Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Каримов ва унинг буқаламун вазирлари

Каримов ва унинг буқаламун вазирлари
17 Eylül 2014 - 8:59 'да юкланди ва 838 марта ўқилди.

1Каримовнинг фожеаси, унинг аёл зоти гўзаллигини умри бино бўлиб ҳис қилмаганида намоён бўлади. Аёл муҳаббатига қониб, унинг васли шаробидан ақли-ҳушидан айрилиб ичганида эди, у мамлакатни жаннатга айлантирарди. Ўзгаларни бахти-соадатли қиларди. Бугун барчага маълум бўлганидек, у аёл зоти билан ҳам нафсини қондириш учун ҳайвоний муносабатда бўлиб келган, холос. Аёлнинг кўнгил кечинмалари, аёллик эҳтиёжлари билан у ҳеч қачон келишишни истамаган.

Эркак зотига гўзалликлар ато қилгувчи, роҳат ва фароғатлар ҳадя этгувчи кўнгил малаги – аёл билан дунёни бўлишишни хоҳламаган бир нодон, бошқалар билан шодлигини бўлишадими?!

Бир тўшакда ётадиган аёлига, наслидан дунёга келган қизларига балонинг ўқидек душман бир кимса, бошқаларга яхшиликлар улашиб, бошқаларга дўсту биродар бўладими?! Шу учун ҳам у рисоладаги эр ёхуд ота сингари хотини ва қизларини ҳеч қачон юрак-юрагидан севмаган.

У хотини ва қизларини севганида эди, инсониятни ҳам, ўн саккиз минг оламни яратган Аллоҳни ҳам таниган бўларди. Касби-корига, мамлакатига, миллатига хиёнат қилишга шижоат топмас эди. У ўзини шайтоннинг измига топшириб, ҳокимиятини бир умр қўлида ушлаб туриш учун инсон зотига хос бўлмаган мудҳиш жиноятларни содир этмаган бўларди. У ўзини ҳурмат қилмаса ҳам, жони-дилидан ўлиб-тирилиб ўзини яхши кўради. Унинг ўзидан ўзгани кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ.

Бутун оиласи билан у йиллар асносида, бир дастурхон атрофида жамбул-жам бўлиб ўтирмайди, қизларига меҳр кўрсатмайди. Невараларини йиллаб кўрмаса ҳам, уларни соғинмайди. Бир-бири билан ўн йиллаб юз кўрмас бўлиб кетган қизларини бир жойда йиғиб, уларни яраштириб қўйишни ўйлаб ҳам кўрмайди. Ўзининг оиласи тақдирига бепарво кимсанинг ўзгалар оиласига яхшиликлар улашишига, икки қизининг бошини бириктира олмаган кимсанинг миллатни бир ғоя атрофида бирлаштира олишига шу учун ишониб бўлмайди.

Аёлини, фарзандларини севмаган кимсанинг қўлига шу учун ҳам мамлакат ва миллат тақдирини топшириш, жуда хатарли ва аҳмоқона бир иш. Биз эса, унинг қўлларига бутун борлиғимизни – хотинларимизу қизларимизни, ота-онамиз, ўғилларимиз, ўтмишу келажагимизни, умри-жонимизни топшириб қўйганимизга чорак аср бўлди. У ўттиз милёнли катта бир миллатнинг ўзи каби яшаб, ўзи каби тутруқсиз ҳаёт кечиришини истайди. Бу учун халқ дин-диёнатию имон-эътиқодидан, қадим урф-одатлари ва миллий ўзлигидан кечиб, унинг ночор дунёсига кириши керак. Унда, на дину диёнатга, на миллий бирликка рағбат бор.

Ҳайвон каби яшаб қолиш учун зўравонликлар содир этиш, ўзбекнинг танасида ноинсоний қийноқларни амалга ошириш ва уюшган жиноятчилар каби ўз мавқейини ушлаб туриш учун раҳм-шафқатсиз бўлиш, унга хотиржамлик ато қилади. Бузғунчиликлар содир этиб туриш қалбига ҳузр-ҳаловат бағишлайди. Тажавузкор бўлиш учун у ўзини ҳар кўйга солади. Олдидан келганни тишлайди, орқасидан келганни тепади. Бировни ҳеч қачон эшитмайди. Ўзиники, ўзига маъқул.

У шу усул билан курсисини ушлаб турганини ҳис қилиб яшайди. Унинг аҳмоқона шартларига сўзсиз рози бўлганда ҳам, у билан бир малакатда бир ҳаводан нафас олиб, у сингари маъносиз яшашнинг иложи йўқ. У ўзгача фикрларга тоқат қилолмайди.

Янгича қарашларга эга кимсалар каби фикрлашда ўзидан орқада қолган кимсалар ҳам унинг назарича, унга ва унинг амалга ошираётган ишларига душман кўрилади. Шу учун ҳам унинг теварак-атрофидаги унга яқин кимсалар ҳар икки йўлнинг ҳеч бирини танламадилар. Рустам Азимов, Аброр Усмонов ва Шавкат Мирзиёновга ўхшаган буқаламун вазирлари, ўзбекона мулозаматни ҳийла билан омухта қилиб, унинг кўнглидагини уқишга ўргандилар.

Унга юрагидагини ёсуман кампир каби фол очиб айтиб, унинг эътиборига нозил бўлишга интилдилар. Шу учун ҳам неча-неча кимсалар, унинг на боши, на оёғи бор бошқарувига чувалиб, расвойи радди бало бўлиб кетганда ҳам, улар йўлини йўқотмасдан келяптилар.

На ўтмишдаги билимларга, на келажакка бўлган ишончга ихлоси бўлмаган Каримов, сиёсатни бир гурруҳ лўттибозларнинг ҳокимиятни қўлга киритиши учун қўлланадиган шунчаки бир ғиром ўйин деб ўйлагани учун ҳам, сиёсат майдонида коптокка айланиб қолди.

У ҳукуматдагиларнинг ўзини бир тўп каби бир-бирларига ошириб, унинг тажовузидан жон сақлаб турганларини билмайди. Ёхуд у ўзини ҳар бир айтган сўзини бошқаларга бекаму кўст ўтказаётган кучли ҳукмдор, деб санайди.

Тескариси содир бўлаётгани хаёлига келмагани каби, у ёғи уни қизиқтирмайди ҳам. Унинг шаклсиз ва маъно-мазмунсиз феъли шуни тақазо этгани учун ҳам, ҳукуматдагилар боши кесилган улоқ каби уни оёқлари остига олиб, қора тупроққа қоришга мажбур бўладилар.

Улар бу ишни азбаройи ботир қаҳрамонликлари учун амалга оширмайдилар. Қўрқоқ ва паскашликлари сабаб, унинг хоҳиш-истагидан келиб чиқиб, қўрқа-писа амалга оширишга эҳтиёжмандликлари учун амалга оширадилар, вассалом.

У сиёсатни санъат, ҳақиқий эркаклар иши деб тушунганда эди, эл-оламга бу каби очиқ-ойдин кулгу бўлмасди. Ҳар ким уни ҳар ерда масхаралаб, устидан кулмасди. Унда заррача фаҳм-фаросат бўлганда, қонунларга қулоқ тутарди, мамлакатда сиёсий мухолифларнинг етишиб чиқишига тўсқинлик қилмасди. Ва пировардида, ўзбекнинг миллий қаҳрамонига айланарди. Ўзбек миллатининг янги тарихига таъмал тоши қўйган президент сифатида, элнинг ҳурмат-иззатига сазовар бўларди.

Ҳеч бўлмаганда, ўзбеклар учун туркларнинг Камол Отатурки каби янги давр қаҳрамони шарафига эришарди. Аслида, у шу бўлишида ҳам ўзбек халқининг “миллий қаҳрамони”га айланиб улгурди. У атторнинг қутисига йўқ беъмано ишлари билан Ўзбекистон тарихида қора бир шахс сифатида қолади. У учун ижобий қаҳрамон билан салбий қаҳрамон ўртасида тафoвут йўқ. Унга така бўлсин, сут берсин, дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайди.

Бутун ўзбек қирилиб кетаётган бўлса ҳам кўзини лўқ қилиб, Ўзбекистон эришган буюк ютуқлар ва фаровон ҳаёт кечираётган ўзбеклар хусусида, тўлқинланиб гапираверади. Барчаси, у ишлаб чиққан “Ўзбек модели” ва Мустақиллик шарофатидан эканлигини айтиб, шайтонлайверади…

Ҳаётда эса умуман бошқа ишлар содир бўлаётган бўлади. Бутун мамлакатда чорак асрдан буён инқирозлар ҳукмбардорлик этиб, тинкаси қуриган халқнинг сара ўғил-қизлари уй-рўзғор ташвиши билан дунёга сочилиб кетган, мамлакат ичида қариялар, аёллар ва болалар ночор ҳаёт кечириб, минг машаққат ва азобда умригузаронлик қилиб юриган бўлади…

…Чақалоқ дунёга келмасидан бир-икки ой аввал, туғруқхонага пора берилади. Қорнида боласини тўққиз ой кўтарган она “бер”-“бер”лардан адо бўлган эсада, боласининг соғ-омон дунёга келиши учун охирги кучини муштига йиғиб, қарз кўтариб бўлса ҳам, ҳеч нимадан қайтмайди.

(Давоми бор)

Эргаш Сулаймон

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Ревизор ;

    Узбекистон иктисоди боши берк кучага аллакачон кириб булган. Хозир хукуматдагилар хам бу боши берк кучадан кандай чикиш хакида бош котирмокдалар.Бош ислохатчини топиш муаммо булиб турибди.Ислохот утказиш учун кимдур лавозимидан кетиши керак ва урнига янги ислохотни бошловчи одам керак. Хукуматдагиларни боши котган, нима килмок керак ?

    17/09/2014 16:20
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар