Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Пайғамбарлар тарихи (38). Муҳаммад алайҳиссалом

Пайғамбарлар тарихи (38). Муҳаммад алайҳиссалом
13 Ağustos 2014 - 9:02 'да юкланди ва 966 марта ўқилди.

p.t.3Ойнинг иккига айрилиши

“Иншиқоқий қамар” (ойнинг иккига бўлиниши) мўъжизаси нубувватнинг тўққизинчи йилида, Қуръайш мушрикларининг истаги билан, Аллоҳнинг изни ила, Пайғамбаримиз алайҳиссалом тарафидан намойиш этилгани
Анас бин Молик,
Ҳазрати Али,
Ҳузайфа бин Ямоний,
Абдуллоҳ бин Масъуд,
Абдуллоҳ бин Аббос,
Абдуллоҳ бин Умар,
Абдуллоҳ бин Амр Ос,
Жубайр бин Мутъим ва бошқа саҳобалар тарафидан билдирилгандир.
Абдуллоҳ бин Масъуд дейди-ки: “Расулуллоҳ алайҳиссалом замонида ой иккига бўлинганда Расулуллоҳ алайҳиссалом “шоҳид бўлинглар” деди”. (Бухорий,”Саҳиҳ”, 4/186).
“Биз Расулуллоҳ алайҳиссалом ила Минода эдик. Ой икки парчага айрилди. Ойнинг бир парчаси тепанинг у тарафида, иккинчиси бу тарафида қолди. Шунда Расулуллоҳ “шоҳид бўлинглар”, деди.
Жубайр бин Мутъим шундай дейди:
“Расулуллоҳ алайҳиссалом замонида Ой шу тоғнинг устида икки парчага айрилди”.
Бу ҳодисанинг тафсилоти шундай:
Қуръайш мушриклари Валид бин Муғира, Абу Жаҳл Амр бин Ҳишом, Осе бин Воил бошчилигида Пайғамбаримиз алайҳиссаломга “агар сен чиндан ҳам пайғамбар бўлсанг, ойнинг ярмини Абу Қубайс тоғи устида, ярмини Қуайқиён тоғи устига қўйиб, икки айир”, дейишди.
– Агар буни қилсам, иймон этасизларми?, – деб сўради Расулуллоҳ алайҳиссалом.
– Ҳа, иймон этамиз, – деди мушриклар.
Ой тўлин ой шаклида кўринган кеча Пайғамбаримиз алайҳиссалом мушрикларнинг истаган нарсасини кўрсатишни Аллоҳдан тилади.
Жаброил алайҳиссалом инди ва “Ё, Муҳаммад, Маккаликларга бу кеча мўъжизани сайр этишингиз мумкин, деб айтгин”, деди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Жаброил алайҳиссаломнинг деганини Маккаликларга етказди. Мушриклар ўн тўрт кунлик ойнинг иккига бўлинганини кўришди. (Тобарий”Тафсир”, 27/85).
Аллоҳ Таоло ойнинг ярмини Абу Қубайс, ярмини Қуайқиён тоғи устида кўрсатди ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй Абу Салама бин Абдуласад! Арком бин Абил Aрком! Шоҳид бўлинглар”, дея мусулмонларга сасланди.
Лекин мушриклар “бу Абу Кабша ўғлининг сеҳридир. Муҳаммад сизни сеҳрлади!”, дедилар.
Баъзилари “Муҳаммад сизни сеҳрласа, бутун инсонларни ҳам сеҳрламайди-ку!”, дейишди.
Баъзилари “бошқа минтақалардан ҳам сўрангчи, агар улар ҳам буни кўрган бўлса, кўрганингиз ҳақиқатдир. Кўрмаган бўлса, сеҳрдир”, дейишди.
Абу Жаҳл “бу сеҳр, атроф минтақа аҳлидан сўранглар”, деди.
Сўрадилар.
Уларнинг ҳам кўргани маълум бўлди.
Лекин мушриклар “бу сеҳргар” дея иймон этмадилар, мусулмон бўлишмади.
Аллоҳу Таоло “Қамар” сурасида бу мўъжиза ҳақида шундай буюуради: “Соати яқинлашди ва Ой (иккига) ёрилди (бўлинди). Улар (қачон-ки) бир оят, бир мўъжиза кўрсалар, юз ўгиришади ва бу “ҳар доимги сеҳр-ку”, дейишади. Улар (пайғамбарни) ёлғончи дедилар, ҳавоий нафсига эргашдилар. Ҳар бир иш (сўз) жойини топажакдир. Онт бўлсин‑ки, уларга (ўтган кофирлар ҳақда) хабарлардан иборат шундай етук ҳикмат келди-ки, унда (куфрдан) тийилиш (ҳақида ибратлар) бор эди. Лекин уларга огоҳлантириш фойда бермас. У ҳолда сен ҳам улардан юз ўгир! У жарчи мислсиз бир нарсага (Қиёматга) чақирган Кун улар кўзлари қуйига боққан ҳолда, худди ёйилган чигирткалар мисол, қабрларидан чиқиб келажаклар! Улар жарчига қараб чопаркан, кофирлар “бу оғир бир кундир”, деяжаклар!” (“Қамар”, 1- 8).

Мушрикларнинг Каъбага осган мусулмонларга қарши “аҳдлашуви”нинг ёғоч қурти тарафидан ейилиши

Ҳошим ва Абдулмутталиб ўғиллари Шиибда мушриклар тарафидан 3 йил давомида қуршовда тутилгандан сўнгра Аллоҳ Таоло бу зулмнинг ҳужжати бўлган, мушрикларнинг Каъбага осиб қўйган “аҳдлашув” саҳифасига ёғоч қуртини мусаллoт қилди.
Ёғоч қурти бу саҳифадаги “Бисмика Аллоҳумма (сенинг исминг ила эй, Аллоҳ)” калимасидан бошқа бутун сўзларни еди. Буни Аллоҳ Таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ваҳий ила билдирди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу хусусда Абу Толибга:
– Эй амаки, менинг Роббим бўлган Аллоҳ Қуръайшликларнинг саҳифасига ёғоч қуртини мусаллат этди, – деди.
– Буни сенга Роббинг хабар бердими?, – деб сўради Абу Толиб.
– Ҳа, Роббим хабар берди, – деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.
– Валлоҳи, сенинг ёнингга ҳам, менинг ёнимга ҳам ҳеч ким кирмади,сенга ким хабар берди?, – деди Абу Толиб.
– Роббим хабар берди, эй, амаки, – деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.
– Мен шаҳодат этаман-ки, сен фақат тўғри гапирасан, – деди Абу Толиб.
Сўнгра:
– Энг гўзал либосингни кий, Қуръайшликларга хабар берамиз, – деди Абу Толиб ва биродарлари билан Масжидий Ҳарамга бордилар.
Ҳижрда Қуръайшликларнинг катталари тўпланиб ўтиришарди. Улар Абу Толиб билан биродарларини кўриб, “булар азоб чекишдан чарчаб, таслим бўлишга келдилар”, деб ўйлашди.
Абу Толиб:
– Эй Қуръайш, жамоати, ҳеч қачон ёлғон сўйламаган биродаримнинг ўғли менга хабар берди-ки, сизнинг ёзган саҳифангизга ёғоч қурти мусаллот бўлибди, унда Аллоҳнинг исмидан бошқа бутун сўзларни йўқ қилган. Қани, ўша саҳифани келтиринг-чи! Агар унинг дегани тўғри чиқса, уни сизга биттамиз тирик қолгунча таслим этмаймиз, сиз ҳам ёмон ниятингиздан воз кечасиз. Агар унинг айтган гапи тўғри чиқмаса, биродаримнинг ўғлини сизга топшираман. Сиз истасангиз ўлдиринг, истасангиз қўйиб юборинг, – деди.
– Қабул этдик! Сен бизга инсофли ёндошдинг, – дедилар.
Саҳифани келтириш учун тез одам жўнатдилар.
Мушриклар саҳифани келтирдилар. Абу Толиб уларга “ўқинглар”, деди.
Саҳифа очилганда, ҳамма уни Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган ҳолда кўрди: саҳифада “Аллоҳ”дан бошқа бутун ҳарфлар еб битирлганди.
Қуръайш мушриклари мулзам бўлишди.
Улар “бу сеҳрдан бошқа нарса эмас!”, дейишди. Ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ёмонликларини давом эттирдилар.

Шииб қуршовидан чиқиш

Нубувватнинг ўнинчи йили эди. Қуръайш мушрикларининг Ҳошим ва Абдулмутталиб ўғилларига қарши ёзган “аҳдлашув”ини бекор қилиш учун Қуръайшликлардан бир неча киши ҳаракат бошлади.
Ҳишом бин Амр Нодла бин Ҳишом бин Абдуманнофнинг она бир ота бошқа биродари эди. У ўз қавми ичида обрўли эди. Ҳишом бин Амр Зуҳайр бин Абу Умаййанинг олдига борди. (Зуҳайрнинг онаси Отика хотун Абдулмутталибнинг қизи эди) ва:
– Эй Зуҳайр, тоғаларинг бирор нарса сотишдан, олишдан, уйланишдан, уйлантиришдан маҳрум этилганда, йўқсиллик ичида чирпинганда, сен еганинг олдингда, емаганинг орқангда яшашга кўнглинг қандай рози бўлади?- деди Абу Умаййага.
– Мен битта одамман, қўлимдан нима ҳам келарди, валлоҳи, ёнимда иккинчи бир одам бўлса, у аҳдлашув саҳифасини бузардим!, – деди Зуҳайр.
– Сенга иккинчи одамни топдим, – деди Ҳишом.
– Ким у?, – деб сўради Зуҳайр.
– Мен, – деди Ҳишом бин Амр.
– Сен бизга учинчи бир киши топ, – деди Зуҳайр.
Ҳишом бин Амр шу услубда беш киши тўплади.
Ҳаммаси бирга Қуръайш мушрикларининг мажлисига бордилар.
Зуҳайр бин Абу Умаййа уларга:
– Эй Маккаликлар, бизлар истаганимизни еб-ичайлик, кийиниб-ясанайлик, Ҳошим ва Абдулмутталиб ўғилларини бу неъматлардан маҳрум қилсак, бу бизга ярашадими? Валлоҳи, шу золим саҳифа йиртилмагунча, мен бу ерда ўтирмайман!, – деди.
– Валлоҳи, сен ёлғон сўйлаяпсан, у саҳифа йиртилиши мумкин эмас!, – деди Абу Жаҳл.
Шунда бу саҳифага қарши ҳаракат бошлаган беш киши бирин-кетин ўрнидан туриб, “аҳдлашув”ни бекор қилинишини талаб этдилар.
Ўша беш кишидан бири Мутъим бин Адиий Каъбада осиғлиқ турган саҳифани олиб йиртар экан, унда “бисмика-аллоҳумма” сўзларидавн бошқа бутун сўзларни ёғоч қурти еб қўйганини кўрди.
Сўнгра Адиий бин Қайс, Затъо бин Асвад, Абул Бехтарий ва Зуҳайр бин Умаййалар қуролландилар ва Ҳошим ва Абдулмутталиб ўғилларини Шиибдан олиб чиқиб, уйларига қайтардилар.
Қуръайш мушрикларининг қўлтиғидан тарвузи тушди.
Улар Ҳошим ўғилларининг Пайғамбаримиз алайҳиссаломни сўнггига қадар ҳимоя қилажакларига ишондилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва жамоати Шиибдан чиқиб, халқ орасига кирди.

Муҳаммад Солиҳ тайёрлаб,
2009 йилда Истанбулда нашр этган
«Пайғамбарлар Тарихи» китобидан.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар