Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Кўҳна Урганчда бир дарвоза бор…

Кўҳна Урганчда бир дарвоза бор…
18 Haziran 2014 - 16:20 'de eklendi ve 670 kez görüntülendi.

ko`hna urganchni xotirlab1Баҳодир Содиқовнинг “Ҳайратнинг иккинчи умри” деган 1980 йилда ёзилган мақоласи “…Кўҳна Урганчда бир дарвоза бор; ёши мингдан ошган.У ўзбекнинг энг қадимги дарвозасидир.Мен унинг сақланиб қолганлигини назарда тутаяпман. Ярим белидан ерга кўмилиб, қўлларидан-деворларидан нишон ҳам қолмаган елкаларини маҳзун қисганича манглайини қумларга тираб тушлар кўради.Тушларига карвонлар армонлар бўлиб киради. Юраги саккиз аср бурун отилиб кетганича ярим чақирим орқада “Қирқ мулла” зиёратгоҳи бўлиб ётибди. Юрагини зиёрат қилишади, юрагига сиғинишади, унинг билан эса ҳеч ким қизиқмайди” дея бошланади.

— 1980 йилнинг апрел ойи эди.Тошкентда яшаб ишлаётган урганчлик шоир Қадам Саидмурод уйимга келиб эртага Кўҳна Урганч зиёратига бормоқчи эканлигини айтди.Қадам меним қадрдон оғам, шоир Хушнуд Абдулланинг шогирди бўлгани учун, қолаверса ўзим ҳам зиёрат тараддудида юрганимдан дарров рози бўла қолдим,-дея хотирлайди 74 ёшли кекса журналист Абдулла Юсупов.

Абдулла ота ўзбек фотокиносининг асосчиси Худойберган Девонов сулоласидан.Унинг отаси Юсуф Ҳасанов ko`hna urganchni xotirlab2Девоновнинг жияни ва энг яқин шогирди бўлган.Иқтидорли шогирдини Худойберган Девонов ўзига тутинган фарзанд қилиб олади ва улар бирга 1934 йилда Хивадан Урганчга кўчиб келишади.1937 йилда Девонов айнан улар бирга яшаётган уйдан қамоққа олиб кетилган.1938 йил 4 октябрда Девонов “халқ душмани” сифатида отилгач, Юсуф Ҳасанов ота-тоғасининг ишини давом қилдиради.

Бизнинг суҳбатдошимиз Абдулла ота эса ўша Юсуф Ҳасановнинг фарзанди.Абдуллажон ота 74 ёшга кирган бўлишига,умр йўлларидаги турли қайғу-ҳасратларга қарамай, ҳамон бардам.Кўп йиллар давомида Хоразм телевидениясида оператор бўлиб ишлаган,тарих,кино, экологияга оид юздан зиёд мақолалари ватанимиз ва хориж нашрларида чоп этилган.Хоразмнинг маърифатли, фидойи фарзандларидан бўлмиш отахон билан баъзида ҳафтада, ойда 5-6 соатлаб тарих,кино, адабиёт бўйича суҳбатлашамиз.Бу галги суҳбатимиз эса марҳум Баҳодир Содиқовни хотирлаб, у билан бирга Кўҳна Урганчга қилган зиёрати хусусида бўлди.

– Эртасига ярим тун, соат учларда уйим олдига машина келди. Телекамера ва фотоаппаратимни олганча машинага ўтирдим. Машинани Қадамнинг ўша даврда урф бўлган шляпа кийган дойиси(тоғаси) Тоживой ҳайдаб келди. Қадамнинг ёнида костюм шими ўзига ярашган, аммо сочи шу давр ёшлариники каби ўскин, тошкентлик шоир ва ғоятда зиёли бир ёш йигитча бор эди. Албатта вақт бемаҳал бўлганидан фақат саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашганча то тонг оқаргунча индамай ўзимизча ўй суриб кетдик.

ko`hna urganchni xotirlab3Қадамнинг ҳам, ўша ёш йигитчанинг ҳам сочлари ўскин, аммо кўзлари, ўйчан хаёл боқишлари унинг ғоятда илмли инсон эканлигидан далолат бериб турарди.Шовот туманига келганимизда Қадам унга қараб:
— Баҳодир, мана юртинг Шовотгаям келдик, у ёғи Тошҳовуз, кейин ҳадемай Кўнага(Кўҳна Урганчга) етиб оламиз –деди.

Шундан сўнггина мен Баҳодирнинг Шовотлик эканлигини,Тошкент Давлат Университетининг талабаси эканлигини билиб олдим.Оз-моз яна йўл юргач, табиийки зиёратга бораётганимиздан суҳбатимиз Кўҳна Урганч,тарих, муқаддас қадамжоларга бориб тақалди.

Шунда Баҳодир ўзида Хоразм тарихига оид ноёб қўлёзма борлигини, у ота-боболаридан мерос ноёб ёдгорлик эканлигини айтиб қолди.
— Балки Баҳодиржон шу қўлёзмангизни бериб турарсиз,ўқиб, ёки фотокопия олиб қайтариб берардим-дея илтимос қилдим мен.
— Абдулла ака эскичани биладиган замонавий одамлардан- дея мени ноўрин мақтаган бўлди Қадам.
— Эскичани биларкансиз, қайтиб бериш шарти билан бериб турганим бўлсин, — деди Баҳодир сиполик билан камтарона.

Шу тарзда то Кўҳна Урганчга боргунча иккимизнинг узлуксиз суҳбатимиз бўлиб ўтди.Мен Нажмиддин Кубро,Ибн Ҳожиб,Жамилжон,Имом Фахриддин Розий, Қирқ мулла тепалиги тўғрисидаги ўзимнинг билганларим бўйича гапириб бердим.Баҳодиржон бўлса мендан қарийиб 20 ёш кичик бўлишига қарамай,шунчалик тарихга оид кўп нарсаларни биларканки, уларни одоб билан, аввало меним гапларимни тинглаб, кейингина ўз фикрларини айтарди.

Суҳбат билан бўлиб, машинада вақтнинг ўтганини ҳам билмай Тошҳовуз, Кўҳна Урганчга ҳам соат 6лар атрофида бориб қолдик.Узоқдан Хоразмшоҳ Текешга нисбат бериладиган минора кўринди.Машинани Тўрабекхоним мақбараси ёнида қўйиб пиёда кетдик.Зиёратни уч юз олтмиш авлиёнинг сардори ҳазрати Шайх Нажмиддин Кубро мақбараларидан бошлаш расм бўлган.Бу таомилни адо этиш улуғ сиймонинг хотирасига камоли эҳтиром рамзидир.Аввало зиёрат одоби тилни бежо сўзлардан тийишни, бежо ишлардан сақланишни тақозо қилади.Биз ҳам шу қоидага амал қилиб зиёратни бошладик.

“Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм” дея қадамжога қадам қўйдик. Қадам, унинг шериги, дойиси, шунингдек бошига чўгирма кийган 60ёшлардан ўтган киши, попоқ кийган яна бир киши, бир аёл, ҳамда кўринишидан туркманга ўхшаш,оппоқ соқолли, қўлида сумка ушлаган чол ва Баҳодир иккаламиз бирин-кетин астагина қадамжоларни зиёрат қилардик.Оҳиста юриш, беозор қадам босиш ҳуш ва фаросат аҳлининг хислати.Яъни,заминни аяш ва шафқатли бўлиш қоидаларига риоя этардик.

Баҳодирнинг қўлида ўша даврдаги энг урфга айланган дипломат, менда эса камера ва фотоаппарат.Дастлаб, отахонлар, кейин Баҳодир шундай қироат қилдики,гўё хаёлларимиз олис мозийга, буюк авлиёларга кетди.Ўшанда мен Баҳодирда чинакам зиёлига,эътиқодли инсонга хос илм мужасссам эканлигига амин бўлдим.

Ўшанда касбим боис ҳамроҳларимни бир неча бор фоторасмга туширдим.Шунингдек, телекамера ёрдамида Кўҳна Урганч обидалари, табаррук қадамжоларни, ҳамроҳларимни тасвирга олдим.

ko`hna urganchni xotirlab4

Суратда: 1980 йил апрел(Баҳодир Содиқов,Қадам Саидмуродов ва бошқалар)

Афсуски, ўша 1980 йилда қадамжолар эътиборсиз, ачинарли аҳволда эди. Бироқ буюклар ўтган, уларга табаррук маскан бўлган Кўҳна Урганчнинг қандайдир оҳанграбоси бор эди.Гарчи сақланиб қолган меъморчилик обидалари саноқлигина бўлсада,ўзимизни гўё Хоразмнинг ўтмишига саёҳат қилгандек тутардик. Бу ердаги ҳар бир обида аждодларимиздан нодир ёдгор,қирқ иккита минорадан фақат иккитаси (Намозгоҳ масжиди ва Маъмун миноралари) омон қолган, Тўрабекхоним мақбараси ва бошқалардаям ботиний тортиш кучи бордек эди. Бу куч суратда эмас,балки сийратда эди.Валийлар шаҳристонига пойи қадамингиз етса , уч юз олтмиш авлиё сизга юзма-юз. Сиз руҳларни кўрмасангиз ҳам, руҳлар нигоҳи сизда. Руҳий баркамол инсон уларни қалб кўзи билан кўришга, мулоқотга қодир. Валийлар шафоати туфайли, Аллоҳ дуоларни мустажоб,мушкулларни осон қилгусидир. Шу боис биз ҳам ичимиздан билган дуоларни ўқиб зиёратни бажо келтирардик.

Мен камера ва фотоаппарат билан ўз ишимни якунлагач,Баҳодир билан ёнма-ён юриб тарих,адабиёт,обидалар тўғрисида фақат иккимиз суҳбат қила бошладик.Хоразмчасига айтганда биз иккимиз “чиқишиб кетдик”.

Мен мактабда русча ўқиган, кўпинча суҳбатлашгандаям русча сўзларни ўзим билмаган ҳолда қўллаб юборардим. Баҳодир эса фақат ўзбекона лисонда гапирар, арабий, форсийча сўзларни ҳам айтиб қоларди. Айниқса Нажмиддин Кубродек, Хоразмда “Шайхи Кабир ота” дейдиган улуғ сиймо, у яратган Кубровия тариқати, тариқатдаги жавонмардлик,тавба, вараъ, зуҳд, фақр мақоми, сабр,ризо, таваккул тўғрисида ўшанда Баҳодир гапириб берган, мен 21 ёшли талабанинг бунчалик кенг маълумотга эгалигидан ҳайратлангандим. Кубро ҳазратлари билан боғлиқ тарихий маълумотлар, афсоналар,Ибн Ҳожиб,Шайхи Азизон,Имом Фахриддин Розий, Қора қопи ва Шайх Шароф, “Қирқ мулла “ дея аталадиган Кўҳна Урганчдаги қадимий тепалик, умуман Хоразм воҳаси билан боғлиқ тарихий маълумотларнинг кўпчилигини ўшанда Баҳодиржондан эшитгандим.

Хуллас, соат пешиндан кейинги вақтгача табаррук қадамжоларни зиёрат қилиб, Кўҳна Урганчдан Абулғозихон асос солган “Янги” Урганчга қайтдик. Қайтаётганимизда Баҳодир дипломатда олиб борган ноёб қўлёзма – Хоразм тарихига оид манбани менга бериб турди. Уйга келгач, мен асардан фотокопия олиб, бўш вақтларимда асарни кириллга ўгира бошладим. Баҳодир ўшанда Тошкентга ўқишга кетишини айтиб, асарни Урганч қурилиш техникумида ишловчи Пирнафас исмли қариндошига бериб қўйишимни таъкидлади. Мен айтгандик омонатга олган китобимни Пирнафасга етказиб бердим.Афсуски, бу китоб кейинчалик йўқолиб қолибди. Шукрки, ушбу асарнинг менда фотокопияси сақланиб қолган. Мен ҳар гал уни қўлга олганимда Баҳодирнинг кулиб турган чеҳрасини, Кўҳна Урганчга зиёратга борганимизни,ундаги суҳбатларни эслайман.

Ўшанда зиёратдан то Урганчга келгунча ҳамроҳ шоир билан миллийлик, тарих, аждодларимиз урф-одатлари,ҳаёти бўйича баҳс бўлганди. Шунда Баҳодир зиёлига хос камтарлик билан кулимсираганича бизларнинг баҳсимизга аралашмай,тинглаб, хаёл суриб келганди. Балки у зиёрат таъсирида неларнидир ўйлаб, кўнглида мақола ёзиш туғилгандир, дея ўйлайман. Афсуски, бир неча йил аввал шоир Қадам Саидмурод ҳам оламдан ўтиб кетди.

Абдулла отанинг бу фикрлари менимча бежиз эмас. Чунки, Баҳодир Содиқовнинг “Ҳайратнинг иккинчи умри” деган 1980 йилда ёзилган мақоласи “…Кўҳна Урганчда бир дарвоза бор; ёши мингдан ошган.У ўзбекнинг энг қадимги дарвозасидир.Мен унинг сақланиб қолганлигини назарда тутаяпман. Ярим белидан ерга кўмилиб, қўлларидан-деворларидан нишон ҳам қолмаган елкаларини маҳзун қисганича манглайини қумларга тираб тушлар кўради.Тушларига карвонлар армонлар бўлиб киради. Юраги саккиз аср бурун отилиб кетганича ярим чақирим орқада “Қирқ мулла” зиёратгоҳи бўлиб ётибди. Юрагини зиёрат қилишади, юрагига сиғинишади, унинг билан эса ҳеч ким қизиқмайди” дея бошланади (Мақолани тўлиқ ҳолда мана бу саҳифада ўқинг).

Балки, Абдулла ота айтиб берган зиёратдан кейин ёзилгандир бу мақола.
-Баҳодир Содиқов билан кейинчалик ҳам учрашиш, суҳбатлашиш насиб этдими? — сўрайман кекса телеоператордан.
-Афсуски, йўқ. Баҳодир Тошкентга ўқишга кетди. Мен ХоразмТВда ишимни давом этдиравердим. Қўлёзмани қариндоши Пирнафасга берганим боис ундан Баҳодиржоннинг соғлиғи, ўқишларини суриштириб турдим. У пайтларда ҳозиргига ўхшаш алоқа воситалари йўқ эди-да. Орадан вақт ўтиб мен кузда — сентябр ойида меҳнат таътилига чиқиб хорижга кетдим. Таътилдан октябрда келиб қайғули хабарни эшитдим — Баҳодир Содиқов оламдан ўтибди. Бироқ Баҳодиржон меним қалбимда тирик. Унинг мақолалари, шеърларини ўқиб, улуғ ижодкор ҳаётдан эрта кўз юмганидан афсусланаман.

Шукрки, менда унинг зиёратда ўзим туширган сурати, эҳтимол ҳаётлигида олинган ягона телелавҳалар сақланиб қолган,-дея ҳам куюниб, ҳам суюниб гапиради Абдулла Юсупов.
Ҳа, Абдулла ота бебаҳо инсон.Унинг бу сифати тарихимизга, аждодларимиз ҳаётига қизиққани,экологияни асрашга доир жонбозлигида ҳам эмас, бобоси Худойберган Девоновнинг ноёб суратлари, кинолавҳаларини асраб келаётгани, ижодини тарғиб қилаётганида ҳам.

Шовотлик шоир акамиз Болтабой Бекметовдан мен Баҳодир Содиқовга оид меросни излаштирганимда, у киши бир нечта мақоласи, ва “ талабалик даврида тушган биргина сурати оиласида сақланиб қолган экан” дея нусха олишга бериб турганди. Шукри, ўша биргина сурат ёнига Абдулла Юсуповнинг меросни авайлаши туфайли зиёратгоҳга борганига оид иккита сурати ҳам қўшилди. Менимча, мактабда, университетда бирга ўқиган, ёки бошқа қариндош уруғ, дўстларидаям турли ёшдаги суратлари, эҳтимол қандайдир қўлёзмалари сақланиб қолгандир. Абдулла отага ўхшаб эслайдиган хотирага арзигулик воқеалар бўлгандир.Демак, буларнинг бари ҳозирда анаъанага айлангани каби “Баҳодир Содиқов замондошлари хотирасида” китобини нашрга тайёрлашни тақозо этмоқда.

Манба: kh-davron.uz

Etiketler :
HABER HAKKINDA GÖRÜŞ BELİRT

Сўнгги хабарлар
İLGİLİ HABERLER