Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (3)

Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (3)
115 views
26 July 2014 - 10:05

(Давоми. Асарнинг бошини ўқиш учун линкни босинг)

Дуога қўл кўтарган шотирлар, ишизловларнинг отатдагидай суҳбатлашиб ўтирганларини кўргач, қайтиб чиқиб кетдилар.
Баҳром дуо ўқиган кимсанинг ўзи ўқиган китобни ўқиганини англади.

– Тақсир, ўзимиздан экансиз-ку! – деди у ҳам Баҳромнинг ичини уққандай. – Келиб даврамизга қўшилинглар, отамлашамиз.
Кўпдан биров билан кўнгил ёзиб дардлашмаган Баҳром Фирдавсга термулди.
– Биз ароқ бор даврадан айланиб ўтамиз! – деди у.
– Нимага тортинасизлар? – деди уларнинг тараддудланганини кўрган кимса ёнидан жой очиб.
Баҳром ўрнидан туриб, кимса очган жойга бориб ўтирди.
– Шерикларингиз нимага ийманишяпти?
– Билмасам!
– Сиз билан овора бўлиб, ухламадилар. Битта маҳалладанмисизлар?
– Мен уларни танимайман. Улар Тожикистондан бўлсалар керак!
– Йўғ-е! Сизнинг ўзингиз қаердансиз?
– Тошкентликман!
– Тошкентликка ўхшамайсиз!
– Асли Тўрткўлданман, пойтахтда яшайман!
– Тожик бўлса, нима учун тили тортяпти, дея ҳайрон бўлгандим. Ажаб, ажаб… Фароғатчилик бўлаверсин, биттага кўпайдик, иним. Қани дастурхонга қаранг. Илоё, бахтингиз ётмағай…
– Қани, косани ушланг! – деди ўзини Қўзи оға деб таништиргач ҳалиги киши.
– Оға, ичмайман! – деди Баҳром. – Бутун борлиғим қақшаб кетяпти. Танамда мадорим йўқ.
– Тақсир, ана шу қурғур мадор бўлади-да! – деди у пиёлани узата туриб. – Изини узмасдан икки коса урсангиз, отдек бўласиз. Бунақанги вазиятга илк бора тушяпсиз, шекилли. Тўйиб ичиб, тўйиб ейиш керак, бўлмаса бу совуқда одам ўлиб қолади. Қани, олинг дўстим, шифо бўлсин!

Баҳром ароқ тўла пиёлани бир сипқоришда бўшатди.
– Дўстим, газак қилинг! – дея Қўзи оға унга илтифот кўрсатди.
– Исмингиз нима, иним?
– Мақсуд!
Унинг сўровига Баҳром ўйламасдан “Мақсуд” дея жавоб қайтарганди. “Мақсуд” деган исм тилига қаердан келди, буни Тангри билади.
– Иним, яна бир коса ичинг. Шу билан етмиш икки томирингизда қанча шамоллаш бўлса кесилади, – деди Қўзи оға. – Қурғурнинг бори зиён бўлса ҳам, бундақанги пайтларда нафи тегадиган жойи ҳам йўқ эмас.
– Раҳмат! – деди Баҳром ичишдан бош тортиб. – Етарли бўлди.
– Биринчиси билан иккинчиси орасидан қил ўтмасин, деган машойихлардан қолган бир гап бор! – дея уни Қўзи оға қисталанг қилди.
Баҳром йигитларни куттириб қўяётганидан истоҳола чекиб, қўлига ароқ тўла пиёлани олди.
– Не илож, сизлар мени сийлаяпсизлар, сизларни Тангри таоло сийласин! – деди у.
– Айтилган гаплар учун, – деди Қўзи оға.
Бу гал Баҳромнинг тан-баданига иссиқ югуриб, иштаҳаси очилди. У ортиқча қимтиниб ўтирмади.
– Ҳа, баракалла, Мақсуджон иним! – деди Қўзи оға. – Босиб-босиб еб, соғлигингизни тиклаб олинг. Қорнингизга бир нима кирмаса, мадор қаердан бўлади? Бўш қоп тик турмайди, дея бурунгилар тўғри айтганлар.
Баҳром Фирдавс билан Сангинга кўзини қирини ташлаб қўйди. Нақшбанд рубоийлари ҳалиям унинг қулоқлари остида жаранглаётганди.
– Холиқо, қойилман ўз нуқсонима,
Кўп жафолар қилдим мен ўз жонима.
Зоти покингдан иноят бўлмаса,
Ҳеч ишончим йўқ амал қилғонима.

Кутулмаганда Сўфи Оллоёрдан рубоий ўқиб юборган Қўзи оға унинг хавотирини сезаётгандек эди. Баҳром нима бўлса бўлди деб давом эттирди:

– Холиқо, қилдим гуноҳи беадад,
Жон берур ҳолатда сан бергил мадад.
Нафси шайтон илгидин қутқормасанг,
Бўлди мушкул ҳолимизға, ё Аҳад.

Давомини Қўзи оға илиб кетди:

– Холиқо, лутф эт гадойи зоринга,
Бандадурман, розиман ҳар коринга.
Мағфират дарёсига ғарқоб этиб,
Кўзларим шойиста қил дийдоринга!

Баҳром миясига келган қуйидаги тўртликни силлиқлаб ўқишга қийналди:

– Не қилсам қилдим, қилдиргани боис,
Барча ишда нозиру, Ўзи холис.
Гуноҳларни юкламам ҳеч ўзгага,
Сабаби бор барининг, кўнгил ноқис!

– Рости, ўхшамади-а?! – деди у хижолатомуз боқаркан.
– Ажойиб! – деди Қўзи оға. – Тўхтатманг, қўлларимиздаги қадаҳларни ўқияжак шеърингиз учун сипқорамиз.

– Қўллардаги шароб тўла бу қадаҳ
Ёқут каби товланади, дўстлар, воҳ.
Сипқормасак, юк бўлади ақлимиз,
Ҳушимиздан суво қилмайди Аллоҳ.

Чош бўлмаса, нодонликнинг уюми,
Тополмайди машойихлар уйини.
“Бўрини қўй еди”, деган қутулар,
Замон чаппа кийиб олган тўнини.

Ҳар нафасда қилган гуноҳлар тоғ-тоғ,
Фаҳм етмас даллимизми ёки соғ?
Кечирмаса, кечолмасмиз ҳеч қачон,
Ақл-ҳушлар аросатда ушбу чоғ.

Қўллардаги дарёсидан бир қатра,
Не ўзгарар ичмас бўлсак бир марта.
Фил ёнида кўзга тушмайди мўрча,
Имонимиз, ёмон йўлларда асра.

Сен борлигинг учун бизлар ҳам бормиз,
Асрамасанг, йўллардаги хас, хормиз.
Ўтмайди кун нафсимизни боқмасак,
Икки дунё, мурувватингга зормиз!

– Офарин, офарин! – дея шеърдан завқланган Қўзи оға қадаҳни қўйиб, қарсак чалиб юборди.

Иморат пештоқига ўрнатилган чироқлар хоналар ичини ғира-шира ёритса-да, ҳовли ичини чароғон этиб юборганди. Шотирлар хоналаридан ишизловчиларга мўлжалланган учта хонани навбати билан узлуксиз кузатиб турардилар. Фаррош учун кеча билан кундузнинг фарқи йўқ эди, у тун-кун, тимирскиланар, қиладиган ишининг тайини бўлмаса ҳам, бир зум тинмасди. На кундузи, на кечаси унинг ёстиққа бош қўйганини биров кўрмаганди. Чарчаса, кароватига ўтириб, беш-ўн дақиқа мизғиб олиб, туриб кетаверарди. Ўзгаларни кўрганда бало-қазо каби ёприладиган хўроз, бу кампир кўринса, кабутар жўжаси сингари чуғурлаб, қанотларини силкитарди. Ҳеч қачон эътибор бермайдигандай кўринадиган кампир унга қайрилиб ҳам қарамасди. Винодан бўкиб ичиб, қайт қилгиси келганда, ҳамиша девор тагида турадиган сирланган тоғорчага қусарди, холос. Бу ҳолат ҳар куни икки-уч марта такрорланар, унинг орқасидан соядек эргашиб юрадиган хўроз эса тоғарчани ҳар сафар иштаҳа билан тозаларди. Муроди ҳосил бўлгач, бир муддат кампирга қарамай қўярди.

Хумори қўзимагунча уни танимасди. Ширакайф бўлгач, у ваҳшийлашар, занжирдаги итдек қутуриб, ҳунарлар кўрсатишга киришарди.
Унча-бунча ишлардан хабардор Қўзи оғанинг сўзларига қараганда, бу жойларнинг ҳақиқий эгаси Дуйсенбай деган кимса эди. У Чимкентдаги таниқли корчалонлардан бири бўлиши билан бир қаторда, узоқ йиллар депутатлик мандатини ҳам қўлдан бермай келаётганди. У кампирни атай бу ерга келтириб қўйганди. Қовоғини очмайдиган мана шу фаррош бир замонлар унинг касодга учраган бобосининг оёққа туришига сабаб бўлганди. Бобоси Чимкентда ном чиқарган қиморбоз эди. Қиморда ютқазгач, у бор бисотидан айирилади. Хотини ва болалари кўчага ҳайдагач, бозор ҳожатхонасини тозалайдиган Марусия исмли дайди жувон ёнига паноҳ истаб келади. Ўша Марусия фаррош кампир эканлигини бугун ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмайди. Хўрози чемпион бўлиб, Дуйсенбайнинг бобоси қўлига пул кирмагунича, унинг ёнида қолиб кетади. Бобосининг ишларини жўнаштириб юборган хўроз кимнингдир сотишга олиб келган бир ҳафталик жўжаси бўлиб, бозорда халтадан тушиб қолганди. Бу жўжани топиб олган Марусия уни боқиб катта қилади. Бор дунёсидан айирилган Дуйсенбайнинг бобоси ўша кунларда ҳаддан зиёд ғам-андуҳга ботганди. Шунинг учун ҳали йигирмага ҳам кирмаган Марусия билан куну тун тўйиб ичар, аксар ҳолларда улар кўп ичганларидан ўз қусуғларига беланиб, ҳушларидан кетиб, ухлаб қолардилар. Уларнинг оғизларини пашша-чивинга ўхшаш ҳашаротлар босиб ётарди. Қаровсиз қолиб кетадиган жўжахўроз улар қайт қилган исқиртлар билан жон сақлашга мажбур бўларди. Уларнинг оғзи-бурнида ғужғон ўйнаётган ҳашаротларни териб ер эди. Бобо бир гал хўрозлар жангига ҳали туллаги ниш урмаган хўрозни қўлтиқлаб бориб, бор бисотидан мосуво бўлганидан сўнг, орадан тўққиз ой ўтиб ғалабага эришади. Унинг “хашаки” дея ҳеч ким назарига илмаган бу хўрози унга бой берилган обрўсини тиклаб беради. Қўли мўмайгина пул кўради. У топганини фаррошга едириб-ичириб, уни тез-тез қусишга мажбурлайди. Тўйгунча сарқит еяётган хўроз дуркунлашади, кундан-кунга баджаҳл бўлиб, тажанглашади, вақти-соати етиб чемпионликни қўлга киритади. Довруғи қулоқларга етгач, водийдан талабгор бўлиб келган қўқонликлар Дуйсенбайнинг бобосига катта пул ютқазиб, шармандаларча орқаларига қайтиб кетадилар. Шу-шу, мана мен деган хўрозбозларни Дуйсенбайнинг бобоси бирин-кетин синдиради, хўрознинг наслини кўпайтиради. Хўрознинг бир жангда икки кўзи оқиб ўлмасдан бурун, унинг номи тилларда достон бўлади. Барчасини Марусияни шарофатидан деб билган бобо фаррошни умр бўйи бошида кўтариб юради. Ўла-ўлгунча ундан қўл узмайди. Орадан қирқ йил ўтиб бобо ўша хўрозни тушида кўради. Хўроз унинг икки кўзини чўқиб ташлайди, у кўр бўлиб уйғонади. Болаларига қайтиб хўроз уруштирмаслик хусусида панд-насиҳатлар бергач, ўзи ҳам ўлади. Кўрганлари ҳаддини олган Дуйсенбайнинг отаси ўгитга амал қилмагач, бобонинг сўзлари барчанинг хотирасидан кўтарилади. Отасидан сўнгра бу ишни давом эттираётган Дуйсенбайга ҳам бу пеша омад олиб келади. Бобоси ўлганига йигирма йил ўтган бўлса ҳам, у Марусияни ўзидан узоқлаштирмайди. Шу касб орқасидан мол-давлат, эл ичида обрў-эътибор орттиради. Ҳаётда у ушбу хўроз туфайли ўрнини топади. Мансабга, депутатлик мартабасига эришади. Энг асосийси, “пешат”га эга бўлади. Фаррошнинг қусуғини у дуру жавоҳирларга айлантиради. Орқасидан маҳобатли салтанатини тиклайди.

(Асарнинг давомини ўқиш учун линкни босинг)