Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Президент” қўриқчиси – снайпер ўзини отди

“Президент” қўриқчиси – снайпер ўзини отди
20 Ağustos 2014 - 11:21 'да юкланди ва 461 марта ўқилди.

3“Фарғона” ахборот агентлиги берган хабарга кўра 2014 йилнинг 19 август куни эрталаб соат олти билан еттининг ўртасида Тошкентдаги Афросиёб кўчаси Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги биноси ёнидаги №13 уйида истиқомат қилувчи фуқаролар кучли ўқ овозига ўхшаш пақиллаган товушдан уйғониб кетдилар.

Саноқли сониялар ўтиши билан аҳоли яшайдиган турар-жой биноси ҳовлисига одам сиғмай кетди: шу ердаги хонадонлар эгаларидан ташқари бу ерга ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва органлари ва назорат тузилмалари, Ўзбекистон бош прокуратураси қошидаги тергов қўмитаси, турли даражадаги ҳокимият органлари вакиллари ҳамда “Тез ёрдам” медицина ходимларининг бир гуруҳи тўпландилар.

Воқеа шоҳидларига кўра, уйнинг иккинчи подъезди устидаги томдан бошига ўқ узиб ўз жонига суиқасд қилган ёш йигитнинг жасади олиб туширилди. Бундай ҳолатларда марҳумнинг шахсини ва ҳатто миллатини одий кўз билан деярли аниқлаб бўлмайди.

“Кўринишидан 28-30 ёшлардаги йигитга ўхшади, боши қонталаш гўшт уюмига айланиб кетган экан, унча-мунча одам юрак ботиниб бунақа манзарага қарашга ботина олмайди”, – дейишади воқеа шоҳидлари.

Ҳалок бўлган йигит президент қўриқчилари гуруҳининг аъзоси тансоқчи-снайпер бўлиб чиқди (уларни халқ орасида “гитарачи” дейишади). Уларнинг вазифаси ҳар куни давлат раҳбарининг Оқсарой қароргоҳидан йўлга чиққанида йўлдаги хавфсизлигини таъминлашдан иборат.

Бугун ҳам снайпер одатдагидек навбатчиликка киришиш учун томга кўтарилди, аммо кейин нима бўлгани – тергов аниқлаши лозим бўлган масала бўлиб қолмоқда.

Хулоса чиқаришга хали эрта, бироқ давлат раҳбарини қўриқлаш бўйича катта маош тўланадиган ишга унча-мунча одам олинмаслигини ҳисобга олинса, бу ҳодиса синчиклаб ўрганилиши лозим бўлган жумбоқлар сарасига киради дея ишонч билан айта оламиз.
Фожиа содир бўлган жойдаги терговчининг хавотирлари ўринли, деб ўйлаймиз: унинг айтишича, “Агар снайпер бошидан ўтган қандайдир инсоний кечинмалар негизида ўз жонига суиқасд қилишга қарор қилган бўлса, руҳий изтироб гирдобида у милтиғидаги бор ўқларини шу ердан тасодифан ўтаётган йўловчиларга сарфлаб, охирида ўзини ҳам ўлдириши мумкин эди…”

Ушбу ҳодиса тўғрисида ҳеч қанақа расмий хабарлар берилмаган. Ўзбекистоннинг Интернет оммавий воситалари ҳам сукут сақлашмоқда.

ЎХҲ ахборот бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар