Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Пайғамбарлар тарихи (29). Муҳаммад алайҳиссалом

Пайғамбарлар тарихи (29). Муҳаммад алайҳиссалом
02 Ağustos 2014 - 8:59 'да юкланди ва 1762 марта ўқилди.

p.t.3Ҳазрати Али

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ҳошимийларнинг энг бадавлати бўлган амакиси Ҳазрати Аббоснинг ёнига бориб: “Эй Аббос, биродаринг Абу Толибнинг оиласи жуда катта. Ҳозир қийинчилик даври. Қийналишаяпти. Унинг ўғилларидан биттасини сен, яна биттасини мен олсам, унинг юкини енгиллатган бўлардик”, деди.
Ҳазрати Аббос бу таклифни қабул этди.
Икковлон Абу Толибга бордилар.
Абу Толиб “Оқил ва Толибни менга қолдириб, қолганларидан истаганингизни олинглар”, деди.
Шунда пайғамбаримиз – Ҳазрати Алини, Ҳазрат Аббос эса – Ҳазрати Жаъфарни ўз ҳомийлигига олган эди.

Пайғамбаримизнинг Ҳазрати Ҳадичадан туғилган фапзандлари

Пайғамбаримизнинг Ҳазрати Ҳадичадан икки эркак ва тўртта қиз фарзанди туғилди. Тўнғич ўғлининг исми Қосим эди. У икки ёшида вафот этди. Пайғамбаримизнинг бутун фарзандларига София бинти Абдулмутталибнинг жорияси Салмо хотин энагалик қилди.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг иккинчи ўғлининг исми Абдуллоҳ эди. У ҳам вафот этганида, мушриклардан Ас бин Воил Пайғамбаримиз алайҳиссаломни назарда тутиб: “У – абтар, насли давом этмаяжак бир одам. Ўлганидан кейин унутилади”, деган эди. Бу муносабат билан Аллоҳу Таоло “Кавсар” суръасини индирганди.
Пайғамбаримизнинг ҳазрати Қосимдан сўнгра илк туғилган қизи ҳазрати Зайнаб эди. Ундан кейин Ҳазрати Рукия туғилди. Ундан кейин Ҳазрати Умму Кулсум, ундан кейин эса Ҳазрати Фотима туғилди.
Ўшанда Пайғамбаримиз алайҳиссалом 35 ёшда эди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ваҳий келишидан аввал зуҳур этган ҳодисалар

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий ва пайғамбарлик келишидан икки йил аввал яҳудий олимларидан Ибн Ҳаййибон Шомдан Мадинага келиб ерлашди ва кўп ўтмай ўлим тўшагига тушди.
Ўлажагини англаган Ибн Ҳаййибон Мадиналик яҳудийларга: “Эй, яҳудий жамоати, фаровон бир ўлкадан бу йўқсил мамлакатга мени нима олиб келди, биласизми?, дея мурожаат қилди.
Яҳудийлар “билмаймиз”, дейишди.

– Мен бу мамлакатга яқинда келиши керак бўлган ва бу ерга ҳижрат қилажак бир пайғамбарни кузатиш учун, унга тобе бўлишни умид қилиб келдим. Эй яҳудий жамоати, унга тобе бўлишга кечикманглар!” – деди ва ўлди.

Пайғамбаримиз қирқ ёшга тўлмасдан аввал (ўттиз саккиз ёшида) ғаройиб нурлар кўрар ва ғалати саслар эшитарди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом уйидан чиқиб, Макка ташқарисидаги водийга чиққанида “ассалому алайка ё Расулуллоҳ”, деган сасларни эшитар ва атрофига аланглаб қарар экан, дарахт ва тошлардан бошқа ҳеч нарса кўрмасди.

Асҳобдан Жобир бин Самуранинг ривоятига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга “Маккада бир тошни танийман, у пайғамбар ўлароқ юборилишимдан олдин менга салом берарди”, деган.

Ҳазрати Муҳаммаднинг шакли ва шамойили

Ҳазрати Али Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шакл ва шамойилини шундай таъриф этади: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом на узун бўйли, на-да калта эди. У узунга яқин ўрта бўйли эди. Унинг қўл ва оёқ бармоқлари йирик ва этли эди.
Боши вужудига мутаносиб шаклда катта эди.

Елкалари, тиззалари ва билаклари суякдор эди.
Кўксидан қорнига қадар узaнган чизги шаклида ҳафиф қил бор эди. Кўкси ва қорнида бундан бошқа қил йўқ эди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом юрар экан, оёқларини судраб олмасди, одимларини жонли ва узун ташларди, гўё тепадан инаётган каби, қаддини олдинга эгиброқ юрарди. Сочлари на жингалак, на-да текис эди.

Соқоли қалин эди.
Юзи бироз юмалоқ, аммо том юмалоқ эмас эди.
Бўйни узун, кумуш каби пок ва порлоқ эди.
Тани қизғиш билан қоришиқ оқ эди.
Юзидан оққан тер инжу каби эди, ундан миск ҳиди келар эди.
Кўзлари йирик эди. Кўз қорачиғларининг қораси қоп- қора эди. Кўз оқида ҳафиф қирмизи ранг бор эди.
Вужуди на ориқ, на да семиз эди.
Қараса бутун вужуди билан ўгирилиб қарарди.
Икки курагининг ораси кенг эди. Елкасида пайғамбарлик xотами (белгиси) бор эди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломни даъфатан кўрганлар унинг маънавий виқор ва ҳайбатидан саросимага тушардилар.

Уни яқиндан таниганлар эса, унга теран бир севги ва ҳурмат ила боғланар эдилар. Унинг юксак хислат ва қобилиятларини айтиб беришни истаган ҳар ким “мен на ундан олдин, на ундан кейин унга ўхшаган бир зотни кўрдим”, дерди.
Ҳазрати Ҳадичанинг ўз ўғли, Пайғамбаримизнинг ўгай ўғли бўлган Ҳинд бин Абу Ҳолонинг ва бошқа саҳобаларнинг айтишига кўра: “Ҳар қандай улуғлик Расулуллоҳ алайҳиссаломда мужассам эди. Унинг юзи ўн тўрт кунлик ой каби эди. Сочини ўстирганида, сочлари қулоқларининг устига тушарди. Қошлари узун ва қавсли эди. Учлари инжа, оралари яқин эди. Икки қошининг орасида бир томир бўлиб, ғазабланганида, бўртиб чиқарди. Юзидаги мутаносиблик диққат чекарди. Бурнининг учи нозик эди. Ёноқлари текис эди, бўртиб чиқмаганди. Оғзи табиий катталикда эди. Тишлари инжу каби эди. Вужудининг бутун узвлари тўғри эди. Бадани қувватли эди. Қорни ва кўкси айни баландликда эди, қорни дўппайиб турмасди. Ечинганида вужудидан нур сочиларди. Вужуди жунли эмасди. Билак ва оёқ суяклари кенг эди. Қўл ва оёқ бармоқлари қалин ва узун эди. Товони текис эмас, чуқур эди. Оёқлари ҳафиф этли эди. Юрганда чайқалиб юрмас, одимларини катта отиб, виқор ва сукунатда юрарди. Атрофга алангламасди. Юқоридан кўра, кўпроқ ерга боқиб юрарди. Аммо ерга ҳам кўз учи билан боқарди. Юрар экан саҳобалардан орқароқда юрарди. Бировни учратса, аввал ўзи салом берарди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг юзи ва овози ғоят гўзал эди”.
Умму Маъбаднинг ривоятига кўра: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом сукутда экан, унда виқор ва вазминлик пайдо бўлиб, гапирганда очиқ юз билан гапирарди. Сўзлари худди инжу каби оғзидан тўкиларди. Сўзи очиқ эди. Ҳақ ва ботилни айиргучи эди. На ожизлик ҳисобланажак қадар оз, на-да бўш ва кераксиз ҳисобланажак қадар кўп эди. Узоқдан қараганда инсонларнинг энг ҳайбатлиси эди. Яқинига келганда ўзига жазб этадиган даражада ёқимли зот эди. Қовоғи солиқ эмасди, кулар юзли эди”.

Ваҳийнинг келиши

Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом қирқ ёшига тўлганда Oллоҳу Таолонинг амри ила содиқ рўёлар (тушлар) кўра бошлади. Унинг кўрган бутун тушлари ҳаётда айнан юз берарди. Пайғамбаримиз бу ҳол ичида олти ой яшадилар.

Oллоҳу Таоло унга бу ҳол ичида ёлғизликни севдирди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уйлардан узоқлашиб, тоғ оралиғидаги кимсасиз гўшаларга кетар, хаёлларга толарди. Буни кўрган Қуръайшликлар “Муҳаммад ўз Роббига ошиқ бўлибди”, дейишарди.
Пайғамбаримиз ҳар Рамазон ойида Ҳиро (Нур) тоғида эътиқофга кирар ва ёнига келган йўқсилларга емак едирар эди. Итиқофдан чиққанидан сўнг, уйига келишдан олдин, Каъбани етти марта тавоф қиларди.

У Ҳазрати Ҳадичанинг ҳам Ҳиро тоғига олиб боргани ривоят қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом, қавми бутларга топинар экан, хилват ва узлатни соғинар эди.

“Саҳиҳий Бухорий”нинг шарҳловчиси Бадриддин Айний “Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таҳаннуси, тааббуди қандай шаклда эди”, деган саволга “бу ўйлаш ва ибрат олмоқдан иборат эди. Катта бобоси Иброҳим алайҳиссаломнинг ибрат олиши каби”, деганди.
Пайғамбаримизнинг тааббуди унинг пайғамбар бўлиш орзусидан пайдо бўлмаганди. Зотан, пайғамбарлик истаган ва ёки меҳнат билан эришиладиган бир мақом эмас. Oллоҳу таоло бу юксак мақомни ўзи танлаган қулларига берди. Пайғамбаримиз Ҳиро тоғига кетар экан, ёнида сут, эт, зайтун ёғи, нон оларди. Ва Ҳиро тоғидаги моғорада етти кеча, баъзан бир ой қоларди.
У хилватда қолганида ғалати нурлар кўрар, саслар эшитар ва бундан хавотирланиб: “Эй Ҳадича, мен бир нур кўраяпман, бир сас эшитаяпман. Мен бир коҳин бўлиб қолишдан қўрқаяпман. Валлоҳи, мен шу бутлардан, коҳинлардан нафрат этганим қадар ҳеч нарсадан нафрат этмайман”, дерди.

– Эй амакимнинг ўғли! Ундай дема! Аллоҳ сени асло ундай қилмас! – дея тасалли берарди.
Ибн Исҳоқнинг Абу Майсара Амр бин Шуроҳбилдан ривоят қилишига кўра, Расулуллоҳ алайҳиссалом завжаси Ҳазрати Ҳадичага “мен хилватда ёлғиз экан, бир сас эшитдим, бунинг мен учун таҳликали эканидан қўрқаяпман”, деганида Ҳазрати Ҳадича унга “Oллоҳ сақласин! Oллоҳу Таолонинг сенга ёмонлик қилиш эҳтимоли йўқ. Валлоҳи, сен омонатни адо этиб, қариндошга яхшилик қилган, сўзингни тўғри сўйлаган инсонсан”, деган.

Ҳазрати Абу Бакр ёшлигида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг дўсти эди.

Унга Ҳазрати Ҳадича Пайғамбаримизнинг ҳоллари ҳақида айтиб “сен Муҳаммадни (алайҳиссалом) амаким Варақага олиб бор”, деди. Ҳазрати Абу Бакр Пайғамбаримизни Варақа бин Навфалникига олиб борди. Пайғамбаримиз унга “хилватда экан, бировнинг “Эй Муҳаммад, эй Муҳаммад” деб чақирганини эшитаман” – деди.

– Сенга бунинг зарари йўқ – деди Варақа.
– Мен сасни эшитиб қўрқаман ва у ердан узоқлашаман, – деди Пайғамбаримиз.
– Сен ундай қилма. Овоз соҳибининг гапини охиригача тингла, кейин менга хабар бер – деб маслаҳат берди Варақа.

Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарликнинг берилиши

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазон ойининг ўн олтинчисида, бозор кечасида Ҳиро тоғидаги моғорода ухлаётганида, тушида ваҳий малаги Жаброил алайҳиссалом атласдан бир қолипга солинган бир китобни пайғамбаримизга бериб:
– Ўқи! – деди.
– Ўқий олмайман, – деди Пайғамбаримиз алайҳиссалом.
Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримизни қучоқлаб қаттиқ қисди.
Пайғамбаримизнинг нафаси кесилди, ўзини ўлаётгандай ҳис қилди.
Шунда Жаброил алайҳиссалом уни қўйиб юборди ва такрор:
– Ўқи!- деди.
– Мен ўқий олмайман! – деди Пайғамбаримиз.
Жаброил алайҳиссалом уни такрор қучоқлаб, қаттиқ сиқти. Кейин қўйиб юборди ва яна:
– Ўқи! – деди.
– Нимани ўқийин? – деб сўради Жаброилнинг исканжа каби қучоғидан қутилиш учун Пайғамбаримиз.
Шунда Жаброил алайҳиссалом “Алақ” суръасининг бошидаги бешта оятни ўқиди. Жаброил алайҳиссалом кетганида Пайғамбаримиз уйқудан уйғонди ва у бешта оят унинг қалбига бир китоб каби ёзилганини англади.
Пайғамбаримиз моғорадан чиқиб, Ҳиро тоғидан инар экан, кўкдан бир сас келди.
“Ё Муҳаммад, сен Аллоҳнинг Расулисан, мен Жаброилман”, деди бу сас.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бошини кўтариб қаради ва Жаброил алайҳиссаломни оёқларини уфққа тираб турган бир инсон қиёфасида кўрди.
Пайғамбаримиз унга қараб бир зум қотиб қолди.
У Жаброил алайҳиссаломни кўрмаслик учун юзини қайси тарафга бурса, ўша ерда уни кўраверарди. Жаброил алайҳиссаломнинг саси гоҳ кўкдан, гоҳ дарахтдан, гоҳ тоғдан келарди. (Ёқубий,2/22).

Ҳазрати Ҳадичанинг тасаллиси

Жаброил алайҳиссалом кетганидан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам уйига қайтди.
Ҳазрати Ҳадича унинг қайтавермаганидан хавотирланиб, уни излашга одамларни юборганди,аммо улар Пайғамбаримизни топа олмай қайтиб келишганди. Пайғамбаримиз уйига қайтганида “Абулқосим, қаерда эдинг? Валлоҳи, сени ахтаргани одамларни жўнатдим, улар тополмай қайтиб келдилар!”,деди Ҳадича Ҳазратлари.

Пайғамбаримиз бутун кўрганларини унга бир-бир айтиб берди.
– Сенга муждалар бўлсин! Oллоҳу Таоло сенга хайирдан бошқа нарса раво кўрмайди. Эй, амакимнинг ўғли, сабот эт. Ҳадичанинг борлигини қудрат қўлида тутган Oллоҳга ямин этаманки, мен сенинг бу умматнинг пайғамбари бўлишингга умид қилаяпман!, – деди Ҳазрат Ҳадича.

Кейин у либосларини кийиб, Варақа бин Навфалникига кетди.
Варақа бин Навфал Ҳазрати Ҳадичанинг амаки ўғли эди.
Жоҳилия даврида христианликка кириб, “Инжил”дан баъзи нарсаларни ёзиб олиб юрарди. Жуда кекса ва кўзлари хиралашган эди.
У Ҳазрати Ҳадичадан Пайғамбаримиз алайҳиссаломга кўринган воқеаларни эшитиб:
– Қуддус (пок ва қусурсиз), Қуддус! Варақанинг борлигини Қудрат қўлида тутганга ямин этаманки, эй Ҳадича, менга сўзлаганларинг тўғри эса, унга келган Номуси Акбардир, у Мусога ҳам келганди! У (Муҳаммад алайҳиссалом) муҳаққақ бу умматнинг пайғамбаридир! Унга сўйла, сабот этсин!, – деди.

Варақа бир Навфалнинг пайғамбаримиз алайҳиссалом бошига нималар келишидан хабар бериши

Варақа бин Навфал Каъбани тавоф этар экан, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга дуч келиб, “Эй биродаримнинг ўғли, кўриб, эшитганларинг ҳақида менга ҳам айтиб бер” – деди.
Пайғамбаримиз айтиб берди.
Шунда Варақа “борлиғимни Қудрат қўлида тутиб турганга ямин этаманки, сен бу умматнинг пайғамбарисан. Сенга келган Номуси Акбар аввал Мусога ҳам келган эди.
Сен муҳаққақ қавминг тарафидан ёлғончига чиқарилажаксан. Сени қийноққа солажаклар. Юртингдан чиқарилажаксан. Сен билан урушга киражаклар. Онт бўлсинки, мен у кунларга етишсам, Oллоҳнинг динига ёрдам этаман”, деди ва Пайғамбаримизга яқинлашиб, унинг бошидан ўпди.

Исломда илк таҳорат ва илк намоз

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ваҳий келган куни Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз алайҳиссаломга таҳорат олишни ва намоз қилишни ўргатди.

У Макканинг юқори тарафида, водийда ўкчасини ерга урди ва у ердан сув пишиқириб чиқди, бу сув билан таҳорат қилди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Жаброил алайҳиссаломнинг таҳорат олишини диққат билан кузатди:Жаброил алайҳиссалом аввал қўлини тирсакларигача ювди, кейин оғзини чайди, бурнига сув тортди, сўнгра юзини ювди. Кейин бошини ва қулоқларининг орқасини қўли билан масҳ этди. Сўнгра оёқларини тўпиғига қадар ювди. Таҳоратнинг сўнггида адаб ерига сув сепди. (Ибн Исҳқ “Китобул Мубтадо”, 3/117).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам Жаброил алайҳиссалом каби таҳорат олди. (Тобарий, “Тарих”, 2/210).
Сўнгра Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз алайҳиссаломга намозни кўрсатди ва у билан бирга икки ракат намоз қилди. Ва бу намозда тўрт кез сажда қилди. Пайғамбаримиз теран бир севинч ила уйига қайтди.

Oллоҳу Таолонинг унга қилган олий икроми ҳақида ҳазрати Ҳадичага хабар берди. Кейин уни қўлидан тутиб сувнинг ёнига олиб борди. Ва айнан Жаброил алайҳиссалом кўрсатган шаклда таҳорат олиб, Ҳазрати Ҳадичага кўрсатди. Ҳазрати Ҳадича таҳорат олди, Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга Жаброил алайҳиссалом кўрсатгани каби намоз қилдирди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом илк намозини Пайғамбарлик келган куни, душанба куни қилди. Ҳазрати Ҳадича ҳам ўша куни, оқшомга яқин илк намозини адо этди . (Ибн Абдулбарр, 4/1820).

Ваҳий ва ваҳий тарзлари

Луғатда “суръатли ишорат”, “китобат”, “рисолат”, “илҳом” ва “гизли калом” каби маъноларни англатган ваҳий Oллоҳу Таолонинг ўз пайғамбарларига юборган буйруқларидир.

Oллоҳу Таоло аввалги пайғамбарларга ваҳий этгани каби Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам ваҳий этди.
Қуръони Каримда бу ҳақиқат шундай ифодаланади: “Биз Нуҳга, ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий этганимиз каби, Иброҳимга, Исмоилга, Исҳоққа, Ёқуб ва унинг набираларига, Исога, Айюбга, Юнус, Хорун ва Сулаймонга ваҳий этганимиз каби, шубҳасиз, сенга ҳам ваҳий этдик. Довудга Забурни ато этдик. Шундай пайғамбарлар юбордик-ки, уларнинг қиссаларини сенга билдирдик. Яна шундай пайғамбарлар юбордик-ки уларнинг қиссаларини сенга билдирмадик. Oллоҳ Мусога ҳам хитоб билан гапирди”. (“Нисо”, 163-164).

Ваҳий тарзларидан биттаси уйқуда кўрилгани ва ҳаётда айнан содир бўлганидир. Пайғамбаримизнинг пайғамбарлиги бу тарз билан бошланди.

Пайғамбаримиз “Эй Ойша, менинг кўзим ухлайди, аммо қалбим ухлaмас”, деган эди. Ваҳийнинг иккинчи тарзи ваҳий этилажак хабарнинг малак (фаришта) томонидан, кўринмасдан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом қалбига етказилишидир.

Пайғамбаримиз “шубҳасиз, Руҳул Қуддус (Жаброил а.с) қалбимга шуни илҳом этдики, ҳеч бир нафс ажали етмагунча, ризқини тугутмагунча ўлмайди. Шундай экан, Oллоҳдан қўрқинг, уни гўзал ва машру йўллардан ахтаринг! Ҳалол бўлганини олинг, ҳаромдан қочинг. Ризқ кечикса, уни Oллоҳга зид шаклда топишга ҳаракат қилманг. Чунки Oллоҳ қатида бўлган нарсага Oллоҳга итоатли бошқа нарса воситасида ноил бўлиш мумкин эмас”, деди.

Ваҳийнинг учинчи тарзи, ваҳий малагининг инсон суратида кириб, ваҳийни пайғамбарларга етказишидир.
Пайғамбаримиз “баъзан малак инсон суратига кириб мен билан гаплашади, мен эса унинг сўзларини ёд оламан. Бу мен учун ваҳийнинг энг қулай келганидир”, деди.

Ваҳийни бу тарзда келтирган малакни баъзи саҳобалар ҳам кўрарди. Ваҳийнинг тўртинчи тарзи бир даҳшатли қўнғироқ саси каби келишидир. “Бу мен учун энг оғир келганидир”, дерди Пайғамбаримиз алайҳиссалом.
Абдуллоҳ бин Амр бин Осс “Ё, Расулуллоҳ, ваҳийнинг келишини қандай сезасан? деб сўраганида,“Сасни эшитиб, жим бўламан. Ҳар сафар ваҳий келганида худди руҳим олинаётгандай ҳис қиламан”, деб жавоб берди Пайғамбаримиз алайҳиссалом.
Асҳоби Киромдан баъзиларининг ривоятига кўра, ваҳийнинг иниши жараёнида Пайғамбаримиз алайҳиссаломни оғир бир юк босарди. Юзи гул каби қирмизилашарди. Кўзларини юмиб, бошини олдинга эгарди. Тез-тез нафас ола бошларди. Совуқ кунда ҳам манглайидан тер томчилай бошларди.

Ваҳий тугагунча ёнидагилар бошини кўтариб, унга қарашга кучлари етмасди.
Ваҳий котибларидан Зайд бин Собитнинг билдиришига кўра, агар ваҳий ваъда ва табшир бўлса, уни инсон суратига кирган Жаброил алайҳиссалом келтирарди.

Агар ваҳий азоб ва қўрқитиш хабари бўлса, бу даҳшатли бир қўнғироқ орқасидан келарди. (Касталлоний”Мевохиб”, 1/57).
Ваҳий баъзан Пайғамбаримиз алайҳиссалом туя устида экан келарди. Бу ҳолда ваҳийнинг оғирлигига чидай олмаган туя оёқларини кериб, тарвақайлаб, охири ерга чўкишга мажбур бўларди. (Ибн Саъд,1/97).

Ваҳий тарзининг бешинчиси ваҳий малаги Жаброил алайҳиссаломнинг Oллоҳу Таоло тарафидан яратилган шаклида, инжу ва ёқут сочган 600 та қаноти билан кўриниб, илоҳий хабарни Пайғамбаримиз алайҳиссаломга етказишидир.
Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бу шаклда икки марта кўринди.
Бу кўринишда малакнинг вужуди ер ва кўк орасини тўлдириб турарди.

Ваҳий тарзининг олтинчиси Oллоҳу Таолонинг, Исро ва Мерож кечасида бўлгани каби, парда орқасидан Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан гаплашишидир.

Бу хусусда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деди: “Роббим менга уйқумда энг гўзал суратда келди. Мендан “Ё Муҳаммад, Малак и Аъло (муқарраб малаклари) ўзаро нима ҳақда суҳбатлашади, биласанми?”, деб сўради.
Йўқ, билмайман дедим.

Қўлини икки курагим орасига қўйди. Роббимнинг қўлининг салқинлигини кўксимда ҳис этдим. (Тобарий, “Тафсир”, 27/48). Ва ҳар ашёнинг илми менга тажаллий этди. Кўкда ва ерда бўлган нарсаларни ўргандим.
Шунда Роббим “Ё Муҳаммад, Малак и Аъло (муқaрраб малаклар) ўзаро не ҳақда суҳбатлашадилар, биласанми?”, деди.
Мен: биламан, ё Робб, улар каффоратлар ҳақида гаплашадилар, дедим.
“Бунинг маъноси нима?”, деб сўради Роббим.

Даражалар, каффоратлар, масжидга ва жамоатларга пиёда юриб бориш, намоздан сўнгра намозларни кутиш, яхшиликлар сари одим отишдир, дедим.

“Тўғри сўйладинг ё Муҳаммад!” (Зурконий.1/332).

Ким-ки шундай қилса, пок яшайди, пок ўлади. Гуноҳдан тозаланади, онадан туққан чоғидаги каби бўлади. Ё Муҳаммад, намоз қилганингда “Эй Oллоҳим, менга хайирли амаллар қилдиришингни тилайман. Менга ёмонликларни ташлаб, йўқсилларни севдиришингни, мени кечиришингни, менга раҳм қилишингни, тавбамни қабул этишингни, қулларингга бало юборганингда, мени фитна ва ибтилога учратмай, ҳузурингга олишингни тилайман, менга саломни ёймоқни, инсонларга емак едирмак, ҳамма уйқуда экан, кечалар туриб намоз қилмоқ даражаларини насиб этишингни сендан тилайман, дегин”, дея буюрди, Роббим.
Ваҳий тарзининг еттинчиси Oллоҳу Таолонинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳеч бир қулга кўрсатмаган икромини кўрсатиб, уни Яқин Мақомига илоҳий қабул этишидир. Ораларида ваҳий малаги бўлмай туриб, Мерож кечасидаги каби, тўғридан-тўғри парда орқасидан унга хитоб этишидир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом таблиғининг асоси

Бу асос илоҳий ваҳийдир. Бу ҳақиқат Қуръони каримда шундай ифодаланади: “Мана, биз сенга ҳам амримиздан бир руҳ (Қуръон) ваҳий этдик. Ҳолбуки (ваҳийдан аввал) сен китоб надир, иймон надир, билмас эдинг. Аммо биз уни (Қуръонни) бир нур қилдик. Бу билан қулларимиздан кимни истасак унга ҳидоят берамиз. Шубҳа йўқки, сен муҳаққақ тўғри йўлнинг йўлбошчилигини қилаяпсан’’. (“Шўро”, 52).

Муҳаммад Солиҳ тайёрлаб,
2009 йилда Истанбулда нашр этган
«Пайғамбарлар Тарихи» китобидан.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort