Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ихтиёр эркинлиги ахлоқий муаммо сифатида

Ихтиёр эркинлиги ахлоқий муаммо сифатида
11 Mayıs 2014 - 12:49 'да юкланди ва 896 марта ўқилди.

эркинликИхтиёр эркинлиги яқин-яқингача асосан фалсафий тушунча сифатида олиб қаралар ва ахлоқшуносликка доир илмий адабиётларда камдан-кам тилга олинар, унинг ўрнига эса, «ахлоқий танлов эркинлиги»- ибораси қўлланиларди.

Бунинг асосий сабаби шундаки, ихтиёр эркинлиги Худо томонидан фақат инсонгагина – Ўзидан кейин турадиган олий мавжудодгагина ато этилган маънавий-ахлоқий неъматдир. Фаришталар бундай неъматга, ихтиёр қилиш ҳуқуқига эга эмаслар, улар фақат Тангрининг буйруғини бажарадилар. Инсон эса Худонинг ердаги халифаси (ёрдамчиси, ўринбосари) мақомида ўз эркин ихтиёрига кўра хатти-ҳаракат қилади. Шу сабабдан ҳам Худо фаришталарга Одамга сажда қилишни буюради. қуръони карим «Бақара» сурасининг 30-34 – оятларида бу ҳолат аниқ-равшан ифода топган.

Ихтиёр эркинлиги динийлик билан боғлиқлиги ва, айниқса, инсон шахсининг ниҳоятда юксак даражада эъзозланганидан келиб чиққани туфайли тоталитар шўролар мафкураси уни ижобий маьнода қўллашни тақиқларди ва фақат унга «танқидий», ёндашувини, тўғрироғи, уни инкор этишни талаб қиларди. Марксчилар инсоннинг ўзига хос руҳий ва жисмоний хатти ҳаракати уйғунлигини англатувчи ихтиёр эркинлигини унинг тадрижий-табиий давоми бўлмиш ахлоқий танловдан ажратиб олиб, илмий муомаладан деярли чиқариб ташладилар. Натижада «ахлоқий танлов эркинлиги» тушунчаси боши йўқ вужуд каби ўлик атамага айлантирилди. Фақат тоталитар тузум инқирозидан кейингина у ҳақда илмий холислик билан фикр юритиш имконияти туғилди.

Шундай қилиб, Шарқу Ғарб ахлоқшунослигида минг йилдан ортиқ мобайнида барча буюк файласуфлар мурожаат қилган ахлоқий муаммо яна ўз мавқеини тикламоқда. Биз бу муаммога меъёрий ахлоқшуносликдан кўра, маълум маънода мета ахлоқшунослик методлари асосида ёндашишни мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.

Ихтиёр эркинлиги тўғрисида фикр юритишдан олдин эркинликнинг ўзи ҳақида мулоҳаза қилиб кўриш лозим бўлади. Чунки «эркинлик» атамаси бир томондан, содда, аниқ ҳаммага тушунарли сўз, иккинчи томондан эса ўта мураккаб, туманли, ўзгариб турувчи тушунча; у ҳаммани, айниқса ёшларни оҳанграбодек ўзига тортади. «Аслида эса тарихда эркинлик номи остида кўп улуғ ишлар амалга оширилган, лекин айнан шу ном билан қанчадан-қанча гуноҳлар қилинган. Ҳар бир кишининг хаёлига юраги дукиллаб уриб кетадиган шу ном билан қанчадан-қанча жинояту нодонликлар, эҳтирослар алдовию сўқирликлар ўзини безади ва безамоқда» . В.Винделбанд фикрини давом эттириб, эркинлик атамасининг мазмуни сиёсат ва фалсафа оламида ҳозиргача турли хил бўлиб келаётганини, «ҳақиқий эркинлик» тушунчаси эса нимани англатиши ҳали ҳам аён эмаслигини айтиб ўтади. Бундай «тушунмовчиликлар»нинг сабаби, бизнингча, шундаки, инсон эркинлиги ҳеч қачон ёлғиз, алоҳида олинган эркинлик бўла олмайди, у, Сартр айтганидек, эркинликлар рўпарасидаги эркинлик . Айнан шунинг учун ҳам у ҳеч қачон мутлақлик касб эта олмайди, уни доим замон, макон, инсон ва нарсалар эркинлиги – бошқа эркинликлар чеклаб туради; инсон бутунлай эркинликка эришолмайди, фақат нимадандир, қайсидир бир нарсадангина эркин, озод бўлиши мумкин. Спорт мусобақаларида университет шарафини ҳимоя қилиш учун бошқа шаҳарга борган талаба дарсларга қатнашиш мажбуриятидан озод қилинган, лекин у дарсларга нисбатан эркинликка эга бўлгани ҳолда, бутунлай эркин эмас, спорт мусобақаларида қатнашиш мажбуриятини олган.

Шундай қилиб, бир эркинликнинг қўлга киритилиши иккинчи эркинликдан – спорт мусобақаларида қатнашмаслик эркинлигидан воз кечишга олиб келади. Демак, бир томондан эркинлик заруриятсиз, зарурият эса эркинликсиз мавжуд эмас, иккинчи томондан, шунинг учун ҳам, ҳар қандай эркинлик чекланган ҳолдагина воқе бўлади.

Фалсафий адабиётларда асосан «ирода эркинлиги» деган нотўғри ибора қўлланилади. Бунинг сабаби – рус тилидаги «воля» сўзининг мантиқан хато, «сила воли» тарзида таржима қилинишида, ваҳоланки, «воля» – «эрк», «эркинлик»; «сила воли» – ирода («ирода кучи» эмас) маъноларини англатади. Бизда «ирода фалсафасининг» отаси деб ном олган Артур Шопэнҳауэрнинг мазкур фалсафани асослаб берган тўрт жилдлик фундаментал асарида гап ирода ҳақида эмас, балки ихтиёр ҳақида боради. Асар олмончадаги аслиятда «Die Welt als Wille und Vorstellung» деб аталади, ўзбекчасига бу «Олам ихтиёр ва тасаввур сифатида» (русчасига «Мир как воля и представление») деб таржима қилинади. Зеро Wille – ихтиёр дегани, ирода эса – Willenskraft ёки Willensstarke (русчасига «сила воли»). Фалсафий адабиётларимиздаги атама борасидаги бундай мантиқсизлик, номутаносиблик эса русчадан «шартта кўчириб ташлаш» касалининг оқибатидан бошқа нарса эмас.

Ихтиёр эркинлиги энг аввало ихтиёрнинг уч босқичда воқе бўлиши билан боғлиқ. Биринчи босқич – ичидан фақат биттасини танлаб олиш ва ҳаракатга айлантириш мумкин бўлган алоҳида хоҳиш-истакларнинг туғилишидан иборат. Иккинчи босқичда мазкур хоҳишларнинг ўз аро бир – бирини тутиб туриши, тенг ҳолатга келтириши юз беради ва бу – танлов орақали бир қарорда тўхташ имконини яратади. Учинчи босқич танланган хоҳишнинг ўзига мос жисмоний ҳаракатга ўтиши билан белгиланади.

Шуни айтиш керакки, муайян ихтиёрга берилган эркинлик фақат танловнинг бошланишида ва танлов жараёнидагина мавжуд бўлади. Танлов жараёни тугаши билан, яъни икки нарсадан бирини танлаганингиз заҳоти ихтиёрингиз учун берилган эркинликнинг ваколати тугайди: сиз ихтиёр қилиб бўлдингиз, бундан буёғига эркин эмассиз, энди танлаган нарсангизга мос ҳаракатни бошлашингиз керак. Демак, ихтиёр эркинлиги танланаётган икки нарса оралиғидаги фикрлаш мобайнидагина воқе бўладиган ҳодисадир.

Танловнинг ўзи эса икки хил хоҳиш ўртасидаги курашдан иборат. Бу курашда фақат битта ҳоҳиш – қайсиниси кучли бўлса, ўша ғалаба қозонади: ҳам унисининг, ҳам бунисининг баравар танланиши мумкин эмас. Руҳшунослик нуқтаи назаридан танлов ҳиссиётга асосланган, қандай сабаб орқали вужудга келиши аҳамиятсиз бўлган руҳий омил. Ахлоқшуносликдаги танлов эса қадрият билан боғлиқ, ақлга асосланган тушунча. Биринчиси – бор нарса, иккинчиси – бўлиши керак деб ҳисобланган нарса; биринчиси – мавжуд омилни, иккинчиси – идеални, меъёрни англатади. Шундай қилиб, инсондаги ихтиёр эркинлиги зарурият талаби билан оқилона, ақлга бўйсундирилган равишда, идеал ва меъёрларга мос тарзда чекланади.

Шундай қилиб, ихтиёр эркинлиги туфайли инсон ҳар қадамда ахлоқий танлов муаммосига дуч келади. Бу муаммо кишида масъулият ҳисси мавжудлигидан далолат беради. Масъулиятни, ўзгалар ва ўз виждони олдида жавобгарликни сезмаган киши хоҳлаган ишга қўл уриши мумкин – уни ўз қилмишининг оқибати қизиқтирмайди, у фақат манфаат устуворлигини тан олади, холос. Ундай одамни ахлоқсиз деб атайдилар. Зеро инсон ё эзгуликни, ё ёвузликни танлаши туфайли ниманидир ихтиёр этади: ахлоқий танлов – ҳар бир хатти-ҳаракат, ҳар бир қилмишнинг ибтидо нуқтаси.

Абдулла Шер

Манба: facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Давлат тўнтаришида айбланаëтган журналистнинг онаси Мирзиëевдан ëрдам сўради
Муҳаммад Солиҳ: Мустақил журналист Бобомурод Абдулла (Усмон Ҳақназар) ва Акром Маликов (Абдуллоҳ Нусрат)нинг ҳибсга олиниши ҳақда мулоҳазалар
Давлат адвокати журналист Абдуллаевнинг онасидан пул сўради
МХХ ертўласида қолаётган журналистнинг онаси Мирзиёевдан ёрдам сўради
БМТнинг диний эксперти: Мамлакатда виждон, фикр, дин ёки эътиқод эркинлиги ҳаддан зиёд тартибга солинади
Қирғизистон президентлик сайловларида Сўўрўнбай Жээнбеков ғалаба қозонди
Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг онаси, ўғли билан кўришишга рухсат беришини сўраб терговчига ариза билан мурожаат қилган, аммо жавоб олмаган
Freedom House Ўзбек журналистини озод қилишга чақирди
Пен-клуб: Бобомурод Абдуллаевни зудлик билан озод қилинг!
Халқ артисти президентдан Бобомурод Абдуллаевни озод қилишни сўради
Ўхшаш хабарлар