Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (10)

Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (10)
211 views
03 August 2014 - 9:47

(Давоми. Асарнинг бошини ўқиш учун линкни босинг)

Тўққизинчи боб

Қулоқ эшитади, ўпка қаваради, деганларидек, ёқимсиз гурунларни тинглаб Баҳромнинг эски кўнгил яралари очилди. Икки ўзбек аёлининг аламли узоқ суҳбати уни қора ерга қорди. Шижоатсиз, ғайратсиз эрлари туфайли гулдек умрлари хазон бўлаётган миллатнинг хотин-қизлари аслида буюк илтифотларга, чексиз ҳурмат-иззатга лойиқ эди. Улар миллатнинг келажаги бўлмиш бола тарбиясидан бошқасига чалғимасликлари керак эди. Гарчанд улар мустақилликнинг ўтган йилларида биргина болалари тарбияси билан шуғулланганларида эдилар, Ўзбекистон номи бизнинг кунларимизда дунёдаги йигирмата кучли давлатлар рўйхатига кирарди. Бу афсона эмас, аламлар зўридан – уятдан зўрма-зўраки чиқаётган сўзлар ҳам эмас, айни ҳақиқат эди. Ҳаққирост эди. Ўзбекнинг ақлий салоҳияти ҳам, ўтмишда қудратли давлатларни буёндга келтиргани ҳам, ер ости-ер усти захиралари, табиий бойликлари ҳам иддаомизга мос тушарди. Шу йиллар давомида тўғри қарорлар қабул қилиниб, амалда мамлакат адолатли қонунлар доирасида бошқариб турилганда ҳар хил моделлар, президентнинг курсисини ушлаб туриш учун гоҳ ҳуд-гоҳ беҳуд том-том алжирашларига ҳожат қолмасди. Қонуний ҳимояга эга бўлган одамлар нима қилишларини ўзлари яхши билардилар. Шунда ўзбек эркакларининг нафсонияти ерга урилмасди. Миллатнинг ғайрат-шижоати ёппасига бутун ер юзига сочилиб кетмасди, миллат бир бутун мардикорга – қулга айланмасди…

Темурнинг онаси Тигина бегим ўғли тарбияси билан жиддий машғул бўлмаганда эди, дунё Амир Темурни танирмиди?! Румий ва Навоийни, Бойқаро ва Шайбонийни, Бобур ва Машрабларни ҳам буюк қилган ўзбекнинг – туркнинг муштипар, мушфиққина оналари эмасмиди?! Даҳоларни оналар тарбиялаб етиштиради, деган гаплар бекорга айтилмаганди. Ойдинликларга йўл оналарнинг кўнгил боғларидан ўтарди…

Баҳром суюнса ёки куйинса, Комилжоннинг қўшиқларидан ёхуд мақомлардан тингласа руҳияти таскин топарди. Мақомлар ўзбек ва тожикларнинг улуғворилигини ҳалигача елкасида ортмоқлаб, асраб-авайлаб келаётган яккаю ягона илоҳий оҳанглар – ишқ-муҳаббат ганжиналари эди. Оҳори тўкилмаган зангиналар салтанати, ислом руҳи билан суғорилган гавҳар манзумалар мақомлардагина тирик эди. Лутфий ва Навоий ҳам, Атоийю Огаҳийлар ҳам мақомлардагина озод эди, мақомлардагина эркин эди. Улар ҳамон мақомларда яшаб келаётган эдилар. Қолган барча нарсалар бузилиб бўлганди. Бой маданият, мумтоз қадрятлар таназзулга юз тутганди. У Комилжоннинг овозини ўзини таниган лаҳзалардан – қирқ йилдан буён жилла қурса бир марта эшитмаган куни йўқ эди. Унга Машраб ва Махтумқули дунёсига Комилжон йўл очиб берганди. Мутафаккир ҳофиз овози Баҳромнинг кўзларида дунёларни минг турли ранглар билан безаганди. У сеҳрли овозга маҳлиё бўлганда, саксовуллар билан қопланган чўллар аро тўлғониб оқаётган Амударёни кўрарди. Ҳолатга кириб, чўгирма кийган карвонбоши етовида силжиётган туяларнинг жонли шодасидан тасбеҳ ўгирарди. Қўшиқ ва куйлардан тафаккури риштасини йигириб, ишқ сандонида пиша-пиша ўзини қидирарди. Карвон қўнғироқлари унинг қулоқларида мозийлардан қўшиқлар куйларди. Комилжон туфайли у наинки Туркистоннинг, бутун дунёнинг ўтмиш манзаралари билан ошино бўларди. Мумтоз оҳанглар унинг руҳиятига сингиб кетган, шу боис у Ҳожихон, Жўрахон, Расулқорию Ориф Алимахсум ва Барно Исҳоқоваларга ўхшаган юзлаб буюкларни кашф этганди. Қўшиқ тингласа, унинг тарихий хотираси уйғониб, терисига сиғмасдан кетарди. У ўзини, динини, қайси миллатга мансублигини эслаб қоларди. У ўзига устоз ҳисоблайдиган Комилжон очган сеҳрли қопидан боғу бўстонлар, нафис гулу гулзорлар билан безатилган нафосат оламига жуда кичик ёшидан қадам босганди. Йўл донишмандлар, оқил ва донолар тиклаб кетган башариятнинг маънавий бойликларига қараб борарди. Шунинг учун ҳам Баҳром мушдеклигидан оқ билан қорани фарқлай бошлаганди. Ҳеч қачон жаҳон адабиёти намояндалари асарлари – Гёте, Толстой, Достоевский, Балзаклар турганда, Ўзбек совет адабиётини, тарихини ўқимасди. Хоҳласа ҳам, ўқий олмасди. Қалби, ақли, сезгилари унга дарров қарши турарди.

Ўзини қўшиқлари билан ойдин йўлга бошлаган Комилжонни бир умр орзулаган бўлса ҳам, Баҳром уни тириклигида кўролмаганди. Бу улуғ ҳофиз ҳар куни унинг тушларига кириб чиқар, саҳарларда қўшиқ куйлаб уни уйғотарди. Комилжоннинг шиддатли овози, соҳир сози унинг қулоқларига қўрғошиндай қуйилиб қолган, сўзлари юрагига нақшланганди. Уни бир марта бўлсин, узоқ-узоқлардан кўрса эди, оламда ўзидан ўзга бахтли инсон бўлмасди. Комилжон ўз қавмини Қуръон ва Суннатда – тариқат ва ҳақиқатда оғишмай тўғри йўлда ушлаб турган имом сингари унинг учун бир маёқ эди. Унинг ундан ўзга қутби, нажот қирғоқлари ёхуд эргаштирадиган халоскори йўқ эди. Баҳромнинг ўспиринлигида Туркистон бубули “олтин қафас”га сиғмасдан жон таслим этди. Уни бир бора ҳаётда кўролмаган Баҳромнинг юрагида буюк бир армон – тўсатдан келган ҳайқириқ каби мангуга қотиб, севимли инсонининг сурати кўзларига бир умрга муҳрланиб қолди. У вафот эганда Баҳром тинмасдан бир ой йиғлади. Озиб-тўзди, бетоб бўлиб ётиб қолди. У кенг дунёдаги биттаю битта руҳий раҳнамосидан айирилганди. Тошкентга келгач, устозлар топди…

Қўшиқ эшитиб, ғам-ғуссани аритиш чанқоғи Баҳромнинг ҳарчанд сабрини синамасин, Комилжоннинг овозини тинглашнинг имкони йўқ эди. Улар Дуйсенистоннинг дарвозасидан қадам босмасларидан, йўлакни назорат қиладиган хавфсизлик вакиллари Тўрабика иккаловларининг қўлларидан йўлсумкаларини юлиб олгандилар. Баҳромнинг соткаси ҳам, унга жойлаштирилган қўшиқлар ҳам сумкада қолганди. Дарвоқе, Қорасаройга сотка тугул писта пўчоғи олиб кириш иложи йўқ эди. Эшик олдида ҳамиша хўмрайиб, мум тишлаб ўтирадиган иккита мардикор эшикбеги, икки кўзи кўр кимсадай бутун кийим-бошни пайпаслаб, обдон тинтирди-да, кейин ичкарига киритарди. Бу ҳолат аслида ҳар гал ҳар битта мардикор ҳожатга чиқиб кирганда ҳам такрорланарди. Биргина “Нечта боланг бор” дея сўрашса, “Бир этак” дейдиган Гулисипса бундан мустасно эди. Танасига бармоқ тегса, жон-жаҳди билан хохолаб куладиган одати борлиги боис, унинг масъулиятини Тайсин ўз зиммасига олганди. Қитиғи тутса, у роппа-роса бир кун кулар, бу эса унинг ўз ишини сидқидилдан адо этишига халақит берарди. Кийимини ҳўллаб қўявериб, ҳамма ёқни расво қилар, ҳаммани безорини чиқарар, алалоқибат ҳамма бурди-бало Марҳабонинг зиммасига тушарди.

Бугун Тайсин умрида биринчи марта жангда ютқазганди. Шу сабаб Қорасаройда қиёмат қўпти. Ҳар битта мардикор каби тўс-тўполондан Баҳром ҳам жонини ҳовучлаб, довдираб қолди. Дарғазаб Дуйсенбай кун бўйи ҳукм сурган осудаликни барчанинг бурнидан булоқ қилиб оқизди. Ҳасратлашиб ўксик қалбларда ниш ура бошлаган оппоқ тонглар ҳали оқармасдан зимистонларга дўнди. Баҳром Комилжон тугул ўзининг исмини эсидан чиқариб қўйди.

Напеснинг Тарлон лақабли кулранг ити Тайсинни бўкиртириб, таслим бўлишга мажбурлаганди. Бош боқоннинг бошига Дуйсенбайнинг малайлари қоп кийгизиб, уни Дуйсенистонгача пиёда уриб-суриб, оҳ-воҳига ҳам қарамасдан калтаклай-калтаклай, бўкиртириб олиб келгандилар. Бўйнига чақиртиканакли занжир солиб, боғнинг орқасидаги зах тортган пахсанинг остига боғлагандилар. Мураббийларини ертўладаги панжара ортига ташлаб, улардан йиллар бўйи олган мояналарини тўрт баравар қилиб қайтаришни талаб этгандилар. Авакянни Батангул қутқариб қолганди. Йўқса у ҳам ажнабий мураббийлар билан панжара ортидан ўрин эгаллаган бўларди. Дуйсенбай катта пулга ютқазгани етмагандек, Напесга оғзига сиққанини бериб, янги чемпионни ҳам сотиб олганди. Тарлон бир умр орзулаганидек, Қорасаройнинг “навбатдаги шаҳзода”си номига сазовар бўлганди. Унинг Тайсинники сингари қулоқ-қуйриғи кесилмаганди. У Тайсиндан анча йирик, оғзи қора жундор бир ит бўлиб, “рэп”чи қўшиқчиларга ўхшатиб, почаси ингичка, орқаси осилган жинси шим кийишни ёқтирарди. Атайлаб шимининг икки тиззаси кўзини, сонларининг устини тош билан ишқалаб, сузилтириб қўярди. Бошидаги айвони эгри қилиб қўндирилган, ранги униқиб кетган кепкаси ҳам жинси матодан тиктирилганди. Сопол товоқдай-сопол товоқдай келадиган буқаламун тасвири туширилган “хамелеон” кўзойнакни ўла қолса кўзларидан ечмасди. Бўйнида Жак Андирсондан тортиб олган хоч, бармоқларида Аббос Қасрийнинг узуклари бор эди. У ўпкасини босолмасдан, кетини-кетига улаб сигарета чекавериб, Қорасаройни ўчоқхонага айлантириб юборди. Ҳар тугул Житириқнинг қўлансасини шу янглиғ сигарет тутуни бироз босиб турарди. У Қорасаройга кирганидан буён ғолиблигини сўзсиз кўз-кўзлаб юрадиган думини ҳам бирров туширай демасди. Диккайган қулоқлари кепкасидан ярим қарич туртиб чиққанди. Маккажўхори танасидай тебраниб, жунлари бир қарич бўлиб ёғилиб турган думининг учига ўроқ ва болға акси туширилган ол байроқча бойлаб қўйилганди. У Тайсиндан фарқли ўлароқ, қўчқор уруштиришга, буқалар билан хўрозлар жангини креслода икки қанжиқнинг оғушида ястаниб олиб томоша қилишга қизиқмасди. У мода ишқибози эди. Жанглардан кўра Париж модалар уйининг янги либослар намойишини, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Бўтагулнинг “Асрлар садоси” кўрсатувларини кўпроқ томоша қиларди. Севимли қўшиқчиси Жонургур Позилжаҳон эди. Ўзини кимдир Ўзбекистондан сотиб олса, “Фонд – форум” қошида итлар дунёсининг “Гу-гу-ша – Батангул паритекс” модалар уйини очиш нияти бор эди. У, “Қанжиқларнинг бировдан кам жойи йўқ. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган давр етганига аллақанча бўлган”, деб ўйларди. У модалар уйи билан Олий Мажлиснинг унча ҳам фарқига боравермасди. Сенат билан Олий Мажлисни “Фонд – форум” қошида фаолият кўрсатадиган оддий бир ташкилот деб биларди.

Хона Дуйсенбай айтган ҳолга келтирилгач, Житириқни жойига кўчириб ўтгандилар. У ҳалиям қилт этмасдан оёғини тепага кўтариб, оғзини ланг очганча кўзларини шифтга қадаб ётарди. Унинг маъносиз нигоҳларида ўлим жилвалари ўйнарди. Қиёфасида дўззах шарпаси кезиб, тушларида жин-ажиналар шайтонлай бошлагандилар. Кўзини қоплаётган билинар-билинмас пардага Азроилнинг қанотлари соя ташлаб, парданинг қуюқлашаётган жойларида шайтонваччалар пистирма қурганди. Унинг томир уриши сусайиб, ҳансираши кучайиб борар, тили қовжираб, томоғи қурқшарди. Тўрабика тинмай сув томчилатмасин, ҳали ичи бир марта ҳам келмаганди. Аммо қорни дўмира бўлиб шишиб, кўтарилган икки оёғи орасидан тезлик билан бир шиш ўсиб чиқаётганди. Қўлида тўстувак, чўнтакларини қоғозсочиққа тўлдириб олган Баҳром, унинг орқасига термулиб, фавқулодда вазиятлар учун ҳозиру нозир турарди. Дуйсенбайнинг Мирзелимбайга айтган, “Ичи юрса-юрмаса, шишесини … сарт кетини артиб турсин. Сарт бекор турса, қутуради” деган сўзлари Баҳромнинг қулоқларида муттасил жаранглаб турарди.

Житириқни хонага олиб ўтишдан аввал Тўрабика билан Марҳабо уни обдон ювинтирган эди. Баҳром сув қуйиб турган, унинг танасидан сувга аралашиб Марусиянинг сарқити оққан, шунинг учун ҳам бутун Қорасаройни вино билан саримсоқпиёзнинг ҳиди қоплаб олганди. Димоғига хом саримсоқпиёз билан колбасанинг ҳиди гуп этиб урган ит ёки одам, адашиб колбаса ишлаб чиқариш корхонасига келиб қолдим, шекилли-ёв, деб ўйларди. Айниқса, Житириқнинг қўланса касб этиб бораётган нафасига чидаб туриш дақиқа сайин ўлимга айланарди. Чордоқсифат каравотда оёғини осмондан қилиб ётган безбетнинг устида Ўзбекистон президенти жўнатган қоплон терисидан тикилган зар уқали тўн, бошида оҳу боласи терисидан тикилган сеҳрли қалпоқча бор эди. Ноёб меҳмонлар ташрифи муносабати билан уни Дуйсенбай буюрганидек қилиб кийинтирган эдилар. Берласконининг ўйнаши ўйлаб топган “Қариб қуйилмаган” малҳамидан туллакларига бойлаган, “Қари туллак” деб номланувчи бир жуфт гавҳарни тирсакларига осгандилар. Лачагига Руссиянинг тақирбошлари чакига бойланган занжирдан ясалган исирға илинганди. Қулоқлари остига “Маржа Чумчуқ” духисидан пуркаб, қони қочган тожларини қизилга бўягандилар. Оёқларига Қозоғистон президентининг хотини ўз қўли билан оқ қуённинг жунидан йигириб тўқиган тўрт панжали пайпоқ кийдирилганди.

Кун ботгач, кўп ўтмай Қорасаройда голландиялик бешта академик пайдо бўлди. Уларни мамлакатнинг учта олий тоифали табиби бошлаб келганди. Академикларни президентнинг учоғида учиб бориб олиб келган учувчининг қўлида катта бир жомадон бор эди. Гап-сўзларга қараганда, унинг ичига жуда қимматбаҳо тиббий аппаратлар жойлаштирилганди. Гугурт қуттисидан кичикроқ битта аппарат, Қорасаройдаги миш-мишларга кўра, бутун Чимкентдаги тиббий аппаратларга тенг келарди. Жомадон ичида бунақаси юздан ошиқ эди. Учувчи жамодоннинг қопқоғини ланг очиб қўйди. Шуни кутиб тургандек учта табиб дарров уни ўраб олди. Уларнинг ниятлари ажнабий академикларга беминнат хизмат кўрсатиш эди. Махфий хизматлар томонидан шундай деб уқтирилганди. Ўтган асрнинг йигирманчи йиллари бичимида қора костюм-шим кийган энг ёшулли академик кўзларига кўзойнак илди. Устига Мирзелимбай тутган оқ халатни тортиб, битта ҳам қораси қолмаган оппоқ сочини бармоқлари билан орқасига таради. Сўнгра табиблардан бири тутган лупани олиб, икки оёғини осмонга кўтариб қотиб қолган Житириққа яқинлашди. Қолган тўрт академик ҳам тақрибан унга тақлид қилаётгандилар. Бир дақиқа ўтиб, дунёнинг зўрлари деб тан олинган академиклар Житириқ ётган кароватни қуршаб олдилар. Қолганларнинг диққат-эътибори уларга қаратилган эди. Тайсиннинг мағлубияти туфайли кайфияти бутунлай тушиб кетган Дуйсенбайнинг бутун умиди Житириқдан бўлиб, қандай бўлмасин уни пуллаб, йўқотилган маблағлар ўрнини тўлдиришга бел боғлаганди. Унинг жони ҳиқиллоғига келиб, ғазаби қўзиётган бўлса ҳам, ишни бузиб қўймаслик учун тишини-тишига қўйиб, академикларни аврашга уринарди. Унинг асаби бузуқлиги товоқдай келадиган юзидаги жимжилоқдай бурнининг энди туғилган улоқ думидек ликиллашидан билиниб турарди. Отнинг қазисию қўйнинг тўши билан думбаси қайнаган шўрвада пиширилган бешбармоқ еявериб, рапидадай шишиб кетган ҳар бети бир қучоқ бўлиб, кўксидан пастда кўтарилиб турган қорни уни бўғирсоққа ўхшатиб қўйганди. Унинг қаҳр-ғазабга тўла қонталаш кўзларига кўзлари тушган Мирзелимбай, “охири бахайр бўлсин, “пешат”, “мандат” дея тутқаноғи қўзиб қолса, Худо урди” дея, ишнинг пачаваси чиқишидан қўрқарди. Кепкасини қийшиқ қўйган Тарлон, оғзида сигарет, опа-сингиллар – Батангул билан Сатангулни қўлтиқлаганча, индамасдан академикларни кузатарди. Бутун борлиғини йиллар бўйи кутган ғалабаси қамраб олгани боис, унинг кўзларига академиклар пашшача ҳам кўринмас эди. Арлоннинг ва икки қанжиқнинг орқасига тўстувак тутиб турган Гулисипса, “ҳа” деганда “ма” деб, кулгани-кулган эди. Тайсиннинг номи Қорасаройдан ўчирилиб, унинг масъулиятини зиммасига оладиган жонзот топилмагач, Гулисипсани эшикбегилар ичкарига роса тинтувдан ўтказиб киргизган эдилар. Шу боис қитиғи қўзиганда, бор овозини қўйвориб, хохолаб кулмаса, ўлиб қоларди.

Баҳром билан Тўрабика ўзини қайга қўйишни билмасди. Дуйсенбайнинг олов бўлиб ёниши устига пайдо бўлган бу ноқулайлик уларни оғир аҳволга солиб қўйганди.
– Ёмон матога ўхшамайди! – деди Життириққа лупа орқасидан тикилиб қараган ёши улли академик. – Бироқ бундан хунасанинг иси гупириб турибди. Хунаса, икки жаҳон овораси бир бадбахт кимса экан… Шунда Гулисипса:

– Ҳи-ҳи-и-и, ҳи-и-и-и! – дея отдек кишнаб юборди.

Менинг гапимга кулди, деб ўйлаган академик бошинин пастлаб, унга кўзойнаги устидан хўмрайиб қараб қўйди.
Академик Житириқни “хунаса” деб айтди деб ўйлаган Дуйсенбайнинг жон-пони чиқиб кетган эди. У қизим сенга айтаман, келиним сен эшит қабилида иш тутиб, Гулисипсанинг орқасига тепиб аламини босмоқчи бўлди.

Орақасига тепки еган Гулисипса баттар кишнаб, академикларнинг капалагини учириб юборди.

– Тўғри тушунинглар, жаноблар! – деди Дуйсенбай ғазабини ичига ютиб. – Фаррошимизнинг қитиғи жуда ёмон. Бир қўзиса, бечорани кун бўйи тиндирмайди.
Академиклар Житириқни қўйиб, Гулисипсани обдон текшириб чиқдилар. Охирида киндигининг остида аллергияси бор деган хулосага келдилар.
– Давоси эрининг қўлида. Ҳар кун тонгда ва кечқурун ётишдан олдин бир-икки марта эр жонивор хонимни юмала ёстиқ қилса, саксон ёшларига борганида эшкани ўз-ўзидан йўқолиб қолади. Шунда у аллергиядан қутулади, – деди ёши улли академик.
– Ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и, тўғ… тўғр-и-и топдингиз! – деди зўрға кулгидан ўзини тийган Гулисипса қўлидаги қоғозсочиқ билан кўзларининг ёшларини артиб. Белидаги чиқиндихалта ҳар беш дақиқада қоғозсочиқларга тўлиб қоларди. – Эрим билан ётмаганимга минг йил бўлди. Минг йиллардан буён биров менга бармоғини уч-уч-и-ни тек-тек-из-май-ди-и… Ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и…Гўрсўхта эрим ҳар ойда думларнинг тагини пайпаслаб жўнатадиган пулларимни бир этак болаларим билан еб, бўйни йўғон новвосдек тўшини ёғ боғлаб семириб кетган эмиш. Унинг аллергияси қўзиса, қишлоқда эшак кўп. Биз аёлларга қийин. Телефонда ҳар ҳафтада ҳол-аҳвол сўрашиб турамиз. Қийналмаясизми, десам: “Пул жўнатиб, тур, бошқаси билан ишинг бўлмасин”, дейди. Айтишича, тоқати тоқ бўлса, кепаки қиладиган одат чиқарган, йигит ўлгур. Мустақиллик шарофати билан Ленин инқилоби оловга ирғитган паранжини қайта кийган эркакларимиз озодликка чиқиб, уй бегига айланиб қолдилар. Ишқилиб, тани-жонлари соғ бўлсин! Ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и… Тескари дунё бу…
– Ўзбекистон президентининг отасига, уни туққан онасига минг раҳмат! – деди Гулисипсанинг оғзидан гапини илган Дуйсенбай.
– Шум сартларни у эпламаса, бошқа биров эплай олмайди. Турмуш ташвишларини ҳар бирининг устига ортиб, кўчнинг устига ўзи ҳам миниб олди, палакат. Бутун мамлакатни инсонпарвар қонунлар билан лиқ тўлдириб, фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаб қўйди. Эри хотинига, хотини эрига йиллар бўйи бармоғининг учини теккиза олмайдиган яна бир мамлакат дунёда йўқ. Бутун ўзбек аёллари ернинг тўрт бурчига ипи узилган мунчоқ шодасидай сочилиб, кечани-кеча, кундузни-кундуз демай ҳалол меҳнат қиляптилар. Жасур ўзбек аёлларининг бениҳоя ботир-қаҳрамонликлари туфайли, бутун ер юзидан юртларига мол-дунё сувдек оқиб келяпти. Уйида ўтириб болаларини боқаётган эрларнинг егани олдида, емагани кетида. Ҳали кўрасизлар, президентлари ўлмаса, сартнинг ҳар бир эркагининг ортидан битта тўстувак кўтарган аёл юрадиган замонлар келади. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Туркманистонда 1991 йилдан буён уруш оловлари ўчмаётган бир пайтда, у ёқда тинчлик, осойишталик, фаравонлик… Республиканинг ҳар бир нуқтасида табиий газ оқишдан тўхтаган бўлса ҳам, кунида икки соат Иличнинг нурли чироқлари қуёш бўлиб қоронғи кечаларни ёритади. Советлар қурган тош кўчалар бомба тушган каби ўйдим-чуқур бўлсаям, амаллаб қўни-қўшниникига ўтиб-қайтса бўлади. Асосийси, ўзинг яшаб турган тумандан ташқарига чиқмасанг, биров мушугингни “пишт” демайди. Бутун Ўзбекистонни маҳаллий телеканаллар орқали уйингда туриб томоша қилсанг, ўзингни жаннатларда юргандек ҳис қила бошлайсан. Тилингни тийсанг, хотининг жўнатган пулларга қаноат қилсанг, марра сеники. Қозоғистонда-чи? Ўзинг ишлаб топ, деб бутун имкониятларни қўлингга бериб қўйган. Ўзинг учун ўл етим дегани мана шу. Пул топаман дея ҳар тешикка бош урасан. Мени ҳам хотинларим боқиб, уйимда ўтирсам бўларди-ку! Бугун тирноқлаб йиққан пулларимнинг қанчасини бой бердим. Бу пулларга мингта сартнинг уй-рўзғорини бутласа, яна ортиб қоларди. Барибир, Ўзбекистонда шароит яхши. У ёқда қонунлар бир маромда ишлайди. Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам никоҳингдаги хотинингни ўн йиллаб кўрмаслигинг мумкин. Хоҳламаганингда, барибир хотининг қариб қолган бўлади. Келинлигида уч кун чимилдиқда кўрган хотинингни йиллар ўтиб, кампир бўлганда учратсанг, яхши-да! Келинларинг, невараларинг бу дайди кампир қайдан пайдо бўлиб қолди, дея бошингни оғритганига нима етсин…

Бу гапларнинг бизга қизиғи йўқ, дегандай, голландиялик академиклар ўз ишларига уннаб кетдилар.

– Бехижолат, бехижолат! – деди Дуйсенбайнинг сўзлари қулоқларига ёғдек ёқаётган Гулисипса, гапираверинг, академиклар билан ишингиз бўлмасин дегандай. – Биз президентимиз билан бениҳоят даражада фахрланамиз. Мустақилликни қўлларига киритгач, ўлкабошимиз бутун мамлакатда барча шарт-шароитларни яратиб қўйдилар. Бозорлар турли мева-чеваларга лиқ тўла, улли дўконларда озиқ-овқат маҳсулотлари ошиб-тошиб ётипти, бутун саноат корхоналари қаҳвахоналарга, ресторанларга айлантирилган. Чўнтагингда пулинг бўлса, муаммо йўқ. Нимани хоҳласанг, еб-ичасан. Нимани хоҳласанг, сотиб олиб киясан. Сенга монелик кўрсатадиган кимсанинг ўзи топилмайди. Гапингни билиб гапириб, оёғингни эҳтиётлаб боссанг, бас. Марра сеники. Сен билан бировнинг иши бўлмайди. Ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и…
– “Қариб қуйилмаган” малҳами асил экан! – деди ёши улли академик.
– Шунақага ўхшаяпти! – деди бошқаси кафти билан бурнини ишқаб. – Прибор сўзларингизни тасдиқлаб турибди. Бахтга қарши йигитлигим ҳам қўзияпти. Хотиним билан бўладиган ёшлик йилларим эсимга тушди. Малҳам ҳақиқий бўлмаганда, минг ҳидлаган билан вужудда ўзгариш пайдо қилолмасди.
Қолганлар ҳам уни қўллаб-қувватладилар.

Шунда Дуйсенбай гап Житириқ хусусида эмас, унинг устидаги кийимлар ҳақида кетаётганини англади. Боя ҳам Ўзбекистон президенти жўнатган қоплон терисидан тикилган зар уқали тўн ва оҳу боласи терисидан тикилган сеҳрли қалпоқча тўғрисида гап борганди. Тушундию, унинг кўзлари олдига қўшни юртнинг президенти сурати келиб, Гулисипсага кўзини қирини ташлаб қўйди. Гап нимадалигини кеч англаган Гулисипса ҳам, ўзини ҳақоратланган ҳисоблаб, академикларга бурнини жийираётганди…
Шунда, киндик хушхуши тутиб: “Ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и” дея, тўйгунча кулиб олди-да:

– Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига! – деди Батангул билан Сатангулнинг думини тагини арта туриб. – Сассиқ қўнғиз ҳам боласини оппоғим, дер экан.
Навбат “Қари туллак” деб номланувчи Життириқнинг икки тирсагига осилган бир жуфт гавҳарга етди. Прибор бунинг ҳам Берласконига тааллуқли эканлигини кўрсатди. Академиклар бу нодир ашёнинг қандай қилиб Дуйсенбайнинг қўлига тушганига ҳайрон эдилар. Жаноб Берласкони шу икки тилсимланган гавҳартошини ўғирлатиб, сиёсий майдондаги мавқейидан айрилганди. Ҳали оғзидан тухумнинг сариғи кетмаган қизлар, унинг ўзлари ўйлаганидек эмаслигини айтиб, дунёйи-оламга жар солардилар. Житириқнинг лачагига Руссиянинг тақирбошлари чакига бойланган занжирдан ясаб берган исирға ҳам илинганди. Прибор ундаги барча маълумотларнинг Жириновскийга алоқадорлигини аниқлади. “Маржа Чумчуқ” духисининг ўн олтинчи асрда Фарангистонда яшаган энг учига чиққан фоҳишага тегишли эканлигини жумлаю олам биларди. Житириқнинг оёқларидаги оқ қуённинг жунидан йигириб тўқилган тўрт панжали пайпоққа шундоқ ҳам муаллиф номи битилиб, “Дунёда қозоқнинг донғини тўрт иқлимга таратган енгилмас қаҳрамонимизга” деган ёзув бор эди.

Дуйсенбай Житириқнинг устидаги кийимлар алламбало турса, ўзи бебаҳо деб ўйларди. У риё қармоғига илиб ташлаган хўракка ажнабийларни тумшуғидан илинтирганига қаттиқ ишона бошлаганди. Шу боис ранги очилиб, кайфияти кўтарилиб борарди.

– Энди донғи оламни тутган қаҳрамоннинг ўзини текширамиз, – деди Житириқнинг либосларига ташхис қўйган ёши улли академик икки бурнининг тешигига иккита пистонни тиқиб. У сасиб кетаётган Житириқнинг қўлансасига чидаш бера олмай қолаётганди. Тўрт академик ҳам унга тақлид қилди.

Шунда Дуйсенбай деворларга осилган Житириқнинг совринлари муҳрланган суратларга қаради. Унинг Бил Клинтоннинг қора кучукчаси билан Амазонка бўйида тушган расмига боқиб, мийиғида кулиб қўйди. Англия қироличаси ҳадя қилган олтин тўстувакчани меҳр билан силаркан, “бу сизларни қизиқтирса керак” деган илинжда ёши улли академикнинг кўзларига кўзларини қадади. Академик, “бизга бунинг қизиғи йўқ” дегандек, бошини билинар-билинмас сарак-сарак қилиб қўйди. Омади келаётганига чин юракдан ишона бошлаган Дуйсенбайнинг юзига яна умидсизлик соя солди. Бу кўпга чўзилмади. У Житириқнинг ҳақиқатан ҳам оламда тенгсиз эканлигига қаттиқ ишониб қолганди.

– Қаҳрамонимизнинг одам бўлар сиёғи йўқ! – деган академикнинг даб-дурустдан айтган сўзлари унинг қулоқларига киргач эса, яна капалаги учди.
У сўз билан таърифлаб бўлмас бир нафрат билан Тўрабикага боққан эди, бечора аёл энди муқаррар ўламан, куним битди дея ўйлаб, лабини тишлади. Буни кўриб Баҳромнинг ичидан нимадир тўкилиб кетгандек бўлди. Чунки ечимсиз бир муаммо заҳарли илон каби бош кўтармоқда эди. Жанжал бошланса, Тўрабика иккалови бошида калтак синарди.
– Ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и! – дея Гулисипса қотиб-қотиб кулмаганда, Дуйсенбай аллақачон Тўрабикага ташланиб, қиёмат қўпган бўларди.
Ёши улли академик унинг билагидан ушлаб, долонга чиқди. Қолганлар уларга эргашдилар. Житириқнинг оғзига сув томчилатаётган Тўрабика билан тўстувак ушлаб олган Баҳром бундан мустасно эди.

Долонга чиққач, ёши улли академик шогирдларидан бирига кўзи билан имо қилди. Буни дарров англаган ёш академик телевизорни ёқиб, унга приборнинг иккинчи учини тиқди. Экранда ўпка, юрак, тошдон каби ички органлар пайдо бўлди.

– Ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и! – дея яна Гулисипса ҳиринглай бошлаганди, Мирзелимбай унинг белидаги чиқинди халтасини тортиб олиб, оғзига тиқиб овозини ўчирди.
– Расмдагилар қаҳрамонимизнинг ички органлари, – дея ёши улли академик салмоқланиб гап бошлади. – Унинг юрагида қора туйнук пайдо бўлган. Ўпкасида рахити бор.
– Ўпка ҳам рахитга учрайдими? – деди ғазаби қўзиб кетаётган Дуйсенбай қанорқопдек қорнини шишириб.
– Менга бунақа “храмой” саволларни берманг, илтимос! – деди сўзини бўлган Дуйсенбайдан жаҳли чиққан академик. У соф қозоқчада гапирарди. – Йод етишмагач, ҳар бало бўлади. Ўпка рахити хавфли касаллик. Бемор тезроқ ўлмаса, ракка олиб келади.

Бу гапларни эшитиб, президентнинг хавфсизлик идораси академикларга қўшиб жўнатилган уч табиби анг-танг қолди. Улар ўз назарларида гўё янги Амриқони кашф этаётган эдилар. Бу кичик суҳбат қанчадан-қанча конфренсияларга турки бўлиши мумкин эди. Кўз кўриб қулоқ эшитмаган бу касалликни дея қанчадан-қанча семинарлар ташкил қилса бўларди. Орқасидан юзлаб профессорлар, академиклар етишиб чиқарди. Асосийси, ақл бовар қилмас маблағларни ўзлаштиришга йўл очиларди. Шу йўл билан мамлакат қанчадан-қанча қўққисдан бош кўтариши мумкин агрессиялар хавфидан асраб қолинарди.

– Бу сўзларингиз билан Житириқнинг ўлими муқарарлигини иддао қиляпсизми?! – деди бит кўзлари ола-кула бўлиб кетган Дуйсенбай.
– У ўпка рахити раккача олиб бормасдан олдин ўлади, – деди ёши улли академик, “у” деганда Житириқни назарда тутаётганини билдириш учун телевизор экранида бақрайиб қолган суратга ачиниш ҳисси билан термулиб. – Қаҳрамонимизнинг жигари лахта-лахта қон боғлаган. Ўтхалтаси тўла йиринг, тошдони ғиж-ғиж гижжага тўла. У жуда кўп ичаркан. Буни замонавий тиббиётда “жигар қотиши” дейишади. Сартларнинг буюк шоири деб кўриладиган Рауф Парпини ва президент куйчиси Муҳаммад Юсуфни ҳам шу дард олиб кетган деб эшитганман.
– Сартларнинг бунақанги кучукбоз, хўрозбозлари борлигини билмас эканман. Улар хўрозми, итми уриштиришганми ўзи?
– Улар шиша ичида ухлаб ётган майни қадаҳга қуйиб, сўз билан сўзни уриштирмоқчи бўлишган.
– Сўз билан сўз ҳам уришадими?
– Уришади. Сўз билан сўзни уриштиришни билмаган одамгина хўроз, ит кабиларни уриштиради. Сўз билан сўзни уруштиришнинг ҳаддисини олса, борми, бошқа ишларнинг унинг учун қизиғи қолмайди.
– Бунақанги кимсаларнинг номларини эшитмаган эканман!
– Улар ўзларини “Замони дарвешон, буюги бенишон” дея аташларини яхши кўрардилар.
– Уларни қайдан биласиз?
– Даволаганман!
– Аммо Житириқ ҳеч қачон ичмаган!
– Ҳали, мен бу ёққа йўлга чиқишимдан олдин, қаҳрамонимизнинг ҳаёти тарихини ўргандим. У билан Марусиянинг муносабатларини яхши биламан!
– Унда нима учун Марусиянинг жигари қотмайди? У салкам юз йилдан буён ичади-ку!
– Тангри уни шунинг учун яратгандир. Балки жигари йўқдир. Ким билади? Ҳаққини тўласангиз, уни ҳам текшириб кўраверамиз.
– Ҳожати йўқ!
– Дуруст!
– От мойи ёхуд қўйнинг қуйруғи билан уқаласа, Житириқнинг жигари бўшашмасмикин?
– Менга “храмой” саволлардан берманг, дея ҳозиргина илтимос қилдим! – дея академикнинг жаҳли чиқди. – Ишни устасига қўйиб беринг.
– Хўп бўлади! – деди Дуйсенбай. – Мен йўқотган пулларимнинг ўрнини тикласам бўлди. Шу ҳаром ўлгурни пишириб емайсизми, менга деса…
– Гўштини еб бўлмайди. Уни оловда куйдириб, кулини чуқур қазиб кўмиш керак…
– Пулларим нима бўлади? – дея Дуйсенбай бўкириб юборди.
– Мен қайдан биламан?! – деди капалаги учган ёши улли академик. – Мен иқтисодчи эмасман.
Унинг бўйи Дуйсенбайдан ярим қулоч баланд эди. Дуйсенбай унинг тумшуғи тагига тиқилиб, юқорига қараб гапирарди.
– Унинг кийим-кечакларини ва шахсий буюмларини сотиб олмайсизларми ҳали?!
– Барчаси бир пулга қиммат матоҳлар! – деди Дуйсенбайнинг елкасига қўлини ташлаган академик. – Аммо мен коллексия йиғишни жонимдан ортиқ суяман. Барчасини бир қора қўчқорнинг пулига сотиб олишга розиман аммо.
– Сен ҳам асли сартлардан эмасмисан, ишқилиб?! – деди бу таклифдан жунбушга келган Дуйсенбай уни “сен”сираб.
– Нима эди? – деди ёши улли академик.
– “Моневур”ларинг, “финд-пинд”ларинг сартларникига ўхшаб кетоватир-да. Мен уларнинг совуғини кўп жеганман. Шишесини …сартлар ақл бовар этмес усуллар билан авраб, мени Тошкентнинг мол бозорларида минг бора туширганлар. Ҳар сафар энди ишонмайман, десам, шишесини …лар барибир ишонтирадилар-ғўй!
– Мустақилликнинг биринчи йили чаласавод, жиртаки президентнинг дастидан “дод” дея ватандан чиқиб кетганман! – деди у ҳам. – Мана бу тўрт шунқор ўзимнинг қариндош-уруғларим. Уларни ҳам бирин-кетин ёнимга тортиб, барчасига қочқин мақомини олиб берганман. Уларнинг унвонини академикликкача кўтардим. Бўлмаса, бари даладан чиқмаган тўпори йигитлар эди. Орадан юз йиллар ўтиб кетди. Бизнинг сартлигимиз қолмаган ҳисоби.
– Уй-бўй, шишенгни …сартни академиклари! – деди бу гапни эшитиб бошига осмон ағдарилган Дуйсенбай. – Бошингни тиққан жойингдан сарт чиқади-ғўй. Булар энди Оврупани расво этвотирлар…
– Биз Оврупони эмас, Оврупо бизларни расво қилди, – деди ёши улли академик. – Мен тинчгина “Кўктерак” мол бозорида мол олиб-мол сотиб юрган эдим. Топганим ўзимга етарди. Оврупога боргач, милярд топсам ҳам кўнглим таскин топмаяпти. Бўкиб овқатланиб, қорни тўймайдиган одамга ўхшайман.
– Голландияга кетганингда, қанча пул билан кетган эдинг, академик?
– Икки чўнтак туршак, бир баклашка Бухоронинг хоки носидан олиб кетганман. Шу иккисидан топган маблағимни айлантира-айлантира, милёнларни пайдо қилдим.
– Менга тўғри келмас экан. Сен сартларнинг ҳунарингни ўзларингдан бошқа биров амалга ошира олмайди. Илоё, сенларинг ҳийлаларинг тошларга тегсин! Сен Житириқни бутун бисоти билан бир учоқнинг пулига сотиб ол-да, Дуйсенистондан соғ-омон чиқиб кет!
– Бир учоқнинг пулига?! Сенинг ҳароми матоҳинг менга текинга ҳам керак эмас!
Улар энди бир-бирларини бемалол “сен”сираша бошлаган эдилар.
– Сен мени тоғдан тушган қирғиз деб ўйлавотирмисан? Пули куйган қирғиз совунди жепти экан-ғўй!
– Нима-а?! Мен сенга совун ҳам, ҳолва ҳам эмасман. Мен сени ҳеч ким деб ҳам ўйлаётганим йўқ. Қозоқлигингни яхши биламан!
– Сенларни президентимизнинг шахсий учоғида Голландиядан олиб келиш учун қанча пул сарфлаганимни биласанми?
– Мен қаердан биламан? Билмайман!
– Билмасанг, кетган сарф-харажатларни тўрт баравар қилиб тўлайсан. Устига Житириқни битта учоқнинг пулига сотиб оласан. Йўқса Қорасаройдан ўлигинг чиқади, шишенгни … сарти!
– Биринчидан, мен сарт эмасман, голландман. Иккинчидан, шартномада кўрсатилганлардан ташқарига чиқа олмайман. Учинчидан, сени шишангни мен … Қўй, учинчиси керак эмас. Илтимос, мени диндан чиқарма! Ўз онамни ўзимга сўктириб, Тангрининг олдида мени юзи қора этма!
– Менинг онам қанақасига сенинг онанг бўлади?
– Ер юзидаги ҳамма инсонлар Одам Ота билан Момо Ҳаводан тарқамаганми?
– Иеҳ!
– Шундай бўлгач, менинг онам сенинг онанг, сенинг онанг менинг онам бўлмайдими?
– Иеҳ!
– Бўпти-да!
– Голланд бўлсанг ҳам, гўл-сарт бўлсанг ҳам, бизлар ака-уканинг болаларимиз. Она қоп, ота соф. Отамиз бир! – деди академикнинг чекинганини кўриб юмшаган Дуйсенбай. – Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Бир бало қилиб, Житириқ билан унинг бор бисотини голландларга уриб, кетган сарф-харажатларни тиклаб бер. Житириқ ётган чордоқли каравот, тўшак-пўшаги билан сенга “подарка”. “Темболи” “Кўктерак” бозорида даллол бўлиб ишлаган экансан. Советлар замонида мени ўзимни ҳам неча марта чув туширган бўлишинг керак. Фойданинг чорагини ўзингга қайтараман, бовурим!
– Йўқ, бўлмайди! – деди қатъий оҳангда ёши улли академик. – Мен сартликдан ҳам, мардликдан ҳам кечганман. Чорак қисмини олдиндан бер, кейин ўйлаб кўраман!
– Олдиндан берайми?
– Ҳа, олдиндан бер!
– Кейин ўйлаб кўрадиларми?
– Кейин ўйлаб кўраман!
– Шунақами?
– Шунақа!
– Мен тоғдан тушган қирғизманми?
– Қозоқсан!
– Қозоқманми?
– Қозоқсан!
– Мана сенга… Сарт танлаб жейди. Танлаб жеса-да, барисини жейди…

Дуйсенбай ёши улли академикнинг тумшуғи остига сакраб, калла солиб, барчаси сўнгги услубда ясалган ўттиз иккита садаф тишини бир ҳамлада тўкиб ташлади. Бечора академикнинг икки бурнидаги отилган пистон деворга бориб тегиб, қайтиб келиб, кетма-кет Дуйсенбайнинг манглайига қадалди. Оғзидан тишлари сочилган академикнинг кўзларидан ўт чиқиб, нигоҳини ҳар томонга сачраётган юлдузлар учқуни босиб кетди. Боши шифтга тегиб, қайтиб тушиб полга гурсиллаб йиқилганда у ҳушидан кетган эди.
– Бу ишлар халқаро қонунларга тўғри келмайди! – дея ўшқирган учувчини Тарлон билан опа-сингиллар ириллаб, бурчакка сиқиб қўйганди. Уларнинг орқасидан тўстувак кўтариб чопган Гулисипса:

– Ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и! – дея, яна ҳиринглашни бошлади.
Дуйсенбайнинг танқўриқчилари “вақт ғанимат, дийдор ғанимат” деганларидек, қолган академикларга йўлбарсдай ташланиб, уларни полга босдилар.
Учта олий тоифали табиблар эса:
– Биз таслим бўлдик! – дея дарров қўлларини кўтариб, девор остига тизилдилар.
– Яшасин қозоқ халқининг қаҳрамони! – дея жўр бўлиб, Житириқни шарафлай бошладилар.

Шунда нима бўлди денг, қолган академикларнинг бурнига тиқилган пистонлар ҳам баравар отилиб, танқўриқчиларни ва эшик олдидаги эшикбегиларни бирин-кетин ағдариб ташлади. Пистонлар бир вақтнинг ўзида ҳавотозалагич, марказга маълумот узатадиган яширин датчик, фотаппарат, диктафон, тўппонча ва алламбалолар эканлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди. Барчаси Голландиядан туриб бошқариларди. Сувдан қирғоққа чиқиб қолган балиқдай тўнтарилиб ётган танқўриқчиларни кўриб Батангул билан Сатангулнинг ўтакаси ёрилай деди. Бошини Батангулнинг чотига тиққан Тарлон, шимини тешиб динг бўлиб турган думини орқасига қисиб, кўзларини чирт юмиб олганди. Кепкаси билан кўзойнаги ерда сочилиб ётарди. Тинмасдан ҳиринглаётган Гулисипса шунда ҳам, қўлларида тўстувак, опа-сингиллар билан Тарлоннинг орқасини пайпаслаб:

– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – дея жаврарди.
Ҳали жанжал бошланмасданоқ ертўлага қочиб кириб кетган Оқгул билан Марҳабо орқасига қайтиб чиқмаган эди. Баҳром билан Тўрабика, соқовнинг сўнгини тингла, денганларидек, машмашанинг охири нима билан тугаши мумкинлини ўйлаб, Житириқнинг хонасида зир титраб ўтирардилар. Нима бўлганда ҳам, улар учун энди бу машмашанинг яхшилик билан тугаши қийин эди. Барча балони бошлаган Житириқ ҳалиям икки оёғини осмонга кўтариб, қилт этмасдан икки кўзини шифтга бақрайтириб ётарди.
Манглайига иккита пистон қадалган Дуйсенбай ҳам ҳушидан кетиб, отилган тўнғиз каби оёқ-қўлини чўзиб, шалпайиб қолди. Пешонасидаги пистонлар уни энди шохи куртак урган такаулоққа ўхшатиб қўйганди. Оғзи-бурнидан қони булоқдек оқаётган ёши улли академикнинг очилиб қолган даҳани ўпирилган гўрга менгзарди.

Бир муддат карахт бўлиб қолган Мирзелимбай ҳушини йиғиштиргач:
– Оқгу-ул, Марҳабо-о… Су-ув! – дея чинқириб юборди.

Албатта кимнингдир шундай дейишини кутиб, икки челак муздек сувни тайёрлаб турган Оқгул билан Марҳабо ертўладан долонга уриб чиқишди.
Мирзелимбай бир челак сувни академикнинг устидан, иккинчисини Дуйсенбайнинг устидан қуйиб юборди.
Ётган жойидан сапчиб туриб пишқириб юборган академик у ёқ-бу ёғига аланглаб:

– Мен қаердаман?! – дея минғирлади.
– Абдураҳмон кўке! – дея ҳушига келган Дуйсенбай унга тикилди. – Келесда бўлсак керак-да?! Ростданам ўзингизмисиз, ишқилиб?!
– Ўзимман, ўзимман, Дуйсен кўса! – деди оғзи-бурнининг қонини артган ёши улли академик.
– Мен у сиз айтган Дуйсен кўса эмасман, Дуйсенбайман. Тилинггизга эҳтиёт бўлинг!
– Мен учун ҳў-ў ўша Дуйсен кўсасан. Ким учундир бойдирсан, кучукбоздирсан, хўрозбоздирсан, депутатдирсан. Мен учун от ўғрисисан. Сени кўрганимдаёқ таниган эдим!
– Ўша замонлар барибир яхши эди. Дуйсенбай бўлиб, ўзимга-ўзим асир бўлдим. Мол-давлатнинг қули бўлдим. На еган-ичганимда, на ётар-тураримда ҳаловат бор!
– Олдин ҳам сенда ҳаловат бўлмаган. Кимнинг молини ўғирлаб сотсам деб, кеча-кундуз ич-этингни ердинг!
– Кўке, ҳозиргидан яхши эди-да. Битта ўзим ёлғиз қолиб, йиғлагиларим келади. Қани, бир овлоқ жой бўлса. Қачон қараманг, орқамда бешта-олтита дум юради. Атрофимда мингта кўз. Нима қилишимни билмайман!
– Барчасидан кеч, сени Голландия олиб кетаман. Ул-бул ўғирлаб келсанг, сотиб бераман. Роҳат-фароғатда еб-ичиб, маз-за қилиб юрамиз.
– Кўке, иккаламиз бир жойда бўлсак, бўлмайди. Голландияни ҳам инқирозга учратамиз. Ҳар-ҳар ерда, бир-биримиздан узоқроқ бўлганимиз дуруст!
– Тўғри айтасан. Учига чиққан муттаҳам ўғри бўлсанг ҳам, инсофинг йўқ эмас!
– Кўке, ўртамиздаги эскитдан қолган қарзларни нима қиламиз!
– Қанақа қарзларни?!
– Охирги марта ўтириб ҳисоб-китоб қилганимизда, олтмишта от билан бир юз йигирмата қўйнинг пули сизда қолиб кетганди. Сизни қидириб, шу пайтгача тополмай юрардим!
– Эсимда. Оғзимдаги тишларни уриб-синдириб, ўзинг ҳисоб-китобни баравар қилиб қўйдинг. Энди бунақа нарсалар хусусида оғиз очма!
– Кўке, шунақа ишлар орқасидан бу тишларингиз неча марта синиб, неча марта тушган. Неча марта қўйдиргансиз. Бу биринчи марта эмас. Битта отнинг пулига икки марта тиш қўйдирсангиз бўлади. Мен учта отнинг баҳридан ўтаман!
– Бўлмайди. Мен бу кунни йигирма йилга яқин кутдим!
– Тишларингизни уриб синдирган мен эмас, Дуйсенбай эди, кўке. Тишингизни ўша билан ҳисоб-китоб қилиб олаверинг, бўлмаса. Мен, ўзингиз айтгандек, Дуйсен кўсаман. Қарзларингизни қайтаринг. Яхшиям, ҳушимдан кетгач, яна хотирам қайтди. Йўқса сизни танимас эканман. Голландияликман деб девор ушлатиб, безрайиб чиқиб кетаверар экансиз. Сартнинг иши чув тушириш, қозоқнинг иши жинаш экан-да…

Шунда, Қорасаройга Қозоғистоннинг махсус кучлари тўрт томондан бостириб кириб, беш академик, учта табибни ва учувчини тезкорлик билан тикучарларда Дуйсенистондан олиб чиқиб кетди. Воқеалардан хабардор бўлиб турган Голландия ҳукумати вақтни бой бермасдан Исроил разведкасига ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Исроил ҳукумати Путин орқали Қозоғистон президентига чиққач, барчаси хамирдан қил суғурдай осон кўчганди.

Икки қўлини бурнига тиқиб қолган Дуйсенбайга бу жуда ёмон таъсир этди. У полга гурсиллаб йиқилгач, тутқаноғи қўзиб, тили томоғига кетди. Бутун тан-бадани ажина чалгандай қалтираб, оғзи-бурнидан оппоқ кўпик сочди. Нима қилишини билолмаган Мирзелимбай турган жойида серрайиб қолди. Оқгул билан Марҳабо қанчалар дод-вой солмасин, теварак-атрофда ёрдам берадиган ақлли-ҳушли кимсанинг ўзи йўқ эди. Буқадай-буқадай келадиган танқўриқчилар ҳам, эшикбегилар ҳам ҳар-ҳар жойда отилган тўнғиздек ағдарилиб тушиб, сарилиб қолгандилар. Батангул билан Сатангул бир-бирларини қучоқлаб, қаттиқ қўрқувдан карахт – шамдек қотиб қолгач, қайтиб ўзларига келмаган эдилар. Уларнинг тагига кириб кетган Тарлоннинг биргина думи чиқиб қолганди. Опа-сингилларнинг орқа-олдиларини супуриб-сидириб, тўстувак кўтариб юрган Гулисипсанинг оғзи тинмасди:

– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – дея жаврагани-жавраган эди. Киндик хушхуши қўзиса, “ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и” дея яна ҳиринглашни бошларди.
– Сатта шайтонламай, ўлиб кетгурнинг тутқаноғи бошига етсин! – деган Тўрабика ёрдамга отилди. Ортидан Баҳром чопти.
Тўрабика хокандознинг дастаси билан Дуйсенбайнинг қапшиқиб қолган тишларини минг азобда очиб:
– Тезроқ оғзига бир нима тиқинглар! – дея Мирзелимбай билан Баҳромга боқди.
Мирзелимбайдан иш чиқмаслигини билган Баҳром, тўрт томонига алангламасин, кўзларига қўлга илинадиган бирор нарса кўринмади. Шунда унинг нигоҳи бир-бирини қучоқлаб ҳайкалдай қотиб қолган опа-сингилларнинг чотлари остидан чиқиб турган арқонга тушди. У шарт тортиб, арқоннинг қоқ ўртасини Дуйсенбайнинг оғзига тиққан эди, хокандознинг дастаси оғзидан чиққан Дуйсенбай арқонни шарт тишлаб, узиб юборди. Шунда ҳеч кимнинг хаёлига келмаган воқеа содир бўлди. Тарлон жон аччиғида чингсиб, опа-сингилларнинг чоти остидан отилиб чиқди-да, югуриб бориб ўзини ётоқхонадаги креслонинг тагига урди. Қаттиқ овоздан ҳушёр тортган Дуйсенбай ётган жойидан сапчиб туриб:
– Пешат қани, пешат?! О, мандат, жонимнинг ҳузурисан, кўзимнинг нурисан! – дея турган жойида гир айланиб, алжирай бошлади.
У думни ютиб юборганди. Оғзидан бир қарич чиқиб қолган думнинг учидаги ўроқ ва болға тасвири солинган байроқ тинмасдан Дуйсенбайнинг оғзидан чиқаётган ҳовурда кузак елига тутинган япроқ каби ҳилпирарди. Пешонасидаги шохчага ўхшаб қолган пистонлар тревога серенасини ёқиб, чийиллагани-чийиллаган эди.
Баҳром нима қилиб қўйганини англагач, Тарлоннинг жон аччиғида креслонинг тагига кириб жингсиётгани боисини тушунди. Бечора Тарлон думининг ярмидан жудо бўлганди. Қўрқувдан тамоман ўзларини йўқотган опа-сингиллар – Бутунгул билан Сатангул ҳам ўзларини креслонинг тагига урдилар ва Дуйсенбай билан Тарлон шифохонадан Қорасаройга қайтмагунча ўша ердан чиқмадилар.
Дераза-эшиклардан Қорасаройга бостириб кирган Дуйсенистон хафвсизлик кучлари “Тез ёрдам” кутаётган бир чоғда қизиқ воқеа содир бўлди.
– Пешат қани, пешат?! О, мандат, жонимнинг ҳузурисан, кўзимнинг нурисан! – дея турган жойида гир айланиб алжираётган Дуйсенбайга Тўрабика ағанаб ётган танқўриқчиларнинг бирининг чўнтагидан суғуриб олган олтин қутичаларни тутди. Уларни отиб юборган Дуйсенбай:
– О, Марусия, ёшлигингда қанчалар гўзал бўлган экансан! – дея қўлларини кериб, уни қучоқламоқчи бўлди.

Тўрабика зўрға қочиб қутулди. Дуйсенбай долонни айлантириб қувлар экан, ушлаб олса борми, уни бағрига босиб, лабларидан тўйгунча ўпмаса қўйвормасди. Марҳабонинг кейинчалик айтиб беришича, унинг шунақа одати бор экан. Ҳушини йўқотганда, кўзига кўринган аёлни, “О, Марусия, ёшлигингда қанчалар гўзал бўлган экансан” дея, орқа-олдига қарамасдан ўпаверар экан.
Хуллас, муҳр билан депутатлик гувоҳномасини бағрига босган Дуйсенбайга қўшиб танқўриқчилару эшикбегиларни, думининг ярмидан жудо бўлган бош боқон Тарлонни ҳам “Тез ёрдам” машинаси Дуйсенбайнинг хусусий клиникасига олиб кетди. Қорасаройда икки эркак, тўрт аёл қолди. Ертўладаги панжара ортига ташланган Жак Андирсон билан Аббос Қасрий бировнинг хаёлига ҳам келмас, бу икки бечоранинг тириклар рўйхатидан ўчирилганига анча бўлган эди. Опа-сингилларнинг ҳолини кўрган Авакяннинг эса, гўё сурати қолганди.
Креслоларнинг тагидан опа-сингиларни – Батангул билан Сатангулни думидан тортиб чиқара олмаётган Гулисипса:

– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – дея ҳиринглагани ҳиринглаган эди…

(Асарнинг давомини ўқиш учун линкни босинг)

windows 10 kaufen office 2019 kaufen office 365 kaufen windows 10 home kaufen windows 10 enterprise kaufen office 2019 home and business kaufen office 2016 kaufen windows 10 education kaufen visio professional 2019 kaufen project 2019 kaufen project 2016 kaufen visio 2016 kaufen windows server 2012 kaufen windows server 2016 kaufen windows server 2019 kaufen betriebssysteme office software windows server softhier instagram türk takipçi satın al instagram türk beğeni satın al instagram görüntülenme satın al instagram otomatik beğeni satın al facebook türk beğeni satın al facebook sayfa beğenisi satın al facebook türk takipçi satın al twitter türk takipçi satın al twitter türk beğeni satın al twitter retweet satın al youtube türk izlenme satın al youtube türk abone satın al takipçi hilesi