Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳайкалтарошни тинглаётган диктатор (2)

Ҳайкалтарошни тинглаётган диктатор (2)
05 Eylül 2014 - 10:36 'да юкланди ва 567 марта ўқилди.

7

Каримов узоқ хаёлга чўмди. Бир замон бошини кўтариб, ўзига боқиб турган ҳайкалтарошни кўрди.

– Яна, нималарни кўряпсиз, аллома? – деди, нима хусусида гап кетаётганини эслагач.

– Бошқа ҳеч нарсани кўрмаяпман! – дея жавоб қайтарди, ҳалиям уни тушунмаётган ҳайкалтарош.

– От минган қонхўрни кўмаямсизми?

– Йўқ!

– Отнинг устидаги ким бўлмаса?

– У киши буюк саркарда, давлат ва жамоат арбоби Амир Темур бобомиз бўладилар!

– Амир Темур, сизнинг бобонгиз бўладими?

– У киши бутун миллатимизнинг улуғларидан бири, ҳаммамизнинг ҳам бобомиз. Дунёдаги энг буюк салтанатларнинг бирини бунёд қилган шахс эканликларини ўзингиз ҳам яхши биласиз-ку!

– Унда, мен кимман?

– Сиз халқимизни Гидлян билан Ивановнинг зулмидан қутқарган мамлакатимиз тарихидаги янги қаҳрамонсиз!

– Мен Гидлян билан Ивановнинг истибдодидан халқни қутқардимми, ёки халқ ичидан чиққан ўғри ва каззобларни? Сиз ижодкор кишисиз. Ҳақиқий ижодкорга ёлғон гапириш, ялтоқланиш ярашмайди. Кўриб турганингиздек, атай, атрофимдаги кўппакларни ҳайдаб юбордим. Бу ерда сиз билан мендан бошқа биров қолмади. Мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами арафасида холи қолиб, бир очилиб-сочилиб суҳбатлашгим келяпти.

– Нима, десам эка-ан!

– Кўнглингизда нима бўлса, ўйлаб ўтирмасдан айтаверинг. Мен шундай ҳам барчасини биламан. Ўтган чорак асрлик ҳукмдорлигим давримда, ақалли бир марта ҳукуматга алоқаси бўлмаган бир ақлли-ҳушли одамдан асл ҳақиқатни эшитгим келяпти. Ёки, бунга менинг ҳаққим йўқми?

– Нимага! Ҳаққингиз бор?

– Қани, бўлмаса бошланг!

– Нимадан бошласам, экан!

– Бояги, саволдан!

– Тўғриси, сиз қутқарган кимсалар коммунистларнинг ўзингиз каби халқнинг ичидаги кўзи ва қулоғи эди. Улар халқнинг бурнини ерга ишқаб ишлатиб, тузумга хизмат қилар эдилар. Асносида, зимдан жиноятлар содир этиб, ҳакалак отган нафсларини қондирардилар. Туққан халқига вафоси йўқ кимсаларнинг тузумга ҳам вафоси йўқлигини ҳамма яхши билади. Бир сўз билан айтганда, ўғрини қароқчи урди, халос. Сиз Ошкоралик берган имкониятдан фойдаланиб, отга ўтириб олдингиз. Менинг билганим, мана шу…

– Шунинг ўзи, етади, – деди ҳайкалтарошнинг сўзини оғзидан олган президент. – Яширин давраларда, мен ҳақимда зиёлиларнинг айтадиган фикрларидан бир-иккисини баён этсангиз?

– Масалан?

– Масалан, мен ҳақимда, Озод Шарафиддинов тор давраларда, нима деб вайсарди?

– Жони чиққур, муҳтарам юртбошимиз, ўта жоҳил ва бориб турган саводсиз. Умрида қўлига китоб олиб, бирорта китобни қунт билан ўқимаган. У билан ўчакишиб бўлмайди. Лўлининг эшагини суғориб, пулини олинглар, дерди.

– Давом этинг!

– Бегали Қосимов, ўша мараз ва риёкор билан замондош бўлганимдан, бир ҳаводан нафас олаётганимдан, нафратланаман. Унинг ҳийла ва найрангларини кафтимдагидек кўриб турганим учун бу дунёда, мендан кўра бахтсизроқ ва ғамгинроқ бошқа бирор кимса бўлмаса керак. Тезроқ, Аллоҳ ё уни ё мени олсин, дерди. Хабарингиз бор, боёқиш ўлиб қутулди.

– Халқ орасида, мен ҳаққимдаги ҳукумат вакилларининг ҳам сўзларини айтиб юрадиганлар топиладими?

– Жуда кўп!

– Масалан,

– Масалан, Бош вазирингиз Шавкат Мирзиёевнинг: президентимиз одам бўлган кун, менинг кафтимга жун чиқади, деган сўзлари жуда оммабом. Молия вазири Рустам Азимовнинг сизни қанақа алдашлари хусусида, юзлаган латифалар тўқилган. Сиз бутун халқни алдаганнингиз каби, сизни бутун ҳукуматдагиларнинг алдашини ҳамма билади.

– Нима, дейсиз? Навоий ҳам мен ҳаққимда, бирор-бир гап айтиб кетмаганмикин?

– Айтган!

– Ажабо, нима деган экан?!

– Сўзма-сўз айтолмайман!

– Маъносини айтаверинг. Шеър қилиб айтсангиз, барибир ҳам тушунмайман!

– Ит билан хўтикка қанча қилма тарбият, ит бўлур, хўтик бўлур, асло бўлмас одамий, деган эканлар адашмасам.

– Бу шеърни, Абдулла ёзмаганми?

– Йўқ, Ҳазрати Навоий ёзганлар. Аммо бу шеър Абдуллага ҳам тегишли!

– Қойил! Гўё, бу шеър бир умр ёнимда юриган кимса томонидан атайлаб, менга бағишлаб махсус ёзилганга ўхшайди. Ўзи, шу Навоий нима учун туғилган экан, ўлай агар ҳеч нимага ақлим етмайди. У туғилмаганда, мен бу халқнинг икки йилда “чумоси”ни чиқарган бўлардим. Ўша, палакатнинг даҳоси икки йилда амалга оширишим мумкин бўлган ишларни чорак аср орқага суриб юборди. У ҳалигача, йўлимда тўсиқ бўлади. У ва унга ўхшаган ўзбекнинг қаланғи-қасанғилари бўлмаганда, мен бу халқни аллақачон, юр юзидан супириб ташлаб, бутун Ўрта Осиёда ўзимизнинг миллий давлатимизни барпо этардим. Яқин Шарқ ҳам, ўрта Шарқ ҳам шу билан тинчирди. Обама билан Путин ҳам тўшагида жони ором олиб ухларди… Майли, энди асосий муаммога ўтайлик. Ҳў-ў, отнинг икки чоти орасини кўриб турибсиз?!

– Ҳа, кўриб турибман!

– Ўша нарсанинг нима эканлигини айтолмасизми?

– Айтиб, нима қилдим?! Ўзингиз кўриб билиб турибсиз-ку!

– Ўша нарсани текистлаб, думининг тагини тиқиб қўйишингизга тўғри келади. Қандай қилиб бу қўпол хатога йўл қўйгансиз, ақл бовар қилмайди!

– Бу ҳеч қанақа хато эмас. Амир Темурни урғочи отга миндириб қўйсак, бутун дунё устимиздан кулмайдими?

– Ажабо-о!!! Мен ҳар ерда аёллармизга ҳайкаллар ўрнатиб, кулгули ишларни амалга оширган эканманда? Мен ҳам уни урғочи отнинг устига миндириб қўйинг, деётганим йўқ. Мен айтгандек қилинса, от хунаса бўлади. Шунда, ҳар бир кимса ўзининг руҳий ҳолатидан келиб чиқиб, хоҳласа уни урғочи, ҳоҳласа эркак деб, тасавур қилаверади.

– Бу, шармандачилик-ку!

– Демак, мен бутун бошли халқни хунасага айлантириб, шармандали иш қилибман эканда?! Бутун дунёга сувараклардай сочилиб кетган халқимизга биров, шармандасан, уялмайсанми, деётгани йўқ-ку! Хорижга иш излаб чиқиб кетган йигиту қизларимиз ҳам, бу эркакнинг-у аёлнинг вазифаси дея, қўл қовуштириб ўтирмасдан тўғри келган ишни қилиб, мамлакатимизга пахтанинг дароматига қараганда, тўрт баробар фойда олиб киряпти. Улар хунаса қилинмаганларида, менинг бедодликларимга чидамаган бўлардилар. Мустабид ҳукуматга қарши бош кўтариб, мусаффо осмонимизни қон рангидаги қип-қизил шафақ билан бўяган бўлардилар. Бу қон, бу ажал дегани бўлади. Тушуняпсизми, ахир?!

– Барибир, ундай қилолмайман! – деди ҳайкалтарош.

– Нима, биз бутун бошли ҳукумат, Олий Мажлис ва Сенатдагилар бундан кейин Анжуманлар Саройига Амир Темурнинг отининг чоти орасидагиларни томоша қилгани келар эканмизда?

– Шунча йилдан буён турган нарса, тураверса, бўлмайдими?

– Бўлмайди! Шунча йиллар, унга ҳеч ким эътибор бермаган. Энди, ҳамма билиб қолиб, бу ерга мана шу зормандани томоша қилишга келади. Улар кўравериб, ўзларининг бир замонлар эркак бўлиб туғулганларини эслаб қолсалар, нима бўлади, биласизми?! Исён, исён кўтарадилар…

Хуллас, ҳайкалтарош бу ишга рози бўлмагач, президент дўқ-пўписа қилиб, саройдан уни ҳайдатиб юборди. Сўнгра, атрофига бир қур назар солиб чиққач, ҳеч кимнинг йўқлигига амин бўлди. Кейин, қўлига гардунни олдида, кўзига тутди. Шунда, отнинг чоти орасидаги нарса, унинг тумшуғи остида пайдо бўлиб қолди. “Отнинг икки чоти орасида ё мен, ё сен турасан” дегач, у дакан хўрознинг бўйнига ўхшаб буришиб қолган кекирдагини бармоқлари билан майин пайпаслар экан, негадир, жони ором топди. Кекирдагидан қўл узиб, думбасини қашлади…

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 2 Yorum )

  • Qasoskor ;

    Zolimga haykaltarosh tomonidan to’ppa-to’g’ri ta’rif berilgan.Ergash Sulaymonga ofarin deyman…

    12/09/2014 07:10
  • Ahmad ;

    Assalamu alaykum. Juda zo’r yozilgan! Qoil!

    05/09/2014 15:39