Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Пайғамбарлар тарихи (32). Муҳаммад алайҳиссалом

Пайғамбарлар тарихи (32). Муҳаммад алайҳиссалом
05 Ağustos 2014 - 9:06 'да юкланди ва 1034 марта ўқилди.

p.t.3Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Сафо тепасида туриб, Қуръайшликларга қилган даъвати

“Сен аввал энг яқин қариндошларингни инзор эт (огоҳлантир, қўрқит) – (Шуаро, 214) ояти нозил бўлганида, Расулуллоҳ алайҳиссалом Сафо тепасига чиқиб, қулоқларини бармоғи билан ёпиб:

– Ё, Сабоҳаҳ! Эй қуръайш жамоати!, – дея ҳайқирди (Термизий,”Сунан”, 5/339).
Одамлар “ким у ҳайқираётган?” дея сўрадилар, уларга жавобан “Бу Муҳаммад, Сафо тепасидан ҳайқираяпти”, дейишди.
Эшитганлар келиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом атрофига тўпландилар. Улар “Ё Муҳаммад, нима хабар бермоқчисан?”, деб сўрадилар.
– Мен билан сизнинг ҳолингиз душманни кўриб, оиласини огоҳлантириш учун чопаётган, “Ё сабоҳаҳ”, дея бақираётган одамнинг ҳолига ўхшайди. Сизларни талон қилиш учун шу тоғдан чиқажак босқинчилар ҳақида сизга аввалдан хабар берсам, менга ишониб тасдиқлармидингиз?, – деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.
– Ҳа сенга ишонардик, чунки биз сенинг тўғри сўзли эканингни тажрибамиздан биламиз, – дейишди тўпланганлар.
– Ундай бўлса, мен сизларни шиддатли бир азобдан огоҳлантириш учун келдим, бу иш учун маъмур қилиндим. Эй, Абдулмутталиб ўғиллари! Эй, фалонча ўғиллари! Аллоҳу Таоло менга энг яқин қариндошларимни азоб билан қўрқитишимни буюрди. Сизлар токи “Аллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқ” (Ла илаҳа иллаллоҳ) демагунча, мен сизга на дунёда бир фойда бераман, на-да охиратда бир насибга восита бўла оламан, – деди Пайғамбаримиз алайҳиссалом.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломга отиш учун қўлига тош олган Абу Лаҳаб:
– Ҳайф сенга! Бизни келиб шу гапга чақирдингми?, – дея бақирди.
– Эй Қуръайш жамоати, ўзингизни жаҳаннам оташидан қутқарингиз!, – деди Расулуллоҳ алайҳиссалом ва бутун Қуръайш қабилаларини бир-бир санаб, бу огоҳлантиришни такрорлади.

Аммо қабилаларнинг вакиллари ўз исмларини эшитганида, бир-бир орқасига қайтиб кета бошладилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
Сиз қиёмат куни яхши амалларингиз билан келмасангиз, бўйнингизга дунёни юклаб келсангиз, мен сиздан юз ўгираман. У кун сиз менга “Ё Муҳаммад” дея саслансангиз, мен шундай жавоб бераман (юзини улардан буриб кўрсатди), – деди.

Исломиятни Маккада ёйишда ғайрат қилганлар, мусулмонлигини қўрқмасдан очиқ айтганлар

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнида тўпланган мусулмонлар Исломиятни тарғиб қила бошлаганида, Маккада бу дин ҳақда эшитмаган қолмади.

Ҳазрати Абу Бакр, Саид бин Зайд, Ҳазрати Усмон, Абу Убайда бин Жарроҳ Макка халқини исломга даъват эта бошладилар. Ҳар қандай таҳликани кўзга олган ҳолда, мусулмонликларини қўрқмасдан эълон қилганлар шу етти мужоҳиддир:
1. Расулуллоҳ алайҳиссалом
2. Ҳазрати Абу Бакр
3. Билол Ҳабаший
4. Микдо бин Асвад
5. Суҳайб бин Синон
6. Аммар бин Ёсир
7. Сумайя Хотун (Аммор бин Ёсирнинг онаси)

Исломиятнинг Маккада эълон қилинишидан кейин мусулмон бўлганларнинг баъзилари

1. Пайғамбаримизнинг аммаси Ҳазрати София
2. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг холаси Ҳазрати Ҳорика
3. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакиси Ҳазрати Аббос
4. Ҳазрати Аббоснинг завжаси Умму Фадл хотин
5. Ҳазрати Аббоснинг озод қилинган қули Абу Рофий
6. Амр бин Обаса
7. Абу Зарриъл Ғуфорий

Абу Рофий дейди-ки: “мен Аббос бин Абдулмутталибнинг қули эдим. Исломият уй халқи ичида тарқалиб, Аббос мусулмон бўлди. Аббос ўз қавмидан қўрқарди., уларга қарши ҳаракат қилишни истамас, шу боис мусулмонлигини яширарди. Чунки у бадавлат эди, мол-мулк қавмининг инсонлари устига ёзилиб насияга тарқатилган эди”.

Амр бин Обасанинг мусулмон бўлиши

Амр бин Oбаса дейди-ки: “мен жоҳилия даврида қавмимнинг бутларига топинишни рад қилгандим. Бутларга сиғинишнинг залолатдан бошқа нарса эмаслигини билардим. Бир куни Таймо халқидан Китоб аҳли бўлган бир зотга дуч келдим. Унга “бутга сиғиниш ботил эканини биламан, менга бундан хайирлироғини тавсия қилсангчи”, дедим.
У менга:

– Маккада бир зот зуҳур этажак, у қавмингни бутлардан юз ўгириб, бошқа бир нарсага даъват этажак. Сен уни кўриб, эшитганингда унга дарҳол тобе бўл. Чунки у диннинг энг устунини келтиражакдир, – деди.
Ўша кундан бери Маккадан келганларнинг, у ердаги янгиликларини мунтазам сўраб турдим. Бир куни туяда бир одам келиб қолди, одатдагидай, ундан “Маккадан бир янги хабар борми?”, деб сўрадим, у “ҳа, бор, Маккада бир зот пайдо бўлиб, ўз қавмини бутлардан юз ўгиришга, бошқа бир илоҳга иймон ва ибодат этишга даъват этаяпти”, деди.
Мен дарҳол туямга миниб, Маккага жўнадим.

Маккага келганимда қоладиган жойимга бордим, у ердагилардан у зот ҳақида сўрадим.
Қайси кўз билан кўрай-ки, Расулуллоҳ алайҳиссалом яширинибди!
Қавми унга қарши жуда тажовузкор ҳаракат қила бошлабди.
Менга “уни фақат кечалари, тавоф этаётганида учратишинг мумкин”, дейишди.
Мен Каъбанинг олдида ётиб, ухладим. Уни фақат таҳлил саси билан таний олдим. Дарров ёнига бордим, салом бердим.

– Сен кимсан?, – деб сўрадим.
– Мен пайғамбарман, – деди.
– Пайғамбар не демак?, – дедим.
– Аллоҳнинг элчиси демак, – деди.
– Сени ким йўллади?, – дедим.
– Аллоҳу Таоло йўллади, – деди.
– Нима билан йўллади?, – дедим.
– Бир бўлган Аллоҳга шерик қўшмасдан ибодат этиш, бутларни синдириб улоқтириш, ақраболарга ёрдам этмак, қон тўкмаслик, йўл хавфсизлигини таъминлаш каби вазифалар билан юборди, – деди.
– Сен на гўзал вазифа ила юборилибсан, мен сенга иймон келтириб, келтирган нарсаларингни тасдиқ этаман, – дедим.
У менга қўлини узатди, мен унга исломиятдa баёт этдим.
– Сенинг ёнингда сенга ёрдам этганлардан кимлар бор?, – деб сўрадим.
– Бир ҳур ва бир қул бор, – деди (Ўша пайт ёнида Абу Бакр бин Абу Куофа ва унинг озодли қули Билол бор эди).
– Сенга мен ҳам тобе бўлдим. Ёнингда қолайми? Ёки уйимга қайтайми? Нимани буюрасан?, – деб сўрадим.
– Сен шу кунларда буни қилолмайсан, менинг ёнимда қололмайсан. Менинг аҳволимни Аллоҳдан келтириб таблиғ этганим нарсаларга қарши одамларнинг ёмон тутинишини кўрмаяпсанми? Сен оилангга қайт. Уларнинг ёнида бўл. Мен кетажагим ерга борганимни эшитганимда ёнимга кел, менга тобе бўл, – деди.
Мен уйимга қайтдим”.
Аллоҳ ундан рози бўлсин.

Абу Зарриъл Ғуфорийнинг мусулмон бўлиши

Абу Зарриъл Ғуфорий Амр бин Обаса билан бир онадан туғилган ака-укалар эди.
У ҳам бутларга топинмаган эди.
Макка халқидан бир киши бир куни Абу Зарриъл Ғуфорийга “Маккада бир зот сенинг деганинг каби “ла илаҳа иллаллоҳ” деб, ўзининг пайғамбар эканини сўйламоқда”, дея хабар берди.

Абу Зарриъл Ғуфорий дейди-ки: “Мен биродарим Унайсга ҳайвонингга миниб ўша водийга бор, ўзига ваҳий келди деган зот билан гаплаш, унинг айтганларини тингла, хабарини менга олиб кел”, дедим.
Биродарим у зот билан кўришиб, унинг айтганларини тинглаб, ёнимга қайтиб келди. Мен ундан “нима хабар?”, деб сўрадим.

– Маккада сенинг динингдан бир зотга дуч келдим-ки, ўзини Аллоҳнинг юборганини айтди, – деди.
– Халқ у ҳақда нима деяпти? – деб сўрадим.
– Шоир, коҳин, сеҳргар, деяпти, – деди.

Унайснинг ўзи шоир эди, у шундай деб илова қилди: ”Мен коҳинларнинг гапларини тингладим, аммо у зотнинг деганлари коҳинларнинг сўзи эмас. Унинг сўзини шеърнинг турли хилига тадбиқ этиб кўрдим. Валлоҳи, унга шеър дейишга ҳеч кимнинг тили бормас! Валлоҳи, у муҳаққақ содиқдир! Улар эса муҳаққақ ёлғончидир! Валлоҳи, мен шундай бир зот кўрдимки, хайрни, яхшиликни, аҳлоқий фазилатларни амр этади, шардан (ёмонликдан) сақланишга чақиради. Уни аҳлоқий фазилатларни амр этаркан, шундай сўзлар сўйладики, бу сўзлар сеҳр эмас эди!”
Валлоҳи, мен биродарим Унайсдан устунроқ бир шоир эшитганим йўқ эди. Унга:
– Сен менга бу хусусда орзу этганим, кўнглимга шифо берадиган, мушкулимни осонлаштирадиган бир хабар олиб келмадинг. Мен ўзим бориб, уни кўраман, – дедим.
– Бўлади, фақат сен Макка халқидан эҳтиёт бўл. Чунки уларнинг Унга қарши жуда катта кини бор. Юзларидан заҳар томади, – деди Унайс.
Мен дарҳол йўлга озиғимни, олдим, сув тулумини елкамга ташладим, қўлимга бир асо олиб йўлга тушдим ва Маккага етиб келдим. Расулуллоҳни шахсан танимасдим, бегонадан сўрашни ҳам уйғун кўрмадим.
Масжидий ҳарамда туриб, замзам сувидан ичиб тургандим, ёнимга Али бин Абу Толиб келди ва:
– Шу одам, ҳар ҳолда, ғариб бўлса керак, – деди.
– Ҳа, мен ғарибман, – дедим.
– Ундай бўлса, мен билан бизнинг уйга кел, – деди Али бин Абу Толиб.
У билан бирга кетдим.
На у мендан бир нарса сўради, на-да мен унга бирор нарса дедим.
Кейин эрталаб, Расулуллоҳни сўраш учун тушлик пайти Масжидий Ҳарамга бордим. Лекин ҳеч ким менга ундан хабар бермади.
Яна Али келди ёнимга.
– Мен билан юр уйга, – деди Али.
Уйига келганда “бу ерга нима учун келдинг?”, деб сўради.
– Айтганимни сир тутсанг, ишим бўйича менга йўл кўрсатсанг, нимага келганимни айтаман, – дедим.
У рози бўлди ва мен унга “бизга келган хабарга кўра, бир зот чиқибди, ўзининг пайғамбар эканлигини айтибди. У билан кўришиб, гаплашиш учун биродаримни юборгандим. Аммо у кўнглимга шифо бўлажак бир хабар келтирмади. Ва У зот билан гаплашиш учун ўзим келдим”, дедим.
– Сен келиб тўғри қилдинг, ақллилик этдинг. Бу зот Аллоҳнинг расулидир, пайғамбаридир. Эрталаб сен мени таъқиб этиб, орқамдан кел. Агар сенинг учун таҳликали бир нарса кўрсам, пойафзалимни тузатгандай ҳаракат қиламан ёки таҳорат ушатгандай, деворга яқинлашаман. Шунда сен мендан узоқлаш. Агар тўхтамай кетсам, орқамдан келавер ва мен кирган уйга кир, – деди Али.
У юрди, мен унинг орқасидан юрдим.
Ниҳоят, у Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурига кирди.
Мен ҳам у билан бирга кирдим. Ва “ассалому алайка ё Рaсулуллоҳ!”, деб илк кез ислом саломи ила саломлашдим.
– Сен кимсан?, – деб сўради мендан.
– Ғуфар ўғилларидан бир кишиман, – дедим ва сўрадим:
– Ё Муҳаммад, сен инсонларни нимага даъват этасан?, – дедим.
– Бир бўлган, ҳеч бир шериги бўлмаган Аллоҳга иймонга даъват этаман, бутларни йўқ қилишга ва менинг Пайғамбарлигимга шаҳодат келтиришга даъват этаман, – деди Расулуллоҳ.
– Менга исломиятни тушунтир, – дедим..
У билдирди, мен дарҳол мусулмон бўлдим. “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу”, деярак шаҳодат келтирдим.
Расулуллоҳнинг юзида севинч кўрдим.
– Эй Абу Зар, сен энди бу ишни Маккаликлардан гизли тут, юртингга қайт, – деди Расулуллоҳ.
– Ё Расулуллоҳ, мен динимни ошкор этмоқ истайман, – дедим.
– Мен Маккаликлардан сен учун қўрқаяпман, – деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.
– Ё Расулуллоҳ, мен ўлдирилажагимни билсам ҳам буни қиламан, – дедим мен.
Расулуллоҳ алайҳиссалом индамади.
– Сени ҳақ дин ила пайғамбар юборган, борлиғим Қудрат қўлида турган Аллоҳга ямин этаман-ки, Масжидий Ҳарамда, уларнинг орасида буни, исломиятни ҳайқирмагунимча юртимга қайтиб кетмайман!, – дедим.
Кейин Қуръайшликларнинг Масжиди Ҳарамда давра бўлиб суҳбатлашганлари он:
– Эй Қуръайш жамоати! Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу, – дея юксак сас билан бақирдим.
Мушриклар:
– Бу одам ақлдан озибди! Туринг, юринглар шу сoбийнинг устига!, – деярaк, мени ўлгунча калтаклашди, сулайтириб қўйишди.
Ўша пайтда Аббос бин Абдулмутталиб келиб, менинг устимга паноҳ бўлди ва уларга:
– Ҳайф сизларга! Сиз Ғуфор қабиласидан бўлган бу одамни ўлдираяпсиз, аммо тужжорларингизнинг Шомга борадиган йўли Ғуфор юртидан ўтишини билмайсизларми? Бу йўлнинг кесилишини истайсизларми?, – деди.
Шунда улар мендан чекилдилар.
Эртаси куни яна Масжидий Ҳарамга бордим.
Кечаги сўйлаганларимни яна такрорладим.
Улар яна:
– Туринглар, юринг ўша сoбийнинг устига!, – дея менга ташландилар.
Кечаги каби ўлгунча калтаклади ва сулайтириб қўйишди мени.
Яна имдодимга Аббос етишди, уларга кеча сўйлаганларини сўйлади ва улар тарқалишди.
Улар мени “ўлдирдик”, деб ўйлашди.
Туриб Расулуллоҳнинг ёнига бордим.
Расулуллоҳ алайҳиссалом аҳволимни кўриб, “мен сенга маън этган эдимку”, деди.
– Ё Расулуллоҳ, қалбимда бир истак эди. Мен ҳам уни адо этдим, – дедим.
Бир муддат Расулуллоҳнинг ёнида бўлдим.
– Ё Аллоҳнинг пайғамбари, сен менга нимани амр этасан, истаган нарсангни менга буюр!, – дедим.
– Амрим сенга келгунча, қавмингга хабар бер, таблиғ эт. Ўртага чиқишимиз ҳақида хабар келганида, ёнимга кел. – деди у”.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тавҳид ақидасини ёйиши

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакиси Абу Толиб, бой бўлмаса ҳам, Қуръайшликларнинг саййиди, эътиборли кишиси эди. Унинг сўзига қулоқ тутиб, амрларига қарши келмасдилар.
Абу Толиб Пайғамбаримиз алайҳиссаломни мушриклардан очиқ ҳимоя қилар ва уни ўз вазифасини бажаришга рағбатлантирарди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом мушрикларнинг топинган бутларини ерга уриб, бу жонсиз нарсаларга сиғиниб ўлган аждодларининг ҳам жаҳаннамга кетганларини айтганда Қуръайш мушриклар қаттиқ ғазабландилар.

Муҳаммад Солиҳ тайёрлаб,
2009 йилда Истанбулда нашр этган
«Пайғамбарлар Тарихи» китобидан.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар