Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистон ҳукумати бюджет камомадини пенсионерлар ҳисобидан тўлдиришга киришди

Ўзбекистон ҳукумати бюджет камомадини пенсионерлар ҳисобидан тўлдиришга киришди
20 Mayıs 2014 - 14:52 'да юкланди ва 632 марта ўқилди.

22014 йил 14 майдаги Вазирлар Маҳкамасининг № 121 сонли қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Бу билан энг аввало 252-сонли қарорга илова қилинган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низом”га ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

Ушбу Низомга охирги ўзгартиш ва қўшимчалар 2012 йил 28 июндаги Вазирлар Маҳкамасининг 184-сонли қарори билан киритилганди. Бироқ, бу сафарги ўзгартиш ва қўшимчалар давлат бюджетидан пенсия олувчиларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига ва иқтисодий ҳуқуқларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Хусусан, мазкур ўзгаришларга кўра эндиликда 8 ёшгача бўлган ногирон фарзандини парвариш қилган оналарга ўтган 8 йиллик муддат пенсия тайинлашда талаб қилинадиган 20 йил таркибига киритилмайдиган бўлди.

Доимий иш ўрнига эга бўлиш катта муаммо бўлган Ўзбекистон шароитида пенсия таъминоти учун талаб қилинадиган 20 йиллик муддатни тўлдириш аксарият аҳоли учун жуда муҳим аҳамият касб этади.

Шунга қарамасдан, ушбу қарор яна бошқа бир қанча ижтимоий қатлам вакилларининг ҳам ҳуқуқлари чекланишига, тўғрироғи қўпол равишда бузилишига олиб келди.

Масалан, янги қарор билан пенсия учун талаб қилинадиган 20 йиллик иш стажини ҳисоблашда қуйидаги муддатлар бекор қилинди:

– олий ўқув юртларидаги, аспирантурадаги (стажер тадқиқотчи-изланувчи институтидаги), докторантурадаги (катта илмий ходим-изланувич институтидаги) ва клиник ординатурадаги, шу жумладан ҳориждаги кундузги таълим даври;

– фарзандини 3 ёшга етгунча парвариш қилиш учун олинган меҳнат таътили даври;

– офицерлар таркибидан бўлган шахслар, прапоршчиклар, мичманлар ва муддатдан ташқари хизмат қилувчи ҳарбий хизматчиларнинг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақт.
Маълумки юқорида санаб ўтилган муддатлар 5 йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлган тақдирда умумий иш стажи таркибига киритиларди.

Меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахсларнинг иш стажларига Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари нафақа фондига тўланадиган суғурта бадаллари тўланган даврларгина киритилади.

Ҳудди шу тарзда, ҳорижда ишлаётган фуқароларнинг умумий иш стажларига “агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса” уларнинг белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари нафақа фондига тўланадиган суғурта бадаллари тўланган даврларгина киритилади.

Бундан ташқари, янги қарор билан киритилган ўзгартишларга кўра, I гуруҳ ногиронлари ва 80 ёшдан ошган кексаларнинг парвариши билан шуғулланаётган шахслар ҳар 12 ойда бир маротаба амалга оширилаётган парвариш ишлари юзасидан текширув актини расмийлаштиришларига тўғри келади. Расмийлаштиилган актлар ногирон ёки 80 ёшдан ошган кекса шахснинг нафақа ишига тикиб қўйилади ва уларнинг парвариши билан шуғулланаётган шахснинг иш стажини ҳисоблаш учун асос бўлади.

Ҳужжат бошқа ўзгартиш ва қўшимчаларни ҳам назарда тутади.

Қарор 2013 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи фармонларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги № ПФ-4589 сонли Президент Фармонини ижро қилиш мақсадида қабул қилинган.

ЎХҲ ахборот бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар