Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

ИХВОН ВА ЭРДЎҒОН

Туркия Жумҳуриятнинг Бош Вазири Тоййиб Эрдўғон Шимолий Африкага давлатларидан Миср, Тунис ва Ливияга расмий ташрифини амалга оширди. Эрдўғоннинг бу ташрифи кўп қиррали ва турли мақсадли, десак хато қилмаган бўламиз. Аввало, Туркия ва Миср Ислом умматининг дунё сиёсатида энг таъсири кучли давлатларидир. Миср Ўрта Шарқда, хусусан Исроил билан алоқаларда муҳим роль йўнайди. Туркия эса ўзининг Овропа ва АҚШга яқинлиги билан ажралиб туради.

ИХВОН ВА ЭРДЎҒОН
18 Eylül 2011 - 7:45 'да юкланди ва 430 марта ўқилди.

Туркия Жумҳуриятнинг Бош Вазири Тоййиб Эрдўғон Шимолий Африкага давлатларидан Миср, Тунис ва Ливияга расмий ташрифини амалга оширди. Эрдўғоннинг бу ташрифи кўп қиррали ва турли мақсадли, десак хато қилмаган бўламиз. Аввало, Туркия ва Миср Ислом умматининг дунё сиёсатида энг таъсири кучли давлатларидир. Миср Ўрта Шарқда, хусусан Исроил билан алоқаларда муҳим роль йўнайди. Туркия эса ўзининг Овропа ва АҚШга яқинлиги билан ажралиб туради.

Сўнгги пайтларда бу икки давлатнинг ички ва ташқи сиёсатида жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда. Сўнгги ярим асрда Мисрда ҳам Туркияда ҳам амалда ҳарбий диктатуралар мавжуд эди. Бу йиллар давомида икки мамлакатда ҳам мусулмонларга қарши турли тазйиқлар ўтказилиб келинди. Аммо Туркиялик ва Мисрлик мусулмонлар ўз давлатларидаги режимларга мухолифликдан асло воз кечмадилар. Орада расмий муроса бўлмаса ҳам мусулмонлар чорасиз ўзларини бу золим режимларга ён босгандек кўрсатишга мажбур эдилар. Ислом уммати ичида энг фаол бўлган ҳаракатлар Мисрдаги “Ихвони муслимин” (Мусулмон биродарлар) ва Туркиядаги “Миллий қараш” ташкилотлари ўзларига қарши узлуксиз қилинган тазйиқлар ва зулмлар натижасида бу давлатлардаги диктатура режимларининг бир “парчасига” айланган эдилар. Ҳар икки ҳаракат ҳам ушбу режимлар қўйган шартларга кўра фаолият олиб боришди, сайловларда қатнашишди, мавжуд ёки ўлиб кетган диктаторларга ҳурмат-эҳтиром “кўрсатишди”. Хуллас, то 20 асрнинг охиригача мусулмонларни тамсил қилган бу ҳаракатлар на ўзларининг мақсадларига эриша олдилар нада диктатура режимларини тинч қўйдилар. “Мушук-сичқон” ўйини шу тарзда давом этиб келди…

Ўтган асрнинг 90 йилларининг охирида Тоййиб Эрдўғон кутилмаганда ўзи аъзо бўлган “Миллий қараш” ҳаракатини тарк этди. У мен ўзгардим, “Миллий қараш” кўйлаги менга ярашмай қолди, деган иддолар билан янги партия тузди. Ва унинг партияси 2002 йилда ҳокимиятга келди. Аммо “мушук-сичқон” ўйинига бир зарба билан хотима беришнинг имкони бўлмади. Аксинча, то 2007 йилгача ҳарбийлар Эрдўғонни ва унинг партиясини сиёсат майдонидан йўқ қилиш учун уриниб келишгани кейинчалик маълум бўлди. 2007 йилда Туркия Бош Штабининг бошлиғи ҳукуматга қарши очиқ хуружга ўтди ва амалда Эрдўғоннинг истеъфосини талаб қиладиган моҳиятда бир баёнот тарқатди. Мамлакатдаги тажриба ва сиёсий удумларга кўра Эрдўғон ҳарбийларнинг бундай баёнотидан кейин истеъфога чиқиши кеарк эди. Аммо кутилмаганда ҳукумат қарши баёнот билан чиқди ва Туркияда Бош Штабнинг Бош Вазирга итоат қилиши мажбурий эканлигини таъкидлади. Шундан кейин мамлакатда ҳарбийлар устидан жиноий иш очиш компанияси бошлади. Энди қочиш навбати “мушуклар”га келганди. Бугунга келиб юзларча генералу полковниклар худди Миср Президенти Муборак каби ўзлари қурган қамоқхоналарда “истеъфо”га чиққанлар…

Туркиялик мусулмлонлар ўнларча йил давомида курашиб қўлга киритган ютуққа Мисрлик мусулмонлар Аллоҳнинг раҳмати билан бир зарбада эришдилар. Миср инқилоби замонамизнинг энг ғаддор диктаторларидан бири Ҳусни Муборанинг зиндонга ташланиши билан якунланди. 1930 йиллардан бери ўз мужодаласини тарк қилмаган ва бу йўлда минглаб шаҳидлар берган “Ихвони муслимин” ҳаракати ҳам мамлакатдаги “араб баҳори” шамолидан насибсиз қолмади. Ҳозирги кунда “Ихвон” Миср сиёсатининг бош актёри ўрнида кўрилмоқда…

Эрдўғоннинг ушбу расмий сафари у олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатнинг муҳим қирраларининг ўртага чиқишига сабаб бўлди. Аввало Туркия Бош Вазири Миср, Тунис ва Ливиянинг янги ҳукуматлари билан яхши алоқаларни йўлга қўйишга уринди. Бунинг учун у Ислом умматининг асосий мухолифи бўлган Исроилни қайта қайта танқид қилишдан чарчамади. Унинг бу уринишлари мавасини бермай қолмади. Масалан, Миср ҳукуматининг вакиллари Исроил билан Камп Давид шартномаснинг мангу эмаслигини билдирдилар. Айни пайтда Туркия ва Мисрнинг Исроилга қарши мустаҳкам иттифоқ тузганликларини ҳам айтиб бўлмайди. Миср ҳукумати Эрдўғоннинг Ғаззога киришига тўсқинлик қилди. Бу билан мисрликлар Эрдўғонга биз Исроилга қаршимиз аммо сиз айтганчалик даражада эмас, демоқчи бўлдилар. Натижада Ғаззога қўйилган тўсиқларнинг олиб ташланиши бошқа бир баҳорга қолиб кетди…

Франция президенти Саркози ва Англия Бош Вазири Камеронлар Эрдўғоннинг Ливияга боришидан олдин шошма шошарлик билан бу давлатга “визит”ни амалга оширдилар. Уларнинг мақсади Ливиянинг туркия ва бошқа Ислом давлатлари билан ҳамкорлик қилишларидан кўра, Оврўпонинг мақсадларига хизмат қилиши таъминлашдан иборат эди. Саркози ва Камерон Ливия муваққат ҳукуматига “сиздан угина, биздан бугина” қоидасини эслатиб қўйиш учун ташриф буюрган эдилар. Маълумки, Каддафий мухолифларининг Ливияда ҳукуматни қўлга олишида НАТО ҳарбий учоқларининг Ливия шаҳарларини бомбардимон қилганлигининг маълум таъсири бўлди. Энди эса Ливиянинг янги ҳукумати Овруполикларга хизматда бўлиши керак. Аниқроғи Саркози ва Камеронга кўра Ливия нефти Оврупо тарафга қараб оқиши керак…

Эрдўғон бу ташқи сафарида мамлакатининг ички сиёсатига оид масалаларни ҳам кун тартибига келтиришга уринди. У Мисрга келиши билан ўз сиёсатларини янгидан шакллантираётган араб давлатларига “лаиклик” (секуларизм, ғарбона дунёвийлик) йўлидан юришни тавсия қилди. “Мушук-сичқон” ўйинига мослашиб қолганлиги учун ҳеч бир масалада қатъийлик кўрсатмайдиган “Ихвон”ларга Эрдўғоннинг бу таклифи маъқул келмади. “Иҳвон” вакили Мисргa ташқаридан олиб келинадиган сиёсий моделга қарши эканликларини ҳамон билдирди. Яъни, биз Туркиядаги дин ва давлатни бир биридан ажратадиган “лаиклик”га қаршимиз, деди у. Бунинг сабаби Миср ва бошқа араб мамлакатлари Конституцияларида Исломнинг давлат дини сифатида эътироф қилинганидир. Масалан, Миср Конституциясининг 2 моддасида “Ислом давлатнинг динидир”, Тунис Конституциясининг 1 моддасида “Тунис эркин ва мустақил давлатдир. Дини Ислом, тили арабча ва тузуми Жумҳуриятдир”, Ливияда ҳозирланган янги Конституциянинг 2 моддасида эса “Қуръони Карим жамиятнинг шариати, Ислом эса давлатнинг динидир”, дейилади. (Қаранг: http://zaman.com.tr/yazar.do?yazino=1180525&title=ortadoguya-turk-laikligi )

Хўш, Эрдўғон бу ҳақиқатларни била туриб, нимага “лаиклик” мажорасини кун тартибига келдирди, деган савол туғилиши табиийдир. Бу саволнинг жавобини Эрдўғоннинг Ливиядаги нутқида келтирилган ва “Ихвон“нинг эътирозларига қарши айтган ушбу шарҳларидан топишимиз мумкин: “Мен лаиклик дейилганда Ислом душманлигини тушунмайман. Бизга кўра лаиклик давлатнинг бутун дин мансубларига айни муносабатда бўлишидир. Яъни, мусулмонлар ҳам, насронийлар ҳам, мусавийлар ҳам, атеистлар ҳам ўз эътқодларига кўра яшаш ҳуқуқларига эгадирлар” . Туркиянинг энг машҳур мусулмон зиёлилардан Абдурраҳмон Дилипок Туркия Бош Вазирининг бу сўзларини қуйидагича изоҳлайди: “Аслида Ислом инсонларни теократик (руҳонийлик) ёки Бизантанист бир жамият шаклида яшашга мажбур қилмайди. Эрдўғоннинг лаикликдан мақсади Инжилда айтилгани каби Тангрининг ҳаққи Тангрига, Сезарнинг ҳаққи Сезарга қоидаси эмас, “Лакум динукум ва лиййадин”, яъни “Сизнинг динингиз сизга, менинг диним эса менгадир” ҳақиқатидир…” (Қаранг: http://www.habervaktim.com/yazar/42467/erdogan%E2%80%99in_dilinde_laiklik_ve_demokrasi.html)

“Ихвон” вакилларининг Туркия моделидаги “лаиклик”га қарши эканликларининг сабабларидан бири эса бундай дунёқарашнинг давлат мафкураси ҳолига келишидир. Бундай ҳолда бу мафкурадан қутулиш учун ўнларча ва ҳатто Туркияда бўлаётгани каби юз йил вақт кетиши мумкин. Бу эса мусулмон халқнинг онгини заҳарлаши ва улар орасида номи мусулмон асли мусулмон бўлмаган шахсиятсиз кишиларнинг кўпайиб кетишига олиб келади. Натижада жамиятда ҳеч кимга фойда бермайдиган талашиб-тортишишлар ва ҳатто уруш-жанжаллар ўртага чиқади. Туркиянинг ўзида 20 асрда содир қилинган бутун ҳарбий тўнтаришларнинг сабаби мана шу “лаиклик” атрофида бўлган мажоралар ёки уни қўриш учун амалга оширилгани гапимизнинг исботидир.

Эрдўғон ташқи мамлакатларга қилган сафари давомида ўз мамлакатининг ички сиёсатига оид бундай масалаларни кун тартибига келтиришда ҳақли ёки ҳақсизми, бунга баҳо бериш бизнинг вазифамизга кирмайди. Афсуски дунё сиёсати аввало давлатларнинг моддий манфаатларига асослангани учун бундай сиёсат майдонида “мушук сичқон ўйини”, “коса тагидан нимкоса излаш” ёки “қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” қабиладаги дарров тушуниш қийин бўлган баёнотлар ва жараёнлар кўп учрайди. Айтиш керакки, Эрдўғон ўзининг тўғрисўзлиги ва ундан олдинги Бош Вазирларга қараганда адолатли сиёсати билан ажралиб турсада, дунё сиёсатининг бундай ўйинларда ҳам анчагина уддабурондир. Қолаверса ҳозирги кунда дунё сиёсати ва дунё тузумининг қайта шаклланаётгани ҳам бир ҳақиқатдир. Тоййиб Эрдўғоннинг ушбу баёнотлари Туркияда қабул қилиниши кутилаётган янги Коституциянинг дебочаси ҳам бўлиши мумкин. Маълумки, Туркиянинг мавжуд Констиуциясида лаиклик қоидаси билан дин ва давлат ишлари бир-биридан ажратилгандир. Эрдўғон бу қоидани бирданига янги Конституциядан чиқариш ўрнига (бунинг имконсизлигини ҳисобга олган ҳолда) лаикликни янгича таърифлаш, яъни уни давлатнинг турли дин вакилларига тенг ҳуқуқлар бериш қоидаси ҳолига келтиришга уринаётган бўлиши ҳам мумкин…

Намоз Нормўмин, ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси

17 сентябрь 2011 йил, Осло.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • али ;

    ЧИРОЙЛИ ИЗОХ УЗБЕКИСТОН МИСИР ЙУЛИДАН БОРИШ КЕРАКМИ ЁКИ ТУРК ЙУЛИДАНМИ ОДАМЛАРНИ САБРИ ТУГАДИЁК МАНИМЧА ИККОВИ ХАМ ТУГРИ КЕЛМАЙДИ КАРИМНИ ОСИШ КЕРАК ТЕЗРОК УЛИБ КОЛМАСДАН ТУРИБ

    18/09/2011 10:16