Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Пайғамбарлар тарихи (36). Муҳаммад алайҳиссалом

Пайғамбарлар тарихи (36). Муҳаммад алайҳиссалом
10 Ağustos 2014 - 9:24 'да юкланди ва 806 марта ўқилди.

p.t.3ҲАБАШ ҚИРОЛИНИНГ САВОЛЛАРИГА ҲАЗРАТИ ЖАЪФАРНИНГ ЖАВОБ БЕРИШИ

Умму Салама волидамиз шундай ривоят қиладилар: “Муҳожирлар қирол Нажошийнинг ёнига борганларида, унинг ёнида ўз дини одамлари ҳам тўпланганини кўришди. Улар Нажошийнинг атрофида мусҳафларини ёйиб, тайёр ҳолда ўтиришарди.

Нажошийнинг муҳожирларга: “Сизлар на менинг динимга на шу миллатларнинг динига кирмаганингизга кўра, сизнинг қавмларингиздан айрилиб, тобе бўлган динингиз қандай бир дин?”, деб сўради.
Саволга муҳожирлар номидан Жаъфар бин Абу Толиб жавоб берди: “Эй ҳукмдор, биз жоҳилия халқидан бир қавм эдик. Бутларга топинардик. Ўлган ҳайвон этини ердик. Бутун ваҳшийликларни қилардик. Қариндошларимиз билан борди- келди қилмас, ақрабо (қариндош) ҳаққин бермасдик.Қўшниларимизни унутар, қўшнилик вазифаларини бажармас эдик. Ичимизда кучли бўлган заиф бўлганни ерди.

Аллоҳу Таоло бизга ўзимиздан биттасини уруғ- аймоғини, тўғрилигини, иффатини ва аминлигини билганимиз бир Расулни юборгунча, биз ўша ёмонликлар ичида яшадик.
У пайғамбар бизни тошдан, оғочдан, олтин ва кумушдан қилинган бутларни ташлаб, Аллоҳнинг бирлигига инонишга ва ёлғиз унга ибодат этишга чақирди. У бизга тўғри сўйлашни, омонатни соҳибига беришни, қариндош ҳақларини унутмасликни, қўшниларга хушмуомала этмакни, ҳаромдан узоқ туришни, қон тўкмасликни амр этди.
Яна у бизни турли уятли сўзларни сўйлашдан, ёлғондан, етим молини ейишдан, иффатли хотинларга тил узатишдан, туҳматдан манъ этди.
Ҳеч бир нарсани ўртоқ қўшмасдан ёлғиз Аллоҳга ибодат этишимизни, намоз қилишимизни, закот беришимизни, рўза тутишимизни бизга амр этди.
Биз уни тасдиқ этдик ва унга иймон этдик. Аллоҳ тарафидан келтирган нарсаларга кўра унга тобе бўлдик. Бир ва ягона бўлган Аллоҳга ибодат этдик. Унга ҳеч бир шерик қўшмадик. Унинг бизга ҳаром қилганини ҳаром, ҳалол қилганини ҳалол қабул этдик.

Ана шундан кейин қавмимиз бизга душман бўлди. Бизни динимиздан қайтармоқ учун, аввалги ёмонликларимизга қайтармоқ учун бизни қийноқларга солишди.
Уларнинг зулми ғалаба чалгани учун биз сенинг ўлкангга сиғинишга мажбур бўлдик. Эй, ҳукмдор, биз сенинг ёнингда ҳеч бир зулмга дучор бўлмаслигимизга ишонамиз, “деди у.

– Аллоҳ тарафидан пайғамбарингизнинг келтиргани нарсалардан ёнингда бирор нарса борми?, – деб сўради қирол Нажоший.
– Бор, – деди Жаъфар.
– Уни менга ўқи!, – деди қирол Нажоший.

Жаъфар “Марям” сурасининг бош тарафидан Яҳё ва Исо алайҳиссаломларнинг туғилишлари ҳақида 1, 35 оятларини ўқиди.
Нажоший у қадар йиғлади-ки, кўз ёшидан соқоли ҳўл бўлди.
Нажошийнинг дин одамлари ҳам йиғладилар, уларнинг мусҳофлари ҳўл бўлди.
Кейин Нажоший Маккадан келган икки одамга: “бу (тинглаганим оятлар) Исога келганлар билан айни. Сиз иккингиз кетинглар энди. Уларни сизга таслим ҳам этмайман, уларга тегинмайман ҳам!”, деди.

Икки элчи Нажошийнинг ёнидан чиққанда, улардан бири Амр бин Ос: “Эртага Нажошийнинг ёнига бориб улар ҳақда айтажагим сўз билан уларнинг тагига сув қуяман!”, дея таҳдид қилди.
Иккинчиси Абдуллоҳ бин Аби Рабийъ эса, “сен бундай қилма, бизга мухолиф эсалар-да қариндошларимиз ҳар ҳолда”, деди.
Амр бин Ос: “Нажошийга буларнинг Исо бин Марямнинг бир қул экани ҳақидаги иддаоларини етказаман” деди.
Эртаси куни Нажошийга буни етказди.

Нажоший муҳожирларни чақириб, “Марям ўғли Исо ҳақида нима дейсизлар”, деб сўради.
Жаъфар бин Абу Толиб: “Биз у ҳақда Пайғамбаримизнинг билдирганини айтамиз. У Исо Аллоҳнинг қули, расули, руҳи ва Унинг дунёдан ва эрдан кечиб, Аллоҳга боғланган бир қиз бўлган Марямга уфланган калимасидир”, деган.

Буни эшитиб, Нажоший ердан бир чўп олди ва уни кўрсатиб, “Валлоҳи, Исо бин Марям ҳам сенинг сўйлаганингдан бошқа нарса эмас, орада шу чўп қадар ҳам фарқ йўқ!”, деди.
Нажоший буни айтганда, атрофида қўмондонлари норози оҳангда ғудраниб қўйишди. Нажоший:
– Валлоҳи, сиз ғудрансангиз ҳам, ғудранмасангиз ҳам ҳақиқат будир, – деди, кейин муҳожирларга юзланиб:
– Бораверинглар, менинг ўлкамда сизлар тамоман амният ичидасизлар! Сизга сўккан, тил узатган кимса жазолантирилажакдир. Мен сизларга бир тоғ олтин эвазига ҳам азият беришни истамайман. Келтирган ҳадяларини ҳам шу икки одамга қайтариб беринглар! Менинг бу ҳадяларга эҳтиёжим йўқ! Валлоҳи, Аллоҳ менга салтанатимни менга қайтиб берганида мендан рушват (пора) олгани йўқ- ку! Нега мен бу хусусда рушват олайин?! , – деди у.
Келтирган ҳадялари қўлига берилган Амр бин Ос ва Абдуллоҳ бин Аби Рабийъ шармандаларча чиқиб кетдилар.
Муҳожирлар эса Нажошийнинг ўлкасида энг яхши юртда, энг амниятли қўрувчи ҳимоясида яшаб қолдилар .

ҲАЗРАТИ ҲАМЗАНИНГ МУСУЛМОН БЎЛИШИ

Ҳазрати Ҳамза Пайғамбаримиз алайҳиссаломннг амакиси эди.
Сувайба хотун аввал Ҳазрати Ҳамза, кейин Пайғамбаримиз алайҳиссаломни эмизгани учун улар сут биродар ҳисобланарди.
Ҳазрати Ҳамза нубувватнинг олтинчи йилида мусулмон бўлди.

Бир куни Абу Жаҳл, Адиий бин Ҳамро ва Ибн Асдо Сафо тепасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломни учратиб, уни таҳқирладилар. Пайғамбаримиз уларга жавоб бермасдан уйига кетди.
Бу ҳақоратни Абдуллоҳ бин Жуднинг озодли қули бир хотин эшитди. Ва буни овдан қайтаётган Ҳазрати Ҳамзага айтди: “Эй Умаранинг отаси, биродарингнинг ўғли Муҳаммадга бир оз аввал Абул Ҳакам бин Ҳишом тарафидан қилинган ёмонликни сен кўрсайдинг, чидолмасдинг. Муҳаммад унга ҳеч нарса демади”, деди.
Ҳазрати Ҳамза ғазабланди.

Тез тез юриб Масжидий Ҳарамга кирди. Абу Жаҳлнинг Қуръайшлик бир жамоат ичида ўтирганини кўрди. Ҳазрати Ҳамза елкасидан ёйини олиб, Абу Жаҳлнинг бошига туширди ва: “Сенми унга сўкиб ҳақоратлаган? Мана мен ҳам унинг динидаман! Унинг сўйлаганини сўйлаяпман! Кучинг етса, унга қилганларингни менга ҳам қилиб кўр”!, деди.
Абу Жаҳл мансуб бўлган Махзум ўғилларидан бaъзи кимсалар Ҳазрати Ҳамзага қарши чиқиб, оёққа турдилар ва:
– Биз сенинг динингдан қайтганингни кўраяпмиз!, – дейишди.
– Унинг (Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом) динини ҳақ ва ҳақиқат экани маълум бўлди! Мени ундан ким маън этмоқчи? Мен Муҳаммаднинг Расулуллоҳ эканига шаҳодат этаман, унинг сўйлаганлари ҳақиқатдир! Валлоҳи, мен ундан айрилмайман! Агар сўзингизда содиқ бўлсанглар, қани менга бир тўсиқ бўлиб кўрингларчи!, – деди Ҳазрати Ҳамза.
Абу Жаҳл ўз қавмдошларига:
– Тинч қўйинг, Абу Умарани. Валлоҳи, унинг биродарига ёмон сўкдим, – деди.
Ҳазрати Ҳамза уйига қайтди.
Шайтон унга васваса солди: “сен Қуръайшнинг саййиди, улуғ кишиси эдинг, шу диндан қайтган кишига эргашиб, оталарингнинг динини ташладингми?”, дея зеҳнини титкилай бошлади.
Ҳазрати Ҳамзанинг кўзига уйқу келмади. Ва Аллоҳга ёлворди: “Эй, Аллоҳ, менинг бу қилган ҳаракатим тўғри эса, буни қалбимга тасдиқ эттир. Тўғри бўлмаса, қалбимда чиқиш йўлини туғдир” деди у.

Эртаси куни эрталаб Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнига борди.
– Эй биродаримнинг ўғли, мен шундай бир мушкулга тушдим- ки, чиқиш йўлини билмаяпман. Эй биродаримнинг ўғли, сенинг менга бир сўз сўйлашингни истайман, – деди Ҳазрати Ҳамза.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга насиҳат қилди. Охиратнинг азоб ва неъматларини тушунтирди. Азоб билан қўрқитди, жаннат билан севинтирди.
Аллоҳу Таоло Ҳазрати Ҳамзанинг қалбига иймонни Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сўзлари ила ерлаштирди. Қалбини яқийн билан тўлдирди.
Ҳазрати Ҳамза бу йўлда айтгани бир шеърда шундай деб ёзди: “Қалбимни исломиятга, ҳаниф бўлган динга йўналтирганда Аллоҳга ҳамд этдим. У дин- ки, қулларининг бутун ишларидан хабардор, яхшилигини ёмонлигини билган, уларни очликдан, сувсизликдан ўлдирмай, лутфи ила муомала айлаган, ҳар нарсага қудрати ила устун келган Роббил оламин тарафидан келгандир. Унинг амрлари бизга ўқилганда, қалб ва ақл соҳиби бўлганларнинг кўзларидан ёшлар оқар. Улар очиқ шаклда Қуръон оятлари бўлиб Аҳмадга келган, ки Аҳмад Мустафо ичимизда сўзи ўтадиган, ҳурмат уйғотган биридир. Йўқ, валлоҳи, биз у қавм билан орамиздагини қилич ила ҳал этмагунча, Уни ҳеч кимга бермаймиз. Унга ёрдамни тўхтатмаймиз!
Ҳазрати Ҳамзанинг мусулмон бўлиши Пайғамбаримиз алайҳиссаломни жуда севинтирди ва кучлантирди.
Ҳазрати Ҳамза мусулмон бўлганидан кейин Қуръайш мушриклари Пайғамбаримиз алайҳиссаломга қилган қийноқ ва ҳақоратлари озайди.

ҲАЗРАТИ АБУ БАКРНИНГ МУШРИКЛАРНИ ИСЛОМИЯТГА ДАЪВАТ ЭТИШИ

Ҳазрати Абу Бакр Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мусулмонлар билан бирга Масжиди Ҳарамга бориб, ҳаммани исломиятга даъват этишини талаб қилар, Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса “ҳали биз озчиликмиз эй, Абу Бакр”, дея бу таклифни қабул қилмай турганди.

Аммо яна Абу Бакрнинг қистови билан бир куни асҳоби ила Масжидий Ҳарамга борди ва асҳоблардан ҳар бири Масжиди Ҳарамдаги ўз қабиласидан бўлган кишиларнинг ёнларига тарқалдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўтирди, Абу Бакр Ҳазратлари эса тик туриб, халқни Аллоҳга ва Расулуллоҳга иймонга даъват этди.
Мушриклар Ҳазрат Абу Бакрни ва мусулмонларни калтаклай бошлашди.

Фосиқ Утба бин Рабийъ Ҳазрати Абу Бакрнинг қорни устига чиқиб тепкилади, юзига темир пошналари билан тепди, бурнини синдирди.
Ҳазрати Абу Бакрни унинг қабиласи келиб қутқарди.

Унинг қабиласи бўлган Тайм ўғиллари Ҳазрати Абу Бакрни хушсиз ҳолда уйига олиб келишди.
Ҳазрат Абу Бакрни “ўлади” деб қўрқдилар. Ва дарҳол Масжидий Ҳарамга қайтиб “Агар Абу Бакр ўлса, биз ҳам муҳаққақ Утба бин Рабийъни ўлдирамиз” дея эълон қилишди.
Ҳазрати Абу Бакр кечга яқин ўзига келди ва “Расулуллоҳ алайҳиссалом нима қилаяпти, аҳволлари қандай?”, деб сўради. Унга бирор нарса емак истайсанми, деб сўрасалар, у нуқул Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг аҳволини сўрарди.

Ниҳоят: “Аллоҳга онт бўлсинким, Расулуллоҳ алайҳиссаломни кўрмагунимча, на емак, на-да ичмак истайман”, деди у.
Уни бир тарафдан онаси, иккинчи тарафдан Умму Жамил суяб, Расулуллоҳ алайҳиссаломникига олиб боришди.
– Отам, онам сенга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ!, – деди уни кўриб Ҳазрати Абу Бакр.

ҲАЗРАТИ УМАРНИНГ МУСУЛМОН БЎЛИШИ

Ҳазрати Умарнинг онаси Хонтама Абу Жаҳлнинг амакисининг қизи эди, демак, Абу Жаҳл Ҳазрати Умарга тоға ҳисобланарди.
Ҳазрати Умар Қуръайш мушрикларининг элчилари Ҳабашистондан шармандаларча қайтган кунларда, Ҳазрати Ҳамзанинг мусулмон бўлганидан уч кун сўнгра, нубувватнинг 6-йилида, Зулҳижжа ойида, жума куни мусулмон бўлди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Дорул-Аркомда, душанба куни “Эй, Аллоҳ, шу икки одам – Абу Жаҳл ва Умар бин Хаттобдан сенга мақбул бўлганини исломга азиз қил”, дея дуо этганди.
Ҳазрат Умар шундай ҳикоя қилади: “Мусулмон бўлмасдан аввал мен Расулуллоҳ алайҳиссаломга гап отиш учун ёнига бордим. У Масжидий Ҳарамга мендан олдинроқ борганда, мен унинг орқасидан кузатиб турдим.

Расулуллоҳ “Ал ҳаққа” сурасини ўқий бошлади. Тинглаганим каломнинг балоғатидан, равонлигидан, мухтасарлигидан ҳайратга тушдим. Ўз- ўзимга “Бу валлоҳи, Қуръайшликларнинг деганидек бир шоир шекилли”, дедим. Шу пайт Расулуллоҳ суранинг шу маолдаги оятларини ўқий бошлади. “Кўрганингиз ва кўрмаганингиз нарсаларга онт бўлсинким, у (Қуръон) шарафли бир Расулнинг (Аллоҳдан олиб таблиғ этган) сўзидир. У бир шоирнинг сўзи эмас. Сиз нақадар оз инонган (кишилар)сиз!”. (Алҳаққа 38-41).
Мен бу калималарни эшитиб, “бу бир коҳин, ичимда ўйлаганларимни билди”, дея ўйладим.

Кейин Расулуллоҳ шу маолда оятларни ўқий бошлади: “Бу бир коҳин сўзи ҳат эмас, сиз нақадар кам ўйлайсиз. У (Қуръон) олaмларнинг Робби тарафидан индирилгандир. Агар (пайғамбар) бизга қарши баъзи сўзларни уйдирган бўлсайди, албатта унинг ўнг қўлини олиб, шоҳ томирини узиб ташлаган бўлардик. У ҳолда, сиздан ҳеч бирингиз бунга моне бўлолмас эдингиз. Шубҳа йўқки, У (Қуръон) тақво соҳиблари учун панд-насиҳатдир. Биз сизларнинг орангизда (Қуръонни) ёлғон дегувчилар ҳам борлигини аниқ биламиз. Муҳаққақ-ки, у (Қуръон) кофирлар учун ҳасрат-надоматдир. Албатта-ки, у (Қуръон) қатъий ҳақиқатдир. Бас, улуғ Роббингни номи билан тасбиҳ этишда давом эт!” (Алҳаққа 42-52).
Расулуллоҳ алайҳиссалом сурани бу шаклда тамомлаганда, қалбимда исломга майл пайдо бўлди “.

Яна Ҳазрати Умар шундай эслайди: “Жоҳилия даврида ичкилик ичишни севар эдим. Исломиятга нафрат этар, ундан узоқ турардим… Бир куни ичкилик тополмаганимдан кейин Каъбани тавоф этмак учун Масжиди Ҳарамга бордим. Қарасам, Расулуллоҳ алайҳиссалом намоз қилаяпти. Унинг қаршисига ўтиб, яшириниб, уни тингладим. Орамизда фақат каъбанинг ўртуги бор эди. Қуръонни эшитиб, қалбим унга нисбатан юмшади”.

Ибн Исҳоқ ибн Ҳошим Ҳазрати Умарнинг мусулмон бўлишини шундай изоҳлайди: “Бир кун Ҳазрат Умар Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан асҳобига ҳужум қилиш учун, қиличини яланғочлаб, уйидан чиқди.

Нуайм бин Абдуллоҳ Ҳазрати Умарни кўриб:
– Эй, Умар, қаерга бораяпсан?, – деди.
– Қуръайшликларнинг ишларини дабдала қилган, ақллиларни ақлсиз ҳисоблаган, илоҳларга тил узатган, ота динини ташлаб, янги дин тутган Муҳаммадга кетаяпман, ўлдираман уни!, – деди Ҳазрати Умар.
– Эй, Умар, сени нафсинг алдабди. Муҳаммадни ўлдирсанг, Абдуманноф ўғиллари сени тирик қўяди деб ўйлайсанми. Сен яхшиси, оилангга қара, – деди Нуайм бин Абдуллоҳ.
– Оила деркан, кимни назарда тутаяпсан?, – деди Ҳазрати Умар.
– Амакингнинг ўғли ва куёвинг Саид бин Зайд билан синглинг Фотимани айтаяпман, уларнинг иккиси ҳам мусулмон бўлишди, Муҳаммадга эргашдилар, яхшиси, улардан хабар ол, – деди Нуайм бин Абдуллоҳ.

Ҳазрати Умар орқасига қайтиб, синглиси ва қудасининг уйига борди.
Ўша пайтда уларнинг уйида Ҳаббоб бин Aрат “Фотиҳа” сурасини ўқиётган эди.
Ҳазрати Умарнинг келганини кўриб Ҳаббоб уйнинг бир бурчагига яширинди. Фотима хотун эса Қуръон саҳифасини олиб, кийимининг ичига яширди.
Аммо Ҳазрати Умар Ҳаббобнинг Фотима ва Саид бин Зайдга Қуръон ўқиганини эшитиб улгурганди. У уйга кириб:
– Мен эшитган нарса нима эди?, – деб сўради.
– Сен ҳеч нарса эшитмадинг, – дейишди синглиси ва куёви.
– Иккингизнинг ҳам Муҳаммаднинг динига кирганингизни эшитдим, – деди ва куёви Саид бин Зайдга ташланди.
Фотима хотун эрини ҳимоя қилмоқчи бўлди, Ҳазрати Умар унинг бошини ёрди.
Шунда Фотима хотун ҳам, куёви ҳам:
– Ҳа биз мусулмон бўлдик! Аллоҳ ва расулига иймон этдик! Қўлингдан келганини қил!, – дейишди.
Ҳазрати Умар ўз синглисининг бошини уриб ёрганидан пушаймон бўлди. Синглисига:
– Ҳали мендан яширган саҳифани менга бер, ўқиб, Муҳаммаднинг келтирган нарсасини билай, – деди у.
– Саҳифани бир бало қилишингдан қўрқамиз, – деди синглиси.
– Қўрқма, уни ўқиб, қайтиб бераман, – деди Ҳазрати Умар илоҳлар номига онт ичиб.
– Эй, биродарим, сен бутга топинар экансан, тоза бўлмайсан, Қуръонга пок бўлганлардан бошқа тегмаслиги керак, – деди синглиси.
Ҳазрат Умар ювинди, Фотима унга саҳифани берди. Берган саҳифасида “Таҳо” сураси ёзилганди.
Ҳазрати Умар сурани бошдан бошлаб ўн олти оят ўқиди. Ва беихтиёр:
– Бу сўзлар нақадар гўзал, нақадар қийматли!, – деб юборди.
Буни эшитган Ҳаббоб яширинган жойидан чиқиб, Ҳазрат Умарнинг ёнига келди ва:
– Эй, Умар! Аллоҳнинг Пайғамбарининг дуоси сенга насиб этишига умид қилмоқдаман. Мен кеча Пайғамбар алайҳиссаломдан эшитдим, у “Эй Аллоҳ, исломни ёки Абу Ҳакам бин Ҳишом ёки Умар бин Ҳаттоб билан кучлантир”, дея дуо этган эди. Эй, Умар, энди Аллоҳдан қўрқ!, – деди у.
– Эй Ҳаббоб, сен менга Муҳаммаднинг турган жойини кўрсат, мен бориб мусулмон бўлайин!, – деди Ҳазрати Умар.
Ҳаббоб:
– У Сафо тепасининг ёнидаги бир уйда. Ёнида асҳобидан кишилар ҳам бор, – деди Ҳаббоб.
Ҳазрати Умар қиличини белига тақди, чиқди.
Пайғамбаримиз ўтирган уйнинг эшигини тақиллатди.
Унинг қиличи билан келганини кўрган асҳобдан бири “Ё Расулуллоҳ, Умар бин Ҳаттоб қиличини қушаниб келибди”, дея хабар берди.
– Унга киришга изн бер. Агар яхшилик билан келган бўлса, биз ҳам яхшилик қиламиз. Агар ёмонлик билан келган бўлса, уни ўз қиличи билан ўлдирамиз, – деди Ҳазрати Ҳамза.
– Унга изн бер, – деди Пайғмбаримиз алайҳиссалом.
Эшикбон (Билол Ҳабаший) Ҳазрати Умарнинг киришига изн берди.
Пайғамбаримиз ўрнидан туриб, Ҳазрати Умарни ҳовлида қаршилади. Ва унинг белбоғидан тутиб ўзига тортди:
– Эй Ҳаттобнинг ўғли, нега келдинг? Аллоҳнинг бошингга бир мусибат индиргунича турасан деб ўйламайман, – деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.
– Эй Аллоҳнинг Расули, мен Аллоҳга, унинг Расулига, унга Аллоҳдан келган нарсаларга иймон этайин деб ёнингга келдим, – деди.
– Аллоҳу Акбар!, – деди Пайғамбаримиз алайҳиссалом.
Пайғамбаримизнинг асҳоби ҳам Ҳазрати Умарнинг мусулмон бўлганини англади ва улар ҳам такбир келтирдилар.
Такбир саслари Макканинг йўлларида эшитилди.
Ҳазрати Умар дейдики: ”мусулмон бўлиб калтак емаган ва калтакланмаган бирор киши йўқ эди. Фақат мен бу нарсаларни ҳеч кўрмагандим. Мусулмонлар мусибатга учраганда, мен учрамасликни истамайман”, дедим ўзимга ўзим. Мусулмон бўлганим кечаси Расулуллоҳ алайҳиссаломга ким ашаддий душман бўлса, бориб унга мусулмон бўлганимни айтай, деб ўйладим. Ва эрталаб Абу Жаҳлнинг эшигини қоқдим.

Абу Жаҳл эшигини очиб:
– Хуш келдинг синглимнинг ўғли! Не хабар келтирдинг?, – деди.
– Аллоҳга, унинг Расули Муҳаммадга иймон келтирганимни, унинг таблиғ этганларини тасдиқ этганим ҳақида хабар келтирдим, – дедим унга.
Абу Жаҳл эшигини юзимга қарсиллатиб ёпди ва:
– Аллоҳ сени ҳам, хабарингни ҳам яхшиликдан узоқ тутсин, деди.”
Ҳазрати Умар айни хабарни тоғаси Валид бин Муғирага ҳам етказди.
У ҳам эшигини қарсиллатиб ёпди.
Ҳазрати Умарнинг ўғли Абдуллоҳ бин Умар шундай ривоят қилади: “Отам мусулмон бўлганда, Қуръайшликлардан энг кўп гап ташиган одам ким, деб сўради. Унга Жамил бин Маъмарул Жумоҳий дейишди. Отам Жумоҳийга бориб “Эй Жамил, мен мусулмон бўлдим”, деган заҳоти Жамил ўрнидан туриб, Масжидий ҳарамга қараб юрди.
Отам билан мен ҳам унинг орқасидан кетдик. Жамил Каъбанинг эшиги олдида тик туриб, бор овози билан:
– Эй Қуръайш жамоати, хабарингиз бўлсин, Умар бин Ҳаттоб динидан чиқди, бошқа динга кирди!, – дея бақирди.
Отам эса:
– У ёлғон сўйлаяпти, мен мусулмон бўлдим, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, Муҳаммаднинг Аллоҳнинг қули ва Расули эканига шаҳодат этдим, – деди ва унга Қуръайш мушриклари ҳужум этди.
Мушриклар билан отам ўртасидаги муштлашув қуёш кўтарилгунча давом этди. Ниҳоят, отам чарчаб, ўтириб қолди. Мушриклар келиб уни ўраб олишди.
– Сиз менга нима қилсангиз қилинг! Аллоҳга ямин этаманки, агар биз уч юз киши бўлсайдик ёки биз енгилиб, бу ерни сизга берардик ёки сиз енгилиб, бу ерни тарк этардингиз, – деди Ҳазрати Умар.
Шу пайт Йемен ҳошияли либос кийган бир қуръайшлик қария орага кириб, “одам ўзига дин танлаган бўлса, сизга нима? Адий бин Қаъб ўғиллари сизга бу одамни ўлдиртиради, деб ўйлаяпсизларми? Тарқалинг бу ердан! Унинг ҳомийси менман!”, деди ва мушрикларни тарқатди”.

Муҳаммад Солиҳ тайёрлаб,
2009 йилда Истанбулда нашр этган
«Пайғамбарлар Тарихи» китобидан.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар