Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистон фуқаролари 2015 йилдан бошлаб ҳорижий паспортсиз Россияга киритилмаслиги мумкин

Ўзбекистон фуқаролари 2015 йилдан бошлаб ҳорижий паспортсиз Россияга киритилмаслиги мумкин
23 Haziran 2014 - 15:26 'да юкланди ва 592 марта ўқилди.

6Россия, Белорусия ва Қозоғистон ўртасидаги Божхона Иттифоқи замирида ягона иқтисодий маконни яратишга қаратилган интеграциянинг кейинги босқичи бўлган Овпроосиё Иттифоқини ташкил қилиш ҳаракатлари ортидан Россиянинг миграция масалалари ва чет элликларга таълуқли ички қонунчилигида ҳам бир қанча ўзгаришлар кузатилмоқда. Бу биринчи навбатда, ташкил қилинадиган янги интеграциявий тузилма аъзолари ўртасида махсус имтиёзлар режимини яратиш ва тузилма ташқарисидаги давлатлар учун эса аввалдан берилган имтиёзларни бекор қилишга қаратилган ўзгартишлардан иборатдир.

Хусусан, Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Тожикистон фуқаролик паспорти билан Россия Федерацияси ҳудудига киришни таъқиқлашни назарда тутувчи 2014 йил 17 июнь куни билан рўйхатга олинган Қарорга имзо чекди. Эндиликда Тожикистон фуқаролари Россия ҳудудига фақат ҳорижий паспорт (ҳорижга чиқиш учун бериладиган махсус паспорт), хизмат ва дипломатик паспорт ёки Тожикистон Республикасига қайтиб кетишини тасдиқловчи гувоҳнома билан биргаликда денгизчи паспорти билангина киришлари мумкин.

Ассосийси, ҳужжат мазмунига кўра Бош вазир ҳукуматга Божхона Иттифоқи ва ягона иқтисодий макон иштирокчиларидан ташқари барча МДҲга аъзо давлатлар билан ўз фуқароларини Россия ҳудудига кира олишлари учун 2015 йилга қадар ҳорижий паспортлар билан таъминлашлари тўғрисида музокаралар оли бориш топширилди.

Бундан ташқари Россия билан умумий чегарага эга бўлмаган давлатлар фуқароларининг Россия ҳудудига Божхона Иттифоқи аҳзолари бўлган Қозоғистон ва Белорусия орқали ҳорижий паспортларсиз кириб келишларининг олдини олиш мақсадида Иттифоқ аъзолари билан ҳам музокаралар ўтказиш белгиланди.

Маълумки Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ҳорижий паспорт тизими жорий қилинмаган. Ҳали янги биометрик паспорт тизимига ўтиш жараёни тугалланмаган Ўзбекистон учун 2015 йилга қадар ўз фуқароларини ҳорижий паспортлар билан таъминлай олиши эса жуда мураккаб масала ҳисобланади. Бироқ, Ўзбекистон ўз фуқароларидан ҳорижга чиқиш учун паспортга ёпиштириладиган махсус стикер (ОВИР) талаб қилувчи дунёдаги иккита давлатнинг биттасидир. Шундан келиб чиқиб, яқин келажакдаги бўлиб ўтилиши кутилаётган Ўзбекистон-Россия музокараларида ўзбекистонлик муҳожирларнинг Россия ҳудудига киришлари учун ҳорижий паспорт ўрнига ҳорижга чиқиш стикери жорий қилиниши мумкинлиги ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Нима бўлганда ҳам бу, Ўзбекистон ҳукумати учун ҳорижий паспорт тизимини жорий қилишдан кўра анча осонроқ ва кам чиқимли бир жараён саналади.

Агар белгиланган муддатда Россия ҳукумати Божхона Иттифоқига аъзо бўлмаган барча МДҲ давлатлари учун ҳорижий паспортсиз мамлакат ҳудудига киришни таъқиқлаб қўядиган бўлса Ўзбекистон йирик муаммолар гирдобидан қолиши мумкин.

Биринчидан, юқорида таъкидланганидек Россияда меҳнат муҳожири саналадиган миллионлаб ўзбекистонликларни қисқа муддат ичида ҳорижий паспортлар билан таъминлаш имкони йўқ. Чунки Ўзбекистондаги бюрократия шароитида бу жараён бир неча йилларга чўзилиб кетиши мумкин.

Иккинчидан, меҳнат муҳожирларининг йилига Россиядан Ўзбекистонга 6-7 млрд. доллар миқдоридаги пул юборишини ва бу Ўзбекистон ЯИМнинг деярли 10 %ни ташкил қилиши инобатга олинса юқоридаги тартиб жорий қилиниши Ўзбекистон аҳолисининг турмуш даражасини янада оғирлаштириши мумкин.

Учинчидан, меҳнат муҳожирларига ҳорижий паспортлар бериш жараёнининг узоқ муддатга чўзилиб кетиши эса мамлакат ичкарисида кўп сонли ишсиз бўлган ишга яроқлилар армиясини вужудга келтиради. Бу эса Ўзбекистондаги ижтимоий кескинликларга сабаб бўлиши ва куч билан таъминлаб турилган барқарорликнинг издан чиқишига олиб келиши мумкин.

Тўртинчидан, йиллар мобайнидан ҳорижий паспортларсиз Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг ўз вақтида ортга қайтмасликлари ёки ҳорижий паспортларсиз ноқонуний йўллар билан Россия ҳудудига кириб олишлари натижасида Россияда ноқонуний муҳожирлар сонининг ортишига олиб келади. Ўз навбатида Ўзбекистонга депортация қилинувчилар сони ҳам кескин равишда ортишига олиб келиши мумкин.

Бешинчидан, Россияга чиқувчиларни ёппасига ҳорижий паспортлар билан таъминлашнинг имконсизлиги сабабли ҳорижий паспорт талаб қилмайдиган бошқа давлатларга чиқувчи меҳнат муҳожирлари сонининг кескин ортишига олиб келиши мумкин.

ЎХҲ ахборот бўлими

 

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар