Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (12)

Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (12)
200 views
05 August 2014 - 9:11

(Давоми. Асарнинг бошини ўқиш учун линкни босинг)

Ўн биринчи боб

Мирзелимбайни тинглаб ётиб, Баҳром саҳарга яқин донг қотиб ухлаб қолди. У оз ухлаган бўлса ҳам қушдек енгил бўлиб, тиниқиб уйғонганди. Охирги ўн беш кун ичида у биринчи марта уйқуга қонганди.

Таҳоратини олиб келгач, вақт ғаниматда номозга уннади. Хуррак отиб ухлаётган Мирзелимбай ҳам, оғзини вокзалнинг эшигидай ланг очиб, шифтга термулиб ётган Житириқ ҳам уни бундай пайтларда безовта эта олмасди. Опа-сингилларнинг думидан тортиб ҳиринглаётган Гулисипсани у аллақачонлар хотирасидан ўчирган эди. Марҳабо билан Оқгулга қўшилиб ертўлага тушиб кетган Тўрабика ҳали қайтиб чиқмаган эди.

Унинг бу дунёдаги биргина ҳаловат топиши мумкин бўлган гўшаси – жойнамоз эди. Жойнамоз устидаги салтанатини у дунёнинг бутун бойликларига алишмасди. Намоздан топган ҳаловатини курраи заминнинг осойишталигига бермасди. У узоқ дуо қилгач, кафтларини юзига тортди. Жойнамозни тўрт буклаб бир чеккага қўйгач, ойнадан боққа боқди…
…Шунда кўзлари олдидан кечаги манзараларнинг давоми ўта бошлади.
Метродан “Ўлим” поезди ернинг устига чиқди.

У тўхтагач, қулоқларида Дуйсенбайнинг:
– “Пахтакор” бекати! – деган овози янгради. – Бу ердан “Дуйсенистон” йўлининг Алишер Навоий номли бекатига ўтилади. Вагондан чиқаётганларингизда буюмларингизни унутманг. Шубҳали буюмларни кўрганингизда метрополитен ходимларига хабар беринг. Огоҳ бўлинг!
Ҳамма чиқди. Бироқ поездлардан ҳеч ким тушмади. Сўнгра:
– Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади! – деган овоз янгради. – Кейинги бекат “Мустақиллик майдони”. Ҳурматли йўловчилар, ёш болали, ногирон ва ёши катта йўловчиларга жой беринг! “Озодлик” бекатига борадиган йўллар ёпилган. Кўп чиранманг, фойдаси йўқ…
Турнақатор вагонлар майдонга қўйилган жуда ҳам улкан экранли телевизорнинг ичига кириб ғойиб бўлди. Атрофда, тобутда оёғини кўтариб ётган Житириқнинг мурдасидан бошқа бирор жонзот кўринмас эди. Ленин ҳайкали даҳмасига орқа бериб турган “Бахтиқаро буви” ҳам постига қайтмаган эди. Маблағ йиғишга восита бўлган қундуз телпак ҳам жойида эмасди. Дуйсенбайнинг ҳам овози чиққан билан, қораси кўзга ташланмасди. Тинмасдан довруқ солиб ҳураётган опа-сингиллар билан Тайсин рўёга айлангандилар. Биргина Гулисипса:
– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – дея ҳиринглаб, белида чиқиндихалта, тўстувак кўтариб тўрт тарафга чопиб юрарди.
Аммо бутун дунё баҳайбат экранли телевизорда намойиш этилаётган кўрсатувни кафтидагидек кўриб турар, ғайриоддий воқеалар ҳар қандай одамни ҳам ларзага солмасдан қўймасди…
…Поезд кўздан ғойиб бўлгач, террорчилар ўчоғи деб тахмин қилинган ҳудуд Дуйсенистоннинг мудофаа қўшинлари, ички ишлар ва миллий хавфсизликнинг тиш-тирноғигача қуролланган “Кўрса босар” деб номланувчи қўшилмалари томонидан ўраб олинди. Ва қулоғини гўшакка қўйиб ётган Дуйсенбайга Қора Бахти Голибой Глазнинг рухсати билан бу ҳақда ахборот берилди. Дуйсенбай жиноятчилар ўчоғини портлатишни ва унинг ўрнини тозалаб, чим ётқизишни буюрди. Чошгоҳга бориб Шерка Жўрканинг “Замон-замон” қўшиғи янгради. Рухсат текканини англаган одамлар кўчаларга чиқдилар. Катта бир маҳалла ўрнида бир кечада замонавий спорт майдони барпо бўлганини кўриб, зиғирча бўлсин таажжубга тушмадилар. Бу каби номаъқулчиликларни мустақиллик йилларида кўравериб уларнинг кўзлари пишиб кетганди. Бироқ ичларида истамасалар-да, лабларини шукронага жуфтладилар. Пичирлаб замонага ҳамд-сано айта бошладилар, кулгилари келмаса ҳам кулдилар. Хурсандликларини билдириш учун киприкларига ёш томчиларини илдилар. Чунки улар пана-пастқамдан фуқаролик кийимидаги хавфсизлик ташкилотлари ходимлари ўзларини кузатиб турганини яхши билардилар.

Маҳалла портлатилгунча хавфсизлик ташкилотлари томонидан кўрилган тайёргарлик алоҳида таҳсин ва мақтовларга сазовор эди. Беш минг сонли қўшма кучларга “Жиблажибон” лақаби билан машҳури олам масхарабоз Али Шамма бош саркарда қилиб тайинланганди. “Ғилминдиқул” тахаллуси билан танқидшуносликда ном қозонган хиёнаткор Ахмақ Агза ва “Тузсизбек” дея танилган беқилиқчи Мурбе Холтойлар қўшма кучларнинг сиёсий йўриқчилари эдилар. Сенаторлар Содир Элбузар, Жоди Ҳамро, Сайё Раша, Иқбў Мурў, Све Артланта ва Акма Синса Саларлар жамоатчи маслаҳатчи мақомида эдилар. Фўска қорининг ҳам ғоявий раҳбарлар орасида салмоқли ўрни бор эди. Унинг ўлимини бир умр орзулаган Анбар қори, у ўтгач, минбар қуббасига ўтириб олди. Абдул Карим, Мавлу Асал, Озо Наза, Рав Омилов, Анва Сибиров, Але Бефайз, Зиёда Жинқарча, Райҳона Айрона, Ана Сана, Таҳ ва Рав Сиддиқлар “Барака топкурлар”тадбири амалга оширилаётган жараёнларда Хаши Исма дирижёрлиги остида,“Тўй бола, ҳой бола, Тўйга аталган қўйни сўй, бола”ни жўр бўлиб куйлардилар. Хор гуруҳини эшитиб турган етти маҳалла қўшиқ тугамагунча қадам босиб кўчага чиқмасди. Қачонки “Замон-замон бизнинг замон, даврон бизники, Қўлимизда еру осмон, имкон бизники” деган собиқ иттифоқни мадҳ этгувчи қўшиқ янграса, эшик-деразаларни зичлаб ёпиб олган одамлар хавф-хатарнинг ўтиб кетганини англардилар. Ўтган беш соат беш асрга тенг бўларди. Ўлмаганлар фойдага қолган умрларининг хумори билан яшардилар. Бу саргузаштлар олдида Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” ва Франс Кафканинг “Жараён” асарлари шунчаки бир чўпчак эди. Амалга оширилган ишлар учун “Нобел” мукофотига қўшиб Дуйсенбайга “Керак бўлса, ўз уйингни ўзинг асраб ол, ҳаром ўлгур” номидаги тинчлик ордени берилса, башарият тарихида адолат қарор топган бўлур эди.

Ўқувчини йўлдан адаштирмаслик учун келган жойимизда бир дам тўхтаб, чуқур-чуқур нафас олиб, юмуқ кўзларимизни катта-катта очамиз. Бир бошдан сўзласак, балки фикрларимиз аниқроқ чиқар. …Соат тунги уч-тўртлар чамаси. Хавфсизлик ташкилотларининг республика бўйлаб тўртанак каби бир-бирларига улаб қўйилган юз минглаб ишонч телефонлари жаранглаб кетади. “А” кўчасидаги “Б” сонли уйнинг “В” рақамли хуфияси томонидан маълумот тушганди. Билдирилишича, манзилда ҳизбут таҳрирчилар ва ваҳҳобийчиларнинг террорчилари ўлим тўрларидан ин қурган эдилар. Ёт ғоялар ва совуқ-иссиқ қуроллар билан қуролланган тўдаларнинг мақсад-муродлари мустақиллик илҳомчиси, тўкин-сочин ва осойишта ҳаёт гарови Дуйсенбайни ер юзидан супуриб ташлаш эди. Саксон олти яшарли Марусия исмли КГБнинг собиқ бевасига кўра, унинг сарқитини еб, чемпионлиги овозаю дарвоза урушқоқ хўроз Житириқ қаттиқ маст бўлади. Куч-ғайратга тўлган Житириқнинг кўзига ўйнашиш учун товуқ ёхуд тепишиш учун хашаки хўроз кўринмагач, у ҳожатга кириб-чиқаётган ишизловчиларга ташланади. Саккизта шотир бир вақтнинг ўзида Житириқнинг тан соқчилари эдилар. Улар хўроз танасидан битта пар учса, бошларини кундага қўйиб, Қора Бахти Голибой Глазнинг олдида масъулиятсизликлари учун жавоб берардилар. Гап-сўз Дуйсенбайга етмасдан, хавфсизлик ташкилотлари содир этилган жиноят хусусида унга ҳисобот беришлари зарур эди. Ҳисобот ўқиб чиқилиб, тузатишлар ва ўзгартишлар киритилгач, Дуйсенбайга тақдим этиларди. Қора Бахти Голибой Глазнинг орқасида Отамон турарди. У Дуйсенбайга сояда ҳақиқий қиёфадош бўлиб, тарозининг иккинчи посангисида турган сиёсатнинг лапанглаб кетмаслигини таъминларди. Ўта махфий ҳужжатларда “В” рақами билан қайд қилинадиган фаррош Марусия ишонч рақамларига қўнғироқ қилгач, уч дақиқа ўтмай тезкор гуруҳ оловли нуқтага етиб келди. “Кўрса босар”ларнинг махсус қаноти – “Ёвуз Темурзодалар” гуруҳи бошлиғи полковник Нурлибек Эскибоев эди. Тўс-тўполон бешафқатларча бостирилди. Исёнга йўл очган шотирлар ва террорчилардан иборат ўн олти каллакесар мардикор бозорининг жазо камерасига ташланди. Бу пайтда икки томонга бирдай хизмат кўрсатадиган мардикор бозори бошлиғи Жақиб хотинининг иссиқ қучоғида ширин уйқуда ётарди. Уни олиб келиш учун махсус бўлинма юборилди. У шошганидан хотинининг лозимини кийиб олди, елкасига чопон ташлаб, оёғига калиш илди. Ваҳимадан оёқлари, жун босган кўкраги, елкалари қаттиқ қалтирарди. У бурканиш учун чопонининг ёқаларини тортса, бари очилиб кетаётганди. Унинг ночор аҳволи полковник Нурлибекга қоқ нонга сурилган саримойдек ёқди. Жақиб миллий хавфсизликнинг нафақадаги подполковниги эди. Унинг бир умр жиноят оламига хизмат қилиб келаётганини хавфсизлик ташкилотидагилар билсалар-да, билмасликка олардилар. Ҳамма учун аён бу нарса ошкор этиладиган бўлса, миллий менталитетга мос тушмайдиган қўпол хато юз берарди. Орқасидан полковник Нурлибек аёвсиз жазоланиши мумкин эди. Полковник имосига маҳтал миршаблар шолкалтакларини шайлаб, Жақибга ёпирилдилар. У ўзини ҳимоя қилиш учун ерга ётиб олди. Қўлларини бошига чамбарак этганида, жун босган кўкраклари очилиб, оёқлари Шодмонқулнинг айриси каби тарвайиб қолди. Унинг атлас лозим ярашиб турган думбасига Нурлибекнинг суқи кетди. У турган жойидан сапчиб, унинг чотига жон-жаҳди билан тепгач, қайтиб ўтираркан, оёғини меҳр билан сийпаб қўйди. Роса бехато тепганидан у мамнун эди. Бу касб ваҳшийлик талаб этишини биладиган Жақиб тишини-тишига қўйди. Кимлигини била туриб ҳам полковникнинг ўзини тия олмагани унга алам қилмади. Аммо умрида илк марта бошига ёғилаётган шолкалтаклар жонидан ўтди. Ҳеч кимни назар-писанд қилмай, тўнининг бари билан атлас лозим ёпишиб турган орқасини ёпди. Ўтирган ўрнида бошини тиклаб, полковникка ёвқараш қилди. Унинг нигоҳидаги даҳшатли ғазабни бутун вужуди билан ҳис қилган полковникнинг ичидан қиринди ўтди. У, озроқ чида, дегандай чап кўзини қисиб қўйди. Истеъфодаги подполковник қўлларини тағин чамбарак қилиб дод-вой солди. Полковник тўхтатишга буйруқ бергач, “Ёвуз Темурзодалар”нинг шолкалтаклари ҳавода муаллақ қолди. У эмчагини киссавурга кестирган бозорчи хотиндай аюҳаннос солишдан тўхтамасди. Тиклаб қўймоқчи бўлганларга шаллақилик қилиб уларнинг дуч келган жойларига чанг соларди. Нима бўлдию, Нурлибек ўзи сезмагани ҳолда ўрнидан ирғиб турди ва унинг икки чоти орасига қоидага номувофиқ равишда яна бир тепди. Лов этиб ўчиб-ёнган Жақиб “ий-й-е” дея тишларини оқини кўрсатиб, иршайганга менгзаш бузуқбашаралик билан юзини тириштирди, бўғиқ чираниб, уф-ф деб нафас чиқарди. Кейин боши шилқ этиб тушдию, жони узилган кимсадек чўзилиб қолди. Ўзига навбат етишини ўйлаб музлаб ўтирган мардикор бозори бошлиғи ўринбосари Бахшилло қўрққанидан дир-дир титрай бошлади.

Қоққан қозиқдай серраймай ўл. Бор, тезроқ сув олиб кел! – деди унга полковник.
“Ёвуз Темурзодалар”дан бири ерда чўзилиб ётган Жақибнинг бошидан бир челак муздек сувни қуйди. У ёмон туш кўрган одам каби ётган жойидан сакраб турди-да:
– Онажо-он, ме-ен ўлама-ан… Мени бу жойдан олиб кетинглар! – дея ҳўнграб йиғлаб юборди.
Оёғидаги калишлар сочилиб кетган, атлас иштонининг липпасидан кекирдагигача бўлган ҳудудларни қоплаган қуюқ жун уни маймунга ўхшатиб қўйганди. Лозимининг бошқа хил матодан тикилган оғи қизил қондан шилта эди. Унинг ўрнида аёл кимса бўлганда, кўзи тушган одам, боёқишнинг ҳайзи бошланибди, деб ўйлаши ҳеч гапмасди. Қора башарасини беўхшов қилиб кўрсатадиган бўртиб чиққан икки ёноғи унинг нималар содир бўлаётганидан бехабарлигини, ўзгалар наздида, икки ҳисса оширарди. У икки қўли билан бошини чангаллаганча бўкириб йиғларди. Совуқдан қаттиқ уюшиб, қалтираётган тан-баданини идора қилишга уриниб ҳам кўрмасди. Бўртган ёноқларига қарама-қарши, бир лаҳза ичида тубига чўкиб бораётган қўй кўзларида сўнаётган умидларнинг кўланкалари ўйнарди. Собиқ ҳамкасабасини бир ҳаракат билан букиб олишга эришган полковник бундан мамнун эди. Жабирдийда қоқсуякдан келган бурундорбашара бўлгани учун кишининг раҳмини келтиришдан кўра кўпроқ ғашини келтирарди. Унинг ёш бола сингари “она”лаб йиғлаши ҳеч кимга ғалати туюлмас, дуйсенистонликлар учун бу кабилар мустақиллик йилларида одатий ҳолга айланиб бўлган эди.
Пачакилашиб ўтиришдан иш чиқмаслигини илғаган полковник уни камерага тиқтирди. Сўнгра Бахшиллога милтиқнинг ўқидек ўқталди. Мардикор бозори бошлиғи ўринбосарига унинг совуқ нигоҳи ажал ўқини отишга шайланаётган бешотар қўндоғи сингари қўрқинчли кўриниб, нигоҳини бошқа томонга олиб қочди. У ҳозир мени тепади дея ўйлаб, ётиб-олиб, қўл-оёғини кўтаргач, полковникнинг нияти ўзгарди. Уни пахса лойи сингари тепкиламаса, ўзини қўрқоқ деб ўйлашларини ҳис этаркан, у ваҳшийлаша бошлади. Ўқрайган нигоҳларга дош бера олмаган найнов Бахшилло типратикан сингари бошини ичига тортиб, ғужанак бўлиб олди. Зарбалардан оғзи-бурни қизил қонга бўялди. Нафратланган полковник унга обдон тупуриб, сўнгра бурнини қоқди. Қандайдир ёввойи туйғудан кўнгли таскин топгач, “сука” дея шотахтага зарб билан бир мушт туширди.

– Худо кўрсатмасин, жаҳлим чиқса ёмонман. Рўпара келганни йиртаман аммо! – дея сўнгра ўзига гапираётган одам сингари димоғида минғирлаб қўйди.
Унинг феъл-атворида авваллари бундай ғайрат-шижоатни кузатмаган “Ёвуз Темурзодалар” ўз кўзларига ишонмадилар. Бир-бирларига ҳайрон бўлиб термула бошладилар. Полковникнинг қалбида ўксиганга ўхшаш бир ғазаб бош кўтарди. У қозондек келадиган бошини ҳўкиздек чайқаб, шотахтага қайта бошқатдан мушт урди.
– Кўз уриштиришни ўйнашларга чиқарган. Ҳушёрликни қўлдан берманг, шоввозлар! – деди у. – Юртимизни илонлар билан чаёнлар босиб кетяпти. Додамизнинг хусусий-сиёсий шарҳловчиси Ғайғрулла амақи Ғурғиддиновнинг қиёфасини кўз олдиларингизга келтиринглар. “Р”ни бурро талаффуз қилолсангизлар ҳам, тилингизни чайнаб “Ғ-ғи-қ”, денглар. Ўрмаловчилар ва судралиб юрувчилар инларига қочиб кирадилар. Балли, балли, мустақилликка балли, ватани ва халқини шонли йўлдан бошлаган ўлмас ва йитмас додамизга – карвонбошига балли. Балли, балли…

У жазавага тушиб, “рок” услубида куйларкан, тўққиз марта шотахтага мушт туширди. Полни тепиб, эчки каби шифтга ирғишлади. Қўққисидан пайдо бўлган руҳиятидаги кўтаринкилик унинг ўзини босиб олишига монелик қиларди. Фавқулодда ҳолатдан “Ёвуз Темурзодалар” хижолатга тушиб қолган эдилар. Полковникнинг кутилмаган шижоати шумликдан қайнаб турадиган юракларига муз солиб қўйган, улар тилларини тишлашга маҳкум эдилар, томирларида ҳайиқиш захмлари илдиз ота бошлаганди.
Полковник ўзи бошчилик қилаётган турли миллатлардан тузилган ўттиз икки кишилик “Ёвуз Темурзодалар” байналмилал гуруҳидан ўттизтасининг ўзга ташкилотлар фойдасига айғоқчилик этишини яхши биларди. Уларнинг камида ўнтаси миллий хавфсизлик хуфияси эди. Шу ўнлик ичидаги уч хуфия АҚШ билан Исроил фойдасига жосуслик қиларди. Учтаси Русия ва Хитой айғоқчилари эдилар. Қолган тўрт хуфиянинг биттаси Отамоннинг фаррошига хизмат кўрсатса, биттаси Марокаш билан Бургундия фойдасига маълумот йиғарди. Биттаси Пол Пот ва Пиночет режимидан қолган унсур эди. Уни “сарқит” дея камситмоқчи бўлардилар. Ўн айғоқчидан биттасининг кимга боғлиқлиги мавҳум эди. Мудофаа ва фавқулодда ҳолатлар боқонлигининг ҳам “Ёвуз Темурзодалар” орасида ўн икки вакили бор эди. Улар орасидан икки хуфия Гулбиддин Ҳикматёр билан Абдирашид Дўстим фойдасига иш битирарди. Бир замонлар Саддам Ҳусайн билан Туркманбошига хизмат кўрсатган икки айғоқнинг бири Ироқ шиаларига ён босса, иккинчиси сунна маҳзабидагиларга ён босишга тиришарди. Қолган икки айғоқнинг биттаси тўғридан-тўғри Дуйсенбай билан боғланган бўлса, иккинчиси иқтисодиёт боқони ва бош боқоннинг топшириқларини бажарарди. Фавқулодда ҳолатлар боқонлигининг олти айғоғидан бири Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовга, иккинчиси Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга, учинчиси Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга ва тўртинчиси Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев фойдасига жосусликни амалга оширарди. Қолган икки айғоқнинг бири Алимжан Бурига ва бири Бахрам Рузимухга “пи-пи”га оид ҳужжат-далиллар йиғиш билан овора эди. Ўттиз икки шоввознинг бештаси “Ёнғин хафвсизлиги” айғоқлари бўлиб, шундан иккиси машҳур полвон Абдул Тангирга ажратилганди. Нон полвон валюта алмаштириш шохобчасига доллар сотиб олиш учун борганда, улар уни оч ва ялонғоч фуқаролар тажовузидан иҳоталардилар. Иккитаси Дуйсенбайнинг қизларининг терминатор-инфарматорлари эдилар. Бешинчи айғоқ кечалари тушларида кўрганларини кундузлари ҳеч кимга гапириб бера олмаган пайтларида, Хўршуд Дўсмахам билан Ахмақ Мазамга мактуб битиш билан машғул бўларди. Айтганимиздек, “Ёвуз Темурзодалар” эканликларидан ҳожатхонага кирганда ҳам фахрланадиган ўттиз икки айғоқнинг иккитаси қайси ташкилот фойдасига жосуслик қилиши ноаён эди. Уларнинг ўзларини сирли тутишлари кўркларига кўрк, салобатларига салобат бағишларди. Дуйсенбай бу икки айғоқдан Гидлян билан Ивановдан қўрққандай қўрқарди. Полковник Нурлибекнинг ўзи, шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғидан ташқари, бош боқон ўринбосари Абгор Зиппиевич Ўсмаевга ҳисобот берарди. Абгор Зиппиевич ўз навбатида ҳурмат-эътибори Дуйсенбайникидан кам бўлмаган Отамонга бўйсунарди. Вақт етди дегунча йиғилган маълумотларни қўлтиқлаб унинг олдига чопарди. Бақа кўрса ижирғанадиган башарасига кўзи тушган Отамон унга ўлганининг кунидан лабининг бир бурчагини мажбурлаб бўлсаям илжайтирарди. Бу унинг узоқ йиллик садоқатига илтифот рамзи эди. Бундай пайтларда у Гулсанамнинг йиртиғига теккан кабобчининг ис олган бурнидек ийиб, суйлоқдек-сўйлоқдек сарғайган тишларини кўрсатарди. Овозсиз кулиб, ўлган ҳўкизнинг кўзларига ўхшаш бақа кўзларини ерга тикарди. Ўзини жаҳаннам домида ҳис қилган Отамон ҳеч замонда очилмайдиган қовоқларини баттар уйиб, аввалгидан ҳам қўрқинчли қиёфага кирарди. Шунда тунд башараси чўчқа терисидай баттар дағаллашиб кетарди.

Хуллас, ўттиз икки кишилик қузғунлар гуруҳи ичида полковник Нурлибекнинг ўзи ўзига тегишли эмаслиги рўй-рост эди. “Ёвуз Темурзодалар” гуруҳи ҳақидаги маълумотнома Отамон билан Дуйсенбайнинг қўлида бўлиб, улар ҳам бир-бирларининг қўлидаги йўриқнома моҳиятидан бехабар эдилар. Мамлакат тақдирини ҳал қилишга қодир бу икки кимсадан ҳар бирининг ўз манфаати бор эди. Қизиқишлар бир нуқтада кесишмагани учун улар жамиятни ҳар томонга қараб тортардилар. Улар ташқи дунёдаги қай бир давлатни ёки қай бир шахсни ҳамкор сифатида кўришларини ўзгаларга билдириб қўйишдан ҳайиқиб яшардилар. Дўст деб кўриладиган мамлакатлар ютуқлари халқ кўзи учун Дуйсенбай томонидан хўжакўрсинга намойиш этиларди. Хавфсизлик боқонлари эса, “дода хафа бўлмасин тағин” дея, уни йўлига қўллаб-қувватлардилар. Отамоннинг ўта нозик мавқеда бепарволигига сабаб – хавфсизлик боқонларининг эллик бир фоиз ваколати ўзига тегишли эканлигида эди. У томонлар ўртасида келишмовчилик юз беришини узоқ йиллардан бери кутарди. Тушунмовчилик юзага қалқиса, келишувга кўра, аксияларнинг юз фоизи унинг инон-ихтиёрига ўтарди. Режа амалга ошса, у Дуйсенбайни қамоққа ташлаб, унинг қизи Батангулни никоҳига олар ва муносиб ворис сифатида ўзи тахтга ўтирарди.

Бу ишлардан ҳаминқадар хабардор полковник шунинг учун Абгор Зиппиевичга итоат этишни одат қилганди. Қўли остидагилар устидан ошкора кулганларидаям, уларни назар-писанд этмасди. Отамон ҳукумат тепасига келса, Абгор Зиппиевич унга ички ишлар боқони лавозимини ваъда берганди. Шундай пайтларда у ўзини овсарлардек тутса, вазият йўналиши унинг фойдасига ишлар, устидан кулаётганларнинг ўзлари бир кун кулги бўлишини у яхши биларди. Шу тобда ҳам ҳар бир миршаб териси остига ва жунлари орасига эшитиш ва тасвирга олиш жиҳозлари ўрнатилган бўлиб, дунёнинг тўрт бурчида фаолият олиб бораётган жосуслик ташкилотлари бу ерда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни кузатиб турардилар.

Ўзининг қувлигига ишонадиган полковникнинг бироз ҳовури босилди. У ўзини зағизғоннинг остидан тухумини олган туллак деб ўйлаётган бўлсаям, юраги бетлаб шотахтага мушт солганини ўйлагач, қўрқувдан музлай бошлади. Бу ҳолатни қўлойнадек соткаси экранида кўриб турган Абгор Зиппиевичнинг бақасимон башарасини кўз олдига келтираркан, у сийрак қошларига ўрнатилган яширин камерани ёноғидаги сўгалини силаган баққол каби жимжилоғининг учи билан эзиб қўйди. Жаҳли чиққанда куйдирилган калладек ёқимсиз тиржаядиган Абгор Зиппиевичнинг сўйлоқдек-сўйлоқдек сарғайган тишлари бўри ғажиган эшак қавурғалари сингари унинг кўзлари олдида панжарасимон бўлиб тизилди. Ўзини тимсоҳ домидаги ғизолдек ҳис қилган бечора бошини орқасига ташлаганини ўзи ҳам билмай қолди. Шунда унинг курси билан ағдарилиб тушишига бир баҳя қолди. Ўндан бир шашти қолмаган “Ёвуз Темурзодалар”нинг ўтакалари ёрилай деди. Улар буйруқ кутиб, қоп-қора шолтўқмоқлардек қотдилар. Ўзини ўнглаган полковник сир бой бермасликка тиришиб қовоқларини уйди. Уйқудан уйғонган айиқдек керишиб, томоқ қирди.

Ғазаб билан шотахтага мушт солиш, телефон аппарати билан боқонлар бошини уриб ёриш Дуйсенбайнинг севимли эрмаги эди. Бу трюкни такрорлаган кимса ўлкабошиликка даъвогар кўриларди. Мустақиллик йилларида мана шу трюкни такрорлаган уч минг бир юз қирқ тўққиз раҳбар қамоқхоналарга ташланганди. Улардан ўнга яқини майиб-мажруҳ ҳолда ортига қайтди. Қолганлари борса-келмасга рихлат қилдилар. Азбаройи садоқатларини ўлимлари билан исботлаган бахтиқаролар шу усул билан оилаларини сақлаб қолишга эришгандилар. Ажални ихтиёрий қаршиламаганларида, бутун авлод-аждодларини ўзларидан олдин асфаласофилинга равона қилган бўлардилар. Мустақилликнинг суронли чорак асрлик синовларидан эсон-омон ўтган полковникни жин чалмаганда, била туриб шотахтани муштлармиди?!

Кечирилмас хатосини қон билан ювишни ўйлаган полковник дами чиққан пуфак сингари пучмайди. Уни кўз узмасдан кузатаётган “Ёвуз Темурзодалар” бундан ўзларича хулоса чиқардилар. Афтидан, бошлиқларининг борган сайин қисилаётган кифтлари ўлжасига ташланмоқчи бўлган қоплон вожаҳатини эслатарди. У ақлдан озмаганда, қиёмат қойим қўпсаям, шотахтани муштламасди. Бўлмас иш бўлди. Валлоҳи-аълам, унинг руҳиятида қандайдир жараёнлар кеча бошлади. Бўлмаса, ўлимтик еган мушук каби мижиб юрадиган бир кимсанинг ўз-ўзидан дум тиклаши осон эмас эди.

“Ёвуз Темурзодалар” ўзларини осмоннинг устуни деб хаёл этардилар. Улар хизмат кўрсатадиган ташкилотлар “кўринмас қўл” томонидан бошқариларди. Бу қўл соҳиби Путин, Барак Абамага ўхшамасди. Исҳоқ Рабин ҳам эмасди. Бу полковникка тунда кўрилган хира тушдек аён эди. Шунинг учун унинг хато қилишга ҳаққи йўқ эди. “Кўринмас қўл”нинг қарори Дуйсенбай учун ҳаёт-момот масаласи эди. Унинг кимлигини билмайдиган Дуйсенбай уни худо деб ҳисобларди. Шотахтага мушт тушириш ва телефон аппарати билан боқонлар бошини уриб ёриш ваколатини унга ўша инъом этганди. Полковникка жазо тайинланмаса, у Дуйсенбайни бир кечада борса-келмасга равона этиши тайин эди. Тушларида ҳам шу ҳол рўй беришини орзу қиладиган Отамон учун айни муддао бўлган бу иш полковник учун азбаройи ажал эди. Дуйсенбай тизгинларни қўлдан чиқазса, тахтга эришган Отамоннинг давлат раҳбари сифатидаги биринчи иши полковникни ўлимга маҳкум этишдан бошланарди.

Полковник йўл қўйган хатосидан аламзада бўларкан, яна қаҳр билан шотахтага мушт туширганини билмасдан қолди. Назоратни йўқотаётганидан ўзи ҳам ҳайрон эди. У ичида ночорлик туяркан, оғзи-бурнининг қонини артаётган Бахшиллога боқди. Кўнгли юмшаб, кўзлари намлангандек туюлди. Кафти билан ёноқларини силаганди, кўзлари олдида Абгор Зиппиевичнинг совуқ афт-ангори гавдаланди. Абгор Зиппиевич ундан ҳар гал оғир-босиқликни талаб этарди. Муттаҳамларни “Ёвуз Темурзодалар” қўли билан жазолаш эҳтиёткорликнинг биринчи шарти, дея уқтирарди.

– Найнов, сен асли қаердансан?
– Фалон вилоятнинг узоқ бир қишлоғиданман, Нурлибек ака! – жавоб қайтарди алвираганидан оғзига босиб турган қонли рўмолчасини ерга туширган Бахшилло.
– Мени ака дема, падарингга уч юз минг марта лаънатлар ёғилгурнинг ҳароми боласи. Қанақасига ака бўламан? Сени умримда биринчи бор кўриб турибман. Астах-хфуруллох, астах-хфуруллох, охирзамон бўлмаса яхши эди…
Ҳеч нимадан ҳеч нимага полковник яна тутақа бошлади. Мардикор бозорига танда қўйган полковникни бошлиқ ўринбосари қанчалар яқиндан таниса, полковник уни ундан ҳам яхшироқ танирди. Дуйсенбай ҳар куни икки марта ўтадиган Дўлма йўли кўчасини тиш-тирноқларигача қуролланган “Ёвуз Темурзодалар” қўриқлардилар. Уларнинг бошлиғи полковник Нурлибек Эскибоев эди. У ҳафтанинг беш кунида ҳар куни икки марта Мардикор бозорига бурун тиқарди. Жақиб йўқ пайтларда унинг ўринбосари Бахшилло билан ички вазият хусусида суриштирув ишларини амалга оширарди. Мардикор бозори орқасидаги автобус паркини Қора Бахти Голибой Глаз бир каллакесар ажнабий номидан арзимаган баҳога сотиб олганди. “Ёвуз Темурзодалар” аксар вақтларини шу жойда, ташландиқ бир автобус ичида мудраб ўтказардилар. Дуйсенбай карвонсаройга ўтишидан бир соат олдин улар пистирмадан чиқиб, карвонга террорчилар ташланиб қолмасин деган хавотирда чор-атрофга тузоқ қўярдилар. Қизиғи, тузоққа чорак асрдан буён сичқон тугул суварак ҳам илинмасди. Уларнинг қўлларида қирқма Калашников, белларида қўрғошиндан қуйилган икки тиғли пичоқ осилган бўларди. Юзларига Райҳона Асалхўжаева билан Ҳосила Кубаеванинг эски-туски пайпоқларидан қора ниқоб тортган, вожаҳотларини ошириш учун бошларига ҳўкиз шохи ўрнатилган каска кийган, югурганларида мувозанатларини йўқотмасликлари учун думғазаларининг тугилган жойига кенгурининг думини улагандилар. Оёқларига кийган десантча маҳси-кавушларининг ўкчасига қоқилган тақалари – “Камаз” машинаси рессоридан букиб, йигирмалик мих билан урилганди. Пошналарини тошга урганларида момоқалдироқ сукутга кетарди.

“Ёвуз Темурзодалар”нинг бошлиғи полковник Нурлибек Эскибоев мардикор бозорига ташриф буюрса, Бахшилло унинг истиқболига чинни чойнакда иссиқ кўк чой, иккита патир, бир тақсимчада парварда, бир тақсимчада қора майиз кўтариб чиқарди. Унинг фаҳм-фаросатлилигини полковник бир гал Қора Бахти Голибой Глазнинг қулоғига шипшитганди. Улар ўшанда Оқ уйда Абгор Зиппиевичнинг туғилган кунини нишонлаётгандилар. Димоғидан эшак қурти ёғиб турган Қора Бахти Голибой Глаз Бахшиллони яхши таниса ҳам, танимаслигини, мардикор бозор тўғрисида эшитмаганини гапирганди. Буни полковник Абгор Зиппиевичга етказганида, у полковникни жеркиб берди. Шу-шу, у кўчанинг ўзига яраша қонун-қоидалари, шакл-шамойили борлигини, мамлакат қонунлари фақат фуқароларни чалғитиш учун тўқиб чиқарилишини билганди. Жиноят олами қонунлари – камситилган, омадсиз бир қатламнинг камситувчиларга қарши яхлит ва изчил, кўринмас нафрати эканлиги унинг хаёлига ҳам келмасди. Икки орада интизомли фуқаролар жабр тортардилар. Зарур бўлса, ҳокимият тепасидагилар билан жиноят олами корчалонлари қоронғида топишиб олаверардилар. Унинг учун бу нарсаларнинг сариқ чақачалик аҳамияти йўқ эди.

Полковник рўзғорининг бутун камомадини мардикор бозоридан тушадиган улушининг фойдаси билан бутлаб турарди. У ҳар сафар бу жойга кириб-чиққанда, чўнтаги қаппайганидан суюнарди. Жақиб йўқлигида чўнтагига қўлини тиқадиган Бахшиллони бағрига босиб, қош-кўзларидан ўпгилари келарди. Қора Бахти Голибой Глазнинг айтганлари замирини у энди англаётганди. “Оқ туя кўрдингми? Йўқ!” деган халқ маталида олам-олам маъно борлиги энди унга ойдинлашмоқда эди. У Отамоннинг ўнг қўли бўлмиш Қора Бахти Голибой Глаздан бекорга хафа бўлганди. Бу жойларнинг хўжайини у бўлгани билан, бутун мол-мулки ҳужжатларда бошқа кимса номига расмийлаштирилганди. Бу эҳтиёткорлик замирида жорий ҳукуматга ишонч йўқлигини полковник Абгор Зиппиевич ўзини қаттиқ жеркиб ташлаган кунгача тушунмасди.

– Сени бу ерда кўрмаган эканман. Қаердан пайдо бўлдинг, ит? Отасини ўлдирган қаланғи-қасанғи, кўр, чўлоқ бўлса, бари Дуйсенистонга қочади!
Бирортаси Дуйсенистонда туғилмаган “Ёвуз Темурзодалар”, ўзинг қаердан келгансан, қишлоқи, дегандай, кўзларининг қирлари билан бошлиқларига ёвқараш қилдилар.
– Етти йилдан буён шу ерда яшайман. Сиздан илгариги “Ёвуз Темурзодалар” бошлиғи Мингборкўрим ака билан ҳам ишлаганман! – деди қўрққанидан чайналган Бахшилло.
Унинг очиқдан-очиқ, мени яхши танийсиз-ку, дейишга юраги дов бермади.
– Нимага мижғовланасан? Бурро-бурро гапир, ифлос! Оғзингга фалоним, туҳмат қилишга уялмайсанми? Паттафурушлик қиладиган ўша Мингборкўримингни умримда бир бора кўрмаганман. Ёлғон гапирганинг учун адолатли қонунларда жазо белгиланганлигини биласан-а?
– Билмайман, ўртоқ командир! – деди нималар содир бўлаётганига ҳалига довур фаҳми етмаётган Бахшилло “ака” деб юборишдан чўчиб.
– Билмасанг, билиб қўй, ҳайвон. “Ўртоқ” деётганингга кўра, коммунистлардан бўлиб чиқма тағин. Эшитишимча, бошлиқ ўринбосаримишсан, сурбетбачча. Бошлиғингнинг айтганлари тўғри бўлса, содир этилган жиноятни ўз кўзинг билан кўрипсан, экан, барини шошмасдан, бир бошдан айтиб-бера оласанми?
Ёлғон гапирганлик учун қонунларда жазо бор, деган сўзларга ишонқирамаётган Бахшиллонинг хаёли бошқа жойда эди. У, полковникнинг айтганлари рост бўлса, нима учун бутун карвонни йигирма беш йилдан буён алдаб чарчамайдиган Дуйсенбай жазоланмайди, деб ўйлаётганди.
– Ҳа! – деди ўзини хаёллари оламидан тортиб олган Бахшилло. – Аммо лекин мен коммунист эмасман!
– Тўй қилиб айтасанми? Айтмоқчи бўлсанг, айт-да, фалонингга фалон қилайиннинг боласи. Ўзинг коммунист бўлмасанг, отанг коммунистдир, отанг коммунист бўлмаса, бобонг коммунист бўлгандир. Бунинг ишимизга алоқадор жиҳати йўқ. Ортиқ бу ҳақда гапирсанг, ўттиз икки тишингни қоқиб оламан!
– Рухсат қилсангиз, айтиб бераман!
– Рухсат?! Мени кўп гапиртирма, қон босимим кўтарилиб кетяпти. Яна бироз жаҳлимни чиқарсанг, қўзичоқни ғажиган оч бўри сингари сени ғажиб ташлайман-а, онагни …ни келгиндиси…
Полковник тишларини қисиб, мушт кўтарганда, кўзлари Дуйсенбайнинг девордаги қиёфасига тушгач, қўлини тушириб чўнтагига тиқди. Хатосини бу сафар вақтида тузатаркан, ақли-ҳуши ўзига қайтаётганидан енгил нафас олди.
– Шошма, болам! – деди Бахшиллога мулойим боқиб. – Сени Азроил ёки “Ёвуз Темурзодалар” қувлаётгани йўқ. Кўрганларингни бир бошдан бафуржа сўйлайвер. Илғаганларимизни хотирамизга темирчининг болғаси билан михлаб борамиз, тушунмаган жойларимизни қайта-қайта сўраб, пўчоғидан мағизини ажратамиз. Бир қарорга келгач, хулосаларимизни айтамиз, сен жабрланувчи сифатида эшитганларингни шаҳар ички ишлари бошлиғи номига чиройли қилиб ёзиб берасан. Қани болам, бошла. Ҳай, баракалла-а…
Шотирлар бошлиғи ўринбосари руҳий далда олди. Рўмолчасини чўнтагига тиққач, бурнини қўли билан ишқаб, тортиб қўйди. Сўнгра Марусиянинг бўкиб еб, кекирдагигача вино ичганидан бошлаб, воқеаларни бир-бирига улаб кетаверди. Сарқитни лаққа-лаққа ютган Житириқнинг олазарак бўлиб макиён қидиргани борми, ишизловчиларни тепиб-чўқиб, елкаларига сакраб чиққани борми, товуқ сингари уларни босгани борми, ҳеч бирини хотиридан соқит этмади. Ғайриоддий нарсаларни жон-дилларидан хуш кўрадиган “Ёвуз Темурзодалар”га бу ҳикоя жуда ёқиб тушди.

Бахшилло мардикор бозорда етти йилдан буён бошлиқ ўринбосари бўлиб ишлар, полковникни яқиндан танирди. Генерал Мингборкўрим Ўлқаниев “Ёвуз Темурзодалар” бошлиғи лавозимида ишлаган йилларда майор Нурлибек Эскибоев гуруҳнинг мафкуравий ишлари ўринбосари вазифасида фаолият юритарди. Генералнинг ўтакетган суюқлигини ҳисобга олмаганда, у қадар ёмон одам эмасди. Бошига ҳам хотинбозлиги етди. Мастлигида Марусияни зўрлаб, номусига тажовуз қилгач, полковник унвонини олган майорнинг куни туғди. Генералнинг тўқсонга яқинлашган фаррошга кўз олайтиргани Қора Бахти Голибой Глазга ёқмади. У Дуйсенбайнинг бобосининг маржасини босқилаганларни хушламасди. Мингборкўрим ёрдам сўраб Абгор Зиппиевнинг ёнига борди. Абгор Зиппиевичнинг орага тушганини кўрган Отамоннинг фиғонидан тутун чиқди. Унинг ўзини олти ой ён-верига йўлатмади. Ҳукумат билан жиноят олами орасидаги иқлимни мўътадил ушлайдиган Абгор Зиппиевич тўсиққа учрагач, барча ишлар бир жойда депсиниб тураверди. Икки ўртада бор оғирлик Дуйсенбайнинг зиммасига тушди. Тизимлар издан чиқа бошлади. Бўлавермагач, Дуйсенбай нариги дунёга ҳадсиз-ҳисобсиз совға-саломлар жўнатди. Ертелефонда Амриқо мафияси отаси Ал Каппондан кўмак сўради. Отамон марҳумнинг юзидан ўтолмагач, Абгор Зиппиевич иккаласини Дуйсенбай шахсан ўзи қўл олиштириб, яраштириб қўйди. У ортиқ бир нима деб бўлмаслигини англагач, Абгор Зиппиевичнинг тавба-тазарруларини инобатга олиб, генерал Мингборкўрим Ўлқаниевни “Ёвуз Темурзодалар” бошлиқлигидан олиб ташлади. Бир неча йиллик меҳнатларини инобатга олиб, уни Аскирди бозорига паттачилар бошлиғи лавозимига ўтказди. Барча учун кўнгилсиз ҳисобланган бу ишлар полковник учун хайрли бўлиб чиқди. Отнинг ўлими қашқирларга байрам, деганларидек, у тақдир инояти билан қўл етмас чўққини забт этди. Ўтган тўрт йилдан буён полковник билан мардикор бозори бошлиғи ўринбосари бир-бири билан оғиз-бурун ўпишишмаган кунлари йўқ эди. Вақти-соати етиб уларнинг бир-бирлари билан етти ёт бегоналар сингари муомалада бўлишини ким ўйлапти дейсиз?!

Генералнинг хавфсизлик ташкилотларига расмий-норасмий тарзда узоқ йиллар давомида қилиб келган самарали меҳнатлари уч лаҳзалик шаҳватни дея ҳаволарга совурилди. Унинг оёғини ялагудек бўлиб эргашиб юрадиган полковникнинг тили чиқиб қолди. Унинг гап-сўзларига қараганда, генерал номига нолойиқ Мингборкўрим Ўлқаниев жуда эски, шилта хотинбоз эди. У ёши олтмишдан ошган, неварали-чеварали кампирлардан ўйнаш орттиришни болалигидан маъқул кўрарди. Унинг болалик чоғларидаги сирли ҳаётидан полковник Бахшиллога кўпгина ҳикоялар сўзлаб берарди. Уларга таяниб фикр юритадиган бўлсак, олис бир қишлоқдан келиб тарих куллиётини тамомлаган Мингборкўрим ҳақда баъзи маълумотларга эга бўламиз. Бешта ҳўкиз эвазига у олий маълумотли деган қизил диплом олди. Ҳарбий қўшинлар сафида хизмат ўтагани қўл келиб, ички ишларга жойлашди. Берса, қўш қўллаб беради, деганларидек, ишни шўролар замонидаги уллидўконда шалпанқулоқнинг шаҳарликларни аҳмоқ қилгани унга қаттиқ ботарди. Орқасидан “Чўмилишни эплай олмайдиган бир ҳарип-да”, деб, бақа башарасини ишшайтириб кулса ҳам, ўзини кўрганда қўлини кўксига қўйиб, ундан олдин салом берарди.

Кинначи кампирнинг эшигига ўғил ниқоби остида мардикорликка тушгунига қадар эгни битиб, қорни нонга тўймаган Мингборкўримдек бир йигитнинг тўсатдан бойиб кетиши, унинг диди ва фаросатининг ўсишига таъсир қилмаган бўлсаям, юриш-туришини ўзгартириб юборди. Шакл-шамойилига таъсир ўтказди. У миршаблик мундирини ечганда тўртта туки қолган бошига ясамасоч кияр, пўрим ва қимматбаҳо либосларга чиллалик келинчаклардек бурканиб оларди. Йўлда-изда унга кўзи тушган қиз-жувонлар у кўздан йитгунча ортидан тикилиб қолардилар. У ўз жазманларининг кўнгиллари суст кетиб, суқланишларидан чексиз шавқ туярди…
Экрандан “Ўлим” поезди чиқиб келди.

У тўхтагач:
– “Пахтакор” бекати! – деган Дуйсенбайнинг овози янгради. – Бу ердан “Дуйсенистон” йўлининг “Алишер Навоий” бекатига ўтилади. Вагондан чиқаётганларингизда буюмларингизни унутманг. Шубҳали буюмларни кўрганингизда метрополитен ходимларига хабар беринг. Огоҳ бўлинг!
Ҳамма чиқди. Бироқ поездлардан ҳеч ким тушмади. Сўнгра:
– Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади! – деган овоз янгради. – Кейинги бекат “Мустақиллик майдони”. Ҳурматли йўловчилар, ёш болали, ногирон ва ёши катта йўловчиларга жой беринг! “Озодлик” бекатига борадиган йўллар ёпилган. Кўп чиранманг, фойдаси йўқ…

Баҳромнинг кўзлари олдида яна боғ пайдо бўлди. Япроқларини тўккан дарахтлар қиш уйқусида эди. Елвизакда чирпирак учиб ёғаётган қор симторга чойшабларни илаётган кампирга ўхшарди. У руҳларни чиркинликлардан тозаламак учун келганди. Бундан Баҳром ўз вужудида енгиллик ҳис этган эса-да, лаҳзалар ичида шуурида рўй берган воқеа-ҳодисалардан таажжубда эди. У яна ғалати ҳолатга кириб қолганди. Тассаввурида Ўзбекистон билан Дуйсенистон бир-бирлари билан аралаш-қуралаш бўлиб кетаётганди. Нималар рўй бераётганига унинг ақли етмасди…

Шунда, хонага ҳовлиқиб Тўрабика кириб келди. У тушида кўрганларини шоша-пиша Мирзелимбайга сўзлади. Ўзи ҳам худди шу манзарани кўрганини айтган Мирзелимбайнинг ваҳимадан кўзлари хонасидан чиқай дерди. Шерикларини тинглаган Баҳром ҳеч қанақа туш кўрмаганини айтди. Унинг дарди ичида эди. Ўзини ўзидан ўзга биров тушунмаслигини у яхши биларди…

(Асарнинг давомини ўқиш учун линкни босинг)

windows 10 kaufen office 2019 kaufen office 365 kaufen windows 10 home kaufen windows 10 enterprise kaufen office 2019 home and business kaufen office 2016 kaufen windows 10 education kaufen visio professional 2019 kaufen project 2019 kaufen project 2016 kaufen visio 2016 kaufen windows server 2012 kaufen windows server 2016 kaufen windows server 2019 kaufen betriebssysteme office software windows server softhier instagram türk takipçi satın al instagram türk beğeni satın al instagram görüntülenme satın al instagram otomatik beğeni satın al facebook türk beğeni satın al facebook sayfa beğenisi satın al facebook türk takipçi satın al twitter türk takipçi satın al twitter türk beğeni satın al twitter retweet satın al youtube türk izlenme satın al youtube türk abone satın al takipçi hilesi