Тошкентда “оқ халатли” товламачилар гуруҳи пайдо бўлди

Тошкентда “оқ халатли” товламачилар гуруҳи пайдо бўлди
158 views
28 August 2014 - 17:31

328 август куни Facebook ижтимоий тармоғидаги Потребитель.уз гуруҳида Тошкентда товламачилар гуруҳининг санэпидемстанция ходимлари ниқоби остида ҳаракат қилишаётгани ҳақида хабар пайдо бўлди, деб ёзади АН Podrobno.uz.

Хабарда таъкидланишича, пойтахтнинг Юнусобод туманида эгнига оқ халат кийган қизлар аҳоли хонадонларига кириб ўзларини санэпидемстанция ходимлари деб таништирган ҳолда уйларни ҳашаротлардан тозалаш мақсадида дорилашлари лозимлигини айтишмоқда.

Товламачиларнинг қурбони бўлишига оз қолган гувоҳлардан бирининг сўзларига кўра, қизлар гўёки уй ертўласида тозалаш ишлари ўтказилганлиги ва эндиликда тозалаш ишлари барча хонадонларда ўтказилиши лозимлиги ҳақида тинмасдан вайсашади. Шундан сўнг қизлардан бири мазкур уйда яшовчи фуқароларнинг имзолари қўйилган дафтарни чиқариб хонадон эгасидан исм-шарифини сўрайди ва фамилия ёнига 20 000 сўм деб ёзиб имзо қўйишни сўрайди. Пулни олгандан сўнг эса хонадон эгасига иккита пакетчада сариқ суюқлик беришади. Кейин қизлардан бири врач исми ёзилган қоғозчага телефон рақами ёзиб, хонадон эгалари мана шу номер орқали ўз сўзларининг тўғрилигини текширишлари мумкинлигини айтади.

Натижада товламачиларнинг режаси бўйича ҳар бир хонадон ҳашаротларга қарши қандайдир суюқлик тўлдирилган иккита пакетча учун 20 минг сўмдан пул тўлашлари керак бўлади. Санэпидемстанция номидан ҳаракат қилган бундай сохта ходимларнинг алдовларига чув тушиб қолган хонадонлар ҳам талайгина.

Хабарга ёзилган шархлардан маълум бўлишича, турли туманларда яшовчи тошкентликларнинг кўпчилиги юқорида тилга олинган “оқ халатлилар”нинг тузоғига илинган. Шунга қарамасдан ҳалигача ҳеч ким ушбу товламачилар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмаган.

ЎХҲ ахборот бўлими