нафсларинг ёмон ишни яхши қилиб кўрсатган. Энди менга қолгани гўзал (шаклда) сабр этмакдир. Сизлар айтаётган (мусибат)дан сиғиниладиган зот ёлғиз Аллоҳдир…“Бир карвон келиб, сув изловчисини сувга жўнатганида, у челакни (қудуққа) ташлади ва “суюнчи беринглар, бир бола чиқди!” деб бақирди. Сўнгра болани сотиладиган ашёлар орасига қўйдилар. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини билиб тургувчидир. Уни арзон баҳода – бир неча тангага сотиб юбордилар. Улар бу ҳақда рағбатсиз эдилар.

Уни сотиб олган мисрлик, хотинига “буни яхшилаб жойлаштир, шояд бизга бирон фойдаси тегиб қолса. Балки ўзимизга фарзанд қилиб олармиз”, деди.
Шундай қилиб, Юсуфни, тушларнинг таъбирини унга билдириш учун, ўша ерга ерлаштирдик. Аллоҳ ўз амрида ғолибдир. Лекин инсонларнинг кўпчилиги буни билмайди.
(Юсуф) вояга етгач, унга ҳикмат ва илм бердик. Биз гўзал амал қилувчи инсонларни шундай мукофотлаймиз. Уни (Юсуфни) уйдаги хотин йўлдан урмоқчи бўлди. Эшикларни маҳкам беркитиб, “Энди, келақол” деганида, (Юсуф) ”Аллоҳ сақласин, ахир у (сенинг эринг) менга яхши мақомлар берган ҳожам-ку! Муҳаққақ, золимлар асло нажот тополмаслар”, – деди.

У (хотин) онт бўлсинким, унга (Юсуфга) ният қилганди. Агар Роббининг бурхонини (ишоратини) кўрмаса эди, (Юсуф) ҳам унга (Зулайҳога) мойил бўларди.
Ундан (Юсуфдан) ёмонлик ва бузуқликни узоқлаштириш учун мана шундай қилдик. Зотан у покиза қулларимиздандир.
(Иккаласи ҳам) эшикка томон чопишди ва (Зулайҳо Юсуфга етиб олиб) унинг кўйлагини орқасидан (тутиб бошдан этак) йиртиб юборди. Эшик олдида эсa (хотиннинг) эрига дуч келишди. (Шунда Зулайҳо эрига): “Сенинг завжангга ёмонлик қилмоқчи бўлган кимсанинг жазоси зиндон ёхуд аламли азобдир”, – деди.
(Юсуф) Aйтди: “Унинг ўзи мени йўлдан урмоқчи бўлди”. Унинг (Зулайҳонинг) қариндошларидан бири гувоҳлик бериб: “Агар унинг кўйлаги олд томонидан йиртилган бўлса, (хотин) тўғри сўйлаяпти ва (Юсуф) ёлғончилардандир. Агар кўйлак орқа томонидан йиртилган бўлса, (хотиннинг) гапи ёлғон ва (Юсуф) тўғри сўйлаганлардандир”, деди.

Қачонки, (Зулайҳонинг эри) кўйлак орқа томонидан йиртилганини кўргач, ‑ “шубҳасиз, сизнинг (хотинларнинг) макр-хийлаларингиз каттадир. Юсуф, сен бу (ишни) унут, сен эсa (хотин), гуноҳингга истиғфор эт – тавба қил, чунки сен адашганлардан бўлдинг”, – деди.
Шаҳардаги баъзи аёллар “ҳокимнинг хотини ўз хизматкорини йўлдан урмоқчи бўлибди, юрагидан урибди-да! Албатта, уни очиқ залолатда деб биламиз”, – дедилар. (Зулайҳо) уларнинг иғволарини эшитиб, уларга даъват йўллади. Улар учун ясланиб ўтирадиган ўриндиқлар (ва дастурхон) ҳозирлади. (Мева кесиш учун) қўлларига биттадан пичоқ берди. Кейин (Юсуфга), “уларнинг олдига чиққин”, деди.
Бас, уни кўришганда, олқишладилар ва (ўзлари сезмаган ҳолда) қўлларини (пичоқ билан) кесдилар. Ҳамда: “Эй пок Аллоҳ, бу башар (одам) эмас, бу фариштанинг ўзи-ку!” – деб юбордилар.

(Зулайҳо) деди:
– Мана шу йигит ҳақида мени маломат қилгандингизлар. Дарҳақиқат, уни йўлдан урмоқчи бўлганимда, у номускорлик қилиб, рад этди. Онт ичаманки, агар менинг амримни бажо келтирмаса, ҳарҳолда зиндонга ташланажак ва ҳарҳолда хор-зор бўлажак, – деди.
(Юсуф) деди: “Роббим, мен учун улар чорлаётган нарсадан зиндон яхшироқ. Агар Ўзинг уларнинг макрини мендан нари қилмасанг, уларга кўнгил бериб, жоҳиллардан бўламан”, деди.

Робби (унинг) дуосини, қабул қилиб, уларнимг макр-ҳийлаларини ундан нари қилди. Чунки У ешитган ва билгандир.
Сўнгра улар (Миср ҳокими Юсуфнинг бегуноҳ эканлигини) оят-ишоратларни кўргач, уни (Юсуфни) бир муддат зиндонбанд қилиб туриш мақбул кўринди. Зиндонга у билан бирга яна икки йигит тушди. Улардан бири “мен тушимда шароб тайёрлаган эмишман”, деди. Иккинчиси “мен бошим устига нон қўйибмишман ва нонни қушлар еяётган эмиш. Бизга тушимизнинг таъбирини айтиб бер. Сенинг гўзал амаллар соҳиби эканлигингни кўриб турибмиз”, дейишди.
(Юсуф) айтди: “Мен сизларга ризқ бўладиган (ҳар қандай) таом олдингизга келмасдан бурун унинг қандай таом эканлигини айтиб бераоламан. Бу Роббимнинг менга билдирган нарсаси. Чунки мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган, охиратни инкор қилувчи қавм динини тарк этдим. Ва мен аждодларим Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубларнинг динига эргашдим. Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш биз (пайғамбарлар) учун тўғри бўлмайди. Бу (тавҳид) Аллоҳнинг биз пайғамбарларга – барча инсонларга қилган фазл-марҳаматидир. Лекин одамларнинг кўпчилиги шукр этмаслар. Эй, зиндон ўртоқларим, тарқоқ, турли-туман сохта “тангри”лар яхшими ёки ягона, ҳар нарсага ғолиб ва Аллоҳми?
Сизлар Уни қўйиб, ота-боболарингиз тўқиб чиқарган бутларга ибодат қиласизлар. Ахир Аллоҳ уларга бирон ҳужжат туширмаган-ку! Ҳукм – ҳокимлик ёлгиз Аллоҳникидир. У зот сизларни фақат ўзигагина ибодат қилишга буюрган. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин одамларнинг кўпи буни билмайди.
Эй зиндондош дўстларим, энди сизларнинг биринчингизни айтсак, бас, у (зиндондан чиқиб) яна ўз ҳукмдорига соқийлик қилажак. Аммо иккинчингиз дорга осилиб (қузгунлар), унинг бошини чўқияжак. Сиз таъбирини сўраган иш битди”.

(Юсуф) бу иккисидан қутиладиганига:
“Қирол олдида мен ҳақда гапир (зора у мени зиндондан озод қилса)”, деди. (Лекин) Шайтон ҳожасига айтиладиган гапни унинг ёдидан чиқарди (ва Юсуф) бир неча йил зиндонда қолиб кетди.
(Бир куни) қирол: “Тушимда еттита ориқ сигир, еттита семиз сигирни еяётганини ва еттита яшил бошоқ билан бирга яна қуриган еттита (бошоқ)ни кўрдим. Аъёнларим, агар туш таъбирини билсангиз, бу туш таъбирини айтинг (менга)”, деди. Улар айтди: бу қоришиқ тушлар экан, унинг таъбирини билгувчи эмасмиз.”
(Шунда) ўша иккита махбусдан қутилиб чиққани шунча муддат ўтиб, энди (Юсуфнинг) сўзлари эсига тушиб, деди: “Бу тушнинг таъбирини сизга мен айтаман, фақат мени (зиндонда ётган Юсуфнинг ёнига) юборинглар, деди.
(У Юсуфга деди): “Юсуф, эй ростгўй зот, бизга еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётгани ва етти яшил бошоқ билан бирга турган еттита қуриган бошоқ ҳақидаги (туш) таъбирини айтиб бергин. Умид қиламанки, одамларнинг ёнига (тўғри жавобингиз билан) қайтаман…”
(Юсуф) деди: “Сизлар пайдар-пай етти йил (дон) экинглар, кейин олган ҳосилингизни (бузилмаслиги учун) ўриб ўз бошоғида қолдиринглар, фақат ейдиган озуқангизнигина (янчиб) олинглар. Сўнгра ўша (серҳосил етти йил)дан кейин етти йил қаҳатчилик бўлиб, улар асраб қўйилган ҳосилингизни еб битиражак. Фақат озгина (уруғлик) асраб қўйган донлар қолажак. Сўнгра (қаҳатчилик йилларидан) кейин бир йил келажакки, унда инсонлар ёғингарчилик остида қолажак ва (мевалардан) шароблар тайёрлаб олажаклар”.

(Соқий қиролга туш таъбирини етказгач) қирол: “Уни менинг олдимга келтиринглар”. Қачонки, (Юсуфнинг ёнига) қирол элчиси келгач, у (Юсуф): “Ҳожангнинг ёнига қайтиб бориб (аввал) ундан ўз қўлларини кесган аёллар нима бўлганини сўра. Албатта, Роббим уларнинг макрини билгувчидир, деди.”
(Шунда қирол аёлларни тўплаб) деди: “Юсуфни йўлдан урмоқчи бўлган вақтингизда нима бўлган эди?”
(Аёллар) айтдилар: “Биз ундан ҳеч ёмонлик сезмаганмиз.”

(Миср) ҳокимининг хотини (Зулайҳо) деди: “Мана энди ҳақиқат тантана қилди, уни мен йўлдан урмоқчи бўлдим. У шубҳасиз ростгой зотлардандир”.
(Юсуф): “Буни мен (шаҳар ҳокими) йўқлигида хиёнат қилмаганимни ва Аллоҳ ҳеч қачон хоинларнинг ишини ўнгламаслигини билишлари учун (қилдим).
Мен ўз нафсимни оқламайман. Чунки нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, муҳаққақ шиддатли ёмонликларга буюргувчидир. Зеро, Роббим ғоятда мағфиратли, меҳрибондир”.
Қирол: “Уни ҳузуримга келтирингиз, ўзимнинг хос кишиларимдан қилиб олай. У (Юсуф) билан суҳбатлашгач, “Сен бугун бизнинг даргоҳимизда мартабали, ишончли кишидирсан”, – деди.
(Юсуф) деди: “Мени шу ернинг хазиналари устига (маъмур) қўйгин. Чунки мен уларни яхши сақлашга муқтодир ва тасарруф шаклидан воқифман”.
Шундай қилиб, Юсуфни (Миср) еридан ўзи истаган жойдан маскан тутиб, яшайдиган мақомга келтирдик. Бу фазлу марҳаматимизни ўзимиз хоҳлаган кишига насиб этамиз ва гўзал амалар ишлайдиган кишиларнинг ажр-мукофотини зое этмасмиз. Албатта, иймон келтирган ва тақво соҳиблари зотлар учун охиратда ажр-мукофот янада хайрлироқ бўлади.

Юсуфнинг оға-инилари (Мисрга) келишиб, унинг ҳузурига кирганларида (Юсуф) уларни таниди. Улар эсa (Юсуфни) танимади.
Уларнинг ҳожатларини битиргач, (Юсуф) деди: “Ўша ота бир бўлган инингизни ҳузуримга келтиринглар. Ахир, яхши мезбонлик қилиб, (донни) сизларга том ўлчов билан бераётганимни кўрмаяпсизларми? Агар уни ҳузуримга келтирмасангиз, сиз учун бир қадоқ ҳам нарса йўқ, ёнимга яқинлашмай қояқолинглар”, деди.
Улар (акалари): “Отамиздан уни (биз билан қўшиб юборишни) илтимос қиламиз, ҳар ҳолда, биз шундай қиламиз”, дейишди.
(Юсуф ўзининг тарозибон) йигитларига буюрди: “Уларнинг (донга айирбош қилиш учун олиб кеган) нарсаларини ҳам юклари орасига солиб қўйинглар. Шояд уйларига қайтиб борганда, у нарсаларни кўриб, яна қайтиб келсалар”.

Улар отасининг ёнига қайтиб келиб, дедилар: “Эй ота, (энди) бизга озиқ-овқат берилмайдиган бўлди. Фақат биз билан бирга инимизни ҳам юборсанг, озиқ-овқат ола оламиз. Биз албатта уни муҳофаза қиламиз”.
(Ёқуб) деди: “Уни сизларга ишонайинми? Магарки, бундан аввал унинг биродарини ишонганимдек бўлур. Зотан Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва меҳрибонларнинг меҳрибонидир”.

Улар олиб келган юкларни очиб кўришганда, (алмаштиришга олиб борган) нарсаларининг ўзларига қайтариб берилганини кўриб: “Эй ота, мана, нарсаларимизни қайтараиб беришибди, яна нима истаймиз”, дейишди.

“(Бизга инимизни қўшиб юборсанг) яна оиламизга озиқ-овқат келтирардик, инимизни муҳофаза қилиб (бориб келамиз) ва бир туя юкни ортиқроқ олган бўламиз. Бу сафар олганимиз оз (бизга етмас)”, дедилар.
Ёқуб деди: “Aгар бирор кори ҳол рўй бермаган ҳолда, уни (Буняминни) менга қайтариб олиб келишингиз ҳақида Аллоҳдан васиқа келтирмагунча (Аллоҳ номи билан қасам ичмаганингизча) уни асло сизларга қўшиб юбормайман”.

Ниҳоят отаси (талаб қилган) аҳд-паймонни беришганда, (Ёқуб) “бу айтган гапларингизга Аллоҳ вакил – шоҳид бўлсин”, – деди.
(Сўнгра уларга) айтди: “Эй ўғилларим, (Мисрга) бир дарвозадан кирманглар, бошқа-бошқа дарвозадан киринглар. Бу сўзим билан Аллоҳнинг бирорта ҳукмини (қазо-балони) сизлардан қайтараолмайман. Ҳукм ёлғиз Аллоҳникидир. Мен фақат Унга таваккул этганман. Барча таваккул этганлар унинг Ўзигагина таваккул этсинлар”.

Улар оталари айтган тарафлардан (Мисрга) киришлари улардан Аллоҳнинг ҳукмини қайтарувчи эмас. (Бу фақат) Ёқубнинг дилидаги (фарзандларига меҳр) эҳтиёж эдики, у бу эҳтиёжни қондирган эди холос. Зотан, у Биз (ваҳий воситасида) берган таълим ила теран билимга эгадир. Лекин инсонларнинг кўпчилиги билмайди.
Улар Юсуфнинг ҳузурига киришганда, у инисини (Буняминни) қўлидан тортиб, “мен сенинг оғангман. Энди улар (яъни, акаларимиз)нинг қилганликларидан ғамгин бўлма”, деди.

Уларнинг ҳожатларини битиргач, иниси (Бунямин)нинг юки орасига (сездирмай) бир қадаҳни солиб қўйди. Сўнгра жарчи “Эй карвон эгалари, сизлар ўғрисизлар!” деб жар солди. Улар жарчилардан “нима йўқолди?” деб сўрашди. (Жарчи айтди: “Қиролнинг қадаҳи йўқолди. Уни топиб келтирган кишига бир туя юк (мукофотдир). Мен унга вакилман”.

Улар “Аллоҳга қасам-ки, биз ўғри эмасмиз. Ахир бизнинг бу ерга бузғунчилик учун келмаганимизни биласизлар-ку. Биз ўғри эмасмиз.”
“Агар ёлғон сўйлаётган бўлсангиз ўғрининг жазоси нима бўлади, деб сўрашди (жарчилар).”

Улар дейишди: “Унинг жазоси кимнинг юки ичидан топилса, ўша кимса жазоланажак – қул қилинажак. Биз зулм қилган кимсаларни шундай жазолаймиз”.
Бас (Юсуфнинг хизматкори) тинтувни, унинг биродари (Буняминдан) олдин, унинг акалари идишларидан бошлади. Кейин уни (Юусуфнинг) биродаридан “топиб” олди. Биз Юсуфга Шундай тадбир бидирдик. (Чунки Миср) подшоҳининг динида у биродарини асир қилиб олиб қола омас эди. Магар Аллоҳнинг хоҳиши билан (мазкур тадбир биан олиб қола олди). Биз кимни истасак ўшани юксак даражаларга кўтарамиз. Ҳар бир илм соҳибининг устида (ундан устунроқ) билимдон бордир.
Улар “агар бу (Бунямин) ўғирлик қилган бўлса, илгари унинг оғаси (Юсуф) ҳам ўғирлик қилган эди, дедилар. Бас, Юсуф бу гапни ичига олиб, уларга билдирмади. Ва (ўзича) “сизлар энг ёмон – тубан аҳволдасизлар, Аллоҳ сизларнинг тўқиб чиқараётган гапларингизни энг яхши билгувчидир”, деди.
Сўнгра улар дедилар: “Эй улуғ зот, унинг кекса отаси бор. Сен унинг (Буняминнинг) ўрнига бизлардан биттасини олиб қолгин. Зотан биз сенинг гўзал амаллар соҳиби эканингни кўраяпмиз.”

(Юсуф) айтди: “Бизнинг нарсамиз идишидан топилган кимсадан бошқасини олиб қолишдан Аллоҳ сақласин. Акс ҳолда, шубҳасиз, золимлардан бўлурмиз.”
Энди уларнинг умидлари узилганди, (оға-инилар) бир чеккага чиқиб маслаҳат қилишди. Уларнинг тўнғичи деди: “Отамиз устингизда Аллоҳдан васиқа (аҳдингизни) олиб қолганини унутдингизми? Илгари Юсуф хусусуда ҳам шундай қусур ишлаган эндингизлар. Бас, токи отам менга изн бермагунча ёки Аллоҳ фойдамизга ҳукм қилмагунча мана шу ердан асло жилмайман. У зот (Аллоҳ) ҳукм этгувчиларнинг энг яхшисидир”. Сизлар отамиз олдига қайтиб, айтинглар: “Эй ота, ўғлинг чиндан ҳам ўғрилик қилди. Биз фақат кўрган, билган нарсамиз ҳақида хабар бераяпмиз. (Биз) ғайбни ҳам билмас эдик. Биз қайтган шаҳардан ва биз билан бирга кетган карвондан сўраб-суриштиргин. Албатта, биз рост сўйлагувчиларданмиз”, деди.

(Оға-инилар Ёқуб алайҳиссаломнинг ёнига келиб, шу сўзларни айтишганда) у деди: “Йўқ, сизларга нафсингиз бир (ёмон) ишни яхши қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) гўзал шаклда сабр этмакдир. Шояд, Аллоҳ уларни (йўқолган ўғилларимни) бағримга қайтарса. Албатта У (Аллоҳ) илм ва ҳикмат соҳибидир.”
Кейин улардан юз ўгириб, деди: “Эй бечора Юсуф-а!” ғам-аламдан унинг кўзлари оқарди (Кўр бўлди).

(Ўғиллари): “Аллоҳ номига онт ичамиз-ки, сен рамақижон бўлиб қолгунча ёки биратўла ҳалок бўлгунча Юсуфни еслайверадиган бўлдинг”, дейишди.
У айтди. “Мен ғам ва ташвишдан ёлғиз Аллоҳга шикоят этиб йиғламоқдаман, мен Аллоҳнинг (марҳаматли экани ҳаққида) сизлар билмайдиган нарсаларни биламан. Эй ўғилларим, боринг, Юсуф ва унинг инисини изланглар ва Аллоҳнинг раҳматидан умидингизни узманглар. Зеро, Аллоҳ раҳматидан фақат кофир қавмгина умидини узар.”
Қачонки (Мисрга етиб келиб, Юсуфнинг) ҳузурига киришганида, улар: “Эй улуғ зот, бизни ва оиламизни очарчилик босди. Бизлар (ҳузурингга) ўтмас матоҳларни олиб келдик. Бизга етарли ўлчовда (озиқ-овқат) бергин ва бизларга хайр-садақа эт. Аллоҳ шубҳасиз (сендек) лутфкорни мукофотлатиражак”, дейишди.
(Юсуф) деди: “Сизлар (ҳали) ёш‑нодон кимсалар эканингизда Юсуф ва инисига нималар қиганингизни эслайсизларми?”

Улар: “Сен Юсуфмисан?” деб сўрашди. “Ҳа, мен Юсуфман, бу эсa биродаримдир. Аллоҳ бизга лутф этди! Муҳаққақ-ки, ким-ки, Аллоҳдан қўрқиб, сабру қаноат этса, абатта Аллоҳ гўзал ҳаракат қилган инсонларнинг ажр-мукофотини зое этмас.”

Улар дедилар: “Аллоҳга қасам-ки, Аллоҳ сени биздан устун қилмишдир. Биз эсa, шубҳасиз, адашганлардан бўлдик.”

У деди: “Бу кун сизларни айблаш йўқ. Сизни Аллоҳ ёрлақасин. У раҳмдилларнинг энг раҳмдилидир. Сизлар мана шу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташлангиз, унинг кўзлари очилажак. Кейин барча аҳли-оилангиз билан менинг ёнимга келинглар.”

Карвон (Мисрдан) чиқиши биланоқ, оталари (ҳузурида ўтирган кишиларга) “мен Юсуфнинг бўйларини туймоқдаман, агар мени ақлдан озди демасангизлар”, деди.
(Улар) дедилар: “Аллоҳга қасамки, сен (ҳали ҳам) ўша эски янгиш фикрдасан.”

Қачонки, мужда келиб, уни (Юсуфнинг кўйлагини) юзига ташлагач, унинг кўзлари очилди: “Сизларга сизлар билмайдиган нарсаларни – Аллоҳдан биламан демаганмидим?” деди у.

Улар дедилар: “Эй ота, (Аллоҳдан) бизнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўрагин. Албатта, биз айбдорлардан эдик.”
У айтди: “Албатта, Роббимдан сиз учун мағфират тилайман. Зотан, ёлғиз У мағфират қилгувчи ва меҳрибондир.” (100)

ИЗОҲЛАР:
98) Салабий. “Ароис”, 118- бет.
99) Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 173- бет; Салабий. “Ароис”, 118-119- бетлар; Ибн Асир. “Комил”, 1- жилд, 142- бет.
(*) Ёқуб алайҳиссаломнинг ўғилларининг сармоялари: сотиш учун Мисрга олиб борганлари баҳорда қирқилган қой юнги, суюқ сариқ ёғ (Табарий. “Тафсир”, 13- жилд, 51- бет; Салабий. “Ароис”, 136- бет; Замаҳшарий. “Кашшоф”, 2- жилд, 340- бет; Қуртубий. “Тафсир”, 9- жилд, 253- бет) каш пишлоғи ёхуд қурут, кавут ширинлиги (Салабий. “Ароис”, 136- бет; Замаҳшарий. “Кашшоф”, 2- жилд, 340- бет) тери ва поёфазл (Салабий. “Ароис”, 136- бет; Қуртубий. “Тафсир”, 9- жилд, 253- бет) каби нарсалар эди.
(**) Юсуф алайҳиссалом унга:
– Исминг надир? – деб сўради.
Бунямин:
– Бунямин! – деди.
Юсуф алайҳиссалом:
– Бунямин нима дегани? – деди.
– Туғилганида онаси ўлиб, ғайб бўлган, етим демакдир, – деб жавоб берди.
Юсуф алайҳиссалом:
– Онангнинг исми надир? – деб сўради.
Бунямин:
– Роҳилдир, – деди. (Салабий. “Ароис”, 131- бет)
Юсуф алайҳиссалом:
– Йўқолган ўша қардошинг Юсуфнинг ўрнига менинг сэгга ини бўлишимни хоҳлайсанми? – деб сўради.
Бунямин:
– Эй ҳукмдор! Сенга ўхшаган қардошни ким топа оларди?! Сени на Ёқуб, на-да Роҳил дунёга келтирмади, – деган пайт Юсуф алайҳиссалом йиғлаб юборди. Туриб бориб Буняминнг ёнига ўтирди. Уни бағрига босди (Салабий. “Ароис”, 131- бет; Абулфарад Ибн Жавзий. “Табсиро”, 1- жилд, 180- бет)
(***)Юсуф алайҳиссалом болалик пайтида онасининг отаси Лабоннинг олтин бутини олиб синдирган ва ёлга улоқтирган эди (Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 183- бет; Салабий. “Ароис”, 133- бет). Бундай қилишни унга муслулмон бўлган онасининг буюргани ривоят қилинади (Салабий. “Ароис”, 133- бет). Ёқуб алайҳиссалом тоғаси ва қайнотаси Лабоннинг ёнидан айрилиб, Байтулмақдисга кетаётган пайт, йўл озуқалари бўлмагани учун, завжаси Роҳилнинг ўғли Юсуф алайҳиссаломга “Отамнинг бутларидан биттасини ол. Балки йўлда ермиз,” дегани ва унинг бутни олгани ривоят қилинади (Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 165- бет).
(*) Шамол саккиз кеча-кундузлик масофадан Юсуф алайҳиссаломнинг ҳидини Ёқуб алайҳиссаломга келтирди (Табарий. “Тарих”, 1- жилд, 185- бет; Салабий. “Ароис”, 138- бет; Абулфидо. “Ал бидоя ван-ниҳоя”, 1- жилд, 216- бет).
100) Юcуф сураси, 4-98- оятлар.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар