Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистонда тадбиркорлар пахта терими учун пул тўлашга мажбурланмоқда

Ўзбекистонда тадбиркорлар пахта терими учун пул тўлашга мажбурланмоқда
18 Eylül 2014 - 8:56 'да юкланди ва 718 марта ўқилди.

uzb tad pul majbur

Бугун “Фарғона.Ру” ўқувчиларимизга ўзбекистонлик икки тадбиркорнинг пахта теримига қандай қилиб сафарбар этилаётгани тўғрисидаги ҳикоясини тақдим этади. Ушбу ҳикояларда бирор бир жумла тўқилган эмас. Тадбиркорлар пахта теримига юборилаётган мардкорлар учун пул тўлаши ёки пахта тергани шахсан ўзлари боришга мажбурланаётгани ҳақида сўз юритмоқдалар. Маҳаллий ҳокимият идоралари қандай ишлаётгани, маҳалла фуқаролари йиғинлари қандай йўллар билан пул таъма қилаётганлари ҳамда ҳатто энг кичкина “тўра” мақомига эга бўлган бошлиқ ҳам чўнтагингдаги пулларингга хўжайинлик қилиши мумкин бўлган “ўзбекча тадбиркорлик” нимани англатиши ҳақида қуйидаги ўқишингиз мумкин.

Биринчи ҳикоя. Қурувчи

Мен бутун Ўзбекистон бўйича бизнес олиб бораман, чорқирра тош (брусчатка), лоток, йўл четига қўйиладиган бордюралар сотаман, бугунги кунда бу қурилиш материалларининг ҳаридорлари жуда кўп.

9 сентябрь куни шаҳар ҳокимлигидан телефон қилиб келишимни сўрадилар. Бордим. Кўпчилик тадбиркорларни чақиртиришган экан. Бизлар билан ҳоким муовини учрашиб, топшириқнинг моҳиятини етказди: 11 сентябрдан бошлаб пахта терим мавсуми тугагунича ҳокимиятда рўйхатга олинган мулк шаклидан қатъий назар ҳар бир ташкилот белгиланган миқдорда теримчилар билан таъминлаши керак. Агар рўйхатга олинган ташкилотда 10 киши ишлаётган бўлса, тўрттаси пахтага бориши шарт. Агар икки киши ишласа, унда биттаси боради. Икки кишидан кам ташкилотлар бўлмайди. Ёлғи ўзим ишласамда, қоғозга уч киши тиркаб қўйилган, чунки бусиз Хусусий корхонамни рўйхатга олмаган бўлардилар.

Вазият билан танишувдан сўнг шаҳар ҳокимининг муовини биз билан бир оз мулоқот қилиб, далага шахсан ўзимизнинг боришимиз шарт эмаслигини, фақат ходимларимизнинг пахтага чиқишини таъминласак кифоялигини билдириб қўйди. Пахта теримига ким боришининг аҳамияти йўқ, фақат бизнинг ташкилот номидан борса бўлди. Биз юбораётган одамлар пахта тергани маҳалла пахта отряди таркибида чиқадилар.

Пахта теримида қатнашиш барча даражадаги хоимлар учун мажбурийми?

– Ҳа, албатта. Менга пахта теришнинг нима кераги бор? Ўзимни ташвишим етарли. Ҳозир вилоят марказида катта қурилиш ишлари амалга оширилмоқда, буюртмаларим кўп. Уларни қабул қилиш, мижозлар билан учрашиш учун ўзимнинг офисимда ўтиришим керак. Шунақа маҳалда пахта даласида нима бор?

Сентябрнинг бошидаёқ шу йил коллежни тамомлаган қўшним билан 300 минг сўм эвазига менинг ўрнимга 10 кунга пахта бориш тўғрисида келишиб олгандим. Аммо унга бошқа одамлардан ҳам таклиф тушган экан, нархини 400 минг сўмгача кўтарди. Бундан ташқари, транспорт ҳаражатларини ҳам тўлаш керак экан. МФЙга телефон қилиб сўрасам, шунақа, тўғри, ҳокимият маҳаллага транспорт бермайди, ўзимиз ташкил қилишимиз керак экан, деб айтди. Бу муаммо ҳам тадбиркорлар зиммасига юклатиладиган бўлди.

МФЙдаги масъул ходим айтишича, маҳаллада менга ўхшаган тадбиркорлардан 30 киши бор экан, шунинг учун “ўз одамларингиз ва маҳалла отряди учун сизлар транспорт етказишингиз керак”.

Танишларимга телефон қилиб, “РАФ” микроаавтобуси 60 минг сўм эвазига одамларни пахтага олиб бориб келишини билдим. “ИСУЗУ” автобуси хизмати 120 минг сўм экан. Агар ИСУЗУ ёлласангиз, навбатингиз бир ойда бир марта, РАФ ёлласангиз, 15 кунда бир келар экан. Мен транспорт харажатини ҳам тўлашга рози бўлдим. Аммо маҳалла вакили ҳокимият илтимосномаси бўйича мендан яна қўшимча маблағ ундирмоқчи бўлди. Шунда мен унга Наврўз байрамида кам таъминланган ўнта оилага совға олиб берганимни, Мустақиллик байрами арафасида МФЙ ҳовлисига 500 минг сўмлик чоррқира тош ётқизиб берганимни эслатиб, менда ортиқча пул йўқ, дея унинг илтимосини рад этдим.

– Одамлар бир кунда неча соатдан ишлайдилар? Эрталаб соат нечада пахта теришни бошлаб, кечқурун нечада қайтадилар?

– Тўғриси, билмайман. Менинг одамим ҳар куни соат 7.00 да МФЙ олдига келиб туриши кераклигини айтилган. Ҳеч бўлмаса, соат 8 да далада бўлиши керак экан. Кечқурун қандай тўғри келишига қараб. Менинг вазифам назорат қилиш эмас, балки пул билан таъминлаб ўз ишим билан машғул бўлиш.

Бизники каби хусусий корхонаси таркибида 2 киши бўлган тадбиркорларга олдин биринчи 10 кунликда пахтага чиқишимизни, ундан кейин 10 кунлик дам олиб, кейинги 10 кунда яна пахтага боришимиз кераклиши айтилганди. Кейин айниб қолишди. Биринчи ўн кунлик тугаши билан бизни яна ҳокимиятга чақиртириб, вилоят ҳокимининг янги фармойишини эълон қилишди: ҳеч қанақа навбат билан дам олиш йўқ. Барча ташкилотларнинг раҳбарлари пахта терими мавсумининг бошидан охиригача ходимларини пахтага чиқаришлари шарт.

Биз эътироз билдира бошладик. Бунга жавобан, буни ўзимиз ўйлаб чиқарганимиз йўқ, бу – вилоят ҳокимининг буйруғи, – дейишди. – Вилоят ҳокими эса буйруқни бош вазирнинг ўзидан олган, эътирозингиз бўлса, бош вазирнинг ўзига мурожаат қилинг.

Боз устига, шу кунларда мамлакатимиз президенти Ислом Каримов вилоятимизга келиб халқимиз олдига янги мажбуриятлар қўйиб кетган. Агар бу мажбуриятларни бажармасак, уят бўлади. Сентябрь ойидаги очиқ кунлардан фойдаланиб қолишимиз керак, ёғингарчилик бошланишидан олдин ҳосилни териб олишга улгуришимиз керак. Шунинг учун барча куч ва ресурсларни сафарбар қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

– Шунақа ишлар дўстим, хусусий корхонангизда икки киши бор, биттангиз бориб пахта теринг, биттангиз ўз ишингизни қилинг, – дейди ҳоким муовини. – Сиздан ишингизни тўхтатиб қўйиб, пахтага ҳаммангиз чиқинг, демаяпмизку.

Шаҳар прокурори ҳам президиумда ўтириб олиб: “Шунақа, шунақа, хўп деб топшириқни бажарсангиз, ўзингиз учун яхши бўлади. Битта одамингизни пахта тергани чиқаринг”, – дея қўшиб қўйди.

Ҳаммалари хусусий корхонамда бир киши ишлашини, иккинчиси фақат қоғозда ҳисобот учун тиркалганини яхши билишади. Ҳоким муовини прокурор билан кўзингизга қараб шунақа деса, нима қила оласиз? Вилоят ҳокимига бориб, уларнинг устидан шикоят қилмайманку…

Хўп дейишга тўғри келди. Демак, кейинги 10 кунда ҳам ўз пулимга теримчи ёллашим, транспорт харажатларини қоплашимга тўғри келар экан. Бу йилги пахта мавсумига бир миллион сўм етмаса керак.

Демак, белни маҳкам боғлаб, янада кўпроқ ишлашга, пахта мавсумидан келган зарарни қоплашга тўғри келади. Энг асосийси, тилни тийиш муҳим. Акс ҳолда куйиб кетиш мумкин. Айниқса, пахта мавсумида. Ҳаммаси куйиб кетиш мумкин! Эҳтиёт бўлинг!

Иккинчи ҳикоя. Дўкон

Эрталаб соат 9.55 да телефон қилишди: “Шунақа, шунақа хусусий корхонами? Илтимос, эрталаб соат 10 да ҳокимиятга етиб келинг, йиғилиш бўлади. Пахта масаласида”.

“Хўп”, – дедим. Бирдан беш минутда етиб бора олмаслигимни англаб етдим. Уларга телеофн қилдим. “Ҳечқиси йўқ, ярим соат ичида етиб келсангиз бўлди”.

Окей, соат 11.30 да ҳокимиятда етиб келдим. Йиғилиш тугаган, аммо бошлиқнинг хонасида салобатли тўрт киши ўтиришибди, уларнинг иккитаси пўрма кийиб олган. Хонага олиб киришди. Қизим билан кириб, саломлашдим, жилмайиб қўйдим. Қанақа фирмангиз бор, нима билан шуғулланасиз, неча киши ишлайди, деб сўрашди. “Ўзим ишлайман, хусусий корхонаку”, – дея жавоб бердим.

Пахтага борасиз, дейишди. Қизингизни ҳам олиб боринг.

Намойишкорона қизимга энгашиб сўрадим: “Пахта терасанми қизим?” У бошини чайқади.

“Термас экан”, – дедим кулиб.

“Унда эрингизни жўнатинг”, – дея нима деб жавоб беришимни кутишяпти. Ўзимча, пешонасини чит рўмол билан танғиб олган эримни пахта тераётганини тасаввур қилиб кўрдим.

“Йўқ, – дейман, – бормайдилар”.

“Унда сизнинг ўрнингизга борадиган бирор бекорчини топинг, пулини тўланг. Қайси маҳаллада яшайсиз? Фалон маҳаллада? У ерда ётоқхона бор, бекорчи тўралар етарли”.

“Майли, – дея кўндим мен, – излаб кўраман”.

– Шу бугун соат учгача топинг, – дейишди улар.

“Хўп, дедимку”, – дея чиқиб кетдим.

Аҳвол қизиқку. Пахтага бормаслигимни ҳамма тушунади. Ўзимнинг ўрнимга одам топсам, унга йўқ деганда икки юз минг сўм тўлашим кераклигини ҳам ҳамма тушунади. Аммо нега?
Нега энди менга ўхшаган ёш жувон, оилали бўлишига ҳамда эндигина фирма очиб юргизаётганига қарамай пахта теришга бориши керак? Демак, мен дўконимни 15 кунга ёпиб қўйиб, пахта теришим ва шийпонда ётишим керакми? Қишлоқларда иш излаган минглаб одамлар борлигини ҳамма биладику?

Ҳокимиятдаги одамларни ҳам тушунаман, уларни ҳам бизни пахтага жўнатишга мажбур қилишади.

Бу аҳвол бирор куни келиб ўзгарадими ёки йўқми?

Манба: uzbek.fergananews

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар