Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (6)

Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (6)
58 views
30 July 2014 - 9:45

(Давоми. Асарнинг бошини ўқиш учун линкни босинг)

Бешинчи боб

Дуйсенбайнинг аржуманду салтанати амлоклари ерлашган “Дуйсенистон”нинг ажойиб тарихи бор эди. Қарашсизлик йилларида қад ростлаган бу жойларнинг нуфузи бийдек саҳрода бунёд этилган Дубайникидан ўтса-ўтарди, қолишмасди. Хоразмдан келтирилган оппоқ пишиқ ғиштдан нақшинкор қилиб жуда баланд девор кўтарилганди. Юз мингдан ортиқ ғиштни силлиқлаб териб чиқиш учун Хивадан келган махсус қурулиш бригадаси уч ой тер тўкиб, Дуйсенбайнинг туғилган куни зўрға ишни ниҳоялашга улгурган эди. Эни ўн тўрт, баландлиги йигирма тўрт, қалинлиги саккиз қулочли деворнинг қоқ ўртасига тоза жездан Руссияда қуйиб келтирилган олти тоннали дарвоза ўрнатилди. Деворнинг пештоқига одам бўйи ҳарфлар билан Дуйсенбайнинг шарафига “Дуйсенистон” деб ёзиб қўйдилар. Дуйсенбай мамлакат ичидаги мамлакат эди. У ўзини ўлканинг жонли тимсоли сифатида кўрарди. Шунинг учун “Дуйсенистон” деган ёзув остидаги “Дуйсенистон – келажаги буюк давлат!” деган шиорга кўзи тушган кимса ҳайратдан ёқа ушламасди. “Шаҳар бедарвоза эмас!” деган сўзларни кўриб, томоқ қириб қўярди, холос. “Мустақиллик – миллий давлатчилигимизнинг улуғ ғалабасидир!” деган сўзларда олам-олам маъно борлигини уққан одам, сезиб туриб ҳам, унинг айнан нима эканлигини англаш учун қанчалар пешонасини тириштирмасин, сирнинг тагига етолмасди. Дарвозадан ҳатлаб ўтган кимсанинг, “Ўз уйингни ўзинг асра!” ёки “Соғлом бола йили!” деган шиорларга кўзи тушгач, юрагига ваҳима ораларди. “Огоҳлик – давр талаби!” деган уч сўздан иборат алжираш, ваҳимани олий мақомга кўтарарди. Бу жойдаги барча нарсаларнинг номутаносиблиги мантиқни ўлдириши баробарида, Дуйсенистоннинг феъл-атворига ғалати ёзувда чизгилар битарди. Ўз уйингда, ором олиш учун кўрпа тагига киргач ҳам, “Ўз уйингни ўзинг асра!”, ёхуд “Огоҳлик – давр талаби!” деб пичирлаш қанчалар азоб ва машаққат эканлигини бошига иш тушганлар билардилар. “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”, “Ашҳаду алла ла илаҳа иллаллоҳ”ни унутиб алжираш, мусулмонман, деган бандасини бошига тушмасин экан…

Маҳобатли дарвоза бир томонга ўз-ўзидан сурилиб очилгач, ҳовлига “Тез ёрдам” машинаси кириб келди. Машина тўхтаб, оқ халат кийган икки йигит замбилғалтакда Житириқни олиб тушди. Боши ва икки қаноти остидан оқ дока билан бойланган Житириқ икки оёғини осмонга кўтариб, қимирламасдан ётарди. Унинг кечаги турқи-таровати йўқ, важоҳати сўнган, ғайрат-шижоатидан асар ҳам қолмаганди. Кўзлари милтираб, сузилиб боқар, оғзи очиқ туравериб, тили қуруқшаганди. Ҳайдовчининг ёнидан тушган шаҳар шифохонасининг бош ҳаками уни чойшаб билан ўраб, устига эгнидаги палтосини чиқариб бостирди.

– Ғам ема бовурим, барчаси ўтиб кетади. Отдай бўлиб кетасан, – деди овози хириллаб
– Беморни қайга олиб кирамиз? – дея сўради замбилғалтак кўтарган йигитлар.
– Тўғрига юринглар! – деди, бош ҳакам сўзга лаб жуфтлашга улгурмай, орқадан етиб келган танқўриқчилардан бири.
Девдай келадиган икки танқўриқчининг олдида пакана ва қориндор бир кимса тош йўлга тушган коптокдай пилдираб келарди.
– Ассалому алайкум, Дуйсенбай оға! – деди унга кўзи тушган бош ҳакам. – Житириқни ўз қўлим билан сизга топширай деб келавердим.
– Яхши қилибсан! – деди туриш-турмушидан бесаранжомлик ёғилиб турган Дуйсенбай. – Аҳволи қалай? Одам бўлар сиёқи борми?
– Худой асраб, вақтида хабар топдим. Бўлмаса, молдўхтирлар қаҳрамонимизни ўлдириб қўяркан. Ветиринарларга ҳам шунақа жиддий ишни ишониб топшириб бўларканми?! Житириқга ўхшаган хўрозлар ҳар кун ҳам туғулавермайдилар. Юз йилда, минг йилда бир туғиладилар. Унинг мияси чайқалган, жигарида ўзгариш бор, – деди у. – Қўлимдан келган барча чорани қўлладим. Энди, бу ёғига адашмаслик керак.
– Адашмаслик учун нима қил, дейсан?
– Житириққа тинчлик керак. Зарур дори-дармонларни олиб келганман. Йигитлардан бирини ёнида қолдираман. Вақтида укол санчиб, вақтида дори-дармон ичириб турса, кўрмагандай бўлиб кетади.
– Худой кўрсатмасин, у ўлиб қолса, куйигига чидолмайман, тутаб адо бўламан!
– Қаҳрамонимизни кимни хўрози бу кўйга солди? Ер юзида ундан ҳам зўрроқ хўроз бор эканми?
– Қайда! – деди дарди янгиланган Дуйсенбай. – Шишесини … сартни бир қанжиғи, кекирдагидан олиб деворга урипти. Житириқ тузалиб кетмаса, қанжиқни қиймалагичдан ўтказдиртириб, этини итларга ташлаттираман аммо!
– Мустақил бўлиб, сартлар бошга битган бало бўлди! – деди бош ҳакам. – Бутун ўқитувчиси борми, шифокори борми, мўр-малахдай Қозоғистонни босди. Энди итларига навбат етипти-да. Президенлари ўлмаса, эрта бир кун бургасию бити, қурт-қумурсқаси ҳам бу ёққа қараб қочади-ёв!
– Тушунмадинг! Қанжиқ деб сартни аёлини айтаётирман. Қанжиқ билан уларни орасида фарқ қолмади.
– Энди тушундим! Эркак сиёқли эркак бўлмаганидан кейин, хотин хотинлигини эплай олмайди-да, оға. Нима, Житириқ сартнинг қанжиғини арпасини хом ўрибдими?
– Уларни тўқлик қутуртиряпти. Қозоқнинг пулида нима балоси бор, билмадим?!

Житириқ билан унинг икки хизматкорини Тайсиннинг қўшимча ётоқхонасига жойладилар. Тайсиннинг қўлтиғига кириб, телевизорда буқалар жангини томоша қилиб ўтирган икки қанжиқнинг тумшуғи ола, думи парпарасига бу ёқмади. Сатангул ўрнидан дик этиб туриб, қовоқ уйиб, эшикни тарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди. Юрагини ҳовучлаган бош ҳакам бу овоздан бир сапчиб тушиб, замбил кўтарган йигитларнинг тиззалари қалтирай бошлади. Улар ҳам ўзбекистонлик мардикорлар эдилар. Қозоғистонлик бўлганларида, том қуласа пинакларини бузмасдилар. Дуйсенбайнинг эса пингги-парвойига ҳам келмади. Лабига сигарета қистириб олган Тайсин сигаретни кулдонга эзғилаб, қўлтиғидаги қанжиқнинг юзига тутунни пуфларкан, унга кўзини қисиб, кулиб қўйди. Батангул қовоқ уяётганга ўхшаб кўринса ҳам, Тайсиннинг битта ўзига қолганидан ич-ичидан боғ-боғ очилиб, терисига сиғмай кетаётганди. Аслида Батангул билан Сатангул битта она-отанинг болалари эди. Уларнинг отаси, Қўтиртери лақаби билан дуёйи оламга машҳур эса-да, насли-насаби аниқ эмасди. Юзсизлиги ва беномуслиги унга омад эшикларини очган эди. Унинг пасткашлиги ва нуқул мағлубият чегараларидан чекинмаслиги, ғалабасини таъминлаш билан бир пайтда, ўзигагина хос имижини ушлаб турарди. Оналари ҳам айниган итларнинг зуриёдидан дунёга келганди. Икки бетайиндан пайдо бўлган Батангул билан Сатангул опа-сингил бўлсалар-да, бир-бирларини кўришга кўзлари, отишга ўқлари йўқ эди. Икки опа-сингилни икки йил аввал Дуйсенбай биринчи рақамли безори – Тайсинга узатган эди. Бу авлоднинг ўта риёкорлиги ва андишасизлиги унга маъқул тушганди. Нияти бузуқ, бети қалин йўналишдан насил олиб, питпул билан чатиштирмоқчи эди. Мабодо Тайсинни енгадиган ит чиқиб қолгудек бўлса, уларни ўша соатда янги чемпионга тутарди. Опа-сингил Тайсинга етгунча ҳам йигирмага яқин паҳлавоннинг танобини тортган эди. Уларга йўлиққан бахтиқаролар, охирида Қўтиртерининг ғазабига учраб, Амриқо ёки дунёнинг учинчи бир мамлакатига қочиб жон сақларди. Асосийси, улар опа-сингилларга уйланганларида, киссаларида ҳемирлари бўлмаса ҳам, қочиб қутулганларида номлари милярдерлар рўйхатига тиркалган бўларди. Чархи кажрафдорнинг ҳунарини қарангки, ҳар сафар умрида қорни тўйиб нон емаган такасалтангларни Қўтиртерининг қизларига дучор этарди. Уларни бой-бадавлат этиб, қорнини тўқлагач, қўлидаги бахтини тортиб оларди. Ёруғ жаҳонни кўзларида жаҳаннамга айлантириб, тароватли кунларини мотамсаро этарди. Дунёдаги энг бой арлонларнинг бирига айланган куёвтўралар қорнилари тўйиб нон емаган бахтиёр дамларни эслаб, қолган умрларини армонда ўтказардилар…

Бодом қовоқли, қийиқ кўзли, миқтидан келган Сатангул қанчалар жиззаки бўлмасин, узун бўйли, териси суягига ёпишган, кўкраклари киндигига довур осилиб турадиган опаси Батангул айёра ва маккораликда шайтонга кишт берарди. Бетамиз ва ёвузлигини битиш учун қалам ожизлик қилар, унинг този итларга қўшилган жойи бўлмаса ҳам, узун ва ўта ингичкалиги уни тозига ўхшатиб қўйганди. Ҳар қулоғи шапалоқдай бўлишига қарамай, уларга симлари чиқарилган велосипед ғилдиракларини осиб олиши унинг қиёфасини жуда ғалати кўрсатарди. Тор шимидан тешиб чиққан гажжак думи жаҳли чиққанда хаданг бўлиб кетар, шундай пайтларда уни Тайсин ётоқхонага олиб кириб совутмаса, ўла қолса думини туширмасди.

Сиёҳранг уст-бош кийган Баҳром Тўрабиканинг орқасида турарди. Унинг юзидаги жароҳатларидан ҳалигача билинар-билинмас қон сизарди. Оппоқ чойшаблар тўшалган чордоқсифат диванкароватга Житириқни ястантириб, чўзилтириб қўйдилар. Боғдаги хас-хашак териб еб юрган товуқларни кўриб, баҳри-дили очилсин, дея бошини деразага қаратдилар. Унга фаррош этиб тайинланган Тўрабика устига қоп-қора узун халат кийиб, ярим белига оппоқ этак боғлаб олганди. Этагининг оқлигига сабаб унинг Тайсиннинг фаррошидан ажралиб туриши учун эди. Қўлига тўстувак тутқазиб, чўнтакларига салфетга тўлдириб юришни буюрган Дуйсенбай:
– Сартни қанжиғи, Житириқни кети чиннидек тоза турсин, орқасини спиртли қоғозсочиқ билан артиб туриш хаёлингдан кўтарилмасин! – деди. – Ким билади, нима маразларинг бор. Юқса, ундан олдин сенлар ўласанлар. Ўртага бир-икки баобрў одамлар тушди. Бўлмаса, чуқур қаздириб, барингни тирик кўмдирардим. Ўшанда ҳам мендан кетарди.

Шунда Баҳром билан Тўрабикага нафрат билан боқиб турган бош ҳакам Дуйсенбайга ўзини яхши кўрсатиш учун бурнини жийирди.

– Бу шишенг с… саҳройилар ювинганми ўзи? Вирус юқтириб, қаҳрамонимиздан айрилиб ўтирмайлик тағин!
– Ҳа, иккаласини ҳам дизенфексия қилдириб, ювинтиришди, – деди асаби қўзиган Дуйсенбайга ишбошқарувчи. – Эски кийимларини оловда ёқтириб, янгисини бердик!
– Буларнинг руҳиятини ўтган йигирма йил ичида кўчманчилик қусурлари ишғол этди! – деди ишбошқарувчининг жавобидан қонмаган бош ҳакам. – Кўчманчи бўлгач, ювиниш-ювинмасликнинг бир чақалик аҳамияти қолмайди. Ярим ёввойи бўлгач, сув келса, симириб, тош келса, кемириб бораверадилар. Булар термит, термитдан ҳам баттар!
– Йў-ўқ! – деди, эшитиб ваҳимага тушган Дуйсенбай сигарета чекаверганидан сарғайиб кетган тишларини қисиб. – Иккаласини яна бир марта дизенфексия қилиб, ювинтиринглар. Устидаги кийимларини ҳам ташлаб юбориб, бошқасини беринглар!
Ишбошқарувчининг “Хўп, бўлади…” деган сўзлари оғзида қолиб кетди.
– Кўке, бизни балиқ деб ўйлаяпсизми? – деди Тўрабика. – Ҳозир ювиниб, кийимларимизни алмаштирдик. Ундан кўра, ул-бул беришсин, қорнимизни тўқлаб олайлик. Кечадан буён туз тотмадик. Ўлгудек очмиз!
– Шишенгни … сартни қанжиғи, сўзамол чиқди-ку! – деди бошини тиклаб, Тўрабикага хўмрайган Дуйсенбай. У Тўрабикадан камида ярим қарич паст эди. – Қилғиликни қилиб қўйиб, қининг қани, дейди-я. Житириқдан бир нима ортса, ейсан. Бўлмаса, оч ўтирасан!

У оғзидан тупик сочиб, бир замон ичида кўзлари қизариб кетди. Тутоқиб, оғзидан боди кириб, шоди чиқди. Бир қўли билан Баҳромнинг бўғзига чанг солар экан, иккинчи қўли билан Тўрабиканинг бўғзидан ушлаб, иккаласини деворга урди. Қўлтиғидаги қанжиқни итариб ташлаган Тайсин, сапчиб туриб, энсасининг жунларини сих-сих қилиб, Дуйсенбайнинг ёнини олди. Унинг довруқ солиб ҳурганидан капалаги учган Житириқ қақақлаб юборганда, кутмаган бош ҳакам бир сапчиб тушиб:

– Туф-ф, туф-ф! – дея ёқасининг четини кўтариб, ичига тупурди.
– Ваъдамни олиб, ипсиз боғладинг, Жанғиба-ай, – деган Дейсенбай ҳам “туф-ф” дея оёғи остига тупираркан, икки бечоранинг бўғзидан қўл узиб, кастумини ёқасини тўғирлаб, галустугини тортиб қўйди. – Хумга тушдиларингми, пишиб чиқасизлар энди. Бошқа йўл йўқ, – деди сўнгра Баҳромга милтиқдек ўқталиб.

Шунда унга тақлид қилиб тупирмоқчи бўлган Тайсин ел қўйворди. Фаррош чўнтагидан қоғозсочиқ олиб, унинг тўмтоқ думини кўтариб, кетини артди. Фаррошга бурнини жийирган бош боқон кучаниб, тўстувакка тупураркан, Тўрабикага сўйлоқ тишларини кўрсатиб, ириллаб юборди.

– Вой, жуванмаргни ушланглар! – деди юзи моматалоқ бўлиб шишиб кетган Тўрабика. – Ит бўлмай ҳар бало бўлгурнинг турқи совуқлигини қаранглар… Вой, во-ой, серраймай қолгурлар, томоша кўрмай ўлларинг…

“Турқи совуқ” деган гап Батангулга ёқмади. У бир сапчиб, Тўрабикани деворга қапиштирди. Танқўриқчилар чаққонлик қилиб уни ушлаб қолмаганларида, у аёл бечорани тилка-пора этарди. Шунда ҳам белига бойланган оппоқ этакнинг бир парчасини узиб олди. Қанжиқнинг Тўрабикага ташланганини кўрган Тайсин Баҳромни деворга барҳо сиқди. Кечаги еган калтакларидан юзи дабдала бўлган Баҳромнинг юзида қон қолмаганди. Қиёфасида деворга тирмашиб, томни тешгудек важоҳат пайдо бўлган бўлса ҳам, тан-баданидан жони қочиб, қўл-оёғи шалвираб, бирор аъзоси ўзига бўйсунмасди. Танқўриқчиларнинг панжасидан чиқолмай қолган қанжиқ гажак думини хаданг қилиб чиранганча, энди Баҳромга қараб ҳурарди. Унинг таҳдидидан: “Ўзингники-чи, юзи-кўзини яра-чақа босиб, қуртлаган маймунга ўхшаб қолибди,” деган маъно уқса бўларди. У Тўрабикани Баҳромнинг жазмани деб ўйлаётганди.

Асаби қўзиган Дуйсенбай гиламга ўзини таппа ташлаб, оғзидан кўпик сачратиб, қалтирай бошлади. Кўзлари оппоқ пахтадай оқариб, тили томоғига кетди. Бош ҳакам чаққонлик билан унинг тилини тортиш учун оғзига бармоғини тиққан эди, бир бўғинини тишлаб, узиб олган Дуйсенбай, чайнамасдан бармоқни ютиб юбориб, кетидан унинг икки қулоғидан шарт ушлаб, нақд паттачининг кавушидек келадиган бурнига оғиз солди. У хаёлида итга айланиб, Тайсинга зўраган ит билан олишарди. Итлари ёхуд хўрозлари жангда оғир аҳволда қолганда, у шайтонлайдиган одат чиқарганди. Йиллар бўйи ашаддий ишқибозлик унинг асабларини адойи тамом қилганди. Бош ҳакам кутилмаган ҳамладан арвоҳга йўлиққан мушукдек бир сапчиб тушиб, жон-жаҳди билан бўкираркан, Дуйсенбайни судраб, хонада айлана бошлади. Унинг икки қулоғини чангаллаган Дуйсенбай, бурнидан тишлаб, тарашадек қотиб қолганди. Туриш-турмиши онасини эмаётган болага ўхшарди. Миқ этмас, бирор жойи қилт этмасди. Гўё музлаганди, тузланган балиққа менгзаб таррайганди. Ғужанак бўлиб олгани учун бир қучоқ бўлиб ялпайиб ётган қорни, кўксига сиғмасди, халос… Кўравериб кўзи пишган танқўриқчилар Дуйсенбайга қўшиб, бош ҳакамни шарт ерга босиб, қимирлатмай қўйдилар. Унинг йиғламсираб, ялиниб-ёлворишига қарамай, оғзига Тўрабиканинг белидаги этакнинг қолганини юлиб тиқиб, овозини ўчирдилар. Вақт ғанимат, деганларидек, пайдар-пай ҳуриб, Батангул Тайсинни бош ҳакамга тезлагач, у Дуйсенбайга ёрдамга келди. Индамасдан, бош ҳакамнинг товонидан олиб, оёғини ғажий бошлади. Танқўриқчиларнинг ўз ишларини шошмасдан бамайлихотир бажараётганларига қараганда, Дуйсенбайнинг илгари ҳам анча-бунча бармоқ, бурун ва қулоқларни узиб егани кўриниб турарди. Бош ҳакам типирчилай олмай чиранаётганда, бир қўриқчи чўнтагидан тилло қутича чиқариб, ичидан фил суягидан ўйилган муҳрни олди. Сўнгра, бош ҳакамнинг кўзига тиркалиб қолган Дуйсенбайнинг жимжилоқдек учи пачақ бурнини кўтариб, муҳрни унинг икки тешигига ишқалай бошлади. Бир замон ўтиб, пишқириб нафас олган Дуйсенбай чучкириб, бош ҳакамни оғзидан бўшатди. Афсуски, бош ҳакамнинг сўлиган сапчадек келадиган бурнининг ости теп-текис эди. Уч дақиқа олдин бурун борлигини кўрмаган кимса, бош ҳакамда ҳеч қачон бурни бўлмаган бўлса керак деб ўйларди. Сабаби, қаттиқ қўрққан бош ҳакамнинг на қирқилган бармоғидан, на Дуйсенбай узиб, ютиб юборган бурнидан, на Тайсин ғажиган оёғидан бир томчи қон чиқмаган эди. Бунақасини илгари кўрмаган қўриқчилар ҳам, Тайсин билан Батангул ҳам ёқа ушлаб, анг-танг бўлиб қолдилар. Ҳушидан кетган бечорани замбилғалтакка ортган икки йигит бир зумда Қорасаройдан ит қувлаган мушук сингари уриб чиқиб кетди. Ҳалигача ғазабини босолмаган Батангул уларни “Тез ёрдам”гача думини гажжак қилиб қувлаб, дарвозадан кузатиб қайтди.

Ҳушига кела бошлаган Дуйсенбай ҳали кўзини очмасдан:

– Пешат қани, пешат? – деди қўлини чўзиб.
Қўриқчи муҳрни қўлини ойнасига қўяркан, у хуморига чидолмаган беданабоз каби муҳрни сиқиб, бағрига босди. Кейин ўпиб, кўзларига суртди. Шунда, унинг кўзлари очилиб кетиб:

– Депутатлик мандатим?! – дея чинқириб юборди.

Қўриқчи иккинчи чўнтагидан яна бир олтин қутича чиқариб, ичидан депутатлик гувоҳномасини олди-да, Дуйсенбайнинг қўлига тутқазди. У мовий гувоҳномани муҳр каби обдон ҳидлаб-ўпиб, кейин пешонасига сурди. Пичирлаб, у билан нималар ҳақидадир гаплашар экан, ўз-ўзидан хохолаб кулиб, ўрнидан турди.

– Тайсинни енгмоқчи бўлган Қорақулоқни зап бобладимми?! – деди сўнгра қўриқчиларига. – Напес сартларга сотилган. Тайсинни ити енгса, уни яхшигина пулга ўшаларга пулламоқчи.

Шунда унинг кўзлари Баҳром билан Тўрабикага тушиб:

– Мана ўша сартлар, – деди. – Шишесини с… ўзингники бўлсаям, булардан дўст чиқмайди. Етти ёт бегона бўлса ҳам, булардан ўрис яхши. Напалеондан қутқарди, Худоёрхон билан Олимхонни вайрон этиб, Ферузхонни қўғирчоқ этиб берди. Ўрис бўлмаса, Гитлер энамизни кўзимизга кўрсатарди. Ҳали Хитойнинг тажовузидан асрайди, Эроннинг йўлини тўсади. Ўрисда ҳикмат кўп. Жуҳудга алданиб, бекафан кетмаса бўлгани. Алданса, ўзи ҳам чув тушади, бизларни ҳам таянчимиздан мосуво этади. Сарт, уйғонмасин! Худой кўрсатмасин, уйғонса, баримизни бошимизни бириктириб, бир ёқадан бош чиқарасан, деб туриб олади. Кейин нима бўлади?! Туркистон оёққа туради. Турон қад кўтаради. Хитой билан Русияга шу керакми?! Амриқо билан Оврупо ҳам буни хоҳламайди. Бизларни Оврупо билан Амриқонинг истаги қизиқтирмайди. Аммо, Русия нимани хоҳласа, бизлар ўшани хоҳлаймиз…

Нималар деётганини ўзи ҳам билмаётган Дуйсенбай Баҳромнинг тумшуғини тагига кириб, унга бўйнини чўзди:

– Келишгандик-ку! – деди у. – Айтилган пулни олган бўлсаларингиз ҳам, нима учун Қорақулоқ Тайсинга ютқизиб бермади?!
– Мен қайдан биламан?! – деди нима деб жавоб беришини билмаган Баҳром.
– Пул олганда, ақлу ҳушинг жойида эди. Энди ўзингни овсарликка солмоқчимисан?!

Дуйсенбай кўкрагидан бир қарич кўтарилиб турган қорни билан уни туртиб юборди. Ярим белига ёстиқ теккандек туюлган Баҳром бир қалқиб, деворни тагига ўтириб қолди. Туртки оғриқли бўлмаса ҳам, залворли эди. Қутурган Дуйсенбай унинг бошига мушт сола бошлади. Унинг бўйи кичик, қорни жуда катта бўлгани боис зарбалари кўнгилдагидай чиқмади. У олдинга интилса, қорни уни орқага итарарди. Баҳром турмоқчи бўлганда, уни танқўриқчиларнинг бири босиб, ушлаб турди. Кўмакка отилган Тўрабикани иккинчи танқўриқчи босиб олди. Танқўриқчиларга ёрдамга отилган Тайсин, Тўрабиканинг бошига тумшуғини тиркаб, оппоқ сўйлоқларини кўрсатиб ириллай бошлади. Ундан улгу олган Батангул Баҳромга ҳамла қилди. Тайсиннинг ўзбекистонлик икки эшикбегиси воқеаларни чеккадан кузатиб турарди. Дуйсенбай, “ол” деса, улар Баҳром билан Тўрабикани бурдалаб ташлашга тайёр эдилар. Тўстувакни қўлидан қўймайдиган фаррош бир Тайсиннинг думини кўтариб, кетига боқса, бир қанжиқнинг думини тагига боқарди.
Баҳромнинг кийимларининг тит-питини чиқарган Дуйсенбай, тақа-тақ тўхтаб, бир пайт яна муҳрни суриштириб қолди.

– Пешат қани, пешат? – деди у. – Икки кўзими нури, жигаримни пораси қайга кетди?!

Чўнтагига тиқиб қўйган қўриқчи, яна олтин қутичани олиб, Дуйсенбайга ичидаги муҳрни чиқариб узатди. Гиламга чўккалаб ўтириб олган Дуйсенбай муҳрни қайта-қайта ҳидлагач, уни айлантириб ўпиб, бағрига босди. Бошини елкасига қийшайтириб:
– Оҳ-ҳ, меҳрибоним, ҳаётимнининг мазмуни, умримнинг қувончи! – деди. – Сени бир дам кўрмасам, ўлиб қоламан! Уканг қани, укажонинг? Укангни қайда унутиб қолдирдинг?

– Мана! – деди чўнтагидан иккинчи қутичани олган қўриқчи.

Мовий гувоҳномани қўлига олган Дуйсенбай уни ҳам узоқ ҳидлаб, кейин бағрига босди. У кўзларини юмиб олганди. Сиртдан қараган одамнинг кўзларига у афсун ўқиётган жодугарга ўхшаб кўринарди. Унинг бўйи кичкина, қорни жуда ҳам катта эди. Шалпайган қулоқлари шапалоқдай-шапалоқдай, товоқдай келадиган юзига мос тушмаган пучуқ бурни моча эшакнинг совуқ уриб таг-тугидан чириб тушган тўмтоқ думини эслатарди…

– Қутига тиқ! – дея у ўрнидан хезлаб туриб, муҳр билан гувоҳномани танқўриқчига узатаркан:
– Серкабай қани? – дея бош ҳакамни сўради.
– Кетиб қолди! – деди муҳр билан гувоҳномани олтин қутиларга жойлаган танқўриқчи.
– Яхши бўлмабди! – деди нимадир рўй берганини сезган Дуйсенбай. – Дуйсенистонга умид билан қадам босган ҳар бир қозоқ бу кошонадан умидсиз бўлиб чиқиб кетмаслиги керак. Биз ўзимизни шу элнинг кунига ярайди, оғирини енгил қилади деган ниятда, пўш-пўшлаб юрибмиз. Бу эл, қозоқ деган халқ бизнинг кунимизга ярамаса, унинг сартдан нима фарқи қолади. Бизларга бунақанги миллатнинг, мамлакатнинг не кераги бор?!

Дуйсенбайнинг эси жойига қайтиб, хаёлини йиғиштириб олганди. Ўтган ярим соат ичида хунук воқеалар рўй берганини у юрак-юрагидан ҳис этаётган бўлсаям, унинг айнан қандай ҳодиса эканлигини у эслай олмасди.

– Бўлгани бўлди! – деди у. – Серкабай бир йигитини ташлаб кетмоқчи эди. Энди Житириқга қараб туриш учун дўхтир чақириш керак. Мана, у асбоб-ускуналар билан дори-дармонларни ташлаб кетибди-ку.
– Ҳожати йўқ, – деди қўриқчининг чангалидан қутулиб, уст-бошини текислаётган Тўрабика. – Мен ҳамшираман, ўзим қараб тураман.
– Бирор жойда ўқиганмисан?
– Коллежни тугатганман!
– Дипломинг борми?
– Бор!
– Қани?
– Уйда?
– Сотиб олмаганмисан?
– Ўқиб олганман!
– Ўзбекистонда ҳам ўқиб диплом олиб бўларканми?
– Мен ўқиганман!
– Пешати-чи?
– Диплом бўлгач, муҳри ҳам бўлади-да!
– Соҳада ишлаганмисан? Малаканг борми?
– Туманимиздаги шифохонада тўрт йил ишладим!
– Кейин-чи?
– Кейин, моянаси тўғри келмади, мана шу ерларда жаҳон овараси бўлиб юрибман!
– Уй-бўй, шишенгни … сартни қанжиғини сулувгинами десам, гапга ҳам чечан экан! – дея у бармоқлари билан сочини таради.

Дипломга муҳр босилганлигини эшитгач, у Тўрабикага ишона бошлаганди. – Яхши. Худой кўрсатмасин, Житириқга бирор нарса бўлса, иккалангни тирик қўймайман. Тўстувак билан қоғозсочиқларни шеригингга бер. У Житириқ билан сенинг хизматингда бўлади…

Дуйсенбай Тайсиннинг кошонасидан чиқиб кетгач, ишбошқарувчи Баҳром билан Тўрабикани қайта дизенфексия қилдиртириб, ювинтирди. Уларнинг устидаги уст-бошларни оловга ташлаттириб, янгисини берди.

(Асарнинг давомини ўқиш учун линкни босинг)