Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (15)

Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (15)
71 views
10 August 2014 - 9:31

(Давоми. Асарнинг бошини ўқиш учун линкни босинг)

Ўн тўртинчи боб

Дуйсенбай қуёш тиккага келганда уйғонди. Беминнат нур таратаётган қуёш борлиқ оламни эртаклардаги тилсимланган сеҳрли шаҳарга айлантирганди. Дуйсенистонни босган оппоқ қор заррин нурлар билан чоғишиб, кумуш каби товланарди. Оқликка бурканган дов-дарахтлар қаноти синган қалдирғочлар мисоли, елка қисиб қотиб қолган эдилар. Шохларга қўниб-учиб юрган чумчуқлар, чуғурлашиб, гўё қишдан кузнинг саховатини тилардилар. Юки оғир карвон, имиллаб кўчар деганларидай, ҳалиям ҳарсиллаган кузак охиригача кўчларини йиғиштирмаган эди. Унинг изларидан қушлар ризқ-рўзларини терардилар. Этакларига ёпишиб, баҳорнинг тирикликни тараннум этгувчи кунларига етиб олмоқчи эдилар. Дераза ойнасидан боққа боқиб турган Дуйсенбайга бу каби ишлар аҳамиятсиз ва беҳуда туюларди. У нақдига ўрганиб қолганди. Тушим бўлмаса, бир дақиқа емаса ошқозони безовта этадиган хўрдадон каби ичини олов яларди. Ҳар куни у учун кирим кириши шарт эди. Бўлмаса, отаси ўлган кимсадек қошу қовоғини осиб оларди. Асаблари ўйнаб, атрофидагиларнинг ҳам еган-ичганини қора қонга айлантирарди. Дуйсенистонда оппоқ кунларни қора зулмат қопларди. Чарақлаб турган қуёшлар ўчиб, осмонларни ғазабига чидолмасдан ўкираётган ёвуз булутлар босарди. Мабодо, чиқим бўлса… Бундай пайтлардаги унинг ҳолатини тасвирлаш учун одамнинг юраги тошдан бўлиши керак эди. Одамизотга хос бўлмаган феъл-атвор хусусида қалам тебратиш учун воқеаларни ахлатга тушиб олиб баён этишга тўғри келарди…
Унинг боши зил-замбил, танаси тўнка каби ҳиссиз эди. Ўй-хаёллари тароқ, тахайюли заранг эди. У занглаб қолган темир парчасига ўхшарди. Мияси хумга жойлаб, кўмиб ташланган вужуд сингари англатиб бўлмас бир азоб ичида қайнарди. У кеча тунда ичавериб, амалиётнинг яримида ўчиб қолганди. Кейинги бўлиб ўтган воқеаларни минг ўйласа ҳам эслай олмасди. Қип-яланғоч исқиртига булғаниб ётганига қараганда, у амалиёт жараёнида керагидан ошиқча кўп ҳунарларни кўрсатганди. У бу ишлари учун истиҳола тортмасди. “Улар”нинг кўзига қандай қарайман дея, ич-ичидан азобланмасди. Унинг андиша, уялиш, ўнғайсизлик каби ҳис-туғулар билан боғлиқ қўрғонларига ўт кетганига минг йиллар кечганди. Ўхшатмаса, учратмас деганларидек, қизлари ҳам ўзидан баттар эди. Қолганлар, боёқи. У чорак аср давомида атрофига ўзидан ҳам ношуд, мансаб, мол-дунё деса ўзини томдан ташлайдиган савия даражаси ҳамин қадар тубанларни жамлаган эди. Улар бир бўлиб, бутун Дуйсенистонни ўзлари ботиб қолган балчиққа томон тортиб кетаётган эдилар.

– Додаж-о-он, дода! – дея иккала қизи илкисдан хонага уриб киришини кутмаган Дуйсенбай бир қалқиб тушди. У изқувар мистер Куарога айлангач, Дўланмадаги уйига бормаётган эди. Режалаган ишларини охирига етказмаса, унинг кўнгли жойига тушмасди. На еб-ичганида, на уйқусида ҳаловат бўларди. Икки қизи кела-сола ёпишиб, икки юзидан чўлпиллатиб ўпгач, унинг кўкрагига бош қўйдилар. Ҳали ювинмаган, ҳамом халатида турган Дуйсенбайдан алламбало ёқимсиз ҳидлар келарди. Бунинг қизлари учун аҳамияти йўқ эди. Улар кеча тунда додалари билан бўлиб ўтган хунук ишларни аллақачон унутган эдилар. – Бутун дунё сиз ҳаққингизда – Бин Лодиннинг ваҳшийликлари хусусида гапиряпти. Сизни бу улкан мувафақият билан чин юрагимиздан табриклаймиз. Илоё бизларнинг бахтимизга ҳамиша омон бўлинг. Бизлар сояйи давлатингизда мазза қилиб юраверайлик. Бунақанги муттаҳамона, разилона ишларни биргина сиз очиб ташлашингиз мумкин. Риё ва мунофиқона амалларни очиб ташлаш биргина, сизнинг қўлингиздан келади. Биласизми, бу учун одам қанчалар пасткаш ва жирканч бўлиши лозим…
Опа-сингилларнинг ортида тўстувак ушлаб юрган Гулисипсанинг димоғига Дуйсенбайнинг қўллансаси урилгач, унинг кўзлари олдида кечаги ота-болачиликка хос бўлмаган ишлар гавдаланди.
– Вой, ўлмасам, нималар бўлаяпти?! Гўрсўхта эрим, бир этак баландли-пешли болаларим бор! – деди у ичига тупуриб. – Ўзинг сақла, Парвардигор. Мен ҳеч нимани кўрганим йўқ. Сен, менга ҳеч нимани кўрсатмадинг!

Мирзелимбай қизларнинг орқасидан шошиб кириб телевизорни ёқди. У ҳам шодлигидан терисига сиғмай кетаётган эди. Дуйсенбайнинг оёқ-қўлларини опа-сингил – Батангул билан Сатангул каби ялашга ҳам у тайёр турарди. Бир дақиқа ўтмасдан бутун боқонлар бош боқон Тарлон бошчилигида ёприлиб кириб, Дуйсенбайнинг оёқ-қўлларини ялашга чоғландилар. Оламшумул ғалаба билан муборакбод этиб, уни замонанинг Адолф Гитлери, Чингизхони, Амир Темури дея мақташга тушдилар.

Телевизорда бутун каналлар гаровга олинган Белгия фуқароси Жак Андирсон билан Моракаш фуқароси Аббос Қасрий ҳақида гапираётган эди. Амриқоликлар иддао қилганлари каби Усома Бин Лодин ўлмаган эди. Чунки, Амриқо президентининг ўзи ҳам у билан бирга гаровга олинган асрларни қийноққа солаётганди. Бин Лодин ўлган бўлса ҳам, у Маҳдий сиймосида океаннинг тагидан тирилиб чиқиб, ишини қолган жойидан давом эттиришга бел боғлаганди. Барчаси, Амриқо президенти билан бамаслаҳат амалга ошаётгани тасвирларда яққол кўриниб турарди. Демак, енг ичида битириладиган дастуруламаллардан Исроил хавфсизлиги хуфияларининг хабарлари бор эди. Шу учун маъракага бош қўшганлар, охир-оқибат ютиб чиқардилар.

Занжирга боғланган асрларнинг бошига автомат қўндоғи билан уриб, шифтларга ўқ узаётган кимса, худди Бин Лодиннинг ўзи эди. Уни кўриб туриб, ўлган эди дейишга тил бормасди. Унинг думғазасига дум боғлаган икки қанжиқ жазмани билан рақсга тушиб, уруштириб виска ичаётганлари умуман ислом ақидаларига тўғри келмасди. Никоҳига кирмаган номаҳрамни бурчакка тортиш шайтоний амал бўлиб, икки қанжиқнинг бир бўлиб бир эркакнинг устига чиқиши ғирромликдан ўзга нарса эмасди. Шарҳловчиларнинг яна айтишларича, бу мусулмонларнинг мунофиқлигини, сўзи бошқа амали бошқалигини кўрсатарди. Бутун дунёни “ислом хавфи”дан тинмасдан огоҳ этиб келаётган ўлкабошининг эътиборсиз қолдирилган сўзлари ўз исботини топган эди. Занжирлар билан устунга ўраб ташланган Жак Андирсон билан Аббос қасрийларнинг оёқлари остида ҳам, қандайдир она-бола асрлар ўтирардилар. Ўғлининг уввос солиб йиғлаётганига чидай олмаётган она жуда ҳам хомуш эди. У қаттиқ хафа бўлгач, қош-қовоғи осилиб кетиб, икки кўзи кўринмай қолганди. Чатоқ томони, уларнинг ҳалигача шахслари аниқланмагани эди. Тахминларга кўра, кампир ҳали ўн олти ёшида эканида ўғирланган. Ўғлини ҳам у тутқинликда туққан. Унинг саксон ёшдан ошиб кетгани эътиборга олинса, унинг гаровга олинганига камида етмиш йилдан ошган. Дунёдаги биринчи рақамли террорчи уни шунча йиллардан буён қийноқларга солиб келганди. Бу фикр у озод этилгач ўз исботини топса, Ўзбекистон президентига кўра, унга Мустақиллик майдонида, “Асрларни асрликда қаритган она” ҳайкали ўрнатиларди…

Бошқа бир каналларда Оврупонинг ва Амриқонинг баъзи бир шаҳарларида гаровдагиларни қутқариш аксиялари бошланиб кетгани ҳақида сўз борарди. Ўзларини сиёсий фаол ҳисоблаган милёнлаган ақлли-ҳушли фуқаролар, сўфи кетини ювмасдан транспоратлар кўтариб кўчаларга чиққандилар. Ўн минглаган, юз минглаган Бин Лодиннинг суратлари туширилган плакатларни норозиликларини намойиш этиш учун ёқиб, оёқлари билан тепиб, топтаб ташлаётган эдилар. Иккинчи томонда Бин Лодиннинг ранг-баранг суратлари туширилган плакатларни босиб чиқараётган нашриётларнинг қўллари-қўлларига тегмасди…

Боқонлари билан телевизордан томоша қилиб ўтирган Дуйсенбайнинг кўриб, ақли шошиб қолди. У Бин Лодиннинг ўзи эканлигига ишонмасди!
Ўзининг гаровдагиларнинг бошига автомат тиркаганларини кўргач:

– Шу, ўзимми?! – дея, у чўчиб кетди.
– Ўзингиз, ўзингиз! – дея боқонлари фахрларга тўлиб, жўр овоз бўлиб жавоб қайтардилар.

Амриқо президентининг террорчилар билан бемалол оғиз-бурун ўпишиб юрганини кўрган Араб давлатларида эса, ҳукумат тепасидагиларга қарши исёнлар бошланганди. “Нима учун Амриқо президенти Бин Лодин билан очиқ мулоқот қиладию, бизникилар алоқаларини яширади”, деган савол ғалаёнчиларнинг шиорига айланганди. Қўшни юртада эса адолат қарор топиши муносабати билан катта байрам, расмий тантаналар бошланиб кетганди. Сиёсий майдонда охир-оқибат ҳақ бўлиб чиққан ўлкабоши шарафига ҳар бир маҳаллада ош тортилаётган эди. Хонадонларда қўйлар сўйилиб, доно раҳбар ато қилган Раббига шукроналар ўқилаётган эди. Қуръон тиловат қилиниб, етим-есирларга садақалар тарқатиларди. Куни туғиб қолган имомлар ҳар кирган хонадонларидан бир қўйнинг сони билан икки шиша рус ароғини қўйнига тиқмаса, остона ҳатлаб кўчага чиқмасдилар. Хизмат ҳаққи икки юз доллардан беш юз долларгача кўтарилганди. Сўмни долларга ҳисоблаб, икки баравар ошириб берсалар ҳам, имомлар сўмни назар-писанд этмасдилар. “Чўнтакка тиқса дўппайиб қолади, қопга тиқиб орқалаб юриш ноқулай” деб гина-гузаронликка тушардилар. Домулла хафа бўлмасин, деб уй эгалари бозордан саррофни чақиртирардилар. Ҳали хушхабар юртага етиб келмасдан, долларнинг сўмга нисбатан қиймати икки баробар кўтарилганди. Ҳамма байрам кайфиятида эди. Оқил ва доно ўлкабошилари борлигидан фахрларга тўлиб кетаётган элнинг ёш-яланглари ва қари-қурилари телевизордан шодликларини баён этиш учун уч юз чақиримлик навбат пайдо қилган эдилар. Навбатда турганларнинг боши телемарказда бўлса, кети қайсидир бир узоқ вилоятга етаётганди. Навбатига яна уч-тўрт ўринни қўшиб олганлар, ялиниб-ёлворганларга ҳар бир навбат ўрнини минг доллардан, уч минг долларгача пуллардилар. Телевидение ходимлари пулнинг остида қолиб кетганди. Ўлкабошилик маҳкамасидагилар ҳам ҳар битта қўнғироқ учун фалон доллар олмасалар, бировга илтимос қилмас эдилар. Чайқовчиликда учига чиққан ДЭВОчилар билан Олий ўқув юртлари ўқитувчилари ҳам порахўрликда ҳалигача бунақанги юксакликни забт эта олмагандилар. Хуллас, асл ҳақиқатнинг юзага чиқиши муносабати билан юртада бир ҳафталик байрам таътили эълон қилинди. Бори боридан, йўғи йўғидан йўндириб, ҳар ким топганини йўқлашга тушди. Чорак асрдан буён сув келса симириб, тоғ келса кемириб, “эрта бир гап бўлар. Худо, ўзи беради” деб барчасига кўникиб қолган халқ, ўлкабошининг мувафаққият қозонганига унча севинмаган бўлса ҳам, “ҳаммасини еб-ичиб қўйсам, эртага нима бўлади” деб тараддудланиб ўтирмасдан, ичиш-ейиш учун баҳона топилганига – янги гап чиққанига хурсанд эди…

Дунё матбуотидаги шов-шувлар ҳам, боқонларининг ўзини осмонларга олиб чиқиб мақтаганлари ҳам, қизларининг ялаб-юлқаганлари ҳам Дуйсенбайнинг кайфиятини ўзгартира олмади. Ваъда қилинган пул махсус машинада юртадан етиб келганидан сўнгра, унинг қоши-қовоғи очилди. Тили сўзга келиб, юзи ёришди. У йўқотганларига юз баробар фойда кўрган эди. Кўнгли жойига тушгач, ҳаммомга кириб чўмилиб чиқиб, у изқувар мистер Куарога айланди. У ҳақиқатан,“мистер Куаро” кийим-бош жамламасининг сеҳрига ишона бошлаган эди. Орзу-армонларининг шу матоҳлар туфайли рўёбга чиқаётганига заррача шубҳаси қолмаганди. У ширин хаёллар оғушида маст-аласт, кўкларда парвоз этиб турган бир пайтда, гаровдаги икки мураббийни олиб кетиш учун БМТ вакиллари етиб келди. Уларнинг Дуйсенбайнинг оғзига сиққан пулни бериб, Жак Андирсон билан Аббос Қасрийни Қорасаройдан олиб кетиши, дард устига чипқон деганларидек, бир тийинга қиммат матоҳлар мавқейини ақл бовар этмас даражаларга кўтарди. Орадан дақиқалар ўтмасдан хитойликларнинг бахти кулиб, “Мистер Куаро” кийим-бош жамламаси нархи Дуйсенистон бозорларида тўрт баравар қимматлаб кетди. Пистонлар олтинга айланиб, эҳтиёж олти поғона юқорилади. Бу, рўдапо бир мато билан икки арзимас “бучок” Амриқо долларини Дуйсенистондан сиқиб чиқармоқда, дегани эди. Халқ ёппасига кафанликка ҳам, совға-саломга ҳам, тўй билан азаю, келин-куёв сарпосига ҳам, чилла гурзон билан суннат тўйига ҳам “Мистер Куаро” кийим-бош жамламаси билан иккитадан пистон сотиб ола бошлади. Аслида, бутун сеҳр-жоду Дуйсенбайнинг манглайидаги пистонларда эканлигини, на унинг ўзи, на дуйсенистонликлар англардилар. Ҳамма ишни минглаб чақирим наридан туриб, чоқли бир хонага қамалиб олган “чап қанот”гуруҳи амалга ошираётган эди.

Ўлкабоши бу кунни роппа-роса йигирма олти йил кутганди. Оёқ остидан оққан сувнинг қадри йўқ деганларидек, ҳеч ким назарига илмаган қозоқнинг аллақандай бир қиморбози, унинг орзусини бир кеча-кундузда ижобат этганди. Ўлкабошининг шунча йиллар, юртанинг мол-дунёсини ҳаволарга совуриб келганлари, миллатнинг сара ўғил-қизларини ким-кимларнинг қулларига айлантирганлари қорнига қолганди. Яна барча оғирлик, унинг тутриқсиз хархашаларига шунча йиллар чидаб келган бечора халқнинг зиммасига тушадиган бўлди. Териси суягига ёпишган манглайиқаролар, охирги томирида ҳам унга елкасини тутиб беришга шай турардилар. Бу миллат қанчалар қадим тарихга, буюк тамаддунларга эга бўлмасин, руҳияти ўзаги синдирилгани учун кўкрагини тик тута олмасди. У умуртқасидан – руҳониятидан жудо қилинганди. Бу руҳониятда шижоатнинг йўқлиги уни Яратганнинг шариф зотлигидан жоҳил бир банданинг малайи мақомига туширганди. У кўра-била ҳалокат сари қадамларди. Ўзи истамаган ишини ўзи истаб қилаётгандек қилиб кўрсатарди. Қўл-оёғини бойлаб, бўғзига пичоқ тортаётганларида ҳам мутелик ичида бир нафасга жон сақлаш учун тиришарди. Боши кесиб олиниб, бўғзидан қон сачраётганда ҳам у чиранмасди, типирчиламасди. Бўкириб юборишдан қўрқиб, кесилган бошнинг ўттиз икки тиши тилини тишларди. У ўла туриб ҳам, курашсиз, қарама-қаршиликсиз, қон тўкмасдан, жон бермасдан жонини сақлаб қолмоқчи бўларди…

Дунё ўлкабоши олдидаги мудҳиш хатоларини тан олгач, маҳалла жамғармалари анжуманида, “Ислом хавфи” ёхуд ақидапарастликка қарши омонсиз кураш”, “Кароматгўй авлиёнинг парвози” шиорлари остида уч кунлик семинар-трединг ўтказилди. Унда, ўлкабоши фаолиятига бағишланган, “Енгилмас раҳбар – юксак тафаккур” ва “Ўз уйингни, ўзинг асра” мавзусида ҳар бир иштирокчи нутқ ирод этиши мўлжалланганди. Семинар-тредингда юрта маҳалла қўмиталари раиси билан “Нуроний” жамғармаси раиси қўшма баёнот бериб, ажойиб бир таклиф билан чиқди. Баёнотда айтилишича, ўлкабошини қўриқлаётган махсус кучлар сони уч баробарга оширилиши зарур эди. Яъни, текинхўр боқимандаларнинг миқёси йигирма мингдан олтмиш мингга етказилиши лозим эди. Уни, у ётадиган уйнинг даҳлизида ва ертўласида туриб қўриқлайдиган “чап қанот” кучларининг минг кишилик “кўрса, босар”лари билан Рўбингуд Тангрибердиев тўдаси каллакесарларининг умумий сони ҳам уч мингдан кам бўлмаслиги кўзда тутилганди. Улардан ташқари, ҳар битта маҳалла қошида аҳоли кўламидан келиб чиқиб, эллик кишидан юзтагача қўриқлаш отрядлари тузиш мақсадга мувофиқ келарди. Ўлкабошининг халқ ичидан чиққан “лочинлар”и маҳалла ҳисобидан мояна билан таъминланиб, бошқа ишга чалғимаслиги жуда ҳам муҳим эди. Шу каби лиссей, коллеж ва олий ўқув юртларидан ҳам махсус отрядлар тузиб, уларни Рўбингуд Тангрибердиевнинг қўриқлаш хизмати полегонларида жангавор тайёрганликдан ўтказиш ҳеч қачон зарар қилмасди. Шунда, ўлкабошини кўнгилдагидек асраб-авайлаб, мустаҳкам қўриқлаш учун имкон яраларди. Тоқсаройдан Дўлма қароргоҳигача бўлган хавфли чизиқнинг ҳар қулочида тўрт яримтадан тўққизта фидойи уч қаторга тизилиб, кунида икки марта ватанга садоқатини намоён этса, жижча бўлса ҳам ўлкабошининг ҳурмат-эътибори жойига қўйиларди. Яна айтилишича, уни бундан бу ёғига юрта ҳудудларидан ташқарига чиқариб бўлмасди. Хорижликлар турли усуллар қўллаб, қари тентакнинг ҳаётбахш ғояларини, юртанинг келажаги ҳақидаги истиқболли дастуруламалларини ўзлаштиришлари мумкин эди. Уни интернетдан узиб қўйиш ҳам ҳеч қачонда зарар келтирмасди. Қариган сайин бола феъл бўлиб кетаётган ўлкабошининг парнография ва мелодрамаларга ружи қўйгани, унинг ўзини унутиб қўяётганидан нишона эди. Энг асосий масала, унинг ўрнини кўзлаб юриган катта қизидан уни ҳимоя қилиш, ҳар битта миллат вакилининг, ҳар битта фуқаронинг ҳаёти мазмунига айланса, уни келажакда етти ўйлаб тушига кирмаган ажойиботлар кутарди. Айниқса, уни бош вазирдан эҳтиётлаш лозим эди. Охирги пайтларда ҳушидан кетиб қоладиган одат чиқарган бечорани, унинг бўғиб ўлдириб қўйиши ҳеч гап эмасди. Сталин билан Берия муносабатлари йўналишида ривожланаётган сўнгги йиллардаги воқеалар шундан дарак бераётганди…

Ўлкабошини ён-атрофидагилар ва жойлардаги ўрта бўғин мансабдорлар, маҳалла қўмиталари раислари ва оқсоқоллар, олим ва ёзувчи-шоирлар пуфлай-пуфлай, охири “пўшпулак” – чур-р, чур-рр-р этиравериб, “ушпулак” этиб қўйдилар. Бечора ўзини ўта қув ва содда муғомбир ҳисобласа ҳам, азалдан жайдари ҳай-ҳуй, доно-оми, ғалли-ғулли эмасми, барчасига лаққа ишонди қўйди. Бор балони ўз-ўзини авраётганларнинг моли-жони ҳисобидан, йўқ жойдан бор қилган бўлса ҳам, у Бин Лодиннинг ҳақиқатдан ҳам ўлмаганига ишониб, жонини асраб қолишнинг пайига тушди. Амриқодан мамлакат ҳудудида очиқ базасини ўрнатишни илтимос қилиб, бир неча марта пинҳона мурожаат билан чиқди. Афғонистондан чиқиб кетиши кутилаётган умумкучларнинг тинчлик қўшинларини минтақадан чиқармасликни сўраб ялиниб-ёлворди. Бир тунда кулранг турналарни эргаштириб битта учоқда битта ўзи учиб келган Путин унга иложи борича қисиб туришни маслаҳат берди. Ҳа деб валдирайверса, тобутга тиқиб, ислом қонун-қоидалари асосида океанга дафн этишини айтиб, дағдаға қилди. Бин Лодиннинг ҳақиқатда ҳам тириклигини тасдиқлаб, газ, олтин, ураннинг чўғини кўпайтиришни буюрди. Йўқса ўз мамлакатидан юрталик меҳнат муҳожирларни қувиб чиқаришини айтиб, уни ортиқ ҳимоясига ололмаслигини шама қилди. Тўртдан бир нархига сотиб олаётган бутун бойликларни текин беришини сўраб, уриб-сиқтаб тилидан тилхат ёздириб олди. У ўз ҳийласидан ўзи панд еб, икки олов ичида қолиб кетди. Миллий хавфсизлик генерали Дуйсенбайнинг генерали билан учрашиб, “ўша” ишлар спектаклми ёки ҳақиқатлиги ҳақида суриштирган эди, спектакл эмаслигини билгач, у юрак ҳовучлаб, қалтираб қолди. Шуни кутиб турган изқувар мистер Куаро бор иқтидорини ишга соладиган кун етиб келганини англади. Етук мутахассис сифатида унга Шўлпаной Авакяннинг ёрдамини таклиф қилган эди, у Парижда ўтказилган Бутунжаҳон “Каллапазлар” конкуруси ғолибини жуда катта пулга икки йилга ижарага олди. Пуллар худди илгаригидек уч қисмга бўлинди. Ярмини Дуйсенбай билан ўлкабошининг ўзи бўлиб олди. Қолган ярмини ўзини ошкор қилишни истамаган “чап қанот” туя қилди.

Авакян келган куни голландиялик бешта академикни Голландиядан чақириб олишини айтиб, қатор шартлар қўйди. Шахсий реферантлари бўлмиш академиклар билан уларнинг бола-чақаларига уй-жой ажратишни сўради. Ўлкабоши барчасига сўзсиз рози бўлди. Шартномага имзо чекиб, мартабали меҳмонни тантана билан Дўлма қароргоҳига кузатиб қўйди. Эртаси тонгда ўлкабошининг шахсий учоғи Голландияга бориб, бешта академикни бутун оиласи, кўч-кўрони билан юртага кўчириб келди. Уларни учоқ зинапоясида шахсан ўзи кутиб олган ўлкабоши академикларни Авакян қўнган Дўлма қароргоҳига бошлади. Улар етиб келганларида Авакян ҳамон ухлаб ётар эди. Юрталиклар тилини ўзидан ҳам яхши биладиган академикларнинг ҳурмати учун оёқлари остига қўй сўйдирган ўлкабоши, зерикишмасин дея, у ёқ-бу ёқдан ёлғон-рост гапириб, уларни тушгача авраб турди. Тушга яқин уйқудан тўйиб уйғонган Авакян, ётган жойида ярим соат керишиб, қўл-оёқларининг чигалини ёзди. Кўкракларини, орқа-бўйларини уқалаган армани йигитнинг танасини қоплаган қоп-қора жунини томоша қилиб, анчагача ўз-ўзидан масиқиб ётди. Армани йигит роса силталагач, чўмилиб чиқиб, ўлкабошини қабул қилишга вақти йўқлигини айтиб:

– Академиклар қолсин, у эса кечикмасдан ишига борсин! – деди.

Оддий бир ўқувчи сингари изқувар мистер Куаронинг ҳам бир сирнинг тагига етолмасдан боши қотарди. Голландиялик академик ниқоби остида ташриф буюрган келеслик Абдираҳмон учарнинг Қорасаройдаги бутун бойликларни ўмаргани ҳаққирост бўлса ҳам, барча иддаоларнинг орқасида “қандай қилиб”, “унинг ўмарганини биров кўрмади-ку”, “ичкаридан икки қўлини бурнига тиқиб чиқиб кетди-ку”, “ҳамма қараб турганди-ку” деган қатор саволлар турарди. Мистер Куаро “Тобутдан товуш” амалиётини минг маротаба академикларнинг енг ичида амалга оширилган жиноятларига бағишламасин, ҳеч бир натижага эриша олмади. “Қабрдаги хазина” дастуруламали орқали ўмарилган бойликларни ортига қайтармоқчи бўлганди, қўлидан шашвар ҳам келмади. Бутун тизимни муштумига йиғиб, хоҳлаганини уриб янчса ҳам, ўзидан бошқанинг дамини ўчирса ҳам, мамлакатда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмади. “Рости – русти”, яъни “Куч – адолатда” деган ҳикматнинг замирини англамагач, унинг барча сўзлари пуч бўлиб чиқаверди.

Ўлкабошини бир боқишда ўзига ром қилиб, ювоштириб олган Авакян иккинчи кун унинг оиласи ичига юриш бошлади. Икки қизини илк уринишда таслим этиб, хотинини афюнга доғланган бедана каби “гаҳ” деганда кафтига қўндирди. Учинчи куни катта қизи Бўтагул билан тиллашиб, хориждаги банкларга милёнларини ҳайдаб берди. Кичик қизи Сўтагулни мамлакатнинг ЮНЕСКОдаги доимий вакиласи лавозимига кўтаришга ваъда бериб, йўқ жойдан пул топишнинг йўриғини ўргатди. Йўқдан йўндиришнинг тузидан тотган Бўтагул, синглига қасдма-қасд, мамлакат бўйлаб салиб юришни бошлади. Фондлар тузиб, турли-туман маросимлар уюштириб, куппа-кундуз куни халқни тунаш йўлига кирди. Буни кўриб қизларидан ҳам кўра кўпроқ юраги жўш уриб, ҳаяжонланиб кетган ўлкабошининг хотини, эри ва қизларига билдирмасдан пул жамғаришнинг усулларини сўраб, Авакянга ёзма мурожаат қилди. Шуни кутиб турган Авакян унинг синглисини ўғли билан ҳамкор қилиб, уларга кимса билмас банклардан ҳисоб рақамлари очиб бергач, бечора аёлнинг минг азобда ўғрин-тўғрин йиққан милёнлаб доллар пулларини янги очилган ҳисоб рақамига ҳайдади. Авакян билан ҳамсуҳбат бўлган хотини, хотинининг жияни ва икки қизининг гуллаб-яшнаб кетганини кўрган ўлкабошининг ўзи ҳам, “ҳеч ким билмаслиги шарти билан…” Авакяннинг ёрдамида хориж банкларида яширин ҳисоб рақамлари очди. Мамлакатнинг чўнтагидан ўғирлаб, миллатни қон қақшатиб йиққан пулларни хотини ва қизларидан яшириб, янги очилган ҳисоб рақамларига ҳайдаб, устидаги юкдан қутулган эшакдек енгил тортиб, ўпкасини тўлдириб нафас олди. Бу пуллар ҳам аввалгилари каби учга бўлинарди. Чорак қисми Дуйсенбайнинг номига, тенг ярими “чап қанот”га ва қолган чорак қисми пул эгасининг ҳисоб рақамига бориб тушарди. Эҳтимолларга кўра, Авакян ўз улушини “чап қанот”дан оларди.

Бу жараёнларда Абдираҳмон учар бошчилигидаги тўртта голланд академиги Авакянга қўшқанот ва қошу кўз бўлиб турди. Керагида қўл-оёқ, керагида сўйлоқ бўлди. Ўн қўли ўн ҳунар академикларнинг на билмаган соҳаси, на ер юзида танимаган ўғри-каззоби бор эди. Улар сеҳргарларга тилсимларни очишда дарс, кўзбойлоғичиларга “қарс” уриб “кишт” берардилар. Замонавий радио техника, тиббий аппаратуралар ва компютирларнинг кетидан кириб, оғзидан чиқиб кетардилар. Интернетнинг ичига гижжа бўлиб сингиб, ичакларида балиқ сувда сузган каби тараллабедод олиб кезиб юрардилар. Ўтган қисқа вақт мобайнида пуллардан ташқари ҳам улар чегарадан олиб чиққан ноёб буюмларни бир жойга уйса, қимматини дуру гавҳарлар билан ўлчаш мумкин бўлмаган халқнинг қанчадан-қанча мулклари Эрмитажнинг бир неча залини тўлдирарди. Мана шуларнинг барча-барчалари турмак ичидаги уч литрлик банкага жой бўлишига ишонсак, Қорасаройни ўмарган ўғрибоши Авакян бўлиб чиқарди. Шунда ҳам унинг ва академикларнинг қандай қилиб барчанинг кўз ўнгида Қорасаройни тунаганига соғлом одамнинг ақли етмасди. Ўғрининг кимлиги аён бўлса ҳам, унга бармоқ ўқталиш учун одамнинг ақли-ҳуши жойида бўлмаслиги керак эди. Демак, Житириқни даволаш учун Қорасаройга Голландиядан бешта академикни чақиртирган ҳам, президентнинг учоғини жўнатиб, уларни Дуйсенистонга бошлаб келган ҳам Авакян эди. Ўзини голландиялик деб атаётган фирибгарлар бошлиғи Абдираҳмон учар ҳам Авакянга тегишли одам бўлиб чиқарди. Лекин барибир бу ишларнинг шундай бўлиб чиқаётганига ақл бовар этмасди. Ҳар қандай одам бу ҳақда бош қотирса, Италиянинг сўлим бир гўшасида уйқуга ётиб, кўзини очганида ўзини Гоби саҳросининг қоқ ўртасида кўрган кимсадек, беихтиёр бир сесканиб тушарди. Кимки ақли-ҳушини йиғиб, ҳаммаси номи ошкор қилинмаган “чап қанот”га тегишли бўлиши ҳам мумкин-ку, дея ўйласа, ҳаётига мантиқ кирар, боши оғримас, кўзи ҳам тинмасди. У ўзини-ўзи аврашдан, ўзини-ўзи жинни қилишдан қутулар, ортиқча ўзини қийнамасдан, ўтмишда йўл қўйган хатоларини қандай тузатиш хусусида тафаккур этарди. Бу кичик кўринган иш душманнинг йўлига ғов бўларди. Бу иш тўрт юз йиллик бало-қазоларга, сарсону саргардончиликларга тўғон босарди. Сўнгра тупроқлар бўзланар, боғлар ларзонга келиб, ўсишдан тўхтаган тоғлар кўка бўй чўзиб, юлдузлардан чўғ сўрай бошларди. Узилган дарёлар пишқириб, қуриган денгизларда довуллар уйғонарди. Тўлқинларни соғинган кемалар тўшларини долғаларга уриб, шамоллар билан ўйнарди. Савсанлар осмонларда қанот ёйиб, булбуллар озодлик қўшиғини куйларди…

Авакян ўлкабошининг Дўлмадаги қароргоҳига ҳам қоп-қора думи узун қора машиналарда ҳар куни икки марта бориб келарди. Қоп-қора думи узун учта машинани турли-туман юздан ошиқ думи калта машиналар йўл бўйи ҳар томондан қуршаб, қўриқлаб борардилар. Олдинда кетаётган юк машинаси устига иккинчи жаҳон урушида яроқсиз деб топилган бешта тўп ўрнатилганди. Ўн олтита аскар тўпларга снаряд ўрнига эски чопонга бензин шимдириб тиқиб, қўлларида гугурт, жанговар ҳолатда ғоздек гердайиб турардилар. Кабинадагиларнинг қўлларида қирқма милтиқ, оёқларида керза этиклари бор эди. Қишу ёз устларида пахталик камзул, бошларида қирқилмаган такаулоқнинг терисидан тикилган силкима телпак, бошларини машинанинг ойнагидан чиқариб, йўл бўйи икки томонни буқаламун тасвири туширилган “хамелеон” кўзойнакларидан кузатиб борардилар. Орқада келаётган юк машинаси устида Афғонистон урушида ичи тўкилиб, хартуми қийшайиб қолган танк турарди. Танкнинг чордоғидан бошини чиқариб, ҳар қўлида иккитадан тўртта бомба ушлаган уч танкчи, хавф-хатар туғилди дегунча бомбаларни икки йўл четини иҳоталаган “кўрса босар”ларнинг устига улоқтиришга шай, каскаларини кўзларига бостириб, қовоқ уйиб, ғазаб тўнини кийиб олгандилар. Уларнинг орқасида, икки мингдан ошиқ “Фонд – форум”нинг ичак-чавоқлари – “Баркамол авлод”чилар майка-турисида, бошларида аскарча телпак, оёқларида маҳси-кавуш, қўлларида олимпиада машъласини кўтариб, тилларини бир қарич чиқариб, ҳаллослаб, чопиб борардилар. “Кадалак” деган усти очиқ машинанинг олд ўриндиғида “Аср садоси” фестивали қатнашчиси Абду Хаши қўлида ғижжак, капотнинг устида микрафон ушлаган Зули Бўйбўйхон оловга тушган илондай дўланиб-товланиб, биров эшитса-эшитмаса, “ҳа-ай, ҳай-й” деб хониш этарди. “Кадалак”нинг орқа ўриндиғида “Терминатор”га ўхшаб кийинган саккизта снайперчи рақсга тушарди. Хуллас, Тоқсарой билан Дўлма қароргоҳини боғлайдиган Дўлма йўлини тиш-тирноғигача қуролланган олтмиш минг сонли “Ёвуз темурзодалар” қўриқлар эдилар. Ўрта бўғин мансабдорлар, маҳалла қўмиталари раислари ва оқсоқоллар, олим ва ёзувчи-шоирлар тузган қўриқлаш отрядлари алоҳида эди. Улар жамиятдаги эгаллаган мавқеларига қараб, “Пуфлай-пуфлай”, “Пўшпулак”, “Чур-р, чур-рр-р”, “Ушпулак” каби бир неча гуруҳларга бирлашгандилар. Уларнинг сони ҳам олтмиш мингдан кам эмасди. Халқ ичидан чиққан бу шоввозлар “Ёвуз темурзодалар”нинг ҳалқасини айлантириб, уч қаватли ўзига хос Хитой деворини пайдо қилган эдилар. Назарларича, бу жонли деворни Чингизхон гўридан тирилиб чиқиб келса ҳам бузиб ўта олмасди. Умуман, уларнинг нима учун бу ишни бошлаганлари аллақачон хаёлларидан кўтарилиб кетганди. Бин Лодинни улар буткул унутиб юборгандилар. Ҳаётда тайинли мақсад, шуғулланадиган жиддий пешалари бўлмагач, ҳар куни икки марта йўлга чиқиш улар учун шунчаки эрмакка айланиб борарди. Аслида, ўзларининг тақдирларига бепарво бу одамлар учун ўлкабошининг ўлик-тиригининг унча ҳам аҳамияти йўқ эди. Улар қандай бўлмасин, кун қоралаш учун, очдан ўлмаслик учун бир нима билан шуғулланиш керак деган тўхтамга келгандилар. Халқ гуруҳлари билан “Ёвуз темурзодалар”нинг умумий номи “Кўрса босарлар” деб аталарди. Уларнинг устидаги кийимлар хилма-хил эса-да, томиридан оқаётган қонлари, тақдирларига бепарволиклари, ўй-хаёллари ва фикри-тафаккурларининг ночорлиги бир хил эди. Орзу-ҳаваслари, худбинликлари, жаҳолати, сиёсий калтабинликлари ва овсарликлари ҳам бир ота-онадан туғилган эгизаклар каби эди. Улар бир олманинг икки палласи ёхуд бир дарёнинг икки қирғоқлари эдилар.

Авакян Дўлма қароргоҳига йўлга чиқишдан олдин ўзининг бошидаги уч литрлик банкани ўлкабошининг бошига қўйиб, бор ҳафсаласини ишга солиб, унинг сочини ўтириб олиб эринмасдан турмакларди. Кигиздан қилинган ясама сочини шамол учириб кетмаслиги учун тўғноғичлар билан парпара қилиб тикилган бурма ёқасига қистириб, лачагининг остидан жамалагини чиқаргач, қирқ ўрим сочини орқасига ташларди. Култапўшагининг печидан попук тортиб, учини белига туширарди. Юзу кўзини ўзиники каби бежаб, кўзларига сурма, қошларига ўсмайи гардон тортарди. Тўмтоқ бурнини пачақлаб, кичрайтириб бураб, икки кўрсатгич бармоғини сувлиқдек оғзига тиқиб, икки томонга обдон тортиб, лабларини қулоқларига етказарди. Қулоқларини қуймондек чўзиб, солинчоқларига ўзининг исирғаларини илгач, тушиб кетмасин дея, тубидан кўзга тушмайдиган қилиб қатим билан айлантириб тугиб қўярди. Чўтир юзига сумалакнинг қаймоғини чаплаб, кафти билан текислагач, устидан тухумнинг оқини суркаб қотирарди. Кўкракларига ичига пахта тиқилган иккита ярим литрлик банка қўйиб, устидан сийнабандини тортиб, орқасидан илмоғини иларди. Уни ҳали Бин Лодин экан, Тоҳир Йўлдош билан Жума Намонгоний кўрганда ҳам танимасди.

Ўлкабоши Авакяннинг кийим-бошларини кийиб, кўзгуга қарагач, кўзгудан ўзига қараб турган Авакянни кўриб:

– Санътингизга қойилман! Энди мени сиздан туққан онам ҳам ажратолмайди! – дея қарсак чалиб юборарди. Шунда орқасига қайрилиб, ўзининг аксига кўзи тушарди-да, ундан:
– Халоскоримиз Авакян қаерга кетди, жаноб? – дея сўрарди.

– Мени танимадингизми?! – дерди юраги ҳаприқиб кетаётган ўлкабоши. – Мен Шўлпоной Авакян бўламан. Ҳазилингиз қурсин сизнинг, йўқолиб қолдимми, дея ўтакам ёрилай деди.
Спектакл премьераси ҳар куни икки марта такрорланарди. Томоша тонгда Дўлма қарогоҳида, шомда Тоқсаройда саҳнага чиқарди. Спектаклда битта режиссёр билан битта гримчи асосий вазифани бажарарди. Аммо режиссёр билан сенарийчи иккаласи битта одам эди. Сенарийни саҳнада бор-йўғи иккита актёр ижро этарди. Томошабин ҳам иккита, бутун бошли театрнинг тақдири икки кимсанинг фаолиятига боғлиқ бўлиб қолганди. Шундай катта бир даргоҳда ўлкабоши билан Авакяндан бошқа тирик жон кўринмасди. Сенарийни ёзган ҳам, режиссёр ҳам, гримчи, иккита актиёр билан иккита томошабин ҳам мана шу икки фирибгарнинг ўзи эди.

Ўлкабошининг қиёфасига кирган халоскори қора думи узунларнинг бирига чиқаётиб, ўзининг қиёфасига кирган ўлкабошини асраб-авайлаш учун хавфсизлик генералларига бир қанча топшириқлар берар, кейин орқа ўриндиққа ястаниб ўтириб оларди-да, Дўлма қароргоҳи томон йўлга чиқарди. Айтганимиздек, “кўрса босарлар” қўшинлари катта йўлнинг икки тарафида жонли Хитой деворини тиклаб, тўрт соатдан буён ўлкабошининг йўлини пойлаётган бўлардилар. Думи узуннинг ойнасидан уларга боқиб, “Бу халқ одам бўлмайди”, деб ўйлаётган Авакяннинг хаёлидан нималар кечмасди, дейсиз! “Кўрса босар”ларнинг ичларида ҳам ҳар хиллари бўларди. Қайсидир билиб-билмай бурчини сидқидилдан адо этарди. Қай бири ҳар куни қуруқ бир томоша учун йўлга чиқарди. Кимдир шу иш орқасидан бойлик орттирса, кимдир бизнес режасини амалга оширарди. Яна кимлардир овсарлиги боис умр кўчаларида довдираб юрганини ўзи ҳам билмасди. Аллакимлар “Падари лаънат қачон ўларкин? Бу бетайин ҳаёт жонга ҳам тегиб кетди” дея ич-ичидан ижирғанарди. Кимдир ноиложликдан нафратини ичига ютар, кимдир шу ишни қилаётгани учун терисига сиғмай хурсанд юрар, келажакда авлодлари боболарининг бежиз одам бўлмаганидан ифтихор этишларини тасаввур қилиб, юраги жўш уриб кетарди. Яна бировлар келажакда албатта шу ишлари учун ўзларига ҳайкал қўйилажагига иқрор бўлиб, Ленин ҳайкали даҳмаси устига ўрнатилган ер шарини кўз олдига келтирарди. Унга орқа бериб турган “Бахтиқаробуви”ни эслаб, шундай ўлкабоши замонида яшаётганларидан энтикиб кетиб, кўзларига ёш оларди…

Авакян қиёфасига кирган ўлкабоши хафсизлик генералларига:

– Сизлар бораверинглар. Юрагим ёлғиш кезишни тусаяпти, – деярди ва пойю пиёда эгри-қийшиқ тор кўчаларга кесиб чиқишдан олдин: “Энди қайдаги бир пардоз-андозчига танқўриқчилик қилмаганимиз қолганди”, дея ғазабларини ичларига ютаётган генералларига: – Ўлкабоши қўнғироқ қилиб қолса, Авакянни қўриқлаб юрибмиз деяверинглар, – дейишни ҳам унутмасди.
У биринчи кун юриб кўрмаган кўчаларида сандироқлай-сандироқлай, Дўлма қароргоҳига тонгга яқин зўрға етиб борди. Авакяннинг икки лайлак тумшуқ туфлиси икки қўлида, оёқ панжалари шилиниб, тиззасигача икки пойчаси сўқидастадай бўлиб қорайиб шишиб кетганди. Уч литрлик банка, бечоранинг бошидан изтироб тутунлари чиқаверганидан, қақшаб, кўкракларидаги ярим литрлик банкалар унинг ғишт терига лимо-лим ғарқ бўлганди. Ичидаги пахта ивиб, сувга бўккан бўлкадек алламбалога менгзарди. Ширин уйқуда ётган Авакян минг меҳнату миннат билан орқа эшикни очиб, уни бўшангга чиқариб роса койиди. Кейин ўзининг қиёфасига солиб, у хоҳламаса ҳам уриб-туртиб, Авакянга ишониб бор пулига чув тушгач, эси оғиб қолган хотинининг ёнига киргизиб юборди.

У бора-бора гоҳ пиёда, гоҳ кира қилиб юриб, оддий ҳаётнинг мазасини ола бошлади. Биринчи кунларда ёш-яланг ёхуд маст-аласт эркаклар тегажоқлик қилиб гап отса, юрагини ҳовучлаб, қўрқиб қочарди. Аста-секин қичиқ гапларни эшитса жони кириб, ноз-фироқ этадиган бўлди. Кўзини сузиб, қошларини ўйнатадиган одат чиқарди. Охири у елкаларини учириб, кетини қоқишга устаси фаранг бўлиб кетди. У ҳар сафар Дўлма қароргоҳи томон ора-оралардан пиёдалаб йўлга чиққанда, “кўрса босарлар” ўлкабошининг қиёфасига кирган Авакянни кузатиб қўйиб, сувараклардай тўрт ёққа тарқаб кетаётган бўлардилар. Уларнинг қайси бири ўлкабошини кўкларга кўтариб мақтаса, қай бири кўкдан кўтариб ерга урарди. Яна қайсидир унинг курсисига ёпишиб олиб, қонунларнинг оёғини осмондан келтирганини айтса, қайсидир унинг қарилик маразига учраб, нима иш қилаётганини ўзи ҳам билмаётганини, у ўлмаса халқ зулмдан, истибдоддан қутулмаслигини айтарди. У буларни эшитиб, “Вайсайверинглар, ҳаммангизга девор ушлатиб қўйганман. Ё афанди, ё эшак ўлади. Бугун мазза қилиб яшасам, эртага бир гап бўлар”, деб пичирлаб ўтаверарди. Кимдир шунча йилдан буён унинг қоқ пешонасидан отадиган бир мард топилмаганини гапириб, афсус тортса, кимдир у ўлган билан масала ҳал бўлмаслигини айтиб куюнарди. У атрофига ўзидан бешбаттар авбошларни йиққанини айтиб, миллатнинг боши берк кўчага кириб қолганини тушунтирмоқчи бўларди. Авакянга айланган ўлкабоши, “Мен аҳмоқми ёки сизлар, ҳали вақт кўрсатади. Сизларнинг эсингиздан Бин Лодин чиқиб кетгани билан, мен уни унутганим йўқ. Шундай бўлгач, мени ким отади”, дея, ўзининг қилиб юрган ишларидан фахланарди. “Бин Лодинни чув туширдим, отса Авакянни отаверсин. Менга нима”, дея бировга сездирмасдан мийиғида кулиб қўярди.

Бир куни ишга келаётганда Дўлма йўлида жойлашган миллий хавфсизликнинг ёқилғи базасида қоравулда турадиган чол қўярда-қўймай:

– Бир пиёла чой ичиб кетинг, хоним! – деб уни қоравулхонасига олиб кирди.
Олдига бир ликопчада парварда, яна бирида қора майиз қўйди. Нон синдириб, қайноқ чой узатди. Анча йўл босиб келаётган Авакяк хоним илтифоти учун чолга миннатдорчилик билдириб, чойдан иссиқ-иссиқ ичиб, кўзига ёруғлик инди.
– Турмуш ўртоғингиз тирикми? – дея сўради лабига булғашган бўёқни кафтидаги ойнасига қараб артаётган Шўлпонойдан чол.
– Эрим раҳматлик улоқ чопарди, – деди у ёлғон гапириб. – Ўн беш йил олдин отларнинг туёқлари остида қолиб ўлди.
– Бева экансизда?
– Ҳа!
– Вақтида қутулган экансиз!
– Худога шукур, ўзим хон, кўланкам майдон. Хоҳласам у ёққа бораман, хоҳласам бу ёққа келаман. Мендан ҳисоб сўрайдиганлар у ёқда ҳисоб бериб ётиптилар. Севмаганга суйкалма, деганлари каби, хоҳлаган ишимни қиламан, хоҳлаган жойимга бориб-келаман. Бироқ феълим жуда ёмон. Тезхонларданман, тегажоқлик қилганларни бир мушт уриб, гўштини паштет, суягини талқон қиламан.
– Менбоб экансиз! – деди чол. – Анчадан бери кузатиб юрипман. Чошгоҳда бу ёққа, шомда у ёққа ўтасиз. Қаерга ўтасиз деб сўрамоқчи бўламану, яна бошида эри бор хотинга гап отиб нима қилдим, дейман.
– Яратганга шукур, боши очиқман. Сизбоб бўлмасам ҳам ёшроғи бўлса, йўқ демасдим.
– Вуй, жонингга жоним ғиди-биди! Ёшлардан қай жойим кам? – деган қуруғур чол Шўлпонойнинг биқинидан ушлади.
Қитиғи ўлмаган Шўлпоной хохолаб, хандон отиб кулар экан:
– Қўлингизни тортинг, уялмайсизми? – деди. – Эри йўқ экан, билганимни қиламан, деб ўйлаяпсизми?
– Билмаганимни ҳам қилавераман…
У бўлди-бу бўлди, Шўлпоной у ёққа ўтса ҳам, бу ёқа ўтса ҳам бирпас суҳбатлашиб, чолнинг қўлидан бир пиёла иссиқ чой ичмаса, ўтолмайдиган номсиз бир касалга учради. Чол ҳам илоннинг ёғини ялаган экан, қитмирлик қилавериб, уни силаб-сийпашларига ўргатиб олди. Бир умр совуқ курсидан бошқасини кўрмаган бечоранинг кетига чолнинг иссиқ кафти бир кун тегмаса, уни соғинадиган бўлгач, у дунёда мансабдан ҳам яхши нарсалар борлигини ҳис эта бошлади. Чолга олдидан ва икки кўксидан бошқа барча жойларидан ушлатадиган, хоҳлаганича ўптирадиган бўлди. Сўнгги маррага иложини қилолмаган чолнинг охири бир кун жонига тегди. Уни тўшининг остига босиб, зўрлашга тушди. Шўлпоной жон-жаҳди билан олдини чангаллаган эди, у киндигига тиркаб, суриб юборди. Икки банкани бир-бирига уриб, чил-чил синдириб, Шўлпанойнинг ёқасидан бошини чиқазган болакайнинг бошидан қип-қизил қон булоқ бўлиб отилди. Қорнини йиртиб юбориб, бир бегуноҳни ўлдириб қўйдим, деб ўйлаб, чол ҳушидан кетиб қолди. У чил-чил синган банкаларнинг синиғи болакайининг кекирдагидан киндигигача балиқ каби тилиб, ичак-чавоғини қоялари устига чиқариб ташлаганини сезмаган ҳам эди. Икки кўксидан айрилган Чўлпоной чолнинг тагидан қочиб чиқиб, қайдасан, Дўлма қароргоҳи дея, вақтни қўлдан бой бермасдан арчазорнинг орасига кириб чил-чил синган банкаларнинг синиғи каби кўздан ғойиб бўлди…

(Асарнинг давомини ўқиш учун линкни босинг)