Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (9)

Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (9)
153 views
02 August 2014 - 9:22

(Давоми. Асарнинг бошини ўқиш учун линкни босинг)

Саккизинчи боб

Баҳром Мирзелимбайнинг турткисидан сесканиб кетди.

– Нима бало, тикка туриб ухлаяпсанми? – деди у.

Баҳром атиги бир неча лаҳза бошқача бир ҳолатга тушиб қолганди. Барчаси тушунарсиз ва ғайри оддий эди. Воқеа-ҳодисалар ҳамма кўникиб қолган ҳаёт андозаларига мос тушмасди. Содир бўлган барча ишлар бачкана ва бетутриқдек туюларди. Аммо нотаниш дунёдаги тўрт нафаслик масофа соатларга тенг бўлганди. Унинг сонияларда кўрганларини китобларга жойлаш мушкул эди. Тасвирлар тасмаларга сиғмасди. Воқеалар олов билан сув каби бир-бирларига қарама-қарши қўйилганди. Айтса биров ишонмасди. Сўзларини эшитганлар уни ёлғончига ёхуд тентакка йўярдилар. Устидан кулардилар, овсарга чиқарардилар. Ўзларини соғлом ақл эгалари деб ҳисоблайдиганларнинг ҳофизалари бу каби ҳодисаларни қабул қила олмас, шундайларнинг кўпчилиги мавжуд дунёнинг асл башараси, маъно-мазмунини ташкил этса ҳам, улар унсурлар бўла туриб, ўз қиёфаларини танимасдилар. Ҳамма ўзини ўзи рад этарди.

У кўзларини юммаган, ҳатто киприк қоқмаганди. Мирзелимбай елкасига туртгач, кўрганлари рўёга айланиб, деразанинг нари томонида яланғоч боғнинг сурати пайдо бўлди. Барча нарсалар аслиятга қайтди. Бутун кўрган-билганлари гур этиб учган чумчуқлар каби уни ташлаб учгандилар. Хаёллари чил-чил синган деразанинг ойнасига ўхшарди. Хотирасида руҳиятини яралаган муштдек тош ва тўкилаётган қора бир туйнукнинг унсиз қичқириғи қотиб қолганди. Панжаларини ҳар ёққа чўзаётган дарахтлар қишки уйқуга кетиш арафасида эдилар. Улар либосларини ечгач, кериша туриб суратларга муҳрланган қизларнинг соясига ўхшардилар. Осмону фалакда ўлжасини таъқиб этаётиб кўксидан ўқ еган бургутнинг кўзларида қотган қорсиз тоғларга ёхуд гиёҳ битмаган бийдек саҳрога ўхшардилар…

У бир муддат олдин, ажал билан олиша туриб, осмону фалакдан – юксакликлардан жарга қулаётган бургутнинг кўзларидаги ночор бир оламни кўрган эди. Мукаммал туюлган ҳаётнинг емирилишини, қудратли ва мудҳиш кўринган разолатнинг жуда ғариблигини, нақадар жирканчлигини, улар вақт-соати етгач муз тоғларидек тўкилишини анлаганди. Ҳақиқатнинг кўзлари қаҳқаҳага тўлганди. Адолатдан бошқа барча нарсалар рўёга айланиб, йўқликка сингмоқда эди. У рўёларда том маънодаги ҳаёт мажозини кўриб, кўзларида ўзи яшаётган дунёнинг қулашига – адолатнинг букиб бўлмас иродасига рўпара келганди. Барчаси сонияларда, лаҳзаларда содир бўлганди…

– Дода келаётган экан. Тезроқ ўзларингизни йиғиштириб олинглар! – дея соткасини ўчириб, дераза токачасига қўйган Мирзелимбай юз-қўлини ювиш учун хонадан чиқди.

– Туни билан сатта ёмон тушлар кўриб чиқдим! – деди Житириқнинг каровати тагидан чиқиб, кўзларини ишқаган Тўрабика.

– Хўроз бўлмай ҳар бало бўлгур, Житириқ тушимда ўлиб қолиптимиш.

Дуйсенбай йигит ўлгурнинг қиёфасига кирган президент “Мустақиллик” майдонида ер шарининг устига чиқиб, мотам маросими ўтказяптими-ҳей-й?! Отникидан қолгандай, барча мулозимлари билан чет элликлар гир атрофини ўраб олган. Ленин ҳайкалининг даҳмасига орқа берган кампир ҳайкали неварасини этагига солиб, қовоғини очмасмиш. Олдига чолини телпагини тескари қўйиб олган, денг. Ҳамма уни тиланчи хаёл қилиб, телпагига ул-бул ташлайди. Ордона қолгур телпакни ҳам куя тешганми, тоғни ташласа тўлмайди. Ичига тушган нарса қайга оқиб кетади, Худо билади. Дуйсенистондаги бор жонзотнинг ҳаммаси ўша ёқда. Батангул билан Сатангул унинг қизларига айланибди, денг. Тайсин унинг куёви эмиш. Икки мурабий билан Авакян ўша ёқда ҳам уларга дум. Анави супурги ўлгур Гулисипса, мотам маросимида ҳам қўлида тўстувак, учаласининг орқасида тикка туриб ухлаб қолибди. Белидаги чиқиндихалтаси ғижимланган қоғозсочиқларга тўла… Яна бир балолар, бир балолар… Ер тагидан чиқиб келган метрога бало борми? Қип-яланғоч, қора шляпа кийиб, қора кўзойнак таққан маросим қатнашчилари бир-бирларини босқилаб-эзиб, ўзларини вагонларга уриб ётиптилар. Бирининг боши узиляпти, бирининг қўли. Бошсиз таналар барчасини йиғиб-йиғиштириб, вагонларга олиб кириб кетяптилар. Кўрганларимга ўзим ҳам ишонмаяпман. Яна ўша сатта ёлғон гаплар, сатта ҳийла-найранглар. Майдоннинг қоқ ўртасида тобутда ётган хўроз ўлгур Житириқ, бир неча марта тобутдан сакраб туриб, барчанинг юрагини ёрди, десангиз. Во-ой, ўзимни ҳам лабларимга учуқ тошиб кетибди-ку!

– Ақл бовар этмайди! – деди ҳайратини ичига ютган Баҳром лабларини бармоғи билан пайпаслаган Тўрабикага. – Тушга нималар кирмайди?!

– Яна денг! – деди томоқ қириб, кафтини оғзига босган Тўрабикка. – Жиззахда, ўзимнинг уйимдамишман. Ҳаммасини онам билан чой ичиб, телевизорда кўриб ўтирибман…

– Биласизларми нима бўлди? – деди шунда эшикни очиб хонага кирган Мирзелимбай. – Тушимда Тошкентдаги ўзимнинг уйимдамишман. Житириқ ўлиб қолипти, экан. Дуйсенбай дода таппига қўнган қўнғиздек, “Мустақиллик” майдонидаги Ленин ҳайкали даҳмаси устидаги ер шарига минбарни ўрнатиб, мотам маросимини ўтказяпти! Телевидения барчасини тўғридан-тўғри бутун дунёга узатяпти. Кўрганларимни айтсам, ишонмайсизлар…

Учовлари бир хил туш кўргандилар. Улар ҳайратдан ёқа ушладилар. Тўрабикка билан Мирзелимбай бири қўйиб, бири олиб, кўрганларини ҳарчанд бир-бирларига сўйламасинлар, Баҳром индамасди. Ўзи ҳам улар кўрган тушни кўрганини уларга айтмасди. Чунки кўрган туши ҳақидаги унинг тасаввурлари бошқача эди. Шунинг учун улар билан ўртоқлашишни истамасди. Баҳслашишга, ўзиникини ўтказишга тоқати йўқ эди. Англамасга англатиб бўлмасди. Аммо учаласининг нима учун айнан бир хил туш кўрганига минг чирансин, унинг ақли етмасди. Бу жойда бир синоат борлигини пайқаса ҳам, ечимига тиши ўтмаслигини яхши биларди. Ҳаётда билганларидан билмаганлари чексиз даражада кўплигини ўйлаб, ўзига таскин берарди. Билиши керак бўлган нарсаларни билдиришни сўраб, ичидан Тангри таолага илтижо қиларди, ёлворарди…

Думларини соядек эргаштириб хонага Дуйсенбай бостириб келгач, барчаси унутилди.

– Бугун кечқурун Житириқни кўргани Голландиядан бешта академик учиб келади, – деди у Мирзелимбайга. – Сартлар қаҳрамонимизни яхшилаб ювинтириб, янги кийимлар кийгизсинлар. Яна қаҳрамонимизнинг жангларда ютиб олган совринлари туширилган фотосуратларни ва нишонларни деворларга илиб чиқинглар. Унинг Халқаро экспидитсия билан Амозонкага борганда Бил Клинтиннинг қора кучукчаси билан тушган сурати ҳам қолмасин. Англия қироличаси совға қилган ёқут қопқоқли тўстувакчага мослаб, кичик курсича ясаттириб, уни садаф билан безанглар. Эшагига тушови мос тушса, нур устига аъло нур бўлади. Бу ҳикматли сўзларни катта-катта қилиб Дуйсенистонга кираверишдаги дарвоза қанотига ёзиш кун тартибидаги биринчи масала бўлсин. Тагига “Дуйсенбай” деб қайд қилишни унутманглар. Ўзбекистон президенти жўнатган қоплон терисидан тикилган зар уқали тўн билан оҳу боласи терисидан тикилган сеҳрли қалпоқчани меҳмонлар келиши арафасида Житириқнинг эгнига кийгизиб қўйинглар. Берласконининг ўйнаши ўйлаб топган “Қариб қуйилмаган” малҳамидан туллакларига бойлаб, “Қари туллак” деб номланувчи бир жуфт гавҳарни тирсакларига осинглар. Лачагига тақирбошлар ясаб берган исирғани илинглар. Қулоқлари остига “Маржа Чумчуқ” духисидан пуркаб, тожларини қизилга бўяш ҳам ёдларингиздан кўтарилмасин. “Онангни отангга бепардоз кўрсатма” деганларидек, кўриниши жойида бўлса, бетоблиги билинмайди. Айтиб бўладими, каттароқ пулга сўраб қолишлари ҳам мумкин-да. Шунақа бўлса, сотиб ҳам юборавераман. Мақсад пул ишлаш бўлгач, қолганининг қизиғи йўқ. Ўзимизнинг президентимизнинг хотини ўз қўли билан оқ қуённинг жунидан йигириб тўқиган тўрт панжали пайпоқ ҳам унинг оёғидан тушмасин. Академиклардан тортиб президентимизнинг хос табибларидан уч-тўртлари ҳам келади, деган гап бор. Кўриб қайтганларидан сўнгра буларни хонимга сўзлаб берсалар, у киши ўзларида йўқ суюнадилар…

Итлар жанггига шошаётган Дуйсенбай узуқ-юлуқ, шоша-пиша кўрсатмалар берарди. Бу кун дунёнинг бу йилги янги чемпиони номи аниқ бўлиши керак эди. У Тайсиннинг мутлоқ ғалабасига ишонгани учун, ҳалитдан совринни нақд деб ўйларди. Ўртага юз минг доллар тикилганди. Тарафкашлар ҳам ҳеч бўлмаганда шунча маблағ йиғардилар.

– Житириқ яхшими ўзи? – деди у ниҳоят. – Еб-ичяптими?
– Ҳали ҳеч нима емади. Оғзига шпирис билан анорни сувини томчилатиб турипман, – дея Тўрабикка жавоб қайтарди.
– Сендан сўрамаяпман, шишенгни … сартни қизи. Сўрамасанг ҳам, сўйлайди-ҳей. Қаҳрамонимиз бир-икки кунда тузалмаса, ичингдан сих ўтказиб, ўзингни оловга тоблаб, гўштингни ейман.
– Ўзим ҳам кўйлагимга сиғмасдан, жа семириб кетяпман! – деди жони чиққудек бўлиб Тўрабика. – Дуйсенбай оға мени еса, бир мазза қилардим деб туни билан ўйлаб чиқдим.
– Қанақасига маза қиласан? – деб юборди ўйламасдан Дуйсенбай.
– Шу тобда шунчалар очманки, бўрилар мени кўрса, четлаб ўтадилар. Сиз мени есангиз, мен сизнинг тишларингиз ковагида қолган гўштларни териб ердим-да!
– Уй-бўй, гапга чечанлигингни сезгандим, сартни қизини! – деди завқланиб кетган Дуйсенбай. – Ҳусну жамолинг ҳам чакки эмас. Шаҳло кўзларинг порлаб, одамни еб қўяй, деяпти. Мирзелимбай, бунинг қорнини яхшилаб тўйдиринглар. Кўнгли нимани тусаса, бераверинглар. Бурролиги менга ёқиб қолди.
– Хўп бўлади, дода! – деди жанжал чиқмасин деб юрак ҳовучлаб ўтирган Мирзелимбай.

Бугун Дуйсенбай ўзида йўқ шодмон эди. Ҳали Тайсин ғалаба қозонмасдан, у белига ҳиммат камарини боғлаганди. Ғалаба нашидаси билан масту масрур эди. Унда бундай ҳолат камдан-кам ҳолларда рўй берарди.

Воқеаларнинг яхши томонга ўзгарганини кўрган Мирзелимбайнинг оғзи қулоғида етди. Дуйсенбайнинг қайдаги бир сартни қизига қилган ширин муомиласидан опа-сингилларнинг думлари тикка бўлиб, қовоқ-тумшуқлари осилиб кетаётганди. Ўзбек курашчиларининг яктагидан кийиб, белини камар билан бўғиб боғлаган Тайсиннинг тишлари қарич-қарич бўлиб, ирриллаб қўярди. У ҳалитдан ўзини жанг майдонидаги жангаридек тутаётганди. Унинг орқасида тўстувак ушлаб юрган Гулисипсага ҳам Тўрабиканинг ўзини бемалол тутиши эриш туюлар, “ҳи-и” дея қошларини чимириб, лабини чўччайтириб қўярди. Сочини лайлак уясидек қилиб олган Авакян, “ҳап сеними, шошмай тур” дегандек, дамини ичига ютиб олганди. Ажнабий мураббийлар Тайсиннинг энса-бўйларини уқалаш билан овора эдилар. Шу тобда уларнинг қулоғига гап кирмасди.

– Пешат қани, пешат? – деди хонадан чиқиб келган Дуйсенбай.
– Мана, дода! – деди чўнтагидан иккита олтин қутини чиқарган танқўриқчи. – Мандат ҳам шу ерда!
– Пешат жигардан ясалаган! – деди Дуйсенбай. – Мандат – бу мия дегани. Шу иккисидан қўймасин экан. Қолгани бир гап бўлар. Бу ҳикматли сўзларни ёндафтарларингизга ёзиб қўйинглар. Келгач алвонга битиб, бирор кўзга тушадиган жойга илиб қўясизлар. Учиб келаётган овруполик академиклар Дуйсенбайнинг ақлу заковатига бир қойил қолсин. Ҳали “Дуйсен модели” дунёни забт этадиган кунлар келади. Дуйсенистоннинг келажаги буюк эканлигига башарият иқрор бўлади…

Ўнга яқин ўзбекистонлик мардикорлар шиддат билан ишга киришдилар. Хонани Дуйсенбай айтгандек жиҳозлаш учун Мирзелимбай Житириқни каравоти билан бошқа хонага кўчиртирди. Баҳромниинг қўлида тўстувак, чўнтаклари тўла қоғозсочиқ, Житириқнинг орқасидан қолмасди. Бахтига кечадан буён унинг ичи келмаганди. Нина санчиб, дори-дармон ичираётган Тўрабикка, қилт этмаса ҳам, унинг қорни шишаётганидан хавотирда эди.

Бирпасда баркаш кўтариб ошпаз кириб келди. Орқасидан икки қаватли аравача суриб Марҳабо кирди. Хонада қази-қарта ва турли пишириқларнинг иси анқиб кетди. Деярли икки кундан буён оғзиларига ёлчиб туз солмаган икки бечора оғзим-кўзим демай овқатларни бир ёндан паққос тушира бошладилар. Бу таомларнинг барчаси тонг отмасдан Тайсин учун келтирилганини, унинг сарқитини еяётганлигини улар хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Улар бўкиб еб, орқасидан сув ичгач, нафасларини ростлаб, бир-бирларига бир муддат термулиб қолдилар. Тўрабиканинг порлаб турган кўзларини кўрган Баҳромнинг ичида олов ёнгандек бўлди. Хаёлига қайдаги нарсалар бостириб келиб, ичи ўртаниб кетди. Хотини, болалари эсига тушиб, уларнинг ҳоли не кечади энди деб ўйлади. Унинг яра-чақалари қурий бошлаган чеҳраси ёришганини пайқаган Тўрабика, “сенда ҳам юрак бор экан-ку”, дегандек сирли жилмаярди. Шу пайт эшик очилиб, яна хонага бирин-кетин Оқгул билан Марҳабо кириб келди.

– Овқатланиб, олдиларингизми? – дея гап бошлади Оқгул. – Тўймаган бўлсаларингиз, яна ул-бул олиб келаман.
Қорасаройдаги биттаю битта қозоғистонлик инсон Оқгул эди. Айтганимиздек, Мирзелимбай ҳам Ўзбекистонда туғилиб ўсганди. Қолганлар бояги гап. Барчалари дунёнинг тўрт бурчагидан келгандилар. Умуман, Дуйсенистонда қозоғистонликлар жуда озчиликни ташкил этардилар. Дуйсенбайга қуллар жоиз бўлгач, бутун қора ишларга ўзбекистонликлардан ёлларди. Қулларни эзиб ишлатувчиларнинг аксари ҳам ўзбекистонликлар бўлиб, уларнинг устидан қозоғистонликлар назорат ўрнатгандилар.
Еб-ичиб кўзига ёруғлик инган Баҳромнинг танасига ҳарорат инди. Бутун тан-баданида чумоли ғивирлагандек, томирларида қон югурди. У бир неча кундан буён биринчи марта тўйиб овқатланаётганди. Совуқдан карахт бўлиб қолгани учун, ароқ ичиб маст бўлганида Қўзи оғалар билан еганларининг мазасини сезмаганди.

– Ўзбекистонинг қаеридансиз? – деб сўради у Марҳабодан.
– Фарғонанинг Бувайдасиданман! – деди у.

Унинг кўнгилчан, беғубор аёллиги юз-кўзидан кўриниб турарди. Оқгул иккаласи бир-бирлари билан опа-сингиллар каби иноқ эдилар. Қорасаройдаги иккаласига тегишли барча юмушларни улар биргаликда бажарардилар. Оқгул ёшроқ бўлиб, қирққа ҳам чиқмаганди. Унинг айтишича, Марҳабонинг ёши олтмишга яқинлашиб қолганди. Яқинда Қорасаройда ишлаётганига ўн йил тўлар, ўн йилдан буён уйига бормаган, қариндош-уруғларини кўрмаганди. Эри билан тўрт ўғли ҳам Дуйсенистонда мардикорлик қиларди. Йиққан пулларига ўғиллари бирин-кетин водийга бориб уйланиб, олти ой-бир йил яшаб келардилар. Кенжаси кетиб уйлангач, орқасига қайтмаганди. Ғазаби қўзиган Дуйсенбай шу-шу уларни Дуйсенистондан ташқарига чиқармагани етмагандек, бўйниларига отнинг калласидек қилиб бир неча минг доллар қарзни ҳам илиб қўйганди. Том маънода улар бутун оиласи билан шунча йиллардан буён асирликда, гаровда яшардилар. Бу бечораларга Аллоҳнинг раҳми келмаса, бошқа биров уларни Дуйсненбайнинг зулмидан қутқаза олмасди. Қай бири, иложини топиб, бир бало қилиб чиқиб, хавфсизлик маҳкамаларига билдирганда ҳам, ҳеч нима ўзгармасди. Бу жойлардаги қонунлар бутун дунё учун бошқача бир тарзда, ўзбекистонликлар учун бошқа бир тарзда қўлланиларди. Бутун дунё учун демократик ва шиддат билан тараққий этаётган давлат ўзбеклар учун қонунсиз ва одам овловчилар маскани эди. Ҳар қандай хабар беш дақиқа ўтмасдан Дуйсенбайнинг қулоғига етарди. Баттар ғазаб отига минган Дуйсенбай уларнинг бошига итларнинг кунини солар ёки уларни миршабларнинг ўзларига арзимаган пулга сотиб юборарди. Миршаблар бойроқ мижоз топиб, уларни янаям мўмай пулга пуллашарди. Қулликда оилавий ушлаш осон бўлгани сабаб, қулларни сотиб олиш учун ёзилмаган рўйхатларда турган қанчадан-қанча қозоғистонликлар бор эдилар. Қўлдан-қўлга ўтиш дегани қўл-оёқ кишанда, жону тан зиндонда – Ўзбекистон турмаларидан оғирроқ бир шароитда яшамак дегани эди. Бу дўззах, жаҳаннам дегани эди.

Қорасаройда ҳозир Оқгул билан Марҳабодан ўзга биров йўқ ҳисоби эди. Мардикорларни ишлтаётган Мирзелимхон ўзи билан ўзи овора эди. У Дуйсенбай келмасдан айтганларини жойба-жой этмаса, ундан кўрадиганини кўрарди. Эшик олдидаги махсус қўриқчилар эса фавқулодда ҳолатлардан бошқа пайт ичкарига кирмасдилар. Шу боис юраги сиқилиб кетган Марҳабо юртдошлари билан узоқроқ суҳбатлашишга тиришарди. Бундай имкон яна қачон пайдо бўлишини Яратган биларди. Кун ора уйига бориб келадиган Оқгул, у кўнглини ёзсин дея, юмушларни ўзи бажариб юрарди.

Марҳабонни куйиниб тинглаган Тўрабикка кўзларига ёш олди. Унинг ҳам мустақиллик йилларида тортган жабр-ситамларинининг чеки-чегараси йўқ эди. Ишсизлик, қонунсизлик, йўқсизлик каби юзлаган иллатлар ўн минглаган оилалар каби унинг оиласи тақдирига ҳам рахна солган эди. Турмушга чиққанининг тўртинчи куни эри Русияга кетиб қайтмаганди. У ўн етти ёшида тирик бева бўлиб қолганди. Эрининг ўша томонларда уйланиб, бола-чақали бўлгани дарагини эшитгунча ҳам, унинг бошидан нима савдолар ўтмади. Бутун сарполарини – гилам ва мебелларини, тиллаворларини сотиб, тўйнинг қарзларини тўлади. Ўғиллари дом-дараксиз кетгач, қайната ва қайнонаси, “оёғи қутсиз чиқди” деб, уни қанчалар маломат қилмадилар. Ўғли келмаслигини билганларидан сўнгра, уни тўрт яшар қизи билан уриб-солиб отасиникига ҳайдаб юбордилар. У ўшанда ҳам шифохонада ҳамшира бўлиб ишлар, топгани нон-чойга зўрға етарди, холос. У ҳам қизини онасига ташлаб, ҳамшаҳарларига қўшилиб Қозоқистонга йўл олди. Ўшанда пахта-йиғим терими мавсуми энди бошланган даврлар эди. Ўзбек аёллари қўшни давлатга йўл бўйлаб дарёдек тўлиб-тошиб оқардилар. Терилган бир кило пахта нархи у ёқларда беш-олти баробар юқори эди…

…Биринчи кун у хаёлига ҳам келмаган жирканч воқеалар гувоҳи бўлди. Юз-юз эллик килогача пахта териб, ўлиб чарчаган эллик чоқли аёллар овлоқдаги бир шийпоннинг супасида тошдек қотиб ухлардилар. Ярим тунда қайлардандир от қамчилаб йигирмадан ортиқ маст-аласт қозоқ йигитлари келдилар. Ҳе йўқ-бе йўқ, отдан сакраб тушиб, дуч келганнинг тўшагига кириб, номаъқулчик эта бошладилар. Чинқирганларининг уриб овозини ўчирдилар, қаршилик кўрсатганларини итдек саваладилар. Ҳаддисини олган бир-икки аёллар эмаклаб, ўн беш қадамлар наридаги сув оқиб турган ариққа кириб яширинди. Тақдирга тан бериб кўникиб кетганлари қимирламадилар ҳам. Тўрабика ариққа етдим деганда, орқасидан бир йигит келиб қолди. У тура-сола боши оққан томонга қараб қочди. Орқасидан тўрт-бешта бўлиб қувладилар. Унинг кўзларига қорайиб турган ҳожатхона кўринди. У ҳожатхонанинг тагига кириб, пусиб олди. Қароқчи бедодлар ҳожатхона ичини ва атрофини тинтиб, уни қидириб тополмагач, орқаларига қайтиб кетдилар. У ариқда чўмилиб, уст-бошларини чайиб қайтганида, тонг оқаришига бир соатдан ошиқ вақт бор эди. Ҳамма донг қотиб ухларди. Гўё ҳеч бир ёмон иш содир этилмаганди. Бутун борлиқда сукунат ҳукмрон эди. У ўз кўзлари билан кўрмаганда, бўлиб ўтган ишларга ўла қолса ишонмасди.

Номаъқулчиликлар кейинги тунда ҳам такрорланди. Бироқ Тўрабика эҳтиёт чораси сифатида тайёргарлигини кўриб қўйганди. Ҳамма ухлагач, томга чиқиб олди. Томда ундан бошқа ҳам бешта аёл бор эди. Ярим кечадан ўтганда бостириб келган маст-аласт қозоқ ёш-яланглари кўрпама-кўрпа алмашиб, яна хоҳлаган п…ини едилар. Уларнинг ҳар бири ҳар битта аёл билан бўлиш учун, боққа тушган эчкидек, ҳар ер-ҳар ердан ўтларди…

Икки ойга яқин мусофирлик машаққатини тортган Тўрабика бу ҳолатнинг такрорланмаган куни йўқлигини айтади. Қизиғи, ҳар тунда содир бўладиган ваҳшиёна босқинлар – номусга тажовуз ва ур-калтаклар хусусида ҳеч ким бирор жойга арз этиб бормасди. Маҳаллий масъуллар ҳаммасини кўриб, билиб турардилар. Хавфсизлик вакилларининг ҳаммасидан хабарлари бор эди. Барча нарсалар Ўзбекистондаги сингари сирли ва силлиқ кечарди. Мардикор аёллар тонг оқармасдан далага чиқиб кетардилар. Қуёш чиққач, ҳеч нарсани кўрмагандек, суҳбатлашиб, бирга ўтириб нонушта қилаверардилар. Баъзи бир янги келган мардикорлар қаршилик кўрсатгани учун мушт еб кўзи кўкарган, қаеридир тирналган ёхуд шилинган бўларди. Биров-бировдан сенга нима бўлди деб сўрамасди.
Уларнинг ичларида ҳам кимса билмас, босқинчи ваҳшийлар фойдасига ишлайдиганлари топилар, улар билан зимдан оғиз-бурун ўпишиб, хабар етказиб турадиганлари бўларди. Томдагиларни ҳам, шундайларнинг хоинлиги туфайли, кўп ўтмасдан ғорат қилган эдилар. Ўшанда Тўрабика ўзини томдан ташлаб, оёғи лат еган эди. Тўрабиканинг ҳамшира эканлигини билиб қолган фермер хўжалиги раҳбари уни овулдаги тиббий хизмат марказига фарош қилиб жўнатади. У ерда ҳам ўзбекнинг бошига бирор-бир иш тушмаган куннинг ўзи йўқ эди.

Фермер хўжалиги идораси билан тиббий пункт ёнма-ён жойлашганди. У жойда Гулчирой исмли бир гўзал ва ёш жувон ҳисобчи бўлиб ишларди. Тўрабика иккалаларининг феъл-атвори бир-бирларига мос тушиб, чиқишиб қолгандилар. У Самарқанд вилоятининг аллақаеридан бўлиб, бу жойларга тақдир шамоллари ҳайдаб келгунга қадар юртида математика фанидан коллежда дарс берган эди. Бошида эри, иккита боласи бор эди. У фермер хўжалиги раҳбари кўзига иссиқ кўриниб, уни ҳисобчи қилиб ишга олганди. Кўп ўтмай иккалалари бир-бирларини ёқтириб қолгандилар. Хўжалик раҳбари тўрт ой ўтиб, уни никоҳига олади. Бахтиқаро ўзбек аёли иккинчи хотин сифатида, эри, икки боласи бўла туриб, иккинчи марта турмушга чиқади. Пахта-йиғим терими тугагач, шериклари юртларига қайтса-да, у шу ерда қолиб кетади. Хўжалик раҳбари ҳар ой унинг эри билан икки боласига керагидан ортиқ маблағ жўнатиб туради. Гулчирой кўп ўтмай ундан ҳомиладор бўлади. Вақт-соати етиб, ўғил туғади. Орадан йиллар ўтиб, Гулчирой ота-онаси ва илгариги эрида қолган икки боласини кўриб келиш учун юртига жўнайди. Бир ой ўтади, икки ой ўтади, ундан дарак бўлмайди; сувга тушган тошдек изсиз йўқолади. Хўжалик раҳбарининг ўзи уни излаб қишлоғига боради. Билсаки, қариндош-уруғлари уни қишлоқдан чиқармай қўйган, кўз-қулоқ бўлиб, ортга қайтишига монелик кўрсатаётган эканлар. У қишлоқ оқсоқоллари йиғилган маҳалла гузарига бориб, хотини билан боласини олиб кетишга келганини айтади. Буни эшитиб бутун қишлоқ жунбушга келади. У Гулчиройни ислом қонун-қоидаларига риоя қилган ҳолда, никоҳига олганини айтиб даъво қилади. Аллоҳ олдида, зиммасига тушган вазифасини хатосиз адо қилаётганини таъкидлаб, Гулчиройнинг аввалги эрининг номига ҳар ой узлуксиз жўнатиб турган пулларининг қайдномасини кўрсатади. Кейин ҳам унинг икки боласи ўн саккиз ёшга кирмагунча бу ишини тўхтатмаслигини билдиради. Унинг сўзларини Гулчиройнинг собиқ эри тасдиқлагач, қишлоқ аҳли гунгу лол бўлиб қолади. Оқсоқоллар ихтиёрни Гулчиройнинг ўзига юклайдилар. У кейинги турмушини лойиқ кўради. Ғойибдан пайдо бўлган эр Гулчирой билан ўғлини барчанинг кўзи ўнгида қишлоқдан олиб чиқиб кетади.

– Шунгача қишлоқдагилар бўлаётган ишлардан бехабармидилар? – дейди Тўрабикага дардини очган Гулчирой бўғилиб. – Хабардор эдилар. Улар бўлиб ўтган воқеаларни ипидан игнасигача яхши билардилар. Мен биринчи бор иш излаб Қозоғистонга келганимда ҳам йигирма чоғли хотин-қизлар билан келгандим. Улардан ташқари, қишлоқнинг беш-олти йигитлари ҳам бизлар билан бирга эди. Улар ҳаммасини билиб-кўриб кетган эдилар. Кейин ҳам келиб- кетиб, барчасини ўз кўзлари билан кўриб юрдилар-ку!

Нафсиламбирини айтганда, тирикчилик ташвиши билан бу ерларга қишлоғимиздан келмаган одамнинг ўзи қолмаганди. Ишга яроқсиз тўрт-беш қария билан болалар бундан мустасно албатта. Болалар эҳтиёжига сарфлаётган пулларнинг қаердан келаётганини собиқ эрим ёки қўни-қўшнилар билмасмидилар?! Ота-онамнинг мен жўнатаётган пуллар ҳисобига кун кўраётганини ҳам бутун қишлоқ билмаслиги мумкин эмасди. Уларнинг ор-номуслари, ғурурлари бўлса, нима учун мени шунча йиллар сўроқлаб, орқамдан келмадилар? Қишлоққа борган куним хўмрайиб кутиб олиб, тўрт девор орасига ташлаб, мени тарбияламоқчи бўлдилар! Фоҳишасан, суюқ оёқсан, дея ҳақоратладилар. Қозоқдан орттирган ҳароми, дея боламдан жиркандилар, бурунларини жийирдилар! Ўзларини қўй оғзидан чўп олмаган сипойи кимса кўрсатиб, кибрландилар! Наҳотки, мен йиллар бўйи уларга жўнатиб турган пулларим ҳалол, ўзим ифлос бўлсам?! Ёки бутун қишлоқ аёллари тубанликлар аро ишлаб топиб, кўз кўриб-қулоқ эшитмаган тажавузларга дош бериб, олиб бораётган пуллар ҳалолдан топилган пуллар бўлса?! Мен ҳам сизга ўхшаб, биринчи кун ўша ҳожатхонанинг остига кириб жон сақлаган эдим. Аёллик шаънимни, ифатимни сақлагин дея ахлатга ботиб, Тангрига илтижолар қилгандим. Зор йиғлаб, қон қақшаб ялиниб-ёлворгандим! Додим Яратганга етиб, мен ўзимни асраб қолдим. Жудаям бахтлиман дея олмайман-у, ҳар ҳолда иффатим жойида. Ўзимдан-ўзим нафратланадиган, жирканадиган жойим йўқ. Аллоҳнинг буюрган йўлидаман. Ҳар қачон эримнинг ва болаларимнинг кўзларига уялмасдан қарай оламан. Қўрқмасдан уларнинг келажаклари хусусида бош қотиришга маънавий ҳаққим борлигидан бошим осмонда. Мени қишлоққа бориб ғийбат, фитна қилган бошқалар-чи?! Жирканч ваҳшийлар оёғи остида топталган аёлларини қучоғида олиб ётиб, мен ҳақимда янглиш хулосалар чиқараётган қишлоғимиз эркаклари хусусида нима дейишга ҳам қийналасан одам! Эпсизликларидан хотинларини, қизларини шу аҳволга солиб, уларнинг пуллари ҳисобига уялмасдан яшаётган эркакларимиз эрта бир кун Аллоҳ олдида қилмишлари учун қандай жавоб берадилар?!

Қишлоғимиздан саккизта боласи бор бир аёл келиб, ўзига тўқ бир чолнинг уйида икки-уч ой супур-сидирини қилиб юрди. Пахта мавсуми тугагач, теримчиларга қўшилиб қишлоққа қайтиб кетди. Кейинги пахта мавсумида келган теримчилар унинг чолдан туққани ҳақида миш-миш тарқатдилар. Гап-сўзлар чолнинг ҳам қулоғига етди. Чол мардикорлик қилаётган йигитларимиздан бирининг қўлига зарур харажатларни бериб, ҳақиқатни билиб келиш учун уни қишлоққа жўнатди. У қайтиб келиб, миш-мишларнинг ҳаққиростлигини тасдиқлади. Чол Остонада катта бир ташкилотда бошлиқ бўлиб ишлайдиган ўғлини чақириб, қандай бўлмасин, бориб болани олиб келишни буюрди. Чолнинг ўғли ёллаган кимсалар бориб, болани сотиб олиб келдилар. Ҳозир у чолникида яшаяпти. Қари ота боласига иккита энага ёллаган. Бири кўкрак беради, иккинчиси қолган юмушларини бажаради…

Яна қишлоғимиздан унаштириб қўйилган бир қиз акасининг хотинига эргашиб, ўтган йили пахта теришга келганди. Кўзга яқин бўлгани учун чақиртириб олиб, рўзғордаги юмушларни буюриб қўйдим. Ҳар тугул булғанмасдан эгасига етсин, Аллоҳ ажрини берар, деб ўйладим. Бир куни далага янгасини кўришга борса, ноинсоф янгаси ўзи билан дон олишиб юрадиган бригадир билан қўшиб қўйипти. Нима учун бундай қилдинг, десам безрайиб, “Бригадир Тошкентга олиб бориб, тиктириб келади. Куёв бола билиб ўтириптими”, дейди. Бригадир анча қаттиқ қийнаган экан, бечора қиз ўша соатда жинни бўлиб қолди. Қишлоғимиздан бир мардикор йигитга пул бериб, уни ота-онасига олиб бориб топширишни илтимос қилдим. Кейин билсам, қиз бечора ўша-ўша тузалмапти. Ўлиб кетибди, эмиш. Янгаси бу йил ҳам пахта йиғим-теримига келган. Уялмасдан, бригадир билан тараллабедод қилиб юрипти…
Бунга нима дейсиз?! Қишлоқдагилар бу ишлардан бехабарми? Хабардор, албатта! Бу ишлар бир кичик қишлоқда рўй беряпти. Бутун Ўзбекистонни олиб қарайдиган бўлсак, бу бедодликка, бу хор-зорликларга чидаб бўлмайди-ку, ахир?! Афсуски, бизнинг халқимиз барчасига чидаяпти. Нима сабабдан? Муаммо нимада…

Бу гаплар Баҳром учун янгилик эмас, ҳеч бири қулоғига эриш эшитилмасди. У йиллар бўйи Қозоғистонда ризқ териб юриб, бундан беш баттарларига дуч келган, соғлом ақлга сиғмайдиган мудҳиш манзараларнинг гувоҳи бўлганди. Ғалла орттириш учун бепоён Қустанай буғдойзорларини кезиб, товонидан икки оёғининг пайи кесилган ўзбек чўпонини кўрганди. Қоча олмаслиги учун уни шундай кўйга солгандилар. Шўрликни отга миндириб қўйларнинг ортидан жўнатар, бирор-бир жойда ҳожат учун эгардан ўзини ташлаб, тушиб қолмаган бўлса, қайтиб келгач, опичлаб отнинг устидан кўтариб туширардилар. Отга миндириб жўнатадиганлар ҳам, отдан опичлаб кўтариб оладиганлар ҳам асирликка мубтало этилган ўзбек мардикорлари эдилар. Баҳром минг эшикка бош уриб борса-да, уларни қутқара олмаган, қўлидан ҳеч вақо келмаганди… Яна оёғида кишан солинган ҳолда нон, сомса ёпиб сотаётган водийлик йигитларни кўрганди. Узун тортилган йўғон симга кишаннинг иккинчи учи бойланганди. Улар шу сим бўйлаб юриб, барча пишир-тушир жараёнларини амалга оширардилар. Сим бўйлаб ҳожатга борардилар, сим бўйлаб бориб, ухлаш учун тўшакларига чўзилардилар. Занжирдаги ит каби эрксизликда кунларини боттириб, тонгларини оттирардилар. Барчаси “Қўғирчоқ” театрларининг спекталларига менгзаш эди. Уларнинг ярим белларидан юқориси сиртдан боққан кўзларга рисоладагидай бўлиб кўринарди. Парда ортидаги ўйинларга унча-бунчанинг кўзи тушмасди…

У қорли-ёмғирли кунларда кўчада оч-яланғоч қолиб кетган қанчадан-қанча ўзбекларга бошпана топиб берганди. Қорниларини тўйғазиб, иш топишларига кўмаклашганди. Юртларига қайтолмасдан сарсон-саргардон юрган қанчадан-қанча миллатдошларининг оғирини енгил қилганди. Ўзбек мардикорларининг қўллари билан қурилган маҳобатли саройларда жинсий зўровонликка маҳкум этилган қанчадан-қанча ўн гулидан бир гули очилмаган ўзбек қизларини кўриб, унинг юрак-бағри қонга тўлганди. Кечалари билан тош устида ётгандек тўшагида тўлғаниб, ич-ичидан зор йиғлаганди. Кўзларидан қочган ёшлари юракларига ботиб шаънини ҳамиятнинг – ор-номуснинг ўтида ёққанди…

…Бир гал уйига пул жўнатгани чиқиб, бекатда ички кийимда совуқда дийдираётган ўн тўрт ёшли қизни кўриб қолганди. Кўриб туриб, ҳамма бепарво эди. Биров қиз бояқишдан ҳолинг нечук деб сўрамасди. Кўринишидан кимлиги билиниб турган бечорага ҳар битта ўтган йўловчи, “сартнинг бир қанжиғида”, дегандай нафрат билан боқарди. Уларнинг кўзларидан ачиниш ҳиссини излаб топиб бўлмас, улардаги қон-қардошлик туйғулари ўлиб бўлганди. Улар осмонларда эдилар, ўзликларидан жуда ҳам олислашиб борардилар… Баҳром суриштирса, қиз жинсий зўравонлик чангалидан қочиб чиққанини айтди. Бир бой киши икки йил аввал уни ота-онаси ишлайдиган қаҳвахонадан ўғирлатиб олганди. Қизнинг ўзи ҳам қаҳвахонада дастёрлик қилар, ўн ёшидаёқ оғир меҳнатга маҳкум этилганди. Ўғирлангач, бечора қиз икки йилдан буён ҳашаматли бир саройда битта ўзи ёлғиз яшаб келарди. Ҳар замонда бир келадиган олтмишдан ошган кимса ҳар сафар унинг номусига тажовуз этар, уни жинсий зўравонликка мажбурларди. Невараси тенги бир қизни асрликка маҳкум этиб, ҳайвоний ҳирсини қондирарди. У икки йиллик тинимсиз уринишларидан сўнгра бугун қочишга мувафақ бўлган, отаси билан онасини қидириб топмоқчи, улар ишлайдиган қаҳвахонага бормоқчи эди… Баҳром бунинг янглиш қарор эканлигини дарров англади. Шунинг учун ўзи ижарада турадиган уйга олиб бориб, уни ювинтирди, едириб-ичириб, дўконга олиб чиқди. Кийинтириб, Сарағочга борадиган автобусга ўтқазгач, ёнидаги бор-йўқ пулини унга тутқазди. Тошкентдаги бир танишига қўнғироқ қилиб, қизни Сарағочда кутиб олиб, Ўзбекистонга кесиб ўтгач, маҳкамага бошлаб боришни илтимос қилди. Шундай қилса, бир бечора ота-онасини, ақалли қариндош-уруғларини топарди. Албатта, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ташкилотлари шундан ортиғига ярамасди. Уларнинг бутун дағдағалари мамлакат ичкарисида эди. Улар хона шери, кўча ғариб эдилар… Бу ҳали ҳаммаси эмасди. У бир қизни жинсий зўравонликка тутган одам хусусида тасодифий давралардан бирида эшитиб қолганди. Золимнинг чангалидан қочишга мувафақ бўлган қизнинг қўлида бир ёшига ҳам етмаган чақалоғи бўлган экан. Хабар олишга борган ўша ҳайвон чақалоқни ўзининг мушуги еб тургани устидан тушибди. Ўшанда қиз унга тўғрисини гапирганда, аҳвол бутунлай бошқача бўларди…

Ўзбеклар учун дунёдаги энг хавфли кимсалар жанубий қозоғистонликлар, яъни оғир дамларда уларнинг яхшиликларини кўп кўрган, яхши-ёмон кунларда елкама-елка турган ўз яқинлари эди. Хавф шимолга юриган сайин камайиб борарди. Шимолликларнинг жанубликлардан кескин фарқланадиган руҳиятида зўравонликка мойиллик камайиб, маданий жиҳатдан замонавийлашишга интилиш кучли эди. Русиянинг, Ғарбнинг илғор қирраларини тинмасдан ўзлаштириш жараёни шимолликларда яққол кўриниб турарди. Жанубликларнинг чираниши зўрама-зўраки тақлиддан бошқа нарса эмасди. Бу хусусиятлари худди ўзбекларникига ўхшарди. Уларнинг ўзбеклардан айри тараққий этиши, руҳий эврилишларга учраши жуда мураккаб масала эди. Улар ҳали ҳам шу вужуднинг бир қисми эканликларини тан олишни истамасалар-да, ҳаёт буни тасдиқлаб турарди.

Ўзбекистон президентининг миллатни тўпорилаштириш сиёсати уларни қўшнилар олдида гўллаштирди. Сиёсий кўрлик бош кўтариб, карахтлик бошланди. Совет йилларида ўз қобиғига ўралашиб яшаган жанубликлар олдида кутмаганда чексиз имкониятлар қучоқ очиб, мустақиллик ҳақ-ҳуқуқларини чегаралаган ўзбекларни улар қаршисида қанотсиз қуш ёхуд эрксиз бўрига айлантирди. Жанубликлар – тузоққа тушиб қолган бўрининг тишлари билан тирноқларига эга чиққан эдилар. Қанотсиз қушни, қанотларинг қани, дея масхаралардилар. Қуроллари раҳнамолари томонидан тортиб олинган ўзларининг қавмига ҳужумга ўтгандилар. Тажовузлар уюштирардилар. Улар бўрининг тинмасдан чора излаётганини, унинг қаршисида фақат икки йўл бўлиши мумкинлигини, бу йўл – ўлим ёхуд озодлик эканлигини ўйламасдилар ҳам. Қанотсиз қушнинг тарихий шуурида оддий қанотлар билан етиб бўлмайдиган сон-саноқсиз юлдузлари чақнаб турган осмони, порлоқ қуёши, тўлин ойлари борлигидан бехабар эдилар. Унинг буюк тамаддунларга қанот билан эмас, илму ҳунар, тафаккур, риёзатлар билан эришганларини улар тушунганларида эди?! Улар кўп жиҳатдан Ўзбекистон президенти ва унинг атрофидагиларга ўхшаб фикрлардилар. Ўзбекистон президенти билан ўзбек президентининг фарқига бормасдилар. Бир кун келиб ўзбек миллатининг бошида ҳам қозоқники сингари ўз президенти туришига, мамлакатни умубашарий ғоялар асосида бошқариши мумкинлигига улар ишонмасдилар. Катта йўлга чиққан Ўзбекистоннинг шиддат билан тараққий этиши муқаррарлигига уларнинг фаҳми етмасди. Чунки улар аксар ўзбеклар каби жўн фикрлашга ўрганиб қолгандилар. Улар сиртдан қиёфаларини ўзгартирганлари билан, ичларида аслиятлари ҳукмбардор эди. Ҳаёт эса туб, ҳақиқий ўзгаришларни талаб этарди.

Аслида ўзбекларда ҳамма нарса бор эди. Биргина лидер – сарвар етишмас эди. Қоп пишиқ матодан тикилган эди. Унинг ичи ҳам илму зиёга – дуру жавоҳирларга лиқ тўла эди. Фақат бу қопнинг боғичи йўқ эди. Бир қарич боғич ушбу қопни омон сақлашини ҳамма ҳам тушунавермасди. Шу бир қарич боғичга кўп нарса боғлиқ эди…

(Асарнинг давомини ўқиш учун линкни босинг)