Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (14)

Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (14)
52 views
08 August 2014 - 9:27

(Давоми. Асарнинг бошини ўқиш учун линкни босинг)

Ўн учинчи боб

Дуйсенбай ана ўша маросимдан Қорасаройга қайтгач, ўзини мистер Куаро деб аташларини талаб қилганди. Машҳур изқувар сингари кийиниб, қўлига ҳасса олганди. Бошига қора кигиздан шляпа қўндириб, мўйловининг икки учини бураб, юқорига кўтариб қўйганди. Ўша замонлар услубида кастум-шим кийиб, бўйнига капалак нусха галустук илганди. У ўта пўрим кийинган бўлса ҳам, кийимларидан қадим замонлар модасининг эскирган ҳиди анқирди. Оёғидаги қора чарм туфлиси кўзга қўпол кўринсада, ўта пишиқ ва пухта қилиб тикилганди. Манглайига туртиб кирган голландиялик академикнинг икки пистонини ҳисобга олмаганда, улар икки томчи сувдек мистер Куаро билан ўхшаш эдилар. Дуйсенбайнинг пачақ бурни ва қисиқ кўзлари мистер Куароникига бироз менгзамасди, холос. Кўзларига тақиб олган буқаламун тасвири туширилган “хаммелион” кўзойнак ҳам албатта, “ўзимизга хос, ўзимизга мос” тушганди. Янги чемпион совға қилган ноёб кўзойнакни у ёқтириб қолиб, кечалари ҳам кўзидан ечмасдан тўшакка кирарди. Унинг ўзини, машҳур изқувар “мистер Куаро” деб эълон қилишга мажбурлаган асосий сабаб, хавфсизлик хизмати боқонининг Дуйсенбайни ёлғон гапириб, чалғитгани бўлди. “Шундай бўлмаганда, ҳамманинг кўзи ўнгида Қорасаройни ўмариб кетган “учар” изини чанг босмасдан, жиноятни фош этардим”, дея унинг генералидан жаҳли чиққанди. У мистер Куаро қиёфасига кириб Дейсенистон ҳудудларида, Қорасаройда туриб тафтиш ўтказмоқчилигини ҳам яширмасди. Дуйсенбай барча боқонларининг қинғир-қийшиқ ишларини беаёв фош этиб, халқнинг кўзига ўзини уддабуррон ва мамлакат учун жонфидо қилиб кўрсатмоқчи эди. У фуқароларни гўл қилишнинг биринчи усули дея, мана шуларни дастуруламалида бош мақсад қилиб белгилаганди. Аммо, у бу ишларнинг ҳеч бирини ўз ихтиёри билан амалга оширмаётганини англамасди. Англашни хоҳлаганда ҳам, дастурланган режалар бунга йўл бермаган бўларди. Унинг манглайига қадалиб қолган пистонлар шунчаки бекорга эмасди. Биз Голландия ҳукуматига тегишли дея тахмин қилган бу пистонлар кейинги маълумотларга қараганда, “чап қанот”га тегишли эди. Жарроҳларнинг уни кесиб олиб ташламаганларининг ҳам сабаби, улар шу заҳоти илдиз отиб, Дуйсенбайнинг миясининг ажралмас бир қисмига айланганди. Пистонга тиғ тегса, у тил тортмасдан ўларди. Жимжилоқ бармоқнинг тўртдан бирича келадиган пистонларда бутун бир микроарсенал жойлашган бўлиб, у бутун маълумотларни ипидан-игнасигача оқизмай-томизмай “чап қанот”га етказиб турарди. Уларга киритилган дастурлар ҳажми, Тошкентда жойлашган Амриқо элчихонаси қатида ўринлаштирилган кимса билмас база фаолиятидан бир неча баробар улкан эди. Амриқо элчихонасининг пинҳона базаси кўлами эса, Қирғизистондаги “Манас” ҳарбий базасига бир неча баробар келарди. Шунга қийёсан, пистонларнинг қанчалар куч-қудратга ва қийматга эга эканлигини осонгина билиб олса бўларди. Асносида, Дуйсенбайнинг бутун шуури, фикри-зикри ва руҳияти ўша ёқдан туриб бошқариларди. Унинг ўзича бир иш қилиши нари турсин, ҳожатга кириб чиқиши ҳам ўша ёқдан дастурланганди. Энг хатарлиси, мистер Куаро қиёфасига кирган Дуйсенбайнинг расми чоп этилган газета-журналлар ва плакатларнинг Дуйсенистон бўйлаб ёйилиб кетиши эди. Бутун халқ “дода”ларига ўхшаш учун у каби кийинишга зўр берарди. Қўлида тўрт сўм пули борлар етмаганига қарз кўтариб, “Мистер Куаро” кийим-бош жамламасини унча ҳам қийналмасдан қўлга киритардилар. Пули йўқлар мол-ҳолини ёхуд машинасини, у ҳам бўлмаса уй-жойларини сотиб бўлса ҳам, “Мистер Куаро” уст-бош жамламасига эга бўлишга тиришардилар. Ҳаром-ҳалолдан бойлик орттиришнинг ҳаддисини олган хавфсизлик ташкилотларининг вакиллари эса, “Мистер Куаро” уст-бош жамламасининг турли-туманини сотиб олиб, кийиб, оддий халқнинг кўзини қиздирарди. Борига шукури йўқлар, қўли етмас дорга осиламан дея, кун-кундан хонавайрон бўлиб бормоқда эдилар. “Чап қанот”нинг буюртмаси билан “Мистер Куаро” уст-бош жамламасини чиқараётган хитой компанияларининг қўллари-қўлларига тегмасди. Пистон ишлаб чиқаришнинг ўзига, беш миллиён хитойлик ишчилар жалб этилганди. Бутун дуйсенистонликлар шу каби хатти-ҳаракатлар туфайли Дуйсенбайга ўхшаб фикрлайдиган, унга ўхшаб еб-ичиб, унга ўхшаб чиғилиб-чиғилиб чичадиган бўлиб қолгандилар. Одамлар чиранавериб, ёппасига бодвосил касалига учрагандилар. Жарроҳлар кеча-кундуз уйларига кетмасдан шифохонада ётиб қолиб ишлардилар. Дуйсенистон ҳудудларини яроқсиз кўтанрўдалар босиб кетганди. Ариқу зовурларда, захкашу кўлларда ярим қулоч-бир қулоч бўлиб кўтанрўдалар оқиб юрарди. Уларни илон деб ўйлаган қурбақалар дамларини ичларига ютиб, ортиқ валақламай қўйгандилар. “Чап қанот”даги ўнга яқин ходим чоқликкина битта хонага жойлашиб, бутун Дуйсенистонни ўтирган ерида бошқарарди.

Дуйсенбай ўзига мистер Куаро деб ном бергач, биринчи қилган иши, Марусияни мардикор бозоридан кўчиртириб Қорасаройга олиб келиш бўлди. Найнов Бахшилло ҳам кампир билан бирга эди. Унинг шахсий хизматкорига айлантирилган шотирлар бошлиғининг қўлидан тоғорача тушмасди. У тўстувак кўтариб юрадиган Гулисипсанинг иккинчи нусхасига айланганди. У бир ойдан кўпроқ муддат ичида шу йўл билан берилган жазони ўтарди. Дуйсенбайда Марусияни Қорасаройга олиб келиш режаси конвертни очиш маросимда, Дуйсенистон халқи олдида нутқ ирод қилаётганда туғилганди. Унинг ғалати одати бор эди. Байрамларда ёхуд ҳар хил муносабатлар билан ўтказиладиган анжуманларда сўзамоликка берилиб кетиб, оғзидан чиқиб кетган энг бачкана сўзга ёпишиб оларди. Масалан, ўзи билмаган ҳолда, “Аёллар ҳам одам. Уларни ҳам инсон боласи сифатида қадрлаш керак, ҳурмат-иззатини жойига қўйиш керак” деб юборса, у дуч келган жойда уларнинг ҳайкалларини тиклатишни бошларди. Шу йўл билан аёлларни у бошларга кўтардим, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини мустаҳкамладим деб ҳисобларди. Олти ой ичида мамлакатнинг асосий майдонлари ва катта кўчалари аёлларга қўйилган ҳайкаллар билан тўларди. “Олтин – жўжа” деб юборса, болаларга ёпишарди. Уларнинг шўри қурирди. “Соғлом она – соғлом бола” дея бир йил ҳамманинг бошини қорарди. “Соғлом бола” туғдираман деб оналарни на ётгани, на тургани қўярди. Асносида, эр-хотинлар ўртасида қўйди-чиқдилар авжга минарди. “Мусулмонлар ўртасида ҳар хил оқимлар кўпайиб кетяпти” деган мавзуга урғу берса, уларнинг сонини камайтираман, дея мамлакат бўйлаб аёлларнинг ҳомиласини олдириб ташлатишга зўр берарди. Ёхуд бўйида бўлиб қолмасин дея, бечора хотин-қизларни бир бошдан пичтиришга тушарди. Қарама-қарши тадбир қўллаш ниятида, бутун мактабларда болаларга инглиз тилини ўргатишга тиришарди. Шундай қилса, омма исломдан ёхуд унинг аҳкомларидан узоқлашади, деб ўйларди. Билмасдики, ўз тилида эплаб гапира олмайдиган дуйсенистонликлар қандай қилиб бегона бир тилни ўзлаштиришга сабот топардилар. Ўрганганларида ҳам, уларнинг инглиз тилида гапириши – тешик тоғаранинг даранг-дурунггидек бир гап бўларди. Ўзини, ўзлигини танимаган халқ қандай қилиб ўзгаларни таниши мумкин деган савол, уни ҳеч қачон безовта этмасди. Ўрганиш, бу ҳали ўзлаштирилди, деган маънони англатмаслиги уни зиғирча қизиқтирмасди. Дуйсенбайча ислоҳатлар – ватанга, халққа хиёнатдан бошқа нарса эмас эди. Оқим билан оқаётган арзимас бир хас, бутун бир дарёни булғарди. Бутун бошли бир дарё, яроқсиз бир хаснинг измига тушиб қолганди. Бу ишларнинг барчасини у давлат сиёсати даражасига кўтарарди. Ҳаётда бошқа бир муаммо қолмагандек, бутун халқни йиллаб кони зарар иллатларга сафарбар этарди. Милярлаган маблағлар келажакни талон-тарож этиб, миллий ўзликдан адаштириш учун сарфланарди. Сўнгги маросимда ҳам алжираб туриб, у Житириқнинг наслини кўпайтириш кераклиги тўғрисида гапириб юборганди. Бунинг учун Житириқ авваллам бор ҳушига келиши зарур эди. У бунинг чорасини Марусиянинг қиёфасида тасаввур қилгач, саксондан ошган кампирни қўярда-қўймай Қорасаройга олиб келдирди. У бу операсияни “Саҳродаги бўрон” деб атади. У Қорасаройдан туриб амалга ошираётган ҳар бир номаъқулчилигига бирорта ном берарди. “Тобутдан товуш” операсияси голландиялик академикларнинг енг ичида амалга оширилган жиноятларига бағишланганди. У “Арвоҳлар тунда изғийди” шиори остида, хавфсизлик генералларининг кетидан тушганди. “Қабрдаги хазина” дастуруламали орқали, Қорасаройдан ўмарилган бойликларни ортига қайтармоқчи эди. Унинг энг катта шиори, “Рости – русти” яъни “Куч – адолатда” деган ҳикмат бўлиб, сўзлар маъносини у ўзича тушунарди. Бутун тизимни муштумга йиғиб, хоҳлаганимни уриб янчсам, ўзимдан бошқанинг дамини ўчирсам, мамлакатда тинчлик-осойишталик ҳукм суради. Мана шу, адолат деб ўйларди. Ҳикматнинг асл маъносини чақиш учун унинг ноқис ақли жуда ночор эди. Унинг “Шарқий экспресдаги қотиллик” амалиёти, Житириқнинг ҳаётига суиқасд қилганларга қаратилганди.

Марусия Қорасаройга кириб келмасдан олдин, унинг тўртта эски тахтадан йиғилган каровати билан икки яшик виноси етиб келганди. Қоғоз қутига жойланган саримсоқпиёзи, калбасасию дастурхон ўрнида фойдаланадиган бир даста “Халқ сўзи” деган газетаси ҳам, чойшаб сифатида ишлатиладиган эски шолчага ўраб-чирмаб, тўшакларининг орасига тиқилганди. Дуйсенбай, бобоси бир замонлар чиқиндихонадан судраб келиб, Марусияга кароват ясаб берган тўртта исқир тахтани ҳеч қачон ташлаб юборишга рухсат бермасди. “Бор барака, мана шу тўртта чирик тахтада” дея, уни тавоф қилишдан ҳам тоймасди. Марусияни қўярда-қўймай, машинага ортиб олиб келган хафвсизликнинг тўрт вакили, уни ўзи учун тайёрлаб қўйилган хонага жойлаштирди. Қўлтиғига тоғорача қисиб унга эргашиб юрган Бахшилло, унинг оёғи учида туриб, ётмасдан уни қоравуллаши лозим эди. Мистер Куаро қиёфасига кирган Дуйсенбайнинг фикри ожизича, Марусияни тез-тез қустириб, Житириқнинг оғзига сарқитдан иссиқ-иссиқ қуйиб турилса, у уйқусидан ойилиб, ўзига келиб қоларди. Дуйсенбайга кўра, Житириқ кома ҳолатида ётмаган эди. У шунчаки ухлаётган эди. Кимдир, уни “кома ҳолатида ётибди” деса, балоларга қоларди. Қилмишларига чув тушиб, шу кунларда қутуриб юрган Дуйсенбай, уни тилка-пора қиларди. Ёмони, Марусия Қорасаройга келган кунидан ейиш-ичиш деган бош оғриқни йиғиштириб, довуча тишлаган боладек, шумшайиб олди. Унинг шундоқ ҳам осилиб турадиган қалин қовоқлари, янаям осилиб, у баттар бадбашара бўлиб кетди. У тасвирлаб бўлмас даражада бир тасқара бўлса ҳам, қушбеги билан бир товоқдан шовла емасди. Ўзига яраша инжиқлиги, кимса билмас ўзга бир дунёси бор эди. Булбул бўлмаса ҳам, ўзини булбулдан кам кўрмайдиган бу кампирнинг хаёлоти боғларию, кўзларни яшнатгувчи гулу чаманлари бисёр эди. Буни ўзидан ўзганнинг кўрмаслиги ва билмаслиги, уни заррача қизиқтирмас эди. У ўз хаёлот олами билан яшарди. Ҳеч қачон бировларнинг дунёсига дохил ҳам қилмасди, дунёсига дохил қилганларни хушламасди ҳам. Шу учун у ўзини олтин қафасга қамалган булбул каби ҳис эта бошлаган эди. У машаққатли ҳаётда саксон йилдан кўпроқ яшаб, биринчи марта ўзи истамаган ҳолатга тушиб қолганди. Шу учун ҳам еб-ичишни тўхтатган эди. Табир жоиз бўлса, у исёнкор шоира опамиз Гулчеҳра Нуруллаевага ўхшаб, очлик эълон қилганди. Шу йўл билан мистер Куарога Дуйсенбойни танитмоқчи эди. Бу, Сталин билан Гитлерга бир кароватдан жой тўшаб беришдек бир гаплигини, у тушунмасди. Халқнинг машаққатли ҳаётидан уни хабардор этмоқчи эди. Норозилиги замирида, қарашсизлик сиёсатидан жирканиш белгилари кўринарди. У диктатурани, ёлғонни, мақтанчоқликни ҳеч қачон нормал ҳолат сифатида ҳазм қила олмасди. Умри бино бўлиб бировни сабабсиз ҳақорат қилмаганди. Унинг ёлғон гапирганини, мақтанганини бирор кимса эслай олмасди. У дунёлар ичра бир дунё эди. Ўз ҳолича турмуш тарзи, қалби чегараларида ўзи йиллар бўйи шакллантирган ҳаёти принсиплари бор эди. Ўзи амал қиладиган қатъий ақидалари ва урфларига у қул каби содиқ эди. Кўпчиликлардан ажратиб турадиган бу одатлари, шунинг учун ҳам уни одамови, уйбегига айлантириб қўйганди. Одамларнинг тутриқсиз гап-сўзларидан, субутсизликларидан кўра у шиша ичидаги винони, саримсоқпиёз билан колбасани кўпроқ хуш кўрарди. Улар, унинг биргина ўзи учун фойда ёхуд зиён келтириши мумкин эди. Ихтиёрсиз тилларнинг ва эътиқодсиз дилларнинг қанчадан-қанча юракларни тиғ каби яралаши мумкинлигини у теран фаҳмларди. У учун боқибеғамлардан ҳиссиз ҳайкаллар фойдалироқ кўринарди…
Изқувар мистер Куаронинг, унинг очлик эълон қилганини эшитиб, боши қотиб қолди. У Марусияга зулм қилолмасди. Уни қамаб қўйиш ёхуд ўлдириб юбориш қўлидан келмасди. У шундай ҳам Марусиянинг бир кунмас-бир кун ўлиб қолиши мумкинлигини ўйласа, кечалари ухлай олмай тўшагида ағанаб чиқарди. Тушларида ҳам, “Талисманим ўлса, омад мендан жуз ўгирадими” дея алжирагани-алжираган эди. Лекин, кўра-била қўл қовуштириб ҳам тура олмасди. У икки ўт орасига тушиб қолганди. Кетма-кет ёприлаётган омадсизликлар, уни поғонама-поғона таслим бўлишга чорларди. Вужудига ёпишган нохуш ҳис-туйғулар уни зулукдек сўриб, эртанги кунга бўлган ишончини сўндирарди. Ҳавойи орзуларини кемириб, қалби қўрғонига армонларидан гўнг йиғарди.
Шундай кунларнинг бирида, яна омад унга кулиб боқти. Дуйсенбайнинг эътиборидан қолган хавфсизлик хизмати вазири Қорасаройга фавқулодда зўр таклиф билан кириб келди. Хатосини тўғирлаш учун ўтган кунлар ичида, у ҳақиқатан енг шимариб, терлаб-пишиб ишлаган эди. Баробарида, осонлик билан қўшни юрталикарди.

Эшитиб, ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетган мистер Куаро, пайсалга солмасдан ишга киришди. У бу хушбарни эшитган заҳоти, генерали билан ўрталаридаги бўлиб ўтган нохушликни дарров унутганди. У ўзи Усома Бин Лодин ролини ўйнамоқчи эканлигини айтганда, ҳамма уни қутлаб қарсак чалиб юборди. Мистер Куарога айланган Дуйсенбайнинг дунёдаги биринчи рақамли террорчи ролини ижро этиши, Қорасаройда байрам кайфиятини пайдо қилганди. Унинг тутинган қизлари – Батангул билан Сатангул юракларида рақсга тушиш иштиёқи туғулганини айтиб, додаларини хит қила бошладилар. Дуйсенбай ҳали унчалик қаримаган бўлсада, ўта қўрқоқ, пасткашлиги ва жоҳиллиги сабаб кексалик маразини бошидан кечираётганди. Куракда турмайдиган хурмача қилиқларини бутун мамлакатга ўтказаётган бўлса ҳам, қизларининг ёнида жони йўқ эди. Ўзи учига чиққан иғвогар хархашачи бўлса ҳам, хархашани кўтаролмайдиган бўлиб қолган ношуд, Мирзелимбайга Қорасаройда маскарат дастурхони тузашликка буйруқи олий берди. Биратўла, “Қўйнингдан тўкилса, қўнжингга” амалиёти, шоу маскаратга қўшиб ўтказилишини эълон қилди. Хавфсизлик боқони ёлғон гапириб хол қўйгач, Мирзелимбай иккаласи бир-бирлари билан апоқ-чапоқ бўлиб қолгандилар. Ўша кунги Мирзелимбайнинг Дуйсенбай ва ватан олдидаги буюк хизматини кейин пайқаган мистер Куаро, уни хавфсизлик боқонининг ўрнига мўлжаллаб юрарди. Ҳеч қачон хуфия ишлар билан шуғулланмаган, ҳарбу зарбдан саводи йўқ ишбошқарувчига, “Ватан ва халқ олдидаги буюк хизматлари учун” дея, у ўзи билан Житириқ тушган суратга қўшиб, полковник унвонини ҳам берганди. Сезиб қолган генерал шунинг учун ҳам отни қамчилаб, мистер Куаронинг ишончини қайта қозониш учун ҳеч кимнинг хаёлига келмаган шумликни ўйлаб топди. Рашк қичиқни кучайтиради, деганларидек, номсиз бир ёввойи нафсоният генералнинг захирадаги имкониятлари кўзини очиб юборганди. Баробарида, бу номсиз бало унинг ўзини-ўзига кашф этиб берди. Қорни қанорқопдай келадиган жониворни ёғ босиб кетганидан вужудида туйнук нари турсин, гижжаси мўралашга тешиги қолмаганди. Ёлғони сабаб, унинг бор тешиклари очилиб кетиб, у бузуқ вазиятнинг соф ҳавосидан нафас ола бошлади.

Айниқса, Сейитзелмбайнинг мистер Куаронинг назарига қайта тушиши, Баҳром билан Тўрабиканинг жонини киргизди. “Шарқий экспресдаги қотиллик” амалиёти қурбонлари бўлишларига бир баҳя қолганда, Мирзелимбайнинг мистер Куаро олдидаги нуфузи, уларни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қолди. Житириқнинг ҳаётига суиқасд уюштирганларни топиб, одил суд олдида жазо беришга бел бойлаган изқувар бир муддат шаштидан қайтиб, Житириқнинг уйқудан ойилишини кутишга қарор берди. Житириқ ҳалигача ҳам оёқларини осмонга кўтариб, шифтга икки кўзини ўқдек қадаб, қилт этмасдан ётарди. Тўрабика унинг шалақ қайчи сингари очилиб қолган оғзига, “ҳа” деганда, “ма” деб, нинадан сув томчилатиб турарди. Тўстувак кўтариб олган Баҳром, туну кун унинг орқасини пойламасин, ойлар ўтаётган бўлса ҳам ҳеч нима кўринмасди. Нуқул, қорни дўмирадек шишиб, палакат тошдек қотиб қолган бўлса ҳам, семириб кетаётганди. Тўрабика Оқгул билан Марҳабога ёқиб қолиб, улар дарров иноқлашиб олган эдилар. Шу сабабдан, Баҳром билан Тўрабиканинг еганлари олдида, емаганлари кетида, тараллабедод олиб юрардилар, деса ҳам бўлаверарди. Афсуски, улар бўрдоқига боқилаётган новвос эмасдилар. Бугун чекинган хавф-хатарнинг бир кун тўсатдан бош кўтариши муқаррарлигини улар яхши ҳис қилганлари учун, уларга на ўйин-кулгу, на ҳазил-ҳузул татирди. Мистер Куаронинг ишончини қозонган Сейитзелибай, қарашсизлик даврининг тенгсиз қаҳрамони эди. Унинг пулсизликдан, етар-етмасликдан қийналганлари яқин ўтмишдаги тарихларда қолганди. Унинг ихтиёрига иккита енгил машина ажратган мистер Куаро, уни шону шуҳратга буркаб, молу дунёга кўмиб ташлаганди. У бу ишларни боқонларининг кўзини куйдириш учун атайдан, “кўриб, ичи ёниб ўлсин”зайлида амалга ошираётганди. У Дуйсенбайга бўлган садоқат баҳоси жуда ҳам қимматбаҳо эканини кўрсатмоқчи эди. Керагидан ортиғига эга бўлган Мирзелимбай эса бошини йўқотиб қўйганди. У энди на Туркистон, на унинг келажаги ҳақида бош қотирарди. У билан Баҳром ўртасида, яхши бир муносабат пайдо бўлган бўлиб, улар фақат дунё – мол-давлат, ўзбекистонлик мардикорлар Дуйсенистонга олиб келаётган ҳадсиз фойда, тижорат хусусида фикрлашишлари мумкин эди. Қолганлари шуҳрат отига минган Мирзелимбайни ўйлантирмасди. Янги чемпионнинг жинсий ҳолатидан кўнгли тўлмай юрган опа-сингилларга эса, додаларининг Мирзелимбайга нисбатан ҳаддан зиёд ижобий муомиласи унча ҳам ёқмаётган эди. Улар Мирзелимбайнинг юзи учун тиржайиб гаплашсалар ҳам, орқасидан бурнини жийириб, аламзада бўлиб қолардилар. Уларни асабий қилган омил, аслида бу нарса эмасди. Модани суядиган янги бош боқоннинг мелодрамаларга унча ҳам ҳуши йўқ эди. У Батангул билан Сатангул иккалаларини эпақага келтиришдан қийналиб, қочиб мистер Куаронинг атрофида кўпроқ тимирскиланарди. Ундан бир қадам орқада қолса, опа-сингиллар уни ичкарига тортиб олиб, зўрлашга ўтардилар. Жинсий зўравонликнинг қурбони бўлаётган бош боқоннинг шу учун ҳам опа-сингилларни кўришга кўзи йўқ эди. У ўзининг жинсий жиҳатдан жуда заиф эканлигини минг бора очиқчасига тан олмасин, опа-сингиллар уни тушунишни хоҳламасдилар.

Опа-сингилларнинг кутулмаганда бахти кулгач, айниқса, Гулисипсанинг шакл-шамойили ўзгариб кетганди. Бош боқон ва ворисларнинг фарроши “одми кийимларда юриши кўрган кўзга яхши эмас” деб ҳисоблайдиган Мирзелимбай, унга бухорча зардўзи халат билан сурхонча лўтти попукли дўппи кийдириб қўйганди. Авакян унинг юз териларини текистлаб, яхшилиб тортгач, фаррошнинг ҳусни-жамоли очилиб, у ойдай бир нозанинга айланди.

Пардоз-андоз унча қизиқтирмаган бўлса ҳам, моянасининг икки баробар оширилгани, уни тўлқинлантириб юборди.

– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – дея тинмасдан жаврайдиган бечора бир қарич ўсиб: – Батангулу Сатангул, Гажак думи хаданг гул, Пардоз-андоз нон бўлмас, Отанг бозор, онанг пул! – дея опа-сингилларга шеър тўқиб ташлади.
Эшитиб кулиб юборган Мирзелимбай, ҳазиллашиб:
– Нечата боланг бор? – дея сўради, атайлаб уни гапиртириш учун.
– Сонини айтсам, баракаси учади. Бир этак! – деди у.
– Бир этак деган сўзни гўё бир вагон дегандай қилиб, бўртиришингга қойилман. Эринг этагингнинг тагидан чиқмас эканда?
– Гўрсўхта эрим, этагимнинг тагида ётиб бир этак бола ясаганда. Ётмаганда, бир этак болани ким ясарди? – дея у ҳар доимги сўзларини такрорлади.
Ёмони, Батангул билан Сатангулнинг ҳақиқий отаси Қўтиртери, қизларининг Дуйсенбайга арзанда бўлганларини эшитиб қаттиқ хафа бўлганди.
– Хафа бўлса, бурнини тишласин! – деди қизлари ҳам. – Отамизга мансаб-мартаба бўлса, бас. Унга уй-рўзғор, бола-чақанинг қизиғи йўқ. Онамиз билан йиллаб кет уриштириб, бир-бирига тескари ётади. Бир-бири билан елка қоқиштириб, бир-бирини ялаб-юлқаганларини бирор марта ҳам кўрмаганмиз. Шу учун ҳам онамизнинг эси оғиб қолди шекилли, кун бўйи ҳожатхона тешигига термулиб, этик шўткаси билан сочини тарайди. Бир кунмас-бир кун тахтда ўтириб, ўзи ҳам ўлиб қолади. Тахти-бахтини мурдасига қўшиб кўчага отадилар. Гўрида, икки тирсагига оғиз солади, фойдаси бўлмайди. Бизларнинг келажагимизни топтагани қолади. Унинг бачкана амаллари касрига, бизлар ёмонотлиқ бўламиз…

Қизларининг сўзлари қулоқларига етиб борган Қўтиртери, улардан бир йўла кечиб юборди. Кун бўйи ҳожатхонанинг тешигига термулиб сочини тарайдиган хотинини кароватига занжирлатиб, тўртта қоравул ёллади. Бу ноқобил қизлар туққан онага у томонидан берилган рамзий жазо ҳисобланарди. Бутун дунё матбуотининг биринчи саҳифалари бир ҳафта ота-қизларнинг муаммоси билан банд бўлди.

Авакян бошда, изқувар мистер Куарони дунёда биринчи рақамли террорчи деб ном қозонган Усоба Бин Лодин қиёфасига киритди. У бекордан-бекор Париждаги бутунжаҳон “Каллапазлар” конкурисида олий ўринни қўлга киритмаганди. Жараёнга бевосита гувоҳ бўлиб турган хавфсизлик хизмати боқони билан бош боқоннинг тирик Усома Бин Лодинни кўриб, ўтакаси ёрилай, деди. Бин Лодиннинг пўстини кийиб олган Дуйсенбай қорнини бир қучоқ қилиб, елкасига Калашников автомати осиб олганди. Белида қони оқиб турган қини йўқ ханжар, икки биқнида портлашга шай тўрттадан саккизта бомба, киндигига тушган оқ аралаш қора жингалак соқоли қорнини пайпасларди. Оёғида маҳси-кавуш, бошида нуқра рангли салла, узун оқ кўйлаги тиззасидан келарди. Нияти, у бундан кейин ҳам қўшни юртани тинч қўймоқчи эмасди. Қаловини топсанг қор ёнади, деганларидек, у текин пул қилишнинг йўлини кашф қилганга ўхшарди. Ўлкабошини қўрқитиб, у юртанинг қолган-қутган бойликларини ҳам Дуйсенистонга ташимоқчи эди. Отаси қамалиб қолиб, ўлкабошини ҳали туғилмасидан онаси қорнида ваҳима чалганидан у яхши хабардор эди. Уни онасига ўхшатиб, “вос-вос” қоқтига тутиб, қайтариқ қилиб ўқиб турса, қўлида борини бериб қўйганини билмасдан қоларди. Унинг қуёнюраклигидан фойдаланадиган вақт етганди. Дуйсенбай омининг омиси, жоҳилнинг жоҳили бўлса ҳам, бир ниманинг учини қўлига туттириб қўйсалар, илдизи билан суғуриб олмаса, қўймасди.

Авакян бош боқон Тарлонни эса, Бин Лодиннинг ўнг қўли ёрдамчиси қиёфасига киритди. Хавфсизлик генерали Амриқо президенти ролини ижро этадиган бўлди. Мирзелимбай Тўра-бўра тоғларидаги хўжалик ишлари мудири, Баҳром билан Тўрабикани унга хизматкор қилиб тайинладилар. Опа-сингил – Батангул билан Сатангул Бин Лодиннинг ўйнашлари тимсолида гавдаланди. Марусия билан Бахшилло, шахси аниқланаётган гаровдаги она-бола ролига танланди. Житириқ террорчилар қурбонига айланган мазлум сифатида, оёғини осмонга кўтариб, икки кўзини ҳар доимгидек шифтга тикиб қилт этмасдан ётса, олам гулистон эди. Авакяннинг ўзи, Бин Лодиннинг сартароши ролини қойиллатишга сўз берди. Унинг маҳорати боис, ҳамманинг қиёфаси ўзгариб қолди. Бирор кимни туққан онасига кўрсатсалар, уни туққан онаси ҳам танимасди. Айниқса, қайта таъмирланган Қорасарой, милён йиллардан буён қуёшнинг бир тутам нурини кўрмаган, Тўра-бўра тоғларидаги моғор босган ғордан заррача ҳам фарқланмасди. Авакянинг дизайинлик иқтидори ҳар қандай мақтовларга сазовор эди. У ўзининг бошқа қирраларини кашф қилаётганидан терисига сиғмай кетаётганди. Ҳаяжонланганидан ҳар қадамда уч литирлик банка қўйиб турмаклаган бошини ҳар қайга уриб олаверарди.

Базм шоуси ўзи, ўз-ўзидан террорчилик амалиёт жараёнига айланиб кетди. Бутун воқеа-ҳодисалар дуйсенистонликларнинг манглайларидаги пистонлар орқали,“чап қанот” қароргоҳига узатиларди. Ўзбекистонлик мардикорларнинг манглайларига учинчи даражали инсонлар сифатида, пистон ўрнатмаган эдилар. Дуйсенистон депутатлари уларни пешоналарига пистон қоқиб юришга нолойиқ топгандилар. Бетайин қулнинг хўжаси бўлмайди, дея, таълим-тарбия кўрмаганга йўйгандилар. Мирзелимбайнинг хотини ҳам, “ҳусни-жамолингизга тиғ теккиза кўрманг” дея, унга рухсат бермаган эди. Бир умр эрини, “эр сиёқли эр бўлсанг, рўзғорни эплардинг” деб, ерга уриб келган бўлса ҳам, ошиғи олчи бўлгач, у эрига меҳрибон бўлиб қолганди. Оқгул ҳам ошпазга олифталикни ким қўйипти, дея кўнгилли равишда жарроҳлик амалиётидан бош тортганди. Марусияни қари кўриб, юраги дош бера олмайди, дея безовта этмаган эдилар. Унинг ўзи ҳам манглайига пистон ўрнатишларига тиш-тирноғи билан қарши турганди.

Шоу базм билан аралаш-қуралаш амалиёт туни билан давом этти. Барчаси, гўё Тўра-бўра тоғларида содир бўлаётганди. Ғорнинг ўртасидаги устунга занжирлар билан боғланган Жак Андирсон билан Аббос Қасрий ўтган кунлар ичида чўпдай озиб кетганди. Уларнинг соч-соқоллари ўсиб, туриш турмушлари маймунларникига менгзаб қолганди. Сурункали қийноқлар, совуқ ва зах хона уларни адойи тамом қилганди. Уларнинг оёқлари учида она-бола – Марусия билан Бахшиллони тиз чўктириб қўйгандилар. Осилган қовоқлари кўзларини ёпиб турган кампирнинг ичидан нималар кечаётганини билиб бўлмасди. Аммо, қўрққанидан титраб кетаётган Бахшиллонинг иштонини ҳўллаб қўйгани аниқ эди. Гаровдагиларнинг гир-атрофида шотахталарни тизиб, устини турли-туман овқатларга тўлдириб ташлаган эдилар. Бутунича пиширилган чўчқа боласи дейсизми, товуқ ёхуд бузоқ гўштию, қази-қарта дейсизми, нимани истасангиз дастурхонда муҳайё эди. Ичимликларнинг турини санаб, саноғига етиб бўлмасди. Бўкиб еб-ичиб, жазмани ролини ижро этаётган икки қизи билан рақсга тушаётган Бин Лодиннинг кайфияти аъло эди.

– Нарироқ туринглар. Дуйсенбайлигимни билиб қолишади, – дея, у ҳар замон-ҳар замон икки танқўриқчисини ёнидан ҳайдарди.

Хира пашшадай атрофида уймаланиб ўрганиб қолган танқўриқчилари бирпас ўтиб, яна уни ўраб олардилар. Буни кўриб, жазмани ролини ўйнаётган қизларининг жонлари чиқарди. Улар Тайсиндан ажралганларидан буён, эркакка тўймаган эдилар. Ароқ ичавериб, ақллари шошган опа-сингиллар, шу учун ҳам додаларини ийдиришга тиришаётган эдилар. Боши уларнинг елкасидан келадиган додалари, уларнинг кўксига юзини босиб, тугмаларидан сўргани-сўрган эди. Оқгул баркашда олиб келган рюмкадаги вискини отиб олиб ҳам, уларнинг тугмасидан ўпиб газак этарди. Опа-сингилларнинг орқасида тўстувак кўтариб юрган Гулисипса, бўш рюмкани чиқинди халтасига тиққач:

– Вой, ўлмасам, нималар бўлаяпти! – дерди, қоғозсочиқни юзига парда этиб. – Ота билан қизларнинг ачом-ачом этиб, ўпишишини қаранг. Мени, бундай қилиб ўзими эрим ҳам ўпмаган. Мен ҳам эримга бунақанги қилиб қичиғимни суртмас эдим. Гўрсўхта эрим, бир этак баландли-пешли болаларим бор. Ўзинг сақла, Парвардигор. Мен ҳеч нимани кўрганим йўқ, Сен менга ҳеч нимани кўрсатмадинг! Қозоқ-қозоқ қарсилдоқ, Бултур бердим, бир улоқ, Қани менга қовурдоқ?!…

Уни эшитиб юраги жўш урган Бин Лодин, қизларини суриб ташлаб, елкасидаги автоматни олардида, Жак Андирсон билан Аббос Қасрийга ўқтарди.

– Пулни қачон топасизлар! – дея уларнинг бошларига автоматнинг қўндоғи билан туртиб, бечораларни тинмасдан азоблашга тушарди.
– Амриқодан ёрдам сўраб мурожаат қилинглар дерди! – Амриқо призиденти ролини ижро этаётган хавфсизлик хизмати бошлиғи, гаровдагиларга. – Сизларга Амриқо ёрдам кўрсатмаса, бошқа биров ёрдам бера олмайди.
– Менга барибир! – дерди қутуриб кетган Бин Лодин. – Менга айтилган пулни тўлашса, бас. У Амриқо бўладими, Русия ёхуд Хитой бўладими, така бўлсин, сут берсин. Қолганининг қизиғи йўқ!
– Амриқо, денглар, Амриқо! – дерди тағин хавфсизлик хизмати бошлиғи. – Барибир ҳаммасининг орқасида Исроил турипти. Ким нима деса десин. “Ўнг қанот ҳам” “чап қанот ҳам” барибир унга тегишли. У нима деса, шу бўлади.
– Бас, қил! – дерди шифтга тариллатиб ўқ узган Бин Лодин. – Амриқонинг президенти эканман, дея, мен билан ҳазиллаша кўрма. “Эгизак”ларингни ер юзидан гумдон қилганим сингари Капитолинг билан Пентагонингни ҳам ер юзидан супуриб ташлашга қурбим етади ҳали. Нима, мени ўлди деганларига ишониб юрипсанми, говкалла? Ҳозир, менга пул зарур, пул. Мани-мани-и, тушундингми, бовурим!
– Тушундим! – дерди кўксига қўлини қўйган Амриқо президенти. – Сиз нима десангиз, шу бўлади. Қолганига тупурганман!
Бин Лоддиннинг ишончли кимсаси ролини ўйнаётган бош боқон думини тиклаб, “шундай бўлсин” дегандай, Амриқо президентига сўйлоқ тишларини кўрсатиб, ириллаб қўйди.
Чўкка тушиб ўтирган Марусияга барибир эди. Шу Худо қарғаган жойлардан бир илож қилиб чиқса, бошқа бир юртларга қочиб кетиш ҳақида хаёл сурарди. Ўткунчи ҳаётда инсоннинг Аллоҳ инъом этган эркини ўзига ўхшаган бошқа бировга ўғирлатиб яшаши мумкинлигини у тассаввурига сиғдира олмасди. У умри бино бўлиб бу каби хўрлик тортмаган бўлсада, ўзини йўқотиб ҳам қўяётгани йўқ эди. Ҳамма уни чувринди, исқирт бир аёл деб ўйлаган билан, унинг бошқалардан афзал жиҳатлари бир мунча кўпроқ эди. Кичик ва чегараланган бўлса ҳам, мақсади сарҳадлари ва ҳаёти чегараларида унинг ўзи учун муққаддас иделлари бор эди.
Ўлимини бўйнига олган Бахшилло, дамини ичига ютиб йиғлагани-йиғлаган эди. Баҳром билан дастурхонни суяк-сирноқдан тозалаб юриган Тўрабика, аҳволини кўриб, унинг қулоғига:
– Қозоқнинг итига дум бўлмай ўлгур, қилмишингга яраша! – дея шивирлаб ўтарди. – Этган топади, эккан ўради. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бировга эрта, бировга кеч келади. Сабр эт, бундан сатта баттарларини кўрасан!
Тонгга яқин додаларини ётоқхоналарига авраб олиб кирган опа-сингиллар, уни ечинтириб, Тарлонни зўрлаган каби зўрламоқчи бўлдилар. Уларнинг мақсадларини аллақачон англаб етган бош боқон, хонага кирмасдан эшик орқсида қолди. Ичиб маст бўлган Дуйсенбайнинг қўриқчилари, “Қачон пулни қайтарасан”, дея Жак Андирсон билан Аббос Қасрийни қийноққа солиш билан оввора эдилар. Ичавериб карахт бўлиб қолган Дуйсенбай, бошида нима бўлаётганини тушунмади. Қизлари уни қип-ялонғоч қилиб, оёқларини кўтариб қулоқларига босганда, кўксига сиғмаган қорни сиқилиб, варанглатиб ел қўйворди. Ҳамиша улушини биринчи оладиган Батангулнинг кўкси, додаси елига нишон бўлди шекилли, у учиб бориб шифтга ёпишдида, қайтиб келиб кети билан унинг қорнига тушди. Дуйсенбайнинг ғуббабоғи ушламади. Бор егани уриб чиқиб, кичик қизини деворга ёпиштиргач, устидан шуваб ташлади. Сатанггулнинг девордан тўрт панжаси билан чотининг орасига қисган думининг учи чиқиб қолди. Нима бўлганини тушунмай қолган Дуйсанбай, тура-сола долонга пилдираб чиқди. Қип-яланғоч вужуди қўл-оёқ билан қош-қовоқ битган турвузга ўхшарди. Унга биринчи рўпара бўлган кимса, хавфсизлик хизмати генерали бўлди.
– Сен Амриқонинг президентиман, дегандингми? – дея, сўради ундан у.
– Ҳа! – деди генерал нима дейишни билмай.
Дуйсенбай Бин Лодин қиёфасидан ўзининг қиёфасига қайтгани билан ҳали амалиёт охирига етмаганди. У “йўқ” деса, Дуйсенбай уни жазолаши мумкин эди.
– Мени ўлдирган ҳам сенмидинг?
– “Чап қанот”нинг буйруғини бажаришга мабур эдим, Бин Лодин жаноблари. Иложи бўлса, мени кечиринг. Қайтиб бунақанги номаъқулчилик такрорланмайди.
– Мурдамни нима қилдиларинг?
– Тобутга солиб, океанга чўктирдик. Барчаси ислом қонун-қоидалари асосида амалга оширилди.
– Исломда ўлган ўликни тобутга солиб сувга чўктиришар эканми?!
– Билмасам, махфий йиғинда, шундай деймиз, деб келишгандик. Аслида, ҳозир ҳам СРУнинг музлатгичида бўлакларга бўлинган жасадингиз музлаб ётибди.
Дуйсенбайнинг авзойи бузулаётганини сезиб турган хавфсизлик генерали, унга сирт бериб турарди. Унинг кутмаганда, шайтонлаб, ит хаёл этиб, бировларга ташланишини у яхши биларди. Мабодо у бирдан ташланса, унинг оғзига думбасини ёхуд қорнини тутмоқчи эди. У эгилмаса, Дуйсенбай унинг қулоғи ёхуд бурнидан тишлай олмасди. У оёғининг учида турса, тумшуғи генералнинг киндигига базўр етарди. Дуйсенбайга ўхшаган беш-олти хапгир бир бўлиб ташланса ҳам, генералнинг думбасидан ярим қадоқ ҳам тоши камаймасди. Яратган аллакимларга қошу қовоқ, кўзу дудоқдан берган бўлса, генералга кенг-мўл қорин билан гўнгтепадек келадиган думба берганди.
Хаёли ўзида эмас Дуйсенбай бўйи баравар йиқилиб, оғзидан оппоқ кўпик соча бошлади. Одатини ҳамма билгани учун, унга яқинлашишга ҳеч кимнинг юраги бетламас эди. Ҳамманинг қулоқ-бурни ўзига керак бўларди.
– Ўзбекларга ўхшаб бақрайиб қараб тураверасизларми? – деган Гулисипса, жон аччиғида чинқириб юборди. – Ўлаётган жонивор, сизга бизга ўхшаган бир одам-ку, ҳайвон эмас-ку ахир… Вой, ўлмасам, нималар бўлаяпти?! Гўрсўхта эрим, бир этак баландли-пешли болаларим бор. Ўзинг сақла, Парвардигор. Мен ҳеч нимани кўрганим йўқ, Сен менга ҳеч нимани кўрсатмадинг!
Тўрабика унинг оғзига полдастани тиқиб, тилини қайтариб олганда ҳамма енгил нафас олди.
Ҳушига кела бошлаган Дуйсенбай ҳали кўзини очмасдан:
– Пешат қани, пешат? – деди қўлини чўзиб, синиқ овозда.
Танқўриқчи муҳрни қўлини ойнасига қўяркан, у хуморига чидолмаган беданабоз каби муҳрни сиқиб, бағрига босди. Кейин ўпиб, кўзларига суртди. Шунда, унинг кўзлари очилиб кетиб:
– Депутатлик мандатим?! – дея бўкириб юборди.
Танқўриқчи иккинчи чўнтагидан яна бир олтин қутича чиқариб, ичидан депутатлик гувоҳномасини олдида, Дуйсенбайнинг қўлига тутқазди. У мовий гувоҳномани муҳр каби обдон ҳидлаб-ўпиб, кейин пешонасига ёпди. Пичирлаб, у билан нималар ҳақидадир гаплашар экан, ўз-ўзидан хохолаб кулиб, ўрнидан турди.
– Тарлонни енгмоқчи бўлган чиченнинг итини зап бобладимми?! – деди сўнгра қўриқчиларига. – Берикжон, сартларга сотилган…

(Асарнинг давомини ўқиш учун линкни босинг)